Norma.uz

Учинчиси ортиқча эмас

 

Учинчиси ортиқча эмас

 

Баъзан ширкатлар раҳбарларининг иссиқлик таъминотчилари уларга нисбатан даъво билдирганларида жиғибийрон бўлиб: «Бунга нима алоқамиз бор! Истеъмолчилар билан ўзингиз шартнома тузгансиз, улар билан ўзингиз келишинг!» деганларини эшитиб қоламиз. Аслида ҳам иссиқлик таъминотчилари билан жисмоний шахслар икки томонлама шартнома муносабатларини йўлга қўйганлар. Ширкат ортиқча учинчи шахсдек туюлади. Бироқ уйни иссиқлик билан таъминлаш жараёнида у биринчи бўлмаса ҳам, етакчи ўринни эгаллаши шубҳасиз. Тўғри, уй иситилиши ва унинг параметрлари кўп жиҳатдан етказиб берувчига боғлиқ. Бироқ тегишли ҳажм ҳар бир квартирага етиб бориши хусусида ширкат қайғуриши керак, ана шу мақсадда қонун ҳужжатлари билан унинг зиммасига ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва жавобгарлик юклатилган.

 

Даҳмаза бўлишини истамайдилар

Кўп квартирали уйларда етказиб берувчи истеъмолчи номидан ижро этувчи (ХУМШ, бошқарувчи ташкилот ва б.) билан шартнома тузиши мумкин, бу Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларининг (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 1-илова) 4-бандида белгиланган. Агар бу ширкат уставида назарда тутилган бўлса, у учинчи шахслар билан умумий мол-мулкни сақлаш, унга эгалик қилиш ҳамда ундан фойдаланиш, коммунал хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ муносабатларда ўз аъзоларининг манфаатларини ифодалаши шарт («Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси).

Қонун ва Қоидалар билан ижро этувчининг роли кучайтирилганига қарамай, амалда улар қўлланмайди. Истеъмолчилар иссиқлик таъминоти билан боғлиқ масалаларни мустақил ҳал этгандан кўра бу вариантни маъқул кўрган бўлардилар. Зеро уй аҳлининг аксарияти аризани тўғри туза олмайди, иссиқлик энергиясининг сифати лозим даражада эмаслиги далилини белгилай олмайди, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмайди. Ижро этувчи учун эса – одатда тутиб турилиши учун у жавобгар бўлган уй ичидаги тизимларда иситиш билан боғлиқ муаммолар бўлса ҳам, бу қўшимча бош оғриғи. Ширкатлар истеъмолчилар номидан етказиб берувчилар билан шартномалар тузиш муҳимлигини англашлари учун вақт зарур бўлса керак.

Қоидаларда истеъмолчининг ҳуқуқларига тааллуқли барча жиҳатлар жуда кам – 78-банднинг атиги иккита хатбошисида ёритилган. Қолган барчаси – унинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги. Монополист билан ўзаро муносабатларда бўлганидек жуда таниш ҳолат. Кўпгина ХУМШ раҳбарлари уйни иссиқлик билан таъминлашдаги мажбуриятларидан бехабарлар, истеъмолчилар эса инчунин, бунда ХУМШ нималар учун жавоб беришини билмайдилар. Шу сабабли иссиқлик таъминотчиларининг ХУМШга нисбатан даъволари, суд даъволари кўпинча асосли бўлади. Иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш арафасида ширкатларнинг бошқарувларига уй ичидаги иситиш таъминоти тизимларини тутиб туришда ижро этувчининг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятларини эслатиб ўтамиз.

 

 

Ширкат хизматнинг сифати учун жавоб беради

Ижро этувчи квартира ичидаги асбоб-ускуналарнинг техник ва санитария ҳолатини кўздан кечириш ва зарур таъмирлаш ишларини бажариш учун истеъмолчи билан олдиндан келишилган вақтда унинг квартирасига киришга, аварияларни бартараф этиш учун эса исталган вақтда киришга ҳақли. У истеъмолчининг айби билан юзага келган зарарларни тўлиқ қоплашни ундан талаб қилиш, квартира ичидаги асбоб-ускуналарнинг ҳолатини кўздан кечириш йўли билан иссиқлик таъминоти тизимларининг техник ҳолатини назорат қилиш, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга (Қоидаларнинг 78-банди).

Мажбуриятларга келсак (Қоидаларнинг 79-банди), уларнинг асосийси – иссиқлик энергиясини тегишли ҳажмларда ва зарур сифатда бериш учун иссиқлик таъминотининг уй ичидаги тизимларини зарур тарзда сақлаш, уларга мустақил равишда ёки бошқа шахсларни жалб этган ҳолда хизмат кўрсатиш. Қоидаларда у мазкур ишни қандай ташкил этиши кераклиги яна бир бор эслатиб ўтилган: аварияларни бартараф этиш, истеъмолчиларнинг буюртманомаларини ўз вақтида бажариш, иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш режими ва сифати бўйича мурожаатлар (аризалар, таклифлар, шикоятлар) ҳисобини юритиш, улар бажарилиши ҳисобини юритиш, уйларни иситиш мавсумига тайёрлаш чора-тадбирларини ўтказиш ва ҳ.к.

Кўпинча иссиқ сув ёки иситиш таъминоти тўхтатиб турилганда ширкат иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатишнинг мўлжалланаётган тўхтатиб турилиши даври ёки чекланишининг сабаблари тўғрисида уй аҳлини хабардор қилмайди. Аслида бу ижро этувчининг Қоидаларда белгиланган мажбуриятидир. Истеъмолчининг талабига кўра ХУМШ иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки белгиланган норматив параметрларда кўрсатилмаганлигининг сабабларини аниқлаши шарт. Бунда далолатнома тузилади, унда истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар қайд этилиши мумкин.

Ширкат уйдаги хонанинг ичкарисида умумий мулкни режали таъмирлашида (масалан, мўриларни алмаштираётганда) уй эгалари бўлмайдиган ёки ХУМШ ходимларини киритмайдиган ҳолатга кўп гувоҳ бўламиз. Натижада ҳамма иш тўхтаб қолади. Қоидаларда ижро этувчининг бундай ишлар ўтказилишидан олдин 3 кундан кечикмай хонага кириш вақтини истеъмолчилар билан келишиш мажбурияти белгиланган.

Ширкат иситиш ва иссиқлик сув таъминотининг уй ичидаги тизимлари қайта жиҳозланишига йўл қўймаслиги, яъни истеъмолчиларнинг муҳандислик коммуникациялари ишига ноқонуний аралашувларини кузатиб боришга мажбур. Акс ҳолда бу бутун уйнинг муаммосига айланади. Ушбу долзарб мажбуриятни ҳуқуқлар билан мустаҳкамлаган маъқул.

Иситиш тизимидан тармоқ сувининг оқиши ва чиқиб кетишига йўл қўймаслик – ХУМШнинг мажбурияти. Бу жиддий ҳолат. Иситиш ва иссиқлик таъминоти тизимидан сув оқиши – уй ичидаги тармоқлар ҳолати индикатори деб ҳисоблайдилар. Бироқ кўпинча етказиб берувчи нормативлар билан белгиланган иссиқлик энергияси сифати параметрларини таъминламай, зиммасидаги мажбуриятларини бажармайди. Уйни иситиш учун сувни оқизиб қўядилар, иссиқлик таъминотчилари эса айбли бўлганлари туфайли бунга кўз юмадилар. Уйни назорат қилувчи туман Иссиқликқуввати ходимлари қанчалик кечирувчан бўлмасин, ширкат бу жиддий қоидабузарлик эканлигини билиши керак. Етказиб берувчилар сувни оқизишга оғзаки рухсат бериб, улкан зарарларни қоплаш юзасидан ХУМШга даъво билдирган ҳолатларга тўқнаш келганмиз. Шу сабабли ижро этувчи етказиб берувчилар коммунал маҳсулотнинг норматив параметрларига риоя этмаётганлиги далиллари ҳақида далолатнома тузиб, иссиқлик таъминоти ташкилотига ёзма аризалар билан мурожаат этиши лозим.

Илгари иссиқлик таъминотчилари уй аҳлининг мурожаатлари бўйича уй ичидаги иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларининг ҳолатини текшириш учун келганларида ХУМШ раҳбарлари уларни ертўлага киритмаслигидан шикоят қилар эдилар. Зеро ертўла бетартиб бўлса, қувурлардан сув ўтаётган ёки канализацияга сув оқизиб қўйилган бўлса, етказиб берувчи ХУМШга жарима солиши мумкин. Қоидалар қабул қилиниши билан етказиб берувчини уй ичидаги тизимларга қўйиш ижро этувчининг мажбуриятига айланди.

Қоидаларда иссиқлик энергияси сифати кўрсаткичларига риоя қилиш юзасидан етказиб берувчи томонидан ўз шартномавий мажбуриятлари бажарилиши шарти билан, иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш сифати учун ижро этувчининг жавобгарлиги ҳам белгиланган (Қоидаларнинг 82-банди). У истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек маънавий зарар учун тўлиқ ҳажмда жавоб беради (Қоидаларнинг 83-банди).

 

 

Таҳририят почтасидан

 

Ободонлаштириш оқибатидаги ноқулайликлар

 

ХУМШ уйимиз олдидаги асфальтни бузиб, ҳамма ёққа бетон қуйиб, йўлни реконструкция қилди. Иккала томонига бордюр қўйилди, унинг ортида ариқ бор. Бордюр ариқдан тахминан 40 см баланд бўлгани сабабли уни ҳатлаб ўтиш хавфли бўлиб қолди, ширкат эса кўприк ўрнатишдан бош тортмоқда. Машиналар ўтмаслиги учун йўлнинг икки томонига металл шлагбаумлар ўрнатилди. ХУМШ раҳбарларининг сўзларига қараганда, бу ишларни бажариш учун кредит олинган, шу муносабат билан бир қатор саволлар юзага келади. Кредитни ким тўлайди, ободонлаштириш ишларига сарфланган харажатлар қандай назорат қилинади? Қандай қилиб ширкатни кўприк ўрнатишга мажбурлаш мумкин? У йўлни шлагбаумлар билан тўсишга ҳақлими?

С.Сеиданова.

 

– Пойтахтимизда Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш доирасида турар жой мавзеларини ободонлаштириш: йўлкалар, уйларга шохобча йўлларни таъмирлаш, кўкаламзорлаштириш, болалар майдончаларини қуриш ва бошқалар юзасидан катта ишлар қилинди. Кўпгина ХУМШларда ширкатларнинг аъзолари қўллаб-қувватлаган ва маъқуллаган бундай лойиҳалар ишлар режасига ва, тегишинча, даромадлар ва харажатлар сметасига киритилган. Улар харажатни талаб қилган, шу сабабли айрим ХУМШлар уларни кредит маблағлари ҳисобига бажарганлар.

Ширкат уй атрофидаги ўз ҳудуди – кўп квартирали уй жойлашган ер участкасида ободонлаштириш ишларини ўтказади. Унинг чегаралари давлат кадастр ҳисоби маълумотлари асосида белгиланган бўлиши керак. Ширкат ер участкаси сақланишини таъминлаши шарт (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 16-моддаси).

ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилиши ширкатнинг олий органидир (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 18-моддаси). Унинг ваколатига киритилган масалалар бўйича қарор, агар ширкат аъзоларининг 50%идан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 22-моддаси).

ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг ваколатларига қарз маблағлари олиш, шу жумладан, банк кредитлари олиш тўғрисида қарор қабул қилиш киради (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддаси). Агар ширкат аъзолари кўпчилик овоз билан кредит олишга розилик билдирган бўлсалар, демак, уни сўндириш мажбуриятларини ҳам зиммаларига олган бўладилар. ХУМШ аъзоларининг бадаллари қандай сарфланаётганини ширкатнинг тафтиш комиссияси назорат қилишга ҳақли.

Агар уй аҳлидан кимгадир бажарилган ишлар ноқулайлик туғдираётган бўлса, улар умумий йиғилишда ёхуд анкета ёрдамида ушбу масала юзасидан бошқа турар жой мулкдорларининг фикрини билишлари мумкин. Агар ХУМШ аъзоларининг кўпчилиги кўприк қуришни ёқлаб фикр билдирса, бошқарув уларнинг талабини бажариши шарт, чунки у ширкатнинг ижро этувчи органи сифатида умумий йиғилишга ҳисобдордир (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 18-моддаси). Раис ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг ва бошқарувнинг қарорлари бажарилишини таъминлайди (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 26-моддаси).

Йўлкаларда шлагбаумлар ўрнатиш учун ҳам кўпчилик аҳолининг розилигини олиш зарур. Одатда, шлагбаумлар бўлганда турар жойларга махсус транспорт: тез тиббий ёрдам машиналари, ўт ўчириш машиналари, авария хизматлари транспортининг кира олиши таъминланган бўлиши керак. Кўп ҳолларда бундай тўсиқлар машиналар йўлкалардан юриши, уйнинг тагига қўйилиши, болалар учун хавф туғдиришидан кўп шикоят қилувчи ХУМШ аъзоларининг талабига кўра ўрнатилади.

 

 

ХУМШсиз ҳаёт: муаммолар ҳал этилади

 

Мен яшайдиган уй ХУМШ таркибидан чиқди, ширкат ташкил этмаган ҳолда мулкдорлар жамоаси томонидан умумий мулк бевосита бошқарилмоқда ва унга хизмат кўрсатилмоқда. Уйнинг сақланишига ойлик бадаллар бутун уй аҳлидан фақат нақд пул маблағлари кўринишида ундирилади. Бунда квитанциялар берилмайди. Уйбоши бадалларни қабул қилади, қоғозга тўланган ой, йил, суммани қайд этиб, имзоси билан тасдиқлайди.

Фақат нақд пул билан тўлов ундирилиши қанчалик тўғри? 100% маошимни банк пластик картамга ўтказишлари сабабли нақд пулим бўлмаганда бадал тўлаш масаласини қандай ҳал этиш мумкин?

К.Эшонхўжаева.

 

ХУМШ ташкил этмасдан турар жой мулкдорлари жамоаси томонидан кўп квартирали уйни бошқариш усули қонун ҳужжатлари билан етарлича тартибга солинмаган. Бу йўл муайян афзалликларга эга бўлса-да, квартира соҳибларида кўплаб саволлар туғилади. Ушбу вариантнинг ижобий томонларидан бири – нақд пулни тасарруф этишга йўл қўйилишида, бу юридик шахс бўлгани сабабли ХУМШ учун тақиқланган.

Агар квартира соҳиби маошининг 100%и банк картасига ўтказилса, бадалларни нақд пул билан тўлаш масаласини уй қўмитаси раиси билан ҳал этиш лозим. Одатда, бундай ҳолларда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда уйдаги умумий мулкни бошқаришда фуқароларга умумий фойдаланиш жойларидаги электр энергияси истеъмоли, иссиқлик таъминоти тизимларини ювиш учун иссиқ сув, таъмирлаш учун қурилиш материаллари ва бошқаларга банк картасидан ҳақ тўлашни таклиф этадилар.

ХУМШсиз уйни бошқарадиган мулкдорлар жамоаларида бадаллар тўлаганлик учун квитанциялар бериш масаласи доим юзага келади. Уй кенгаши раисининг квитанциядаги шахсий имзоси фуқароларни қониқтирмайди. Уйбоши шахсий имзосини қўйган ҳолда бадаллар тўланганлиги ҳақида квитанция бериши, маҳалла қўмитаси раиси эса уни муҳр билан тасдиқлаши амалиёти мавжуд. Бундан ташқари, айрим уйбошилар ҳужжатларга босиладиган шахсий штамп ва уй кенгаши штампига эгалар. Уларни Муҳрлар ва штампларни тайёрлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга (АВ томонидан 27.10.2001 йилда 1077-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосан олиш мумкин.

 

 

Дўкон ҳам тўлайди

 

Биз кўп квартирали уйнинг биринчи қаватида жойлашган дўконда ишлаймиз. Ҳар ой ҳузуримизга ХУМШ вакили келиб, умумий мулкни сақлашга мажбурий бадал тўлашни талаб қилади. Бироқ биринчи қават тўлалигича савдо қилиш учун нотурар жой сифатида қурилган ва яшаш учун мўлжалланмаган. Турар жой хоналари иккинчи, учинчи ва тўртинчи қаватларда жойлашган. Биз ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлаймиз. ХУМШ вакилининг бадаллар тўлаш ҳақидаги талаби қанчалик тўғри?

Н.Маметова,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– Кўп квартирали уйдаги яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдори улушли мулк иштирокчиси ҳисобланади ҳамда умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммасига олиши шарт. Яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдорининг бундай харажатлардаги иштироки улуши уйнинг умумий майдонидаги мулкдорга қарашли яшаш учун мўлжалланмаган жой майдонига мутаносиб равишда белгиланади.

Ширкатнинг кўп квартирали уйдаги яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдори билан муносабатлари улар ўртасида мажбурий тартибда тузиладиган шартнома билан тартибга солинади. Яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдори шартнома тузишдан бўйин товлаган тақдирда, ширкат судга мурожаат этишга ҳақли.

Умумий мол-мулкни сақлаш харажатларини қоплаш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари (турар жойларнинг мулкдорлари сингари) ХУМШга мажбурий ойлик бадалларни тўлашлари шарт (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 6-моддаси).

 

 

Ҳисобланмалар даврини аниқлаштиринг

 

2012 йилда газ ҳисоблагичимизни текширувдан ўтказиб, 4 йилга сертификат беришди. 2016 йил августида уни навбатдаги текширувга бердик ва ҳисоблагичдаги хато +40%ни ташкил этиши ҳақида хулоса олдик. Унинг асосида газ таъминоти ташкилоти 2012 йилдан газ ҳақини қайта ҳисоблади ва 5 200 минг сўмлик счёт тақдим этди. Энди ҳисобланмани тўлашни талаб қилиб, текширувдан кейин ҳисоблагични пломбалашдан бош тортяптилар. Бироқ ҳисобга олиш асбоби ишлаган 4 йил давомида пломбага шикаст етказилмаган, ҳисоблагич соз деб ҳисобланган эди.

Қайта ҳисоб-китоб нимага асосланиб амалга оширилган? Бундай қарзни тўлашни талаб қилиш қонунийми?

В.Пак.

 

– Қонун ҳужжатларига кўра талабларни қўяётган тараф ўзи далил қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши шарт. Шу сабабли газ таъминоти ташкилоти ўз талабларининг асосланган исботини тақдим этишини: газни ҳисобга олиш асбоби қачон носоз бўлиб қолган, ҳисобланмалар текширувлар оралиғидаги бутун давр (4 йил) учун амалга оширилиши қайси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланганлигини сўранг.

Чакана истеъмолчига табиий газ етказиб бериш шартномасида, Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 30.07.2014 йилда 2604-сон билан рўйхатдан ўтказилган), Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 26.05.2005 йилдаги 132-сон қарорига 1-илова), шунингдек бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ­текширув ўтказиш вақтида газни ҳисобга олувчи асбоб фойдаланишга яроқсиз деб топилган ҳолда истеъмолчига текширув оралиғидаги бутун давр учун ҳисобланмалар қилиниши белгиланмаган.

 

 

Ҳисоблагич носоз деб топилди

 

Танишларим уйда янги газ ускунасини ўрнатишга қарор қилдилар. Бунда лойиҳа қилдириш ва ҳужжатларни қайта расмийлаштириш талаб этилди. Ҳужжатларни тўплаётганда қарз йўқлиги ҳақида маълумотнома керак бўлди. Газ таъминоти ташкилоти инспектори газни ҳисобга олувчи асбобни кўздан кечириб, далолатнома тузганидан кейин у берилар экан. У сиртдан кўздан кечирган ҳолда ҳисоблагич носоз – энг кам истеъмол қилганда газ сарфини ҳисобга олмайди дея фикр билдирди. Энди танишларимдан компенсация талаб қилиб, турли суммаларни кўрсатмоқдалар, улар қай тартибда ҳисоблангани эса тушунарсиз. 2013 йилда ҳисоблагич давлат текширувидан ўтган, бу сертификат билан тасдиқланади.

Инспектор газ ҳисоблагичини қанча вақт оралиғида текширишга ҳақли, у носоз бўлганда абонент қандай жавобгарликка тортилади?

Ю.Сутягин.

 

– Танишларингиз ҳисобга олувчи асбоб носозлигига ишонч ҳосил қилиш учун уни «Ўзстандарт» агентлигида аккредитацияланган органларда текширтиришлари мумкин. Газ таъминоти ташкилотидан ҳисобланмаларнинг асосланган ҳисоб-китобини тақдим этишини талаб қилинг.

Чакана истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш шартномасининг 4.3-бандига кўра, ҳисобга олувчи асбоб носоз бўлганда газ Шартноманинг 6.12-бандига мувофиқ ҳисобланади. У ҳисоблагич бўлмаганда газ сарфи нормативларини белгилайди. 1 киши учун иситиладиган хона меъёри – 43 куб м. Иситиладиган хона норматив ҳажмини (43 куб м/киши) иситиш учун фойдаланиладиган газ ҳажмига белгиланган тарифларга кўра, иситиладиган хонанинг нормативдан ортиқ ҳажми учун эса 1,5 баравар миқдорда ҳақ тўланади. Чакана истеъмолчида иккита ва ундан ортиқ газ асбоблари ёки иссиқ сув таъминоти учун сув иситиш қозонлари бўлганда ушбу асбобларга газ сарфи нормаси тегишинча 2 баравар ва ундан ортиқ даражада ошади.

Ушбу савол очиқ қолмоқда: ҳисоблагичнинг носозлиги аниқланганда газ етказиб берувчилар қайси давр учун ҳисобланмалар қиладилар? Шартномада, 132-сон Низомда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маиший газдан фойдаланиш қоидаларида (АВ томонидан 14.10.1997 йилда 370-сон билан рўйхатдан ўтказилган), бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ушбу давр белгиланмаган.

Шартноманинг 4.2-бандида етказиб берувчининг вакилига газ ишлатиладиган ускуна ва газни ҳисобга олувчи асбобни текшириш имкониятини таъминлаш мажбурияти истеъмолчи зиммасига юкланган.

Шартноманинг 4.4-бандида уй ичидаги газ ишлатиладиган ускунани йиллик режали таъмирлаш (тафтиш қилиш) ва профилактика хизмати кўрсатиш муддатлари белгиланган:

бошқа газ асбоблари бўлмаганда тармоқ газида ишловчи турар жойлардаги газ плиталари учун – 2 йилда 1 марта;

тармоқ газида ишловчи турар жойлардаги газ плиталари, иситувчи сув иситиш ва бошқа асбоблар учун – йилда 1 марта.

Шартномада газ ҳисоблагичларини текшириш даврийлиги аниқ белгиланмаган. Агар газни ҳисобга олувчи асбоблар газ ишлатиладиган ускуна ҳисобланишидан келиб чиқилса, ҳисоблагич носозлигида етказиб берувчи истеъмолчига ҳисобланмалар ёзадиган давр етказиб берувчининг вакили ҳисобга олувчи асбобни охирги текширувдан ўтказган (инспектор келган ва ҳисоблагични кўздан кечирган) пайтдан бошлаб белгиланиши керак.

 

 

Қизиқ вазият

 

Йўлакдаги деворлар кимга қарашли

 

Бир куни уйда яшовчи аёл билан қизиқ мавзуда суҳбатлашиб қолдим. У йўлакда тақсимловчи қути ўрнатиб, девор бўйлаб симларни тортиб чиққан интернет-провайдер устидан шикоят қилди. «Мен шу қутини олиб ташлаб, симларни эҳтиёткорлик билан кесдим, – деди аёл. – Уларнинг мулкига зиён етказмадим, олиб кетишлари мумкин. Деворимга нарсаларини илишларига ким қўйибди!». – «Йўлакдаги девор сизникими?» – дея ажабландим. «Албатта, меники, – ишонч билан деди аёл. – Ахир шу деворнинг ортида квартирам борку!». – «Квартира шифти кимники, у ҳам сизникими? – сўрадим мен. – У тепадаги қўшниларнинг полику». Суҳбатдошим ўйланиб қолди...

 

Ҳақиқатан ҳам вазият тушунарсиз. Кўпчилик квартирани йўлакдан ажратиб турувчи деворларни шахсий мулки деб ҳисоблайди. Бироқ, нариги томонида зинапоя жойлашган, демак, девор умумий, уйдаги умумий мулкка киради. Ёки ярми – меники, қолган ярми – умумийми? Шундай бўлса, бундай деворга мих қоқаётганда «ўзиники» билан «умумий» девор ўртасидаги чегарани бузмаслик тадоригини кўриш керак эканда...

Бу масалага ойдинлик киритишга уриниб кўрамиз. Уйдаги биттадан ортиқ хонага хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган кўп квартирали уйдаги элементлар (турар ва нотурар жойлардан ташқари) кўп квартирали уйдаги мулкдорларнинг умумий мол-мулки ҳисобланади. Умумий мол-мулк таркиби ва чегаралари Уй-жой кодексининг 124-моддаси ва ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 28-моддаси билан белгиланган. Унга қуйидагилар киради:

кўп квартирали уйнинг умумий жойлари; таянч ва тўсиқ конструкциялар;

квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма) пиллапоялар;

зинапоялар;

лифтлар;

лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар;

даҳлизлар;

техник қаватлар;

ертўлалар;

чердаклар ва томлар;

уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари;

жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва 1 тадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмалар.

Уйдаги умумий мол-мулк деб ҳисобланадиган конструкцияларни иккита асосий аломатига кўра аниқлаш мумкин:

биринчидан, улар 1 тадан ортиқ хонага хизмат кўрсатади;

иккинчидан, таянч ва тўсиқ дея ҳисобланади.

Лойиҳа ташкилотида бизга тушунтиришларича, тўсиқ конструкциялар – уйнинг ташқи қобиғини ташкил этувчи, уни иссиқдан, совуқдан, намликдан, шамолдан ҳимояловчи, шунингдек кўп квартирали уйни алоҳида хоналарга (яъни квартиралар, дўконлар ёки офисларга) ажратувчи деворлар, тўсиқлар, пардеворлар ва ҳ.к.

Ўз навбатида тўсиқ конструкциялар таянч ва таянч бўлмайдиган турларга ажратилади. Биринчилари асосий босимни ўзига олиб, уйнинг мустаҳкамлиги, қаттиқлиги ва чидамлилигини таъминлайди. Яъни ўз оғирлигидан ташқари бинонинг бошқа қисмларини (томи, тўсиқлари) кўтаради ва пойдеворга таянади. Агар бундай девор бузилса ёки яхлитлигига путур етказилса, уй ағдарилиши мумкин. Иккинчилари бошқа тўсиқларга таянади ва битта қават доирасида ўз оғирлигини кўтаради. Фойдаланиш жараёнида ушбу конструкцияларнинг таянч бўлиш имкониятига путур етказиш муайян жиддий оқибатларга олиб келмайди. Одатда улар пардеворлар деб аталади.

Агар квартира хоналари ўртасидаги деворларни мисол сифатида олсак, улар умумий мол-мулк деб ҳисобланмайди: бу деворлар квартирадаги хоналарнигина ажратиб туради ва фақат шу квартирага хизмат кўрсатади. Шу сабабли Кўп квартирали уйларда биноларнинг чидамлилиги хавфсизлигини таъминловчи хоналарни реконструкция қилиш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ШНК 1.04.05-06) 5-бандига асосан хоналарни янада қулай режалаштириш учун пардеворларни қайтадан ўрнатишга рухсат этилади.

Шифт ва пол билан боғлиқ вазият ўзгача. Қаватлар оралиғидаги тўсиқлар доим уйнинг умумий мол-мулки ҳисобланади. Зеро битта квартира учун – у шифт, бошқаси учун – пол. Яъни тўсиқ квартирани қўшнисидан тўсади ва шу билан бирга биттадан ортиқ квартирага хизмат кўрсатади. Яъни у сизники ҳам, қўшнингизники ҳам эмас, умумий бўлиб чиқади. Бироқ сиз пол устига ётқизадиган линолеум ва ламинат – сизники, қўшниларнинг шифтидаги бўёқ ёки пластик – уларнинг мулки.

Ёки яна бир қизиқ мисол. Қурилишдаги нуқсонлар сабабми, шафқатсиз вақт таъсири остидами, ваннахонадаги деворда ёриқ пайдо бўлди. Тепадаги қўшнилар ваннада ювинаётганда сув полга тушиб, пастдаги қўшниларникига оқди. Деворни ким таъмирлаши керак? Бизнингча, ХУМШ қўшимча ҳақ талаб қилмай, ушбу умумий мол-мулкни таъмирлаши шарт. Бироқ у буни қилмайди, чунки сув хусусий мулк ҳисобланган квартирадан оққан. Демак, уй эгаси кондиционер ўрнатиш учун ташқи деворни тешиш олдидан қўшниларнинг розилигини олиши керак: девор уйдаги умумий мол-мулк ҳисобланади. Квартирада нима бизга қарашли – ҳавоми? Йўлакда янги электр қўнғироқ ўрнатиш, деворга кондиционер илиш ёки тамбур қуриш учун нега қўшнилардан ижозат олишимиз керак: «Ҳатто у умумий мол-мулк бўлса ҳам, бир қисми меники! Модомики, меники экан, қайси қисми меникилигини кўрсатинг, ўша жойга кондиционер ўрнатаман».

 

Интернет тармоғи материалларидан.

 

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 1696 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика