Корхона ходимларининг болаларини ёзги оромгоҳларга жўнатишни, шунингдек барча ходимларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиш учун моддий ёрдам беришни мўлжалламоқда.
1. Ходимларга берилган болаларнинг ёзги оромгоҳларига йўлланмаларга ЖШДС солинадими? Ҳисоблаб ёзишни қайси санада кўрсатиш керак – уларнинг ҳақи тўланган кундами ёки болалар оромгоҳдан қайтган кундами?
2. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун ходимларга моддий ёрдамни қайси пайтда ва қанча миқдорда бериш мумкин? Унга ЖШДС солинадими?
Н.Красильникова,
МЧЖ бош бухгалтери.
1 |
Юридик шахс томонидан жисмоний шахс манфаатларини кўзлаб, товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўлаш, шу жумладан санаторий-курортларда даволаниш йўлланмалари қийматини, дам олиш ҳақини ёки уларнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлаш ходим томонидан юридик шахсдан моддий наф тарзида олинган даромад деб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-банди).
Бунда корхона томонидан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳларига ўз ходимларининг 16 ёшга тўлмаган (18 ёшгача бўлган ўқувчилар) болалари учун йўлланмалар қийматининг тўлиқ ёки қисман қопланиши суммаларига Солиқ кодексининг 179-моддаси 2-бандига асосан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.
Моддий наф тарзидаги даромадлар Солиқ кодексининг 172-моддасидаги меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ эмас, шу сабабли унга ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари ҳам солинмайди.
Олинган йўлланма кўринишидаги даромаднинг ҳисоблаб ёзилиши ва тўланишини ходимга йўлланма берилган санада акс эттириш тўғри бўлади.
2 |
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги моддий ёрдам жисмоний шахсларнинг бошқа даромадларига киради (Солиқ кодексининг 178-моддаси 16-банди).
Қонун ҳужжатларида уни беришга оид чекловлар белгиланмаган. Бериладиган моддий ёрдам миқдори ҳам чекланмаган – у корхонанинг молиявий имкониятига боғлиқ.
Бироқ моддий ёрдам миқдори унга солиқ солишда аҳамиятга эга бўлади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун моддий ёрдамга, ходимга бола туғилиши, у ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши, меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиғига бошқача шикаст етганлиги муносабати билан бериладиган ёрдам билан бир қаторда, йилига ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорда ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-банди). Ҳисобот йилининг 1 январь ҳолатидаги ЭКИҲдан келиб чиқиб ҳисобланади (2016 йилда – 130 240 х 12 = 1 562 880 сўм).
МИСОЛ. Агар ходимга йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун 500 000 сўм, никоҳдан ўтиши муносабати билан 800 000 сўм ва бола туғилганда 600 000 сўм моддий ёрдам берилган бўлса, 1 562 880 сўмдан ошадиган 337 120 сўмлик суммага солиқ солинади.
Ходимнинг бошқа даромадларига кирадиган моддий ёрдамга ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди, сабаби у меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад деб ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 306-моддаси).
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Online» эксперти.