Маълумки, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан аҳолига савдо ва хизмат кўрсатишдан тушган нақд пул маблағларининг банк муассасаларига ўз вақтида ва тўлиқ топширилиши пул муомаласи, миллий валюта барқарорлиги, давлат бюджетига солиқларнинг ўз вақтида келиб тушиши, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг ўз вақтида тўланишининг муҳим омили бўлиб, бутун иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Бинобарин, нақд пул муомаласига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш долзарб масала ва истиқболли йўналиш ҳисобланади. Қуйида назорат-касса машиналари орқали нақд пулга савдо қилувчи ва хизмат кўрсатувчи нуқталардан маълумотларни тўғридан-тўғри узатиш, яъни on-line тизимини жорий этиш лойиҳасининг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтамиз.
НКМлар орқали нақд пул тушумининг on-line назорати лойиҳаси томонларнинг ўзаро боғлиқлик принципига асосланган. Бунда назорат-касса машинаси нафақат назорат воситаси, шу билан бирга аҳолининг манфаатларини кўзловчи пул муомаласида фойдаланиладиган тўлов воситаси сифатида ҳам қаралади.
Назорат-касса машинаси қўлланишида 4 томон иштирок этади: истеъмолчи, сотувчи, назорат ходими ва сервис маркази ходими. Уларнинг орасида истеъмолчи ва сотувчи орасидаги муносабат алоҳида аҳамиятга эгадир. Қолган томонлар лойиҳа механизмининг доимий ҳаракатланишини ва барқарорлигини таъминлаб туришади, хусусан:
Куриниб тургандек лойиҳанинг асосий боғловчи механизми фискал маълумотлар сервери (ФМС) ҳисобланади. У ўзига маълумотларни қабул қилади, сақлаб туради ва зарур бўлганда етказиб беради. Мазкур лойиҳада фискал маълумотларнинг асосий манбаси бўлиб истеъмолчи ва сотувчи ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоб жараёнлари ҳисобланади. Назорат-касса машинасига киритилган тўлов тўғрисидаги маълумотлар бир вақтнинг ўзида ФМСда ва харид чекида ёзилади. Шу билан бирга харид чекида махсус код ҳам ўрнатилади. Сотувчининг иш куни охирида оладиган ҳисоботлари орқали фискал хотира ва ФМСга якуний маълумотлар ёзилади. Лойиҳанинг барча иштирокчилари ва боғловчи механизмлари ягона порталга бирлаштирилиб, ундан самарали фойдаланишга замин яратилади.
Лойиҳада иштирокчилар учун шахсий хоналар кўзда тутилган. Уларга электрон имзолар билан ягона порталга кириш ва керакли маълумотларга эга бўлиш имкониятлари берилади, хусусан:
Бу қуйидаги имкониятлардир:
1. Хўжалик юритувчи субъектлар учун: назорат-касса машинасини рўйхатга қўйиш учун ФМС орқали рўйхатга олиш рақамини аниқлаб, сўнгра уни сервис маркази ёрдамида ишга тушириш мумкин.
2. Истеъмолчилар учун: чекнинг ҳақиқийлигини текшириш, чек йўқолганда унинг нусхасини олиш, йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни тўлдираётганларида харажатлар рўйхатини чиқариш мумкин.
3. Солиқ органи ходимлари учун: сотувчига тегишли фискал маълумотлар бўйича зарур ҳисоботларни олиш мумкин.
4. Сервис маркази ходимлари учун: назорат-касса машинасининг носозлиги бўйича ФМСдан юборилган хабарни олгандан сўнг уни бартараф этиш чораларини кўриш мумкин.
5. Истеъмолчининг харид чекларига нисбатан қизиқишини ошириш учун пул-буюм лотерея ўйинлари ташкил қилиниб, унда харид чекларини ҳужжат сифатида қўллаш мумкин бўлади.
Мазкур лойиҳани татбиқ этишда республикамиз минтақларининг хусусиятлари – ҳудуднинг кенглиги ва аҳолининг зичлиги, телекоммуникация билан қамраб олиниш даражаси, хўжалик юритувчи субъектларнинг замонавий НКМлар билан таъминланиш ҳолати ҳисобга олиниши лозим.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида қуйидагиларга эришиш мумкин
Харид чекининг ҳақиқийлиги икки томонлама, яъни бевосита харид чеки ва сервер маълумотлари билан ҳимояланади.
Истеъмолчиларга WEB-интерфейслар орқали харид чекининг белгиланган талабларга жавоб беришини текшириш имконияти яратилади.
Солиқ органларининг фискал хотира бўйича тезкор маълумотларга эга бўлиш имконияти таъминланади.
Яратилган тизимнинг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида назорат-касса машинасига сервис хизмати кўрсатиш марказларининг ҳам иштирок этиш шароитлари яратилади.
Тизимга киритилган назорат-касса машиналарининг интенсив ишлаш муҳитини яратиш, улар тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлиш ва зарур бўлганда самарали чора-тадбирларни олдиндан белгилаш имкониятлари яратилади.
Республика ҳудудида замонавий талабларга жавоб берадиган назорат-касса машиналарининг қўлланилиши борасида кенг йўллар очилади.
Истеъмолчилар томонидан савдо (хизмат кўрсатиш) учун тўланган нақд пул тўғрисидаги харид чекларини сотувчилардан талаб қилиш даражаси ортади.
Мумкин бўлган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари
Кўзда тутилаётган лойиҳада серверлар орқали on-line режимига кириш учун унинг таркибидаги ускунавий қисмнинг ишлаб чиқариш қувватига қатъий талаблар қўйилади. Ахборот ҳажмининг кенгайиб бориши унинг таркибидаги баъзи бир элементларнинг виртуаллашувига олиб келади.
Маълумотларнинг очиқ ҳолда узатилиши сабабли унга киберҳужумлар хавфи кучаяди. Натижада ахборот хавфсизлигини кучайтириш зарурияти туғилади. Унинг олдини олиш учун ҳимояланган алоқа каналлари орқали маълумотларни электрон рақамли имзолар билан узатиш анчагина самара бериши мумкин.
Мазкур лойиҳа асосан кўп функцияли ва ташқи шлюзлар билан жиҳозланган назорат-касса машиналари учун самарали натижа беради. Айни пайтда республикамизда қўлланилаётган аксарият назорат-касса машиналари имконияти чегараланганлиги туфайли улар конструкциясига сезиларли ўзгартириш киритишга тўғри келади.
Лойиҳа таркибидаги серверда маълумотлар ҳажми борган сайин кенгайиб бориши туфайли уларни узоқ муддатда сақлаб туриш харажатлари ошиб боради. Бу муаммони ечишда маълумотларни кластерларга бўлиб, алоҳида базаларга ажратиш юксак самара бериши мумкин.
Фикримизча, мазкур лойиҳа кўп босқичли тарзда амалга оширилиши, дастлаб уни муайян бир ҳудуд ва соҳада тажриба тарзида жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлиб, унинг натижаларига асосланиб, якуний хулосалар чиқариш мумкин.
Акмал БОЗОРОВ,
«Комкассинтех» компьютер-касса тизимлари ва ахборот технологиялари ишлаб чиқарувчилари ва ервис ташкилотлари уюшмаси бош директори.
*Мавзуга доир материални газетамиз мазкур сонининг 15-саҳифасида ўқинг.