Norma.uz

Қонунни билмаслик жавобгарликдан халос этмайди

 

ДЙҲХХ ходими мени алкоголь истеъмол қилган-қилмаганимни текшириш учун тўхтатди. Ўша пайт ичмаган эдим. У экспертиза сўнгги 72 соат ичида алкоголь қабул қилинганлигини ҳисобга олиши ҳақида мени огоҳлантирди (бундан бехабар эдим). 15 соат аввал бир кружка пиво ичганлигимни тан олишга мажбур бўлдим. У «қармоққа» илинганимдан мамнун бўлиб, экспертиза ўтказишни таклиф этди. Мен пиво истеъмол қилганимни тан олганлигим етарлилигига ишонч ҳосил қилган ҳолда бундан бош тортдим. Оқибатда машинам жарима майдончасида турибди, мени ҳайдовчилик гувоҳномамдан маҳрум этиш ҳақидаги иш эса судга йўлланган.

1. ДЙҲХХ ходими экспертиза нима учун кераклигини тушунтириши ва уни ўтказишдан бош тортиш нимага олиб келиши ҳақида мени огоҳлантириши керак эдими?

2. Қонунчилик меъёрларини билмаганлигим сабабли жазоимни енгиллаштиришларига умид қилсам бўладими?

К.Черников.

 

 

1

ДЙҲХХ ходими МЖТКнинг 292-моддаси ва бошқа қонун ҳужжатларининг талабларини бузган, уларга мувофиқ мастлик ҳолати аломатлари маълум бўлган пайтдан бошлаб 2 соат ичида ушбу ҳолатни аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтказиш чораларини кўриши керак эди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузиш вақтида ҳуқуқбузарга унинг ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилади. Ушбу далилни баённомадаги тегишли ёзув билан тасдиқлаш зарур (МЖТКнинг 281-моддаси 4-қисми).

Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс иш материаллари билан танишиб чиқишга, изоҳлар беришга, далиллар келтиришга, ишни кўриб чиқиш вақтида адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланишга ҳақлидир ва ҳ.к. (МЖТКнинг 294-моддаси).

Афсуски, амалиётда мансабдор шахслар жавобгарликка тортилаётган шахснинг имзосини баённоманинг тегишли устунига қўйдиришга юзаки ёндошиб, бунда уларнинг ҳуқуқларини тушунтирмайдилар.

Транспорт воситасини бошқараётган мастлик ҳолатида деб ҳисоблашга етарли асослар бўлган шахс транспорт воситасини бошқаришдан четлаштирилиши ва мастлик ҳолатини аниқлаш учун белгиланган тартибда текширувдан ўтказилиши керак (МЖТКнинг 292-моддаси).

Қонун ҳужжатларида транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлик учун шахсларни жавобгарликка тортишнинг фақат 2 та асоси назарда тутилган:

1) махсус техник воситалардан (алкотестерлар, индикаторлар ва б.) фойдаланган ҳолда текширувдан ўтказиш баённомаси;

2) шахс хушёрхонага қабул қилинганлиги тўғрисидаги баённома ва шу шахс тегишли ичимликлар ёки моддаларни истеъмол қилганлигининг аниқланган ҳолатлари (ИИВ, ССВ ва АВ томонидан 18.04.1992 йилда 5/01-1/37/5/224-сон билан тасдиқланган Йўриқноманинг 1.1-банди).

Шахснинг текширув натижаларига рози эканлиги уларнинг фақат қўшимча тасдиғи ҳисобланади (Йўриқноманинг 2.6-банди).

Бундан келиб чиқилса, ҳатто ҳайдовчи маст бўлганлигини тан олса ҳам – бу уни транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлик учун жавобгарликка тортишга сабаб бўла олмайди (МЖТКнинг 131-моддаси 1-қисми).

Агар шахс мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтишдан бўйин товласа, бу маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади (МЖТКнинг 136-моддаси 1-қисми). Ушбу ҳуқуқбузарлик учун, маст ҳолатда бошқарганлик учун бўлганидек бир хил жазо чоралари – транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1,5 йилдан 3 йилгача муддатга маҳрум этиш назарда тутилган.

Тиббий текширувдан ўтишдан бўйин товлашни расмийлаштиришнинг ўз хусусиятлари мавжуд. Чунончи, бундай ҳуқуқбузарлик ҳақидаги маъмурий баённома икки гувоҳ ёки холис иштирокида тузилиб, ҳуқуқбузар автомобилни бошқаришдан четлаштирилади. Унда мастлик белгилари ва ҳуқуқбузарнинг текширишдан бўйин товлаш ҳаракатлари батафсил кўрсатилади. Баённомага унинг бўйин товлаш сабаблари ҳақидаги тушунтириш хати, шунингдек икки гувоҳ ёки холис иштирокида тузилган далолатнома илова қилинади (АВ томонидан 5.07.2011 йилда 2240-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 14-банди).

Сўзингизга қараганда, бу ҳолда ДЙҲХХ ходими гувоҳлар ёки холисларни жалб этмаган ҳолда тиббий текширувдан ўтишдан бўйин товлаш ҳақида баённома расмийлаштирган, бу ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

 

2

Ҳуқуқбузарлик содир этилганда қонунчилик меъёрларини билмаслик жавобгарликни енгиллаштирмайди.

Маъмурий жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар жумласига айбдорнинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиши, шунингдек айбдорнинг ҳуқуқбузарликнинг зарарли оқибатлари олдини олиши, етказилган зиённи ихтиёрий равишда тўлаши ёки келтирилган зарарни бартараф қилиши киради.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик кучли руҳий ҳаяжон таъсири остида ёки оғир шахсий, оилавий ёхуд бошқа шароитлар юзага келганлиги оқибатида содир этилган; таҳдид ёки мажбурлов таъсирида ёхуд хизмат юзасидан, моддий ёки бошқа жиҳатдан қарамлиги таъсири остида содир этилган; вояга етмаган шахс томонидан содир этилган; ҳомиладор аёл ёки 14 ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахс томонидан содир этилган бўлса, жавобгарлик енгиллаштирилишига умид қилса бўлади.

Бунда қонун ҳужжатларида ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) бошқа ҳолатларни ҳам жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат деб топиши мумкинлиги белгиланган (МЖТКнинг 31-моддаси).

Шунингдек суд маъмурий жазо чорасини қўллаётганда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда сабаблар ва асосларни албатта кўрсатиб, МЖТКдаги тегишли моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо чорасини қўллаши мумкин (МЖТКнинг 33-моддаси).

Судда ўз манфаатларингизни самарали ҳимоя қилиш учун аввало иш материаллари, айниқса маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги баённома билан яқиндан танишиб чиқишингизни тавсия этамиз. Хусусан, у икки гувоҳ ёки холис иштирокида тузилган-тузилмаганини аниқлаш зарур. Агар улар баённомада кўрсатилган бўлса – улар ҳақиқатан ҳам ҳуқуқбузарликка гувоҳ бўлганликларини аниқлаш лозим. Амалиётда гувоҳлар ёки холислар ўзлари имзолаган ҳужжатларнинг мазмуни ҳақида тушунчага эга бўлмайдиган ҳолатлар ҳам бўлади. Баённомада мастлик аломатлари ва тиббий текширувдан бўйин товлаш ҳаракатлари батафсил кўрсатилган-кўрсатилмаганлигини текшириш керак.

Агар маъмурий баённома қоидабузарликлар билан тузилган бўлса, хат муаллифи маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритиш қоидаларининг жиддий бузилиши ва ушбу ҳодиса бўлмаганлиги муносабати билан ишни тугатиш ҳақида судга шикоят қилишга ҳақли (МЖТКнинг 271-моддаси 1-банди, 321-моддаси ­2-қисми).

 

Маҳкам Воҳидов, юридик фанлар номзоди,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2053 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика