Norma.uz

Экипаж учун пенсия

 

Учувчилар ва синовчи учувчилар таркибига кирувчи ходимлар учун пенсия ҳисоблаб ёзиш алгоритми анча мураккаб. Ушбу сонда парвозлар билан боғлиқ ишда ишлайдиганларнинг пенсияга чиқиш вақтига ва бўлғуси пенсия тўловларига муайян даражада таъсир кўрсатадиган барча жиҳатлар ҳақида билиб оласиз.

Ўқувчиларнинг саволларига бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг мутахассислари жавоб берадилар.

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

 

Учувчилар ва синовчи учувчилар таркибига кирувчи ходимлар учун пенсия ҳисоблаб ёзиш хусусиятлари

 

Экипаж учун пенсия

 

Учувчилик касби вакиллари осмонни иккинчи уйлари деб биладилар. Ҳаво уммони қанчалик ўзига жалб этмасин, учувчи ердаги ишларпенсияни расмийлаштириш билан машғул бўлишига тўғри келадиган пайт ҳам яқинлашади. У қандай ҳисоблаб ёзилиши ҳақида ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев гапириб берди.

 

– Авиация ходимлари имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эгаликларини биламан. Бу фақат учувчиларга тааллуқлими ёки бошқа хизматдагилар ҳам уни олиш ҳуқуқига эгами?

– Ҳақиқатан ҳам, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси «в» бандига мувофиқ, учувчилар ва синовчи учувчилар таркибига кирувчи ходимлар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бунда улар эгаллаган лавозимларда эркаклар – камида 25 йил ва аёллар – камида 20 йил хизматни адо этган бўлишлари шарт.

Саломатлигига (касаллигига) кўра учиш ишларидан бўшатилган тақдирда, белгиланган хизмат муддатини эркаклар – камида 20 йил ва аёллар – камида 15 йил адо этган бўлсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Учувчилар ва синовчи учувчилар таркибига кирувчи ходимларнинг тоифалари Ёшидан қатъи назар пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг 1-сон рўйхати (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарорига илова) III қисмида белгиланган.

Рўйхат анча катта. Унга нафақат парвозларга бевосита алоқадор бўлганлар, масалан, амалдаги учиш гувоҳномасига эга бўлган ва парвозларда қатнашувчи ҳаво кемалари ва бошқа учиш аппаратлари экипажлари, учувчи-конструкторлар таркиби, командирлик-учувчи таркибидаги мутахассислар, балки парашютчилар, қутқарувчилар, десантчи-ўт ўчирувчилар, авиа ўт ўчириш хизмати инструкторлари, парашют бўлимлари раҳбарлари ва иши парашютда сакраш билан боғлиқ бўлган бошқа мутахассислар ҳам киради.

Бортларда ва парашют-десант техникасида синов парвозларини бевосита бажарувчилар ҳам Рўйхатга киритилган. Бу синовчилар – муҳандислар, механиклар, электриклар, радистлар, операторлар, учувчилар (пилотлар), штурманлар ва ҳ.к. Синов парвозларини бажаришга қўйилганлиги ҳақида амал қилувчи гувоҳномаси бўлган муҳандис-техниклар таркиби ҳамда синов парвозларидаги учувчилар таркибини текширувчи хизматларнинг мутахассислари, шунингдек синов парвозлари хизмати раҳбарлари ва парвозларда қатнашувчилар ҳам шунга киради.

– Қайд этиб ўтганингиздек, белгиланган хизмат муддатини адо этганлар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. У одатий тартибда ҳисоблаб ёзиладими?

– Учувчилар ва синовчи учувчилар таркибидаги ходимларнинг белгиланган хизмат муддатларини ҳисоблаб чиқиш тартиби уни бошқа фуқаролар, шу жумладан имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берувчи ишларда банд бўлганлар учун ҳисоблаб чиқаришдан фарқ қилади. Белгиланган хизмат муддатлари учиш соати миқдорига қараб ҳисоблаб чиқилади (Низомнинг 42-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова). Масалан, самолётларда учишларнинг ҳар 20 соати белгиланган хизмат муддатининг 1 ойига ўтади.

Вертолётларда; махсус қўлланиладиган авиациядаги (санитария парвозлари, авиакимё ишлари, аэрофотосъёмкалар ва ишларнинг бошқа турлари); чет эл ҳаво кемаларини кузатиб борувчи гуруҳ таркибидаги лавозимларда (бошловчи сифатида); командирлик-учувчи ва инструкторлик таркибидаги лавозимларда, шу жумладан, авиациянинг учувчилар тайёрлаш ва ходимларнинг малакасини ошириш олий ва ўрта таълим муассасаларида учишларнинг ҳар 12 соати белгиланган хизмат муддатининг 1 ойига ўтади.

Авария-қутқарув (қидирув-қутқарув) ҳаво кемалари экипажи таркибида 1 йил ишлаш белгиланган хизмат муддатининг 1,5 йилига ўтади. «Ватанпарвар» ўқув ва спорт авиацияси ташкилотларининг учувчилар таркибига нисбатан ҳам, тайёргарликнинг ўқув-учиш режаси бажарилган тақдирда, худди шундай ҳисоб-китоблар амал қилади, мураккаб ва олий пилотаж элементлари бажарилган тақдирда эса бир йиллик иш икки йилга ўтади.

Булар бир нечта мисоллар, холос, улардан кўриниб турганидек, белгиланган хизмат муддатини ҳисоблаб чиқаришда 1-сон Рўйхатда кўрсатилган ҳар бир лавозимга муайян учиш вақти мувофиқ келиши ва бир қатор шартларга (йиллик сакраш меъёри, синовларда қатнашиш, олий пилотаж фигураларини бажариш ва ҳ.к.) риоя этилиши керак.

Баъзан киши бир йил давомида синов учишларида иштирок этмай, аммо транспорт самолётида учган, учишга тайёргарлик кўриш ва ҳ.к. билан шуғулланган бўлади. Унинг белгиланган хизмат муддати фуқаро авиацияси учувчилари таркибига кирувчиларга пенсия тайинлаш учун белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқилади.

Агар ходимда йил давомида учиш соатлари умуман бўлмаса, бу вақт белгиланган хизмат муддатига кирмайди. Бироқ умумий меҳнат стажига қўшилади.

Учишларда иштирок этмаслик синов парвозларини бажаришдаги меҳнат шикастланиши билан боғлиқ бўлса, белгиланган хизмат муддати ҳақиқий учиш даври бўйича ҳисобга олинади.

Қўшимча қилиб шуни айтишим мумкинки, қуйидаги даврлар ҳам белгиланган хизмат муддатига киради:

Ўзбекистон Қуролли Кучларининг учувчилар таркиби лавозимларидаги хизмат вақтлари, авиацияда ишлаш даври;

1992 йилнинг 1 январидан бошлаб чет элларда хорижий авиация учувчилари таркибидаги лавозимларда ишлаш вақти – бунда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда;

учувчилар ва синовчи учувчилар таркибидаги ходимлар учун – авиация олий ўқув юртларидаги ўқиш вақти, агар ўқишга киришдан олдин ихтисослик бўйича ишлаган бўлса.

1992 йилнинг 1 январигача бўлган иш даври учун белгиланган хизмат муддати ана шу санагача бўлган қоидалар асосида ҳисоблаб чиқилади.

– Кўриб турганимиздек, учувчилар ва синовчи учувчилар таркибидаги ходимлар учиш соатларига қараб пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган иш стажини бир неча баравар оширишлари мумкин экан-да...

– Ҳа, шундай. Шубҳасиз, бу пенсия миқдорига ижобий таъсир кўрсатади. Зеро у талаб этиладиганидан ортиқча иш стажи ҳисобига оширилади (Қонуннинг 27-моддаси). Чунончи, агар оддий фуқаро 60 ёшга тўлгунча кўпи билан 43 йиллик стаж тўплай олса (олий ўқув юртидаги ўқиш вақтини ҳисобга олганда), учувчилар ва синовчи учувчилар таркибидаги ходимларда у 2–3 баравар ошади (масалан, 100 йилгача).

Бироқ ҳар доим шундай бўлмаган. 2002 йилгача катта иш стажининг мавжудлиги пенсия миқдорига таъсир этмаган, сабаби Қонуннинг 27-моддаси 3-қисмига кўра, 26 ва 27-моддаларга мувофиқ ҳисоблаб чиқилган ёшга доир пенсияларнинг миқдори пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақининг 75%идан ортиқ бўлиши мумкин эмас эди. Ушбу чеклов 5.04.2002 йилдаги 364-II-сон Қонун билан бекор қилинган.

– Учувчилик ихтисослигига эга ходимлардан ташқари бу соҳада ердаги хизматлар ҳам ишлайди. Имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқи, масалан, диспетчерларга нисбатан татбиқ этиладими?

– Диспетчерлар, диспетчер-инструкторлар, катта диспетчерлар, парвозларнинг раҳбарлари – аэропортлар, турли аэроузеллар, марказлар, ҳаракат узлуксизлиги ёки мураккаблиги энг катта бўлган маҳаллий диспетчерлик пунктларида ҳаво ҳаракатини бевосита бошқарувчи ходимлар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга (Қонуннинг 11-моддаси «а» банди). Бортпроводниклар ҳам шу рўйхатга киради (2-сон Рўйхатнинг I қисми).

10 йил аввал пенсияга чиқиш учун қуйидаги махсус стажга эга бўлиш лозим:

эркаклар – камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда;

аёллар – камида 15 йил бўлиб, бундан камида 7 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда.

Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда (эркаклар камида 5 йил, аёллар камида 3 йилу 9 ой) ишлаган ходимларга пенсия Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган ёшни шундай ишда банд бўлинган ҳар бир тўлиқ йил учун 1 йилга қисқартирган ҳолда тайинланишига эътибор беринг.

 

2-сон Рўйхатнинг I қисми бўйича

Эркаклар

 

Аёллар

 

махсус стажи

 

ёши

 

махсус стажи

 

ёши

 

5 йил

 

55 ёш

 

3 йилу 9 ой

 

52 ёш

 

6 йил

 

54 ёш

 

4 йил

 

51 ёш

 

7 йил

 

53 ёш

 

5 йил

 

50 ёш

 

8 йил

 

52 ёш

 

6 йил

 

49 ёш

 

9 йил

 

51 ёш

 

7 йил

 

48 ёш

 

 

Иш стажига қараб ходимларнинг ушбу тоифалари иш стажини имтиёзли ҳисоблаб чиқариш йўли билан пенсия миқдорини оширишга ҳақли бўладилар. Эркакларда 10 йилдан ортиқ ва аёлларда 7 йилу 6 ойдан ортиқ ишланган ҳар бир тўлиқ йил имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини беради ва икки ҳисса баробарида стажга қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 11-моддаси «а» банди, 38-моддаси «в» банди).

Бироқ шуни ёдда тутиш лозимки, пенсияга бўлган ҳуқуқни белгилашда ушбу ҳуқуқни берадиган иш стажи юқоридаги қоидалар қўлланмасдан аниқланади (252-сон Низомнинг 40-банди).

 

МИСОЛ. Аёл 14 йиллик умумий иш стажига эга, бундан 11 йили бортпроводник бўлиб ишлаган. Қонуннинг 11-моддаси «а» бандига мувофиқ, бортпроводниклар иш стажи камида 15 йил бўлиб, бундан камида 7 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда умумбелгиланган ёшни 10 йилга қисқартирган ҳолда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эгалар.

Тегишинча, у имтиёзли пенсия таъминотига ҳақли эмас, сабаби унинг умумий иш стажи имтиёзли ҳисоблаб чиқариш қоидалари қўлланилмаганда 15 йилдан камни ташкил этади.

Яна 1 йил ишлаганда унинг иш стажи 15 йилга тенг бўлади. 7 йилу 6 ойдан ортиқ бортпроводник иш стажи – 3 йилу 6 ой (11 йил – 7 йилу 6 ой) имтиёзни ҳисобга олиб ҳисоблаб чиқарилади. У 14 йилу 6 ойни ташкил этади (7 йилу 6 ой + (3 йилу 6 ой х 2), умумий стаж эса – 18 йилу 6 ой ((15 йил – 11 йил) + 14 йилу 6 ой).

 

Бортпроводниклар меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда ишласалар, умумбелгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонуннинг 12-моддаси «б» банди; 3-сон Рўйхатнинг I қисми). Бунда эркаклар камида 25 йил ишлашлари, бундан камида 12 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келиши керак. Аёллар камида 20 йил ишлашлари, бундан камида 10 йили кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келиши керак.

Меҳнат шароити оғир ишларда ишлаганда эркакларга (камида 6 йилу 3 ой) ва аёлларга (камида 5 йил) пенсиялар ёшни эркакларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йилу 6 ойи учун ва аёлларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йили учун 1 йилга қисқартирган ҳолда тайинланади.

 

3-сон Рўйхатнинг I қисми бўйича

Эркаклар

 

Аёллар

 

махсус стажи

 

ёши

 

махсус стажи

 

ёши

 

6 йилу 3 ой

 

58 ёш

 

5 йил

 

53 ёш

 

7 йилу 6 ой

 

57 ёш

 

6 йил

 

52 ёш

 

10 йил

 

56 ёш

 

8 йил

 

51 ёш

 

 

 

Қонун ҳужжатлари билан бортпроводникларга бошқа имтиёзлар назарда тутилмаган.

 

– Имтиёзларни олиш учун қўшимча шартлар талаб этиладими?

– Ҳа, албатта. 2-сон Рўйхатнинг I қисми ва 3-сон Рўйхатнинг I қисмига кирувчи пенсионерликка номзодлар иш ўринлари меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказилиши зарур (ВМнинг 250-сон қарори 2-банди).

Уни ўтказиш тартиби ВМнинг 15.09.2014 йилдаги 263-сон қарори билан тасдиқланган. Шунингдек Меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини меҳнат шароитлари юзасидан аттестациядан ўтказиш услубиятидан (АВ томонидан 28.05.1996 йилда 247-сон билан рўйхатдан ўтказилган) фойдаланилади.

 

Ушбу норматив ҳужжатларга кўра рўйхатлар қуйидаги тартибда қўлланилади:

 

Рўйхатлар

 

Меҳнат шароитлари тоифаси

 

Умумий белгиланган ёшдан 10 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 2-рўйхати I қисми

 

3.4

 

Умумий белгиланган ёшдан 5 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 3-рўйхати I қисми

 

3.3

 

 

 

Меҳнат шароитларининг баҳоланиши ушбу тоифага мувофиқ келиши керак. Акс ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқи бўлмайди.

 

МИСОЛ. Бортпроводник иш ўрнини аттестациядан ўтказиш натижаларига кўра (2-сон Рўйхатнинг I қисми) меҳнат шароити тоифаси 3.3 ни ташкил этди. Тегишинча, у 10 йил аввал пенсияга чиқишга ҳақли эмас. Ушбу баҳолаш у кирмайдиган 3-сон Рўйхатдаги меҳнат шароити тоифасига мувофиқ келади.

 

 

 

Расмий жавоб

 

Пенсияни қаердан олишим мумкин?

 

Мен пенсионерман. Ташкилотда фуқаролик-ҳуқуқий шартномага кўра ишлайман. Пенсияни яшаш жойидан оламан. Бошқа ходимимиз ҳам пенсионер, бироқ унга пенсияни иш жойидан тўлайдилар. Мен тушунтириш беришларини сўраб яшаш жойимдаги Пенсия жамғармасининг пенсия тўлаш бўлимига мурожаат этдим, у ердагиларнинг айтишича, махсус компьютер дастури почта бўлими орқали менга пенсия тўланишини тасдиқлайди. Шу муносабат билан менда муаммо юзага келмайдими?

Р.Алова.

Тошкент ш.

 

Ишлаб турган пенсионерларга пенсиялар уларнинг иш жойида тўланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 53-моддаси).

Ташкилотларнинг раҳбарлари пенсионер ишга қабул қилинганлигини (фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузилганлигини) пенсионернинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармасининг бўлимига 5 кунлик муддатда хабар беришлари ва ишга қабул қилинганлик тўғрисида буйруқ кўчирмасини (фуқаролик-ҳуқуқий шартноманинг нусхасини) тақдим этишлари шарт (АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

Пенсионер (оиланинг бошқа аъзолари учун боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчидан ташқари) ишга қабул қилинганда (фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузилганда) ҳам Пенсия жамғармаси бўлимига хабар бериши шарт, бу ерда унга иш жойидан пенсия тўлаш учун топшириқнома берилиши керак.

Пенсионер яшаш жойидан пенсиясини олганидан сўнг ишга кирганда иш жойидан пенсия тўлаш учун топшириқнома келгуси ойнинг 1-санасидан бошлаб, ундиришга қўйилган ортиқча тўлов миқдорини кўрсатган ҳолда ёзилади.

Агар пенсионернинг ишга қабул қилинганлиги жорий ой учун пенсияни олгунга қадар маълум бўлса, пенсионер ишга қабул қилинган – фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузилган кунига қадар пенсия тўланади.

Юқоридагилардан келиб чиқилса, сиз яшаш жойингиздаги Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат этишингиз, фуқаролик-ҳуқуқий шартноманинг нусхасини тақдим этишингиз, топшириқнома олишингиз зарур. Пенсияни иш жойидан олишингиз керак.

 

 

 

Бундай ҳуқуқ мавжуд эмас

 

Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, маъмурият пенсия ёшидаги ходимлар учун ҳужжатлар ва топшириқномани тайёрламоқда. «Ҳужжатлар ҳақида» материалида («Норма маслаҳатчи»нинг 13.09.2016 йилдаги 37-сони) айтилишича, Пенсия жамғармаси ходимлари Низомнинг 12-бандидаги рўйхатда кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмаслар. Шунга қарамай, Пенсия жамғармаси бўлимларида (масалан, Олмазор, Мирзо Улуғбек туманларидаги) ташкилотнинг барча реквизитлари билан ходимга расмийлаштириладиган топшириқномадан ташқари, айни пайтда мазкур ташкилот мавжудлиги ҳақида солиқ инспекциясининг маълумотномасини тақдим этишни талаб қиляптилар. Пенсия жамғармаси бўлимлари қайси меъёрий ҳужжатга асосланган ҳолда бундай маълумотномани талаб қиляптилар, зеро барча зарур ахборот ташкилотнинг топшириқномасида кўрсатилиб, унинг муҳри билан тасдиқланади-ку?

Г.Трохина.

Тошкент ш.

 

– Пенсия жамғармаси бўлимлари ташкилотдан ёки пенсионердан Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова) кўрсатилмаган қўшимча маълумотномалар ёки ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас. Сабаби улар тегишли ташкилотларга, масалан, солиқ инспекцияси, туман ҳокимлиги ва бошқаларга зарур ахборот беришларини сўраб мустақил равишда мурожаат этишлари мумкин.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг
пенсияларни тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.

 

 

 

Афзал кўришга ўрин йўқ

 

«Пенсия иши» сонида стажни тасдиқлашнинг имкони бўлмаганда ҳужжатлар сақланмагани ҳақида архив маълумотномасини олиш зарурлиги ҳақида ўқидим. Пенсия жамғармаси бўлими комиссияси маълумотнома билан тасдиқланмаган иш даврини стажга киритиш-киритмасликни ҳал қилади. Комиссия тегишли қарорларни чиқараётганда меҳнат дафтарчасидаги айни қандай маълумотлар, ёзувларни (масалан, бюджет ташкилотидаги, хусусий фирмадаги иш, давр ва ҳ.к.) ҳисобга олади?

Л.Александрова.

Тошкент ш.

 

– Пенсияларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг бўлимлари тайинлайди («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 44-моддаси). Пенсия тайинлаш бўлими комиссияси (бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Кузатув кенгашининг 6.05.2011 йилдаги 6-сон қарори) уни тайинлаш масалаларини коллегиал тартибда кўриб чиқади. У ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди (Низомнинг 57-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова). Зарур ҳолларда меҳнат дафтарчасида кўрсатилган меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор чиқаради.

Комиссия қарор чиқаришида бирон-бир аниқ чекловлар (фирма, бюджет ташкилоти, давлат муассасаси, корхона ва ҳ.к.) белгиланмаган.

Қайд этилган ёзувларнинг тўғрилиги, ўз вақтида ёзилганлиги, асоси, расмийлаштирилиши, мазмуни ва бошқа омиллари кўриб чиқилади.

 

 

 

Қўлда тўлдириш шартми?

 

Мен кадрлар бўлимида ишлайман. Ходимлар учун арзнома бланкасини қўл билан, меҳнат дафтарчасидаги маълумотларни кўчирган ҳолда тўлдиришга тўғри келади. Табиийки, тўлдирувчининг тушунарсиз ёзуви сабабли бунда хатога йўл қўйиш ҳеч гап эмас. Эшитишимча, Пенсия жамғармасининг айрим бўлимларида босма кўринишда тўлдирилган арзномани қабул қилар эканлар. Бу қулай ва кам куч талаб этади, барча ўқувчилар учун ҳам тушунарли, стажни ҳам автоматик равишда ҳисоблаб чиқиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам арзномани қўлда эмас, компьютерда расмийлаштиришга рухсат берилганми?

В.Яковлева,

КБ инспектори, Тошкент ш.

 

– Арзнома бланкасини қўлда тўлдириш талаби мавжуд эмас. Ягона қоида – уни расмийлаштиришда меҳнат дафтарчасидаги барча маълумотларни, яъни ташкилот номи, лавозим, иш ёки лавозимнинг ўзгариши, саналар ва асосларни кўрсатиш зарур.

 

Абдурашид Исмоилов,

Тошкент шаҳар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармасининг пенсия ва
нафақалар тайинланишини таҳлил ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи.

 

 

 

Адвокат амалиётидан

 

Қандай қилиб пенсия низосида ютиб чиқиш мумкин

 

Пенсияга чиқиш олдидан ҳар ким ҳам пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ўрганмайди. Тўғри, бунинг учун мутахассислар бор. Бироқ баъзан озгина ҳуқуқий билимга эга бўлиш орқали ҳам вазиятни ижобий тарафга ўзгартира олиш мумкин.

 

Бир нечта мисолни кўриб чиқамиз.

 

ВАЗИЯТ. Пенсия жамғармаси органлари ёшга доир имтиёзли (умумий белгиланган ёшдан 5 йил олдин) пенсияга чиқаётган аёлнинг махсус иш стажига унинг ягона фарзандини 3 йил парвариш қилиш даврини қўшишни истамадилар. Бунда ПЖ ходимлари Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова) 35-бандига ҳавола қилдилар, аёл эса худди шу Низомнинг 37-банди қўлланиши кераклигини рўкач қилди. Бу вазиятда ким ҳақли?

 

 

Адвокат шарҳи

Низомнинг 35-банди «ж» кичик бандига кўра, бола 3 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, бироқ жами кўпи билан 3 йил пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Болани парваришлаш таътилида бўлиш (шу жумладан пули тўланадиган) вақти ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилмайди.

Бунда Низомнинг 37-банди 1-хатбошисида бирмунча бошқа шарт назарда тутилади: 35-банднинг «д»–«и» кичик бандларида назарда тутилган даврлар иш стажига Низомнинг 35-банди «а»–«г» кичик бандларида кўрсатилган камида 7 йил умумий иш стажи мавжуд бўлганда қўшиб ҳисобланади.

Иккала меъёрни биргаликда таҳлил қилганда қуйидаги хулосага келиш мумкин. Низомнинг 35-банди «ж» кичик банди ушбу шартга тўғри келар экан, бинобарин, болани парваришлаш таътилида бўлиш (шу жумладан пули тўланадиган) вақти камида 7 йил умумий иш стажи мавжуд бўлганда ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилади (қўшиб ҳисобланади).

Бироқ Меҳнат кодексининг 234-моддаси 5-қисмида айтилишича:

«Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан уч йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади».

 

Қулай бўлиши учун ушбу нормаларни солиштирма жадвалда кўрсатамиз:

 

Низомнинг 35-банди «ж» кичик банди

 

Низомнинг 37-банди 1-хатбошиси

 

Меҳнат кодексининг 234-моддаси 5-қисми

 

Бола 3 ёшга тўлгунга қадар, болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, бироқ жами кўпи билан 3 йил.

Болани парваришлаш таътилида бўлиш (шу жумладан, пули тўланадиган таътилда бўлиш) даври ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилмайди

Ушбу Низомнинг 35-банди «д»–«и» кичик бандларида назарда тутилган даврлар иш стажига ушбу Низомнинг 35-банди «а»–«г» кичик бандларида кўрсатилган камида 7 йил умумий иш стажи мавжуд бўлганда қўшиб ҳисобланади

 

Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади

 

 

 

НҲҲдаги бундай зиддият «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунни қўллаш йўли билан ҳал этилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шарт («Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси 2 ва 3-қисмлари).

Улар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади.

НҲҲнинг юридик кучи бўйича ўзаро нисбати Қонуннинг 2-боби билан тартибга солинади.

Масалан, Меҳнат кодекси мамлакат Конституциясидан кейинги энг юқори юридик кучга эга бўлган кодлаштирилган қонун ҳужжати ҳисобланади.

Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган – у қонуности ҳужжат ҳисобланади.

Бинобарин, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, НҲҲ ўртасида юзага келган зиддиятни ҳал этиш учун Низомга кўра юқори юридик кучга эга бўлган айни Меҳнат кодекси қўлланиши керак.

Шу тариқа, МКнинг 234-моддаси 5-қисми билан ҳар қандай ҳолда болани парваришлаш таътилларини меҳнат стажига, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшиш мажбурияти қўйилади.

Фикримизча, бу ҳолда ПЖ ходимлари нормаларни унча тўғри талқин этмаганлар. Аёл қонун ҳужжатларига мувофиқ умумий белгиланган ёшдан олдин имтиёзли пенсия олиш учун боласини (ягона) 3 йил парваришлаш таътили вақтини махсус иш стажига қўшишга тўла ҳақли.

 

5-моддада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барча турлари назарда тутилган, бунда улар юридик кучига кўра кетма-кетлигига (энг юқорисидан қуйисига) қараб жойлаштирилган:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.

 

ВАЗИЯТ. 1996 йил декабридан 2014 йил октябригача ички ишлар органларида турли лавозимларда хизмат қилганман. 2000 йил июль–октябрь ойларида террорчиликка қарши ҳаракатларга жалб этилганман. Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 39-бандига ҳамда «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги Қонунга кўра бу кунлар пенсияни ҳисоблаб чиқаришда имтиёзли (1 куни 3 кунга) ҳисобланади. ПЖ ходимлари буни ҳисобга олмадилар. Бу вазиятда ким ҳақли?

 

 

Адвокат шарҳи

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида хизматни ўташ тўғрисидаги вақтинчалик низомнинг (ВМнинг 8.01.1993 йилдаги 16-сон қарорига илова) 55-бандига мувофиқ, оддий аскарлар ва командирлар таркибидаги шахслар ҳамда уларнинг оилаларининг пенсия таъминоти амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда амалга оширилади.

Терроризмга қарши курашни бевосита амалга ошираётган бўлинмаларда хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга ҳамда давлат органларининг ходимларига пенсия тайинлашда хизматнинг 1 куни 2 кунга, террорчиликка қарши операция ўтказишда иштирок этган даврда хизматнинг 1 куни 3 кунга ҳисобланади («Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддаси).

Кўп йил ишлаганликни имтиёзли ҳисоблаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Яъни Қонуннинг ўзида пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун имтиёз бевосита кўрсатилган. Шунга асосан ПЖ ходимлари (қонуности ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилишини кутмасдан) уни қўллашлари шарт.

Ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш – уч ҳисса баробарида стажга имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади (252-сон Низомнинг 39-банди «а» кичик банди).

Низомда (афсуски) террорчиликка қарши операция жанговар ҳаракатларга кириши тушунтирилмаган, шунингдек «байналмилал бурч» атамаси белгиланмаган. Бироқ Қонун Низомга кўра юқори юридик кучга эга, бинобарин, Қонуннинг нормаси қўлланилиши керак. Имтиёз эса Низомнинг 39-банди «а» кичик бандида назарда тутилган умумий тартибдагидек* ҳисоблаб чиқарилади.

Шу тариқа, имтиёзни қўллаш лозим.

Кўриб турганимиздек, пенсияга оид айрим муаммоларнинг ечими НҲҲнинг юридик кучига кўра ўзаро нисбатини билишга ҳамда ушбу билимни ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишни кўзлаб қўллашга келиб тақалади. Бир-бирига буткул ўхшамайдиган турли хил вазиятлар юзага келиши мумкин, бироқ уларни ечишга ёндашув битта – НҲҲ мақомини таҳлил қилинг, юридик кучини солиштиринг, эҳтимол, суд низосининг олдини оларсиз.

Агар масалани тинч йўл билан ҳал этишнинг имкони бўлмаса, судга мурожаат қилинг.

 

Зумрад Ниёзметова,

адвокат.

 


*Зарур ҳолларда юриспруденцияда қонундаги ўхшашликдан фойдаланилади. Ушбу атама тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолатда шунга ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар қўлланилишини англатади.

 

Маълумот учун!

Ўқиш вақтида академик таътилларда бўлиш вақти пенсияни ҳисоблаб ёзишда иш СТАЖИГА ҚЎШИБ ҲИСОБЛАНМАЙДИ.

 

 

Уларда қандай

 

Ишловчи пенсионерлар билан қандай йўл тутиш мумкин

 

Россиялик амалдорлар йилига 500 минг ёки 1 млн рублдан ортиқ даромадга эга бўлган ишловчи пенсионерларга пенсияларни тўламаслик йўли билан улар ҳисобидан маблағ тежаш ҳақидаги Молия вазирлигининг таклифини муҳокама қилмоқдалар.

 

Бундай вариант қарийб 90 минг кишига дахлдор бўлиши мумкин, деб ёзади «Ведомости» газетаси. Шу билан бир вақтда ойига 2,5 яшаш минимумидан ортиқ даромадга эга бўлганларга (қарийб 2 миллион киши) қатъий белгиланган тўловни бекор қилиш таклиф қилинмоқда.

Қатъий белгиланган тўлов меҳнат стажи ва пенсия баллари* сонидан қатъи назар тўланади. Ҳозир Россияда ўрта ҳисобда 2,5 яшаш минимуми – 22 минг рубль атрофида.

2017–2019 йилларда федерал бюджетни мувозанатга келтириш мақсадида бошқалар қатори ушбу чора-тадбирлар таклиф этилмоқда. Унча қаттиқ бўлмаган вариантда (даромад 1 миллион рублдан ортиқ бўлганда) тўловлар тўланишидан воз кечилганда федерал бюджет 3 йилда қарийб 450 млрд рубль тежаб қолади (йилига тахминан 150 млрд рублдан).

Ҳукумат пенсия тизимининг мувозанатлаштирилишини баҳордан буён муҳокама этмоқда. Ўшанда Молия вазирлиги ишловчи пенсионерларга пенсияни – ҳеч бўлмаганда унинг қатъий белгиланган қисмини тўлашдан бош тортишни таклиф этган эди. Совет даврида шундай амалиёт мавжуд бўлган, бу Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциясига зид келмайди.

 


*Пенсия баллари (коэффициентлари) иш берувчи тўлаган суғурта бадаллари суммасидан келиб чиқиб меҳнат фаолиятининг ҳар бир йили учун ҳисоблаб ёзилади, иш ҳақи миқдорига боғлиқ бўлади ва суғурта пенсиясини ҳисоблашда қўлланилади. 

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 1493 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика