Янги ташкил этилган корхона (ХХТУТ бўйича коди – 14932 – енгил автомобилларни таъмирлаш) ЯСТга ўтгани ҳақидаги билдиришномани ДСИга ўз вақтида бермади, шу сабабли I чорак учун ҳисоб-китобларни умумбелгиланган солиқлар бўйича топширдик, II чоракдан эса ЯСТ тўловчиси ҳисобланамиз.
II чорак учун ЯСТ ҳисоб-китоби шаклини қандай қилиб тўғри тўлдириш мумкин, зеро ҳисоб-китоб ортиб борувчи якун билан қилинади? Ҳисобот йили охиригача умумбелгиланган солиқлар бўйича ҳисоб-китобларни топшириш зарурми?
Газетхон.
– Солиқ кодексининг 351-моддаси қоидаларидан келиб чиқилса, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ЯСТ тўлашга ўтишдан олдинги давр учун қайта ҳисоб-китобларни топшириш назарда тутилмаган. Бундан келиб чиқишича, ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база корхона ЯСТ тўлашга ўтган ҳисобот давридан, яъни 2016 йил II чорагидан бошлаб ортиб борувчи якун билан ҳисобланади.
МИСОЛ. 2016 йил I чораги учун автомобилларни таъмирлаш хизматларини кўрсатишдан тушум 500 минг сўмни, II чорак учун эса – 800 минг сўмни ташкил этди. 2016 йил II чораги учун ЯСТ ҳисоб-китобида 800 минг сўм миқдоридаги тушум кўрсатилади.
Корхонангиз II чоракдан бошлаб ЯСТ тўловчиси ҳисобланиши боис 2016 йил охиригача умумбелгиланган солиқлар бўйича ҳисоб-китобларни топшириш керак эмас. Бунда 2016 йил I чораги учун ҳисоблаб ёзилган умумбелгиланган солиқлар бўйича мажбуриятларни бажариш (яъни шу давр учун ҳисоблаб ёзилган барча солиқларни тўлаш) зарур.
ЯСТга ўтишда 2 жиҳатни ҳисобга олиш зарур.
Қўшилган қиймат солиғи тўловчи солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибига (ҚҚС тўламайдиганлар тоифасига) ўтганда илгари товар-моддий захиралар қолдиқлари бўйича ҳисобга олишга киритилган қўшилган қиймат солиғи суммасига тузатиш киритилади (Солиқ кодексининг 220-моддаси). Содда қилиб айтганда, агар 2016 йил 31 март ҳолатига кўра бухгалтерия ҳисобида ҚҚС билан сотиб олинган ТМБ қолдиқлари қайд этилган ва Ҳисоб-китобни тўлдирганда улар бўйича ҚҚС суммаси ҳисоб олишга киритилган бўлса, корхона ТМБ қолдиқлари бўйича ҳисобга олишга киритилган суммага тузатишни (камайтиришни) инобатга олган ҳолда ҚҚС бўйича аниқлаштирилган ҳисоб-китобни топшириши зарур.
Солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўлловчи солиқ тўловчилар ЯСТни энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда тўлайдилар. Хизматлар кўрсатиш соҳасидаги корхоналар учун ер солиғининг 3 баравари суммасини ҳисобга олган ҳолда ЯСТни ҳисоблаш тартиби амал қилади (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом). Низомнинг 2-банди «г» кичик бандига мувофиқ, янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 6 ой давомида ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олмаган ҳолда ЯСТни тўлайдилар. Улар давлат рўйхатидан ўтган санасидан 6 ойлик муддат тугаган ойнинг кейинги ойидан бошлаб ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТни ҳисоблайдилар.
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Online» эксперти.