Norma.uz

Етти ўлчаб, бир кесинг

 

Ишнинг моҳияти

«Lacetti» енгил автомобилининг олди-сотди шартномасини тузиш мақсадида 2015 йил март ойида МЧЖ ХФга тўлов шартномасига кўра 40 млн сўм тўлади. Бироқ 2015 йил май ойида ХФнинг молиявий-хўжалик фаолияти режали текширувдан ўтказилганда автомобилнинг йил бошидаги қолдиқ баланс қиймати 50 млн сўмни ташкил этиши белгиланди. Текширувчи органлар сотилган автомобиль учун 10 млн сўмни қўшимча тўлаш талаби билан МЧЖга мурожаат қилишни тавсия этдилар. ХФ 10 млн сўмлик қўшимча тўловни тўлаш ёхуд олди-сотди шартномасини бекор қилиш, «Lacetti»ни олиб қўйиш ва унга тўланган пулни қайтариш ҳақидаги ёзма илтимосномани МЧЖга юборди. МЧЖ рад жавобини берди.

ХФ олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ва ҳақиқий бўлмаган битим оқибатларини қўллаш талаби билан хўжалик судига мурожаат қилди.

 

МЧЖнинг позицияси

– Биз ХФдан «Lacetti» автомобилини сотиб олишни режалаштириб, у билан тўлов шартномасини туздик. Унинг асосида фирмага 40 млн сўм ўтказдик. Сўнгра нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномасини туздик, хусусий фирма уни имзолаш олдидан автомобилнинг қолдиқ баланс қиймати тўғрисида маълумотномани ва уни ички баҳолаш далолатномасини тақдим этди. Ушбу ҳужжатларга кўра унинг қиймати 40 млн сўмни ташкил этган эди. Биз қайд этилган суммани ўз вақтида тўладик, шу сабабли олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб асоссиз деб ҳисоблаймиз. Шу муносабат билан ХФнинг даъвосини рад этишингизни сўраймиз.

 

ХФнинг позицияси

– Автомобиль ҳақи оддий ёзма шаклда тузилган шартномага кўра тўланган, ФКнинг 386-моддаси 4-қисмига мувофиқ эса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак. Шу сабабли у қонун талаб қиладиган битим шаклига риоя этилмаганлиги боис ҳақиқий эмас деб топилиши керак (ФКнинг 112, 115-моддалари). Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Бундан ташқари, битимни бажариш пайтида автомобилнинг қолдиқ баланс қиймати нотариал идорага тақдим этилган маълумотномада кўрсатилганидек 40 млн сўм эмас, 50 млн сўмни ташкил этган. Шу сабабли олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишингизни сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб, ХФнинг автомобиль қиймати пасайтирилиши ва тўлов учун асос бўлган шартноманинг нотариал шаклига риоя этилмаганлиги ҳамда ҳақиқий бўлмаган битим оқибатлари қўлланилиши муносабати билан олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида даъво билан хўжалик судига мурожаат қилишига сабаб бўлган юқоридаги далиллар тасдиғини топмади.

Ҳақиқатан ҳам, ФКнинг 386-моддаси 4-қисмига мувофиқ, давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Худди шундай талаб Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган) ҳам белгиланган.

Бироқ тўлов учун асос бўлган шартнома моҳиятига кўра закалат тўғрисидаги келишув бўлган, сабаби унда тўлов ҳақидаги қоидалар мавжуд бўлиб, амал қилиши уни амалга ошириш муддати билан чекланган. Шу сабабли уни автотранспорт воситасининг олди-сотди шартномаси деб эътироф этиб бўлмайди. ФК закалат тўғрисидаги келишувга нисбатан уни нотариал шаклда тузиш талабини қўлламайди. Автомобилнинг бошқага берилишига асос бўлган МЧЖ ва ХФ ўртасидаги олди-сотди шартномаси эса нотариал шаклда тузилган.

Бундан ташқари, автомобилнинг қийматини даъвогарнинг ўзи белгилаган, бу автомобилнинг қолдиқ баланс қиймати тўғрисида маълумотнома ва машинани ички баҳолаш далолатномаси билан тасдиқланади.

Хўжалик суди ФКнинг 311, 312, 354 ва 356-моддаларига амал қилиб, арз қилинган даъво талабларини асоссиз деб ҳисоблади ва суд харажатларини зиммасига юклаган ҳолда ХФнинг даъвосини қондиришни рад этди.

Биринчи инстанция судининг юқоридаги важ-далилларини ҳисобга олиб, апелляция ва кассация инстанцияси судлари ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

Юрист шарҳи

ФКнинг 386-моддаси 4-қисмига мувофиқ, давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно. МЧЖ билан ХФ ўртасидаги олди-сотди шартномаси ФКнинг 386-моддаси талабларига риоя этган ҳолда, яъни нотариал шаклда тузилган.

ФКнинг 354-моддаси 3 ва 4-қисмларига мувофиқ, тарафлар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган шартномани ҳам тузишлари мумкин. Улар турли шартномаларнинг элементларини ўз ичига оладиган шартнома (аралаш шартнома) тузишлари мумкин. Аралаш шартнома бўйича тарафларнинг муносабатларига, агар тарафларнинг келишувидан ёки аралаш шартноманинг моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, элементлари аралаш шартномада бўлган шартномалар тўғрисидаги қоидалар қўлланилади. Тўлов ҳақида тузилган шартнома закалат ҳақидаги қоидаларни ўз ичига олган. Шартнома тузаётган тарафлардан бири шартнома тузилганлигини исботлаш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан берадиган пул суммаси закалат ҳисобланади (ФКнинг 311-моддаси). Закалат тўғрисидаги келишув закалатнинг суммасидан қатъи назар, ёзма равишда тузилиши керак.

Шу тариқа, юқоридаги тўлов учун шартнома закалат тўғрисидаги келишув бўлган, ФКда эса ушбу келишувга нисбатан мажбурий нотариал шакл белгиланмаган. Шу сабабли тўлов учун шартномани унинг шаклига риоя этилмаганлиги муносабати билан ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъвогарнинг талаблари асоссиз.

Агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланади.

Шартноманинг нарсаси тўғрисидаги шартлар, қонун ҳужжатларида бундай турдаги шартномалар учун муҳим ёки зарур деб ҳисобланган шартлар, шунингдек тарафлардан бирининг аризасига кўра келишиб олиниши зарур бўлган ҳамма шартлар муҳим шартлар ҳисобланади (ФКнинг 364-моддаси 1, ­2-қисмлари). Олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 386-моддаси 1-қисми). Сотиб олувчи товар ҳақини тарафларнинг келишуви билан белгиланган баҳода тўлаши лозим (ФКнинг 418-моддаси 1-қисми, 356-моддаси 1-қисми).

Иш материалларидан кўринганидек, МЧЖ ва ХФ барча муҳим шартлар, шу жумладан автомобиль баҳоси юзасидан келишувга эришган. Унинг қийматини даъвогарнинг ўзи белгилаган, бу у тақдим этган автомобилнинг қолдиқ баланс қиймати тўғрисида маълумотнома ва машинани ички баҳолаш далолатномаси билан тасдиқланади.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, суд даъвогар арз этган даъво талабларини қондиришни ҳақли ва асосли равишда рад этган.

Ушбу низони судгача тартибда ҳал этиш мумкин эди. Бунинг учун даъвогар автомобилни мустақил баҳолаш ва унинг натижаларига кўра ҳақиқий қийматини белгилаш ҳақида сотувчи билан келишиб олиши керак эди. Жавобгар эса тўлов учун турли шартномаларнинг элементларини ўз ичига оладиган шартномани эмас, фақат закалат тўғрисидаги келишувни тузиши керак эди. Бу шартнома предметининг, шу жумладан бундай даъво суд томонидан кўрилаётганда, икки хил маънода тушунилишига олиб келмас эди.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 1528 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика