Бизнинг МЧЖ 2014 йил 31 январда рўйхатдан ўтказилган – асосий фаолият тури улгуржи савдо, устав фонди – 336 600 000 сўм. Ҳозирги пайтда муассислар МЧЖни хусусий корхона шаклида қайта ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилдилар. Бунинг учун муассислардан бири (Россия фуқароси) устав фондидаги ўз улушини ХК раҳбари бўладиган бошқа муассисга (Ўзбекистон фуқаросига) ҳадя қилади.
1. МЧЖдан ХКга айлантирилган корхона улгуржи савдога янги лицензия олиши шартми?
2. МЧЖдан ХКга айланган ҳолда корхона лицензияни қайта расмийлаштиришда устав фондини амалдаги энг кам иш ҳақига қайта ҳисоблаганда 3 500 ЭКИҲгача ошириши шартми?
3. МЧЖдан ХКга айланиш йўли билан юзага келган юридик шахсда режали солиқ текшируви ўтказиш муддати ўзгарадими?
С.Тян,
бош бухгалтер.
– Фуқаролик кодексининг 50-моддасига мувофиқ, бир турдаги юридик шахс бошқа турдаги юридик шахсга айлантирилганида (ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартирилганида), қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари топшириш ҳужжатига мувофиқ янгидан вужудга келган юридик шахсга ўтади.
Лицензия алмаштирилиб, УФ ўзгартириладими?
Янги юзага келган ХК (ҳуқуқий ворис) қайта ташкил этилганидан ва қайта рўйхатдан ўтказилганидан кейин Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган) талабларига мувофиқ сиз ХК номига ёзилган лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза билан лицензияловчи органга 1 ой ичида мурожаат этишингиз керак. Ариза билан бирга қайта ташкил этиш ва ҳуқуқий ворислик билан боғлиқ барча зарур ҳужжатлар тақдим этилади.
Лицензияни қайта расмийлаштиришда камида 3 500 ЭКИҲ миқдорида, шу жумладан пул маблағлари билан камида 1 200 ЭКИҲ миқдорида шакллантирилган устав фонди мавжудлиги ҳақида ҳужжатларни такрор тақдим этиш талаб қилинмайди. Тегишинча, юридик шахсни қайта ташкил этишда улгуржи савдога лицензия олиш учун янги юзага келган юридик шахснинг устав фондини оширишга зарурат йўқ.
Лицензияни қайта расмийлаштираётган лицензияловчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади, бунда қайта расмийлаштирганлик учун 0,5 ЭКИҲ миқдорида йиғим ундирилади, у лицензияловчи орган ҳисобварағига ўтказилади.
ХКни қайта рўйхатдан ўтказиш ва лицензияни қайта расмийлаштириш даврида илгари МЧЖ номига берилган лицензия асосида улгуржи савдо фаолиятини амалга оширишингиз мумкин.
Солиқ текширувлари режага кўра ўтказилади
Солиқ кодексининг 90-моддасида назарда тутилишича, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларида режали солиқ текширувлари (тафтишлари) 4 йилда кўпи билан 1 марта, бошқа тадбиркорлик субъектларида эса 3 йилда кўпи билан 1 марта амалга оширилади. Янги ташкил этилган микрофирмалар ва кичик корхоналар ҳам улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки 3 йил мобайнида режали солиқ текширувларидан ўтказилмайди.
Бунда шуни ҳисобга олиш зарурки, МЧЖ ХКга қайта ташкил этилганда юзага келган юридик шахс – ҳуқуқий ворис янги ташкил этилган юридик шахс деб ҳисобланмайди.
ФКнинг 50-моддасига мувофиқ бир турдаги юридик шахс бошқа турдаги юридик шахсга айлантирилганида (ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартирилганида), қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари янгидан вужудга келган юридик шахсга ўтиши сабабли янги ташкил этилган юридик шахснинг (ҳуқуқий вориснинг) солиқ мажбуриятлари, шу жумладан солиқ текширувларини ўтказиш даврийлиги ҳам сақланади.
Агар улуш ҳадя қилинган бўлса...
Хатингизда кўрсатилишича, муассислардан бири – Россия фуқароси устав фондидаги ўз улушини бошқа муассис – Ўзбекистон фуқаросига ҳадя қилади.
Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, Солиқ кодексининг 178-моддасига мувофиқ жисмоний шахслардан текин (шу жумладан ҳадя шартномалари бўйича) олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар қиймати жисмоний шахснинг бошқа даромади ҳисобланади. Сизнинг ҳолатда муассис – Россия фуқароси муассис – Ўзбекистон фуқаросига ҳадя қилган устав фондидаги улуш муассис – Ўзбекистон фуқароси учун бошқа даромад ҳисобланади. Жисмоний шахснинг бундай даромадларига Солиқ кодексининг 189-моддасига мувофиқ декларация асосида солиқ солинади.
Агар мол-мулкни текин бериш яқин қариндошлар ўртасида амалга оширилса, жисмоний шахснинг бундай даромадига солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 32-банди).
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,
«Norma Online» эксперти.