Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 42 / Устуворликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

 

2016 йил 12 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев бошқарди.

 

Сенаторлар ўз ишини Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 23-бандига мувофиқ парламентнинг юқори палатасига киритилган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги масалани кўриб чиқишдан бошладилар.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорда аёлларни, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахсларни, 60 ёшдан ошган эркакларни, чет давлатлар фуқароларини, шунингдек, қонунда белгиланган тартибда I ёки II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларни, бошқа тоифадаги қатор фуқароларни (айрим чекловларни ҳисобга олган ҳолда) жазодан озод этиш назарда тутилган. Шунингдек, амнистия тўғрисидаги қарор татбиқ этилмайдиган шахслар тоифалари ҳам белгиланган.

Муайян тоифадаги шахсларни жавобгарликдан ёки жазодан нафақат озод қилишни, балки уларни даволашни, ишга жойлаштиришни, шунингдек, жазодан озод этилаётган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ҳаётга мослаштиришни белгилаб берувчи бир қатор тадбирлар назарда тутилган.

Шундан сўнг сенаторлар қуйидаги Қонунларни кўриб чиқишди ва қабул қилишди:

 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан таклиф этилган «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурини ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги.

Ушбу қонун аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талаблари ва асосий йўналишларини аниқлаб олиш, шунингдек, давлат ­ташкилотлари, нодавлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг ушбу соҳадаги роли ва жавобгарлигини ошириш мақсадида қабул қилинганлиги таъкидланди. Ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёни устидан мониторинг юритиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари назарда тутилмоқда.

Қонунда, айниқса, таълим, ишга жойлаштириш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ижтимоий хизматлар кўрсатиш шакллари ҳамда турлари муҳим ўрин эгаллайди, ушбу соҳадаги идоралараро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик масалалари тартибга солинмоқда.

Қонун нормаларининг рўёбга чиқарилиши ижтимоий ҳимоя қилиш тизими жамоатчилик назорати учун очиқ бўлишини таъминлайди, нафақат аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнини тартибга солишга, балки фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини янада яхшилашга, кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифати ва самарадорлигини оширишга, мамлакатда амалга оширилаётган кўламдор кучли ижтимоий сиёсат давом эттирилишини таъминлашга хизмат қилади.

 

● «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги.

Амалдаги қонунга киритилиши назарда тутилган ўзгартиш ва қўшимчалар касаба уюшмалари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга, қонуннинг амалда қўлланиш амалиётини таҳлил қилиш натижасида аниқланган эскирган нормалар, қоидалар ва нуқсонларни бартараф этишга, фойдаланилаётган тушунчалар ва атамаларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлашга, қонуннинг айрим нормаларини янги қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштиришга қаратилганлиги қайд этилди. Ҳозирги замон талабларини инобатга олган ҳолда, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар ишлайдиган жойларда, шунингдек, тармоқлар ва ҳудудлар даражасида касаба уюшмалари ташкилотларини тузиш ва фаолиятини таъминлаш тартиби белгиланди. Касаба уюшмалари органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларига сайланиши муносабати билан ишдан озод этилган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш кафолатлари кучайтирилди. Ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ролини оширишга қаратилган бошқа ташкилий-ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланди.

 

● «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги.

Ушбу қонунга мувофиқ бир қатор қонун ҳужжатларига ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларида амал қилиб турган қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қонунда бир қатор қонун ҳужжатларига, жумладан, «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонунларга, шунингдек, Солиқ кодексига ҳамда Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

«Ветеринария тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига, хусусан, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги қонунларга, шунингдек, Жиноят кодексига, Солиқ кодексига, Бюджет кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бюджет ҳамда смета-штат интизоми соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни таснифлашда ҳуқуқни қўллаш амалиётида мавжуд бўлган номувофиқликларнинг бартараф этилишини ва бир хилда талқин этилишини таъминлашга, шунингдек, Бюджет кодексидаги айрим нормаларнинг ва жиноят тўғрисидаги ҳамда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг мазмунидаги тафовутларни бартараф этишга қаратилган ўзгартишлар киритилмоқда.

Ушбу ўзгартишлар ҳам бюджет ва смета-штат интизомини бузганлик учун жавобгарликни янада эркинлаштиришга ва мақбуллаштиришга қаратилган. Жумладан, шу соҳада фақат кўп миқдорда ёки жуда кўп миқдорда содир этилган қилмишлар жиноий жавобгарликка, унча кўп бўлмаган миқдорда ёки анча миқдорда содир этилган қилмишлар маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Сенаторлар ушбу ўзгартишларнинг киритилиши бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни янада мақбуллаштиришга ва бюджет интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар.

 

● «Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида»ги.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ушбу Конвенция қоидаларига тўлиқ мувофиқ келишини таъкидладилар. Хусусан, фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари белгиланган бўлиб, бундай кафолатлар Ўзбекистон Республикасининг 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатида, шу жумладан, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда ва Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида мустаҳкамлаб қўйилган.

Ҳозирги вақтда 14 та тармоқ, 14 та ҳудудий ва 37 мингдан ортиқ бирламчи касаба уюшмаси ташкилотини бирлаштирувчи Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси 6,3 миллиондан зиёд ходимнинг манфаатларини ифодалайди.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Конвенциянинг ратификация қилиниши ҳар бир кишининг ўзгалар билан эркин уюшма тузиш ҳуқуқини, шу жумладан, касаба уюшмаларини тузиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ҳуқуқини кафолатловчи Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясида акс этган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг умумэътироф этилган нормаларига Ўзбекистон содиқ эканлигининг исботи бўлади, шунингдек, халқаро ташкилотлар, энг аввало, Халқаро меҳнат ташкилоти билан конструктив муносабатларни ривожлантиришда муҳим омил бўлади.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди таркибларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Барча кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сенатнинг ялпи мажлиси давомида демократик ислоҳотларни босқичма-босқич чуқурлаштиришга ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган 10 та масала, шу жумладан, 4 та қонун кўриб чиқилди. Уларнинг амалга оширилиши аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш, мамлакатда барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш учун кучли омил бўлиб хизмат қилади.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

 

Олий Мажлис Сенатининг

Ахборот хизмати материали асосида.   

Прочитано: 2034 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика