Norma.uz

Бировнинг қарзига кафил бўлишга шошилманг

 

Ишнинг моҳияти

Буюртмачига маҳсулот тайёрлаш ва етказиб бериш учун етказиб берувчи (қарздор) 2015 йил июнда 200 млн сўм кредит олиш учун банкка мурожаат қилди. Қарздорнинг кредит шартномаси бўйича мажбуриятларини таъминлаш мақсадида банк 2015 йил июлда иккита МЧЖ билан кафиллик шартномаларини тузди. Кафиллик шартномаларида назарда тутилишича, кафиллар (1-МЧЖ ва 2-МЧЖ) қарздор кредит шартномаси бўйича барча мажбуриятларини бажариши учун кредитор олдида солидар тартибда жавоб берадилар. 2016 йил январда кафиллардан бири (1-МЧЖ) тўловга ноқобиллиги сабабли чиқиб кетди, бу ҳақда кредит шартномасига ва кафиллик шартномасига тегишли қўшимча битимлар тузилди. Бунда қолган кафилнинг (2-МЧЖ) мажбуриятлари ҳажми ўзгармади. Қарздор шартнома мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлиги муносабати билан 2016 йил мартда банк қарздор ва кафил мажбуриятларнинг қолган суммасини (100 млн сўм) солидар тартибда сўндиришлари талабини юборди. Кафиллардан бири чиқиб кетганлиги боис қолгани 2016 йил апрелда 2-МЧЖ (кафил) банк билан тузган кафиллик шартномасини бекор қилинган деб топиш ва банкдан у тўлаган давлат божи – 1 302 400 сўм ва почта харажатлари – 7 200 сўмни ундириш даъвоси билан хўжалик судига мурожаат қилди.

Ишни кўриш давомида банк қарздор ва кафилдан 100 млн сўм кредит бўйича қарз, давлат божи (1 млн сўм) ва почта харажатларини (7 200 сўм) солидар тартибда ундириш ҳақида қарши даъво талабини қўйди.

 

Кафилнинг позицияси

– Ҳақиқатан ҳам, 2015 йил июлда бизнинг 2-МЧЖ ва 1-МЧЖ кафиллик шартномаларини туздилар ва қарздорнинг пул мажбурияти юзасидан кафиллик қилишни зиммаларига олдилар. Бироқ кафил – 1-МЧЖ чиқиб кетганидан кейин кредит бўйича қолган бутун сумма юзасидан кафиллик қилишга розилик бермаганмиз. Бунинг устига, ФКнинг 298-моддаси 1-қисмига мувофиқ, кафиллик билан таъминланган мажбурият бекор бўлгач, шунингдек ушбу мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда кафиллик бекор бўлади. Шу сабабли даъвони қондиришингизни, банкнинг қарши даъвосини эса қисман қондириб, биздан 30 млн сўмни, қолган 70 млн сўмни эса қарздордан ундиришингизни сўраймиз.

 

Қарздорнинг позицияси

– Маҳсулотни тайёрлаш ва етказиб беришга доир шартномавий мажбуриятларни бажариш мақсадида 2015 йил июнда банкдан 200 млн сўм кредит олдик.

Банк 2015 йил июлда иккита МЧЖ билан кафиллик шартномаларини тузди. Кафиллик шартномаларида назарда тутилишича, кафиллар қарздорнинг кредит шартномаси бўйича барча мажбуриятларини бажариши юзасидан кредитор олдида жавоб берадилар. 2016 йил январда кафиллардан бири тўловга ноқобиллиги сабабли чиқиб кетди, тегишли қўшимча битимлар тузилди. Айни пайтда биз ҳам вақтинча молиявий қийинчиликларни бошдан кечиряпмиз, шу сабабли кредит бўйича тўловларни кечиктиришни, даъво ва қарши даъвони эса рад этишни сўраймиз.

 

Банкнинг позицияси

– 2015 йил июлда қарздорга кредит бераётиб, унинг қайтарилмай қолиши хатаридан суғурталаниш мақсадида иккита МЧЖ билан кафиллик шартномаларини туздик, улар қарздорнинг кредит шартномаси бўйича барча мажбуриятларини бажариш учун кафил бўлдилар. 2016 йил январда кафиллардан бири чиқиб кетди. Тегишли қўшимча битимлар тузилди, бироқ бунда қолган кафилнинг мажбуриятлари ҳажми ўзгармади.

Қарздор кредитни ўз вақтида қопламаганлиги (фоизлар ва асосий қарзни тўлаш муддатини мунтазам бузганлиги) сабабли 2016 йил мартда қарздор ва қолган кафил (2-МЧЖ) 100 млн сўмлик мажбуриятларни солидар тартибда сўндиришларини талаб қилдик.

Кафил кредит бўйича бутун сумма юзасидан кафиллик қилиш мажбуриятини зиммасига олганлиги муносабати билан, шунингдек кафиллик шартномаси талабларини ҳисобга олиб, даъвони рад этишни, қарши даъвони эса қондиришни сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама этиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, кафилнинг 2-МЧЖ билан банк ўртасида тузилган кафиллик шартномасини бекор қилинган деб топиш, ундан 2-МЧЖ тўлаган давлат божи (1 302 400 сўм) ва почта харажатларини (7 200 сўм) ундириш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат қилишига сабабчи бўлган юқоридаги далиллар тасдиғини топмади. Шу билан бирга суд, ФКнинг 236, 252 ва 298-моддаларига асосланиб, банкнинг қарздор ва кафилдан 100 млн сўм кредит бўйича қарз, давлат божи (1 млн сўм) ва почта харажатларини (7 200 сўм) солидар тартибда ундириш ҳақидаги қарши даъвосини қондиришга қарор қилди.

 

Юрист шарҳи

ФКнинг 236-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

ФКнинг 252-моддаси 1-қисмига кўра, қарздорлар шерик бўлиб мажбурият олганида кредитор ҳамма қарздорлардан мажбуриятни солидар бажаришни ҳам, уларнинг ҳар биридан алоҳида-алоҳида бажаришни ҳам, шу билан бирга қарзни тўла ёки унинг бир қисмини бажаришни ҳам талаб қилишга ҳақли.

ФКнинг 298-моддаси меъёрларига кўра, кафиллик билан таъминланган мажбурият бекор бўлгач, шунингдек ушбу мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда кафиллик бекор бўлади. Ушбу меъёр мазмунидан келиб чиқишича, фақат кафиллик билан таъминланган мажбуриятнинг ўзгариши, башарти бундай ўзгартириш кафилнинг розилигисиз унинг масъулиятини оширган бўлса, кафилликнинг бекор бўлишига олиб келиши мумкин.

Кафил қарздорнинг кредит шартномаси бўйича барча мажбуриятларини бажариш учун кафиллик шартномасига кўра жавоб бериши муносабати билан кафиллар сонининг камайгани таъминланаётган мажбуриятни ўзгартирмайди, сабаби ФКнинг 252-моддасига мувофиқ солидар қарздорлар мажбурият тўла бажарилгунича бурчли бўлиб қолаверадилар. Ўз навбатида солидар қарздорларнинг биридан тўлиқ қаноатланмаган кредитор ололмаган нарсасини бошқа солидар қарздорлардан талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Баён этилганлар муносабати билан кафиллардан бирининг чиқиб кетиши ФКнинг 298-моддаси қоидаларидаги кафилликнинг бекор қилиниши билан боғлиқ вазиятларга кирмайди.

Бинобарин, суд даъво талабларини қондиришни рад этиш ва қарши даъвони қондириш ҳақида тўғри қарор қабул қилган.

Шуни қайд этиш лозимки, кафил кафиллик шартномасини, сўнг қўшимча битимни имзолаётганда мажбуриятлар суммасини камайтириши ва кафиллик шартномасида унинг аниқ миқдорини қайд этиши зарур эди. Шунда судга мурожаат этишига ва суд харажатларини тўлашига тўғри келмас эди.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 3699 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика