Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 41 / Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. 

 

Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.

 

Депутатлар фракциялар мажлисларида, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратдилар. Депутатлар мазкур ҳужжатни, нормаларини ва унда қўйилган вазифаларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, ушбу Фармон кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга, хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини ва унинг дахлсизлигини мустаҳкамлашга, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

 

Парламент аъзолари «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишди. Мажлисда Ўзбекистон Республикасида аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий хизматларни кўрсатиш борасидаги умумий талаблар ва асосий йўналишларни аниқлаш, ушбу соҳада давлат ва нодавлат ташкилотларининг ролини ошириш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёни устидан мониторинг ва назорат қилишни кучайтириш юзасидан изчил фаолият олиб борилаётганлиги қайд этилди.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида қўмита томонидан сиёсий партиялар фракцияларининг, шунингдек, айрим депутатларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларига катта эътибор қаратилди.

Батафсил муҳокамадан сўнг депутатлар ушбу қонунни қабул қилдилар.

 

Сўнгра депутатлар муҳокамасига «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси тақдим этилди.

Мажлис иштирокчилари қайд этиб ўтдиларки, таклиф этаётган ўзгартишлар касаба уюшмаларининг ижтимоий-меҳнат соҳасидаги эркинлиги кафолати бўлиб хизмат қилади, касаба уюшмаларининг янада ривожланиши учун зарур ҳуқуқий базани яратиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бирхиллигини таъминлаш имконини беради.

Муҳокамадан сўнг депутатлар ушбу қонунни қабул қилдилар.

 

Депутатлар, шунингдек, жиноятчилик ҳолатининг, ундаги ўзгаришларнинг ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлилини ҳисобга олган ҳолда фирибгарлик ва транспорт воситасини олиб қочганлик учун жиноий жавобгарликни янада такомиллаштиришга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

 

Мажлис давомида парламент қуйи палатасининг аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати материали асосида.

Прочитано: 1551 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика