Бола туғилганда, агар унинг ота-онаси битта корхонада ишласа, бир йўла тўланадиган 12 баравар миқдорида моддий ёрдам (солиқ солинмайдиган, туғилганлик тўғрисидаги битта гувоҳнома асосида) олишлари мумкинми?
Т.Кузьминова,
бош бухгалтер.
– Ҳа, битта корхонада ишлайдиган ота-онанинг ҳар бири бола туғилганда туғилганлик тўғрисидаги битта гувоҳнома асосида солиқ солинмайдиган тўловлар тарзида моддий ёрдам олиши мумкин. Бунинг учун корхона раҳбариятининг қарори бўлиши ва ота-онанинг ҳар бири учун корхона асосий иш жойи деб ҳисобланиши зарур.
Бола туғилганда кўрсатиладиган моддий ёрдам жисмоний шахснинг бошқа даромади ҳисобланади (Солиқ кодексининг 178-моддаси 16-банди). Ходимнинг асосий иш жойи бўлган корхона ЖШДС бўйича имтиёзга эга бўлганларга даромадларни тўлашда уни ҳар бир ходимга алоҳида қўллашга ҳақли. Асосий иш жойи – иш берувчи меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимнинг меҳнат дафтарчасини юритиши шарт бўлган иш жойи (Солиқ кодексининг 22-моддаси).
Солиқ даврида (календарь йил) 12 ЭКИҲгача бола туғилганлиги муносабати билан тўланадиган тўлов тарзидаги моддий ёрдам суммаларига солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-банди).
Агар корхона асосий иш жойи деб ҳисобланмаса, ЖШДС Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-бандида назарда тутилган имтиёзларни қўлламасдан жами даромад суммасидан, белгиланган ставкаларда ҳисоблаб ёзилишига қараб йил бошидан ортиб борувчи якун билан ҳисоблаб чиқарилади.
Моддий ёрдамнинг юқорида кўрсатилган тури Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромад деб ҳисобланмаслиги боис унга ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинмайди (Солиқ кодексининг 306-моддаси).
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma Online» эксперти.