Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 41 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Фирибгарлик билан топилган миллионларнинг тақдири

 

Бозор ислоҳотлари эндигина йўлга қўйилиши бошланган 90-йиллар ўрталарида мамлакатимизда янги иқтисодий муносабатлар қатъий ўрин ола бошлаган эди. Бозор институтлари, янги қонунчилик базаси жадал равишда шаклланди. Кўп нарса янгилик эди, улар синов ва хатолар йўли билан англаб олинмоқда эди. Эркин нарх белгилаш, монополиядан чиқариш шароитларида хўжалик фаолиятининг кўп соҳаларига бозор иқтисодиёти жадал кириб бориб, эркин тадбиркорлик шарт-шароитида турмуш қоидаларини қонуний расмийлаштирган меъёрий-ҳуқуқий нормалар бироз ортда қолмоқда эди. Бу ўша даврнинг асосий хусусияти бўлган эди дейиш мумкин. Табиийки, қатъий жавоби топилмайдиган саволлар туғилар, уларга жавоблар фаол муҳокама қилинарди.

 

Масалан, корхона мулкдорининг ёлланма менежер билан муносабатларини олайлик. Бундай қараганда ҳаммаси оддийгина. Активнинг эгаси мутахассисни таклиф этади, унга ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш ва бошқаришни ишониб топширади. Мулкдор унинг ишига аралашмайди ва кейинчалик корхонанниг молия-хўжалик фаолияти тўғрисида унга менежер ўз мажбуриятларини қанчалик самарали уддалаётгани хусусида тасаввур берадиган ҳисоботлар бўйича у ёки бу қарорларни қабул қилади.

 

Ўзгаларнинг қўли билан

Бироқ ўша йиллар амалиётида анча нохуш ишлар ҳам юз берган, яъни корхона мулкдори бошқарувда фаол иштирок этиб, бошқаларнинг қўли билан ноқонуний ишларни амалга оширар эди. Ҳеч қандай ёзма фармойишларсиз, у директор ва бухгалтерни шубҳали битимлар тузишга мажбур этиши мумкин эди. Кейин, текширув жараёнида ушбу ҳуқуқбузарликлар фош бўлиб қолар, директор ва бухгалтер мансабдор шахслар сифатида маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилар, асосий айбдор эса сувдан қуруқ чиқар ва янги бошқарувчиларни ишлашга ёллар эди.

Албатта, ходим билан иш берувчининг муносабатларини меҳнат шартномасида батафсил қайд этиб қўйса бўлади, бироқ корпоратив маданият деган нарса ҳам бор, бизда уни шаклланган деб бўлмайди ва уни барча жиҳатлари билан бирга меҳнат шартномаси доирасида акс эттиришга муваффақ бўлиш даргумон.

Бироқ, бошқа тарафдан бўлган ҳаракат ушбу жараённи жадаллаштириши мумкин. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар нафақат ҳуқуқбузарликлар содир этган мансабдор шахсларни, балки бизнес мулкдорлари, назорат қилинувчи хўжалик субъектлари фаолиятидаги уларнинг роли ва унга қандай жалб этилганликларини аниқлаштиришга киришдилар.

Терговга тушган ва судланувчилар курсисидан ўрин олган Усмон Аҳмедов1 ўз айбини тан олмади. Тўғри, у Навоийдаги кабелли телевидение хизматларини кўрсатадиган «Телеминора» АЖнинг ҳаммуассисларидан бири эди. Бироқ у корхонада бош муҳандис бўлиб ишлар, молиявий фирибгарликлар амалга оширилганлигидан мутлақо хабардор эмас эди. Суд унга ишонмади ва Жиноят кодексининг 189-«Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш», 192-«Рақобатчини обрўсизлантириш» ва 227-«Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш» моддалари бўйича айбдор деб топди.

 

«Зап даврлар бўлган»

Ҳаммаси Навоийга Россия фуқароси Иван Петровнинг келишидан бошланди. У ўзининг навоийлик танишлари Усмон Аҳмедов ва Равшан Пўлатовга жозибадор ва кўп даромад келтирадиган бизнес билан шуғулланишни – вилоят марказида кабелли телевидениени ташкил этишни таклиф қилди. Айтиш лозимки, шаҳарда худди шундай хизматни кўрсатувчи корхоналар ишламоқда эди. Бироқ Петров шерикларини рақобат ишга халал бермаслиги ва тадбиркорликда ҳамманинг насибасига яраша улуши бўлишига ишонтирди.

Кабелли ТВ хизматларини таклиф этадиган «Телеминора» МЧЖ шу тариқа пайдо бўлди. Маълум вақт ўтгач, унинг ўз мижозлар базаси пайдо бўлди ва корхонанинг ишлари юришиб кетди. Муассислар мамнун эди. Пул сувдек оқиб турганда ғам-ғуссага не ҳожат? Иван Петров мунтазам пул ўтказмалари олиб турди. Кассир Валида Ҳамроева бозорга бориб, валюта чайқовчиларидан сўмларни долларга алмаштирар, кейин улар Петровнинг қариндошларига ўтказилар эди. Усмон Аҳмедовнинг киссасига сўм билан тушарди. 2011-2015 йиллар ичида унинг қўлидан корхонанинг 565 млн сўмлик тушуми ўтган, шунинг 416 млн сўмдан кўпроғи унинг ҳамёнидан жой олган.

2013 йилда Равшан Пўлатов жамиятдаги ўз улушини Ойгул Мансуровага сотади. Янги ҳаммуассис барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган корхона даромадларидан унга тегишли бўлган дивидендлар билан чегараланувчи чет кузатувчи роли билан чекланмади. Аёл муассис корхонани бошқаришга киришади ва кейинги 2 йил ичида қарийб 218 млн сўмга эга бўлади. Ушбу жиноий ишнинг бошқа бир иштирокчиси оддий кассир Муҳаббат Солиҳова ҳам 2014-2015 йиллар ичида қарийб 77 млн сўм «ишлаб олди».

 

Қойилмақом фирибгарлик

Молиявий фирибгарликларнинг «мўъжизадек таъсирчан афсунгарлиги» бўлмаганда, ушбу пул оқими юз бермаган бўлар эди: банкка нақд тушумнинг кўпи билан 10%и топшириларди. Қолган миллионлар ҳеч қандай ҳужжатда акс эттирилмаган ва ўзлаштирилган. Айтиш жоизки, нақд пул маблағларининг банкдан ташқари муомаласини қисқартиришга йўналтирилган ҳукумат қарорини2 қўпол равишда бузиш ушбу жиноят иши бўйича айблов хулосасига асос бўлди.

Гапнинг индаллоси, иккиёқлама бухгалтерия юритилган. Кабелли ТВ хизматлари учун абонентлар тўлаган суммаларнинг тўлов квитанциялари қалбакилаштирилган, яширилган ва қисман йўқ қилинган. ДСИда рўйхатдан ўтказилмаган квитанциялар ҳам ишлатилган. Аксилҳуқуқий фаолиятга амалда бутун жамоа жалб этилган.

Давримизнинг техник воситалари ҳам қўлланган. Аҳолидан тўловлар қабул қиладиган корхона кассаларининг компьютерларида махсус дастур ўрнатилган бўлиб, у абонент базаси ва ҳар бир истеъмолчи бўйича тўловлар келиб тушиши ҳисобини автоматлаштириш имконини берган. Бироқ корхонанинг ўз «устомони» дастур устида «иш олиб бориб», уни корхона ходимларига тўловлар тўғрисидаги керакли бўлган ахборотнигина тақдим этадиган қилиб созлаган. Худди шундай алдов билан назорат-касса аппаратларида қилинган фирибгарликлар НКМ бўйича ахборот компьютерлардаги ахборот билан мос бўлишига эришиш имконини берди.

 

Тафтиш муқаррар

Қисқа муддатли текширув ҳисобга олинмаган 325 минг сўм нақд пулни аниқлаганда тўлиқ миқёсдаги ҳужжатли тафтиш муқаррар бўлиб қолди. Корхона раҳбарияти энг охирги чораларни қўллаб, кўплаб ҳисоб ва бухгалтерия ҳужжатларини йўқ қилишгача борди. Оқибатда «Телеминора» орқали ўтган нақд пулнинг ҳақиқий ҳажмлари хусусида фақат тасаввур қилиш мумкин.

Суд тақдим этилган айбловлар бўйича У.Аҳмедовни айбдор деб топди ва ЭКИҲнинг 400 баравари миқдоридаги жарима тарзида жазо белгилади.

ЖКнинг худди шу моддалари бўйича О.Мансурова ва М.Солиҳовалар ҳам айбланди. Бироқ суд улар содир этган жиноятлар катта хавф туғдирмаслиги, айбланувчилар аёл эканлигини ҳисобга олиб, улар бўйича ажрим чиқарди. Уларга нисбатан жиноят ишлари тугатилиб, ўзлари афв этилди.

 

Тугун оддийгина ечилган

Ушбу воқеада бир ибратли жиҳат бор. «Телеминора»нинг қилмишлари умуман олганда тасодифан очилган. Корхонада ўз «фош этувчиси» пайдо бўлган. Бу ерда Иброҳим Мусаев 4 йилга яқин ишлаган эди. У корхона раҳбарияти билан қачон ва қандай ҳолатларда ихтилофга бориб қолганлиги маълум эмас, бироқ у бошлиқларнинг қилмишларини нафақат билган, балки ноқонуний фаолият тўғрисида ҳужжатларни тўплаган ҳам. Ушбу фош қилувчи далиллар билан Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг шаҳар бўлимига шикоят қилган. Кейинги воқеалар тегишли тартибда ривожланган.

Уни бундай ишга қўл уришга нима ундаганини айтиш қийин: фирибгарларни фош этишга интилишми ёки оддийгина қасос олиш хоҳишими? Эҳтимол, тезкор-қидирув ишида бундай «хайрихоҳлар» керакдир. Бироқ жуда ҳам хоҳлардикки, камерал назорат даражаси ва сифати тезроқ шундай маррага етсинки, назорат органлари биринчи навбатда инсон омилига эмас, балки тўпланган ахборотга таяниб, иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқласинлар ва бартараф этсинлар.

 

Амир Маҳмудов, мухбиримиз.

Навоий ш.

 


1Барча исм ва фамилиялар, корхонанинг номи ўйлаб топилган. Ҳар қандай мос тушишлар тасодифийдир.

2ВМнинг «Пул маблағларининг банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори (5.08.2002 йилдаги 280-сон).

Прочитано: 1432 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика