Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 09 / Долзарб мавзу

Фоизли ва фоизсиз қарз

 

Кўпинча юридик шахслар бир-бирларига бўш пул маблағларини қарз ёки молиявий ёрдам кўринишида вақтинча фойдаланишга (қайтариш шарти билан) берадилар. Пул фоизларни ҳисобламаган ёки ҳисоблаган ҳолда берилиши мумкин.

 

Амалиётнинг гувоҳлик беришича, қарздорлар – фоизсиз қарз ёки молиявий ёрдам олувчилар кўпинча бундай маблағлардан фойдаланиб, муайян моддий (иқтисодий) наф кўрадилар. Зеро банк, ломбард ёки бошқа кредит ташкилотида қарз ёки кредит олаётганда муайян суммадаги фоизларни ­тўлашларига, ­яъни харажат қилишларига тўғри келган бўларди.

Солиқ органлари ҳуқуқни қўллаш амалиётида қарз ёки молиявий ёрдамдан фоизсиз фойдаланишга беғараз мулкий ҳуқуқлар тарзида даромад олиш деб қараганлар. Ҳолбуки сўнгги ўзгартиришлар киритилгунга қадар Солиқ кодексида бундай даромадни аниқлаш тартиби белгиланмаган эди. Бу солиқ солинадиган базани белгилашда кўп сонли низо ва келишмовчиликлар юзага келишига сабабчи бўлар эди.

Солиқ кодексида мулкий ҳуқуқларга аниқ таъриф берилмаган. Фуқаролик қонунчилигига кўра мулкий ҳуқуқлар – мол-мулк, шунингдек ушбу мол-мулкни тақсимлаш ва айирбошлаш (товарлар, хизматлар, бажариладиган ишлар, пуллар, қимматли қоғозлар ва б.) юзасидан иқтисодий оборот иштирокчилари ўртасида юзага келадиган моддий (мулкий) талабларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг субъектив ҳуқуқлари.

Қуйидагилар мулкий ҳуқуқларга мисол бўлади:

ашёвий ҳуқуқлар (эгалик қилиш, хўжалик бошқаруви, оператив бошқарув ҳуқуқи, сервитут);

мажбурият ҳуқуқлари (талаб қилиш ҳуқуқи, шу жумладан жисмоний ёки юридик шахс мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш учун);

интеллектуал фаолият натижаларига ҳуқуқ (муаллифнинг асардан фойдаланишга мутлақ ҳуқуқлари, ихтирочилар, рационализаторларнинг ижодий меҳнат маҳсуллари учун ҳақ олиш ҳуқуқлари) ва б.

Аксарият ҳолларда мулкий ҳуқуқлар қиймат баҳосига эга бўлади. Масалан, муайян мол-мулк ёки пул маблағларини олиш ҳуқуқи, юридик шахс устав капиталидаги улушларга эгалик қилиш ҳуқуқи ёки учинчи шахслардан қарз суммасини талаб қилиш ҳуқуқи.

Ушбу муаммони тартибга солиш мақсадида Солиқ кодексининг ­135-моддасига тегишли қўшимчалар киритилиб, улар 2017 йил 1 январдан кучга кирди (27.12.2016 йилдаги ЎРҚ-417-сон).

Энди қарздорнинг пул маблағларидан фойдаланишга доир текинга олган ҳуқуқдан даромади заёмни (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдамни) олиш санасидаги Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

МБ ставкасидан паст бўлган ставкада фоизлар тўлаш шарти билан берилган заёмлар бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашда ҳам МБ ставкаси қўлланилади.

Ушбу тартиб кредит ташкилотлари томонидан берилган кредитларга, шунингдек норезидентлар томонидан берилган заёмларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ушбу янгиликлар солиқ тўловчиларда кўплаб савол туғдирди, уларга жавоб беришга уриниб кўрамиз.

 

Қайта молиялаштириш ставкаси нима ўзи?

– Қайта молиялаштириш ставкаси – МБ тижорат банкларига кредитлар берадиган фоизлар ставкаси. Ҳисоб ставкасининг ошиши унга кўра банклар тақдим этадиган фоизлар ва ушбу банкларда жойлаштирилган депозитлар бўйича фоизлар тегишинча ошишига олиб келади.

Шу тариқа, МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкаси тижорат банклари ва бошқа кредит ташкилотлари унга асосан юридик шахсларга кредитлар ва ссудалар тақдим этиши мумкин бўлган фоизларнинг энг кам ставкаси ҳисобланади.

Солиқ кодексида ҳам фоизсиз қарзлар ва молиявий ёрдам тарзидаги молиявий маблағларни тасарруф этишга доир текинга олинган мулкий ҳуқуқларнинг бозор қийматини аниқлашда ушбу энг кам фоиз ставкаси қўлланади.

 

ЎзР Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси

Амал қилиш даври

 

%

 

2016 йил 1 январь – ҳозирги вақтгача

 

9

 

2015 йил 1 январь – 2015 йил 31 декабрь

 

9

 

2014 йил 1 январь – 2014 йил 31 декабрь

 

10

 

2011 йил 1 январь – 2013 йил 31 декабрь

 

12

 

 

Қайта молиялаштириш ставкалари ҳақидаги ахборотни Марказий банкнинг cbu.uz расмий сайтидан ва norma.uz сайтидан олиш мумкин.

«Norma. ЎзР қонун ҳужжатлари» фойдаланувчилари 2.05.1994 йилдан ҳозирги вақтгача бўлган даврдаги МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси ҳақидаги маълумотлар билан «Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар» – «Банк қонунчилиги» – «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки» – «Услубий, тушунтирув ва маълумот тусидаги материаллар» бўлимида танишишлари мумкин.

 

Даромад ва солиқ мажбуриятлари кимда юзага келади: қарз берувчидами ёки қарз олувчидами?

– Солиқ кодексининг 135-моддасида юридик шахслар мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, ишлар ва хизматларни текин асосда олганда уларнинг даромадини аниқлаш тартиби белгиланган. Фоизсиз заём (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдам) олинаётганда қарздорда (қарз олувчида) текин олинган мулкий ҳуқуқлар кўринишидаги даромад юзага келади. Тегишинча, ушбу даромаддан солиқ тўлаш мажбуриятлари қарздор зиммасига юклатилади.

 

Фоизсиз заёмлар бўйича даромад қандай аниқланади?

– Фоизсиз заёмлар (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдам) бўйича даромадни аниқлаш тартибини шартли мисолда кўриб чиқамиз.

 

МИСОЛ. Корхона қарз шартномасига кўра 2017 йил 1 январда фоизларни тўлаш шартисиз 100 000 000 сўм суммасида заём олди. Заём 2017 йил 1 февралда қайтарилди. 

Қарздорнинг даромадини аниқлашда заём олинган санадаги МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси асос сифатида қабул қилинади. 2015 йил 1 январдан белгиланган ва бугунги кунгача амал қилаётган ставка йиллик 9%ни ташкил этади.

Мисол шартларига кўра, қарздор 31 календарь кун давомида фоизсиз заёмдан фойдаланган, олинган фоизсиз заём бўйича солиқ солинадиган даромади:

100 000 000 сўм х (9% / 365 кун х 31 кун) = 764 383,56 сўмни ташкил этади.

 

МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган ставкада фоизлар тўлаш шарти билан берилган заёмлар бўйича даромад қандай аниқланади?

 

МИСОЛ. Корхона қарз шартномасига кўра 2017 йил 1 январда фоизлар – йиллик 3%ни тўлаш шарти билан 100 000 000 сўм суммасида заём олди. Заём 2017 йил 1 февралда қайтарилди. 

Қарздорнинг даромадини аниқлаш учун аввал қарз шартномаси бўйича фоиз ставкаси билан МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси ўртасидаги фарқни белгилаб оламиз.

Шартли мисолимизда бу фарқ 6%ни (9% – 3%) ташкил этади.

Қарздор 31 календарь кун давомида заёмдан фойдаланган, заём бўйича солиқ солинадиган даромади:

100 000 000 сўм х (6% / 365 кун х 31 кун) = 509 589,04 сўмни ташкил этади.

 

Амалиётда қарз маблағларидан фойдаланганлик учун қарз берувчига қатъий белгиланган муайян суммани тўлаш назарда тутилган қарз шартномалари учрайди.

 

МИСОЛ. Корхона қарз шартномасига кўра 2017 йил 1 январда қарздан фойдаланганлик учун қарз берувчига 100 000 сўм тўлаш шарти билан 100 000 000 сўм суммасида заём олди. Заём 2017 йил 1 февралда қайтарилди. 

Бу ҳолда қарздорнинг даромади МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган фоизли даромад суммаси билан қарз шартномасига кўра тўланган сумма ўртасидаги фарқ кўринишида белгиланади.

МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққанда қарздорнинг 31 календарь кун давомида заёмдан фойдаланишдан олган даромади:

100 000 000 сўм х (9% / 365 кун х 31 кун) = 764 383,56 сўмни ташкил этади.

МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган фоизли даромад суммаси билан қарз шартномасига кўра тўланган сумма ўртасидаги фарқ:

764 383,56 – 100 000 = 664 383,56 сўмни ташкил этади.

Бу фарқ – 664 383,56 сўм қарздорнинг солиқ солинадиган даромади ҳисобланади.

 

Агар қарз шартномасига кўра фоиз ставкаси МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлса, қарздорда текин олинган мулкий ҳуқуқлар кўринишидаги солиқ солинадиган даромад юзага келмайди.

 

Қарз берувчига фоизли даромадни тўлаган ҳолда қарз олганда қарздорда қандай солиқ мажбуриятлари юзага келади?

– Фоизли даромад тўлаш мажбурияти билан заём (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдам) олганда қарз олувчида қуйидаги солиқ мажбуриятлари юзага келади:

1) қарз шартномасига кўра қарз берувчига тўланадиган фоизли даромад бўйича. Қарздор солиқ агенти сифатида 10%лик ставкадаги солиқни ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт. Тўлов амалга оширилган ҳисобот чораги тугагандан кейин 25 кундан кечиктирмай у солиқ органларига Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этиши лозим. Эътибор беринг: ҳисоботни нафақат умумбелгиланган солиқларни, балки ЯСТни тўловчилар ҳам тақдим этишлари шарт;

2) МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан паст қилиб белгиланган ставка ҳисобига юзага келувчи қарздорнинг даромади бўйича. Қарздорнинг солиқ солинадиган даромади заёмни олиш санасидаги МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси билан қарз шартномасида назарда тутилган ставка ўртасидаги фарқдан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бу сумма бошқа даромадлар таркибига киритилади ва унга асосий фаолият тури учун назарда тутилган ставкада фойда солиғи ёки ЯСТ солинади.

 

Фоизсиз қарзлар бўйича қарздорнинг даромадларига қандай солиқ солинади?

– Текин олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар юридик шахснинг бошқа даромадларига киради (Солиқ кодексининг 132-моддаси 4-банди).

Уларга қарздор ўз асосий фаолиятидан тўлайдиган солиқ солинади. Яъни қарздор солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимини қўлласа, бошқа даромадларни жами даромад таркибига киритади ва унга юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини солади (Солиқ кодексининг 129-моддаси).

Агар қарздор солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўлласа, бошқа даромадларни солиқ солинадиган ялпи тушумга киритади ва асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ставкада ЯСТ солади (Солиқ кодексининг 353-моддаси).

 

Қарздорнинг даромадлари қандай аниқланади: қарзни қайтариш чоғида бир йўла, ҳар ойда, ҳар чоракда ёки йил охиридами?

– Солиқ кодексининг 39-моддасига мувофиқ, солиқ тўловчиларнинг даромадлари ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун улар бўйича тегишли чегирмалар тўлов тўланган вақт ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, улар тааллуқли бўлган ҳисобот даврида акс эттирилади (ҳисоблаб ёзиш усули). Тегишинча, қарз шартномаси давридаги қарздорнинг даромади ҳар бир ҳисобот даври учун ортиб борувчи якун билан белгиланади.

Фойда солиғини тўловчилар учун ҳам, ЯСТни тўловчилар учун ҳам ҳисобот даври йил чораги ҳисобланади. Шу сабабли қарздор заёмдан (молиявий ёрдамдан) текин фойдаланиш ҳуқуқидан олинган солиқ солинадиган даромадни қарздан фойдаланиладиган бутун давр мобайнида у тўлиқ қоплангунга қадар ҳар чоракда белгилайди.

 

МИСОЛ. Корхона қарз шартномасига кўра 2017 йил 1 январда фоизларни тўлаш шартисиз 100 000 000 сўм заём олди. Шартнома шартларига кўра заём 2017 йил 1 июлда қайтарилиши керак. 

2017 йил I чорагида қарздор 90 календарь кун давомида фоизсиз қарздан фойдаланади. Бу даврда унинг даромади суммаси:

100 000 000 сўм х (9% / 365 кун х 90 кун) = 2 219 178,08 сўмни ташкил этади.

2017 йил I ярмида қарздор 181 календарь кун давомида фоизсиз қарздан фойдаланади. Бу даврда унинг даромади суммаси:

100 000 000 сўм х (9% / 365 кун х 181 кун) = 4 463 013,7 сўмни ташкил этади.

 

 

Фоизсиз қарзлар олган қарздор жисмоний шахсларга нисбатан ушбу тартиб қўлланадими?

– Йўқ, қўлланмайди. Солиқ кодексининг 135-моддаси қоидалари фақат юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади. Фоизли ёки фоизсиз заёмлар (молиявий ёрдам) олган жисмоний шахсларга нисбатан мазкур модда қоидалари татбиқ этилмайди.

 

Солиқ кодексининг 135-моддасида назарда тутилган тартиб аввалги йилларда олинган фоизсиз заёмларга нисбатан қўлланадими?

– Ҳа, Солиқ кодексининг 135-моддаси қоидалари аввалги йилларда олинган фоизсиз заёмларга (молиявий ёрдамга) нисбатан ҳам татбиқ этилади. Текин олинган мулкий ҳуқуқлар бўйича даромадларга солиқ солиниши Солиқ кодексининг ­135-моддасига қўшимчалар киритилгунга қадар ҳам Солиқ кодексида назарда тутилган эди.

Бунда амалиётда фоизсиз қарзлар бўйича текин олинган мулкий ҳуқуқларнинг бозор қийматини аниқлашда МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси қўлланилган.

Солиқ кодексининг 135-моддасига киритилган қўшимчалар асосида қарз берувчига фоизли даромад тўлаш мажбуриятисиз ёки МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган ставкада фоизлар тўлаган ҳолда заём (молиявий ёрдам) олинаётганда даромадни аниқлаш тартибига аниқлаштиришлар киритилди.

Шу тариқа, аввалги йилларда олинган фоизсиз қарзлар бўйича қарздорнинг даромадларини солиқ солиш мақсадида МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб белгилаш ҳам тавсия этилади.

Бунда фоизларни тўлаш шарти билан берилган, ставкаси МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган аввалги йиллардаги заёмлар (молиявий ёрдам) бўйича қарздорнинг даромади 2017 йил 1 январдан бошлаб заёмдан фойдаланиш даври учун белгиланади.

 

Қарздор аввалги йиллардаги фоизсиз қарзлар бўйича даромадларни белгиламаган ва уларга солиқ солмаган бўлса, қандай йўл тутиш лозим?

– Бу ҳолда қарздорлар – фоизсиз заёмларни (молиявий ёрдамни) олувчилар қуйидагиларни мустақил равишда амалга оширишлари зарур:

1) МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда ушбу фоизсиз қарзлар бўйича даромадларни аниқлашлари;

2) солиқ органларига аввалги даврлар учун аниқлаштирилган ҳисоб-китобларни тақдим этишлари;

3) бюджетга солиқ суммасини қўшимча тўлашлари (тегишли йилда қўлланилган солиқ солиш тизимига қараб фойда солиғини ёки ЯСТни).

Акс ҳолда солиқ текшируви (тафтиши) ўтказаётган солиқ органлари фоизсиз қарзлар бўйича даромадлар суммасини ўзлари аниқлаб, солиқ тўловчининг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортган ҳолда бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқларнинг қўшимча суммасини ҳисоблаб ёзишлари хавфи юзага келади. Бунда солиқ органлари солиқ даври тугагандан кейинги 5 йил учун солиқларни ҳисоблаб ёзишга ҳақли бўладилар.

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 6941 раз(а)

Комментарии к статье (3)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2017-03-08 22:06:07, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2020-06-06 12:14:11, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2020-08-26 15:21:59, Гость_я,т,атаджанов,а:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика