2016 йилнинг июль ойи учун
Июль ойида иш соатлари сони:
5 кунлик (40 соатлик) иш ҳафтасида – 159;
6 кунлик (40 соатлик) иш ҳафтасида – 164;
36 соатлик иш ҳафтасида – 149.
Иш кунлари сони:
5 кунлик иш ҳафтасида – 20;
6 кунлик иш ҳафтасида – 25.
♦ 2016 йил 1 январдан бошлаб ЖШДСнинг қуйидаги ставкалари амал қилмоқда: ноль ставкали; энг кам ставка – 7,5%; ўртача ставка – 17%; энг юқори ставка – 23% (Президентнинг 22.12.2015 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» ПҚ-2455-сон Қарорига 9-илова, бундан кейин – ПҚ-2455-сон Қарор).
♦ Январь–июль ойларида энг кам иш ҳақи (ЭКИҲ) жами миқдори 911 680 сўмни (130 240 х 7) ташкил этади (Президентнинг 26.08.2015 йилдаги «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги ПФ-4751-сон Фармони).
♦ Бутун йил давомида ЖШДСни ва ЭКИҲ бараварида назарда тутилган имтиёзларни ҳисоблаб чиқаришда 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра белгиланган ЭКИҲ – 130 240 сўм қўлланади (Солиқ кодекси 186-моддасининг биринчи қисми, бундан кейин – Кодекс).
♦ 2016 йилда фуқароларнинг ШЖБПҲга мажбурий ойлик бадаллари ставкаси ходимга ҳисобланган солиқ солинадиган иш ҳақининг (даромад)нинг ноль ставкасида (ЭКИҲ 1 баравари) солиқ солинадиган даромад чегирилган ҳолдаги суммасининг 1%ини ташкил этади (ПҚ-2455-сон Қарорга 9-илова).
♦ ШЖБПҲга мажбурий бадаллар ҳисоблаб ёзилган ЖШДСдан чегирилади (Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-банди, АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
♦ 2016 йил учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари ставкаси ходимга ҳисоблаб ёзилган, бадаллар ундириладиган даромад суммасининг 7,5%и миқдорида белгиланган (ПҚ-2455-сон Қарорнинг 3-банди).
Солиқ солинадиган даромад миқдори
|
Солиқ ставкаси
|
911 680 сўмгача
|
0%
|
911 681 сўмдан 4 558 400 сўмгача (5 х 911 680)
|
911 680 сўмдан ортиқ сумманинг 7,5%и
|
4 558 401 сўмдан 9 116 800 сўмгача (10 х 9111 680)
|
273 504 сўм + 4 558 400 сўмдан ортиқ сумманинг 17%и
|
9 116 801 сўм ва ундан юқори
|
1 048 432 сўм + 9 116 800 сўмдан ортиқ сумманинг 23%и
|
I. АНЪАНАВИЙ ҲИСОБ-КИТОБ
1-ВАЗИЯТ
Ойига ЭКИҲнинг 1 бараваридан ошмайдиган даромадлардан ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходима корхонада чорак ставкада ишлайди. Январь–июль ойларида у ойига 130 000 сўмдан иш ҳақи олди, йил бошидан даромад 910 000 сўмни (130 000 х 7) ташкил қилади.
Жисмоний шахснинг 911 680 сўмгача бўлган даромадига ноль ставкаси бўйича солиқ солинади. Ходиманинг иш ҳақидан ЖШДС 0 сўмни (910 000 х 0%) ташкил қилади.
Ходиманинг иш ҳақидан ШЖБПҲга бадаллар ҳисоб-китобида ноль ставкаси бўйича солиқ солинадиган даромад (ЭКИҲнинг 1 баравари) чегирилиши сабабли ушбу бадаллар ҳисоблаб ўтказилмайди.
Ходиманинг даромадларидан суғурта бадаллари 9 750 сўмга (130 000 х 7,5%) тенг.
Суғурта бадаллари ушланганидан кейин ходимага 120 250 сўм (130 000 – 9 750) тўланади.
2-ВАЗИЯТ
Ойига ЭКИҲнинг 5 бараваридан ошмайдиган даромадлардан ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимга январь–июль ойларида ойига 550 000 сўмдан иш ҳақи тўланган, йил бошидан даромад 3 850 000 сўмни (550 000 х 7) ташкил қилади.
Олинган даромадга 7,5%лик ставка бўйича солинадиган ЖШДС (3 850 000 – 911 680) х 7,5% = 220 374 сўмга тенг.
Январь-июнь ойларида 188 892 сўм солиқ ушлаб қолинган. Июль ойидаги солиқ суммаси 31 482 сўмга (220 374 – 188 892) тенг.
Январь–июль ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 29 383,2 сўмни ((3 850 000 – 911 680) х 1%) ташкил этади.
Январь-июнь ойларида ШЖБПҲга 25 185,6 сўм ўтказилган, июль ойида ажратмалар 4 197,6 сўмни (29 383,2 – 25 185,6) ташкил қилади.
Июль ойи учун бюджетга 27 284,4 сўм (31 482 – 4 197,6) солиқ ўтказилади.
Мажбурий суғурта бадаллари 41 250 сўмни (550 000 х 7,5%) ташкил этади.
ЖШДС ва суғурта бадаллари ушланганидан кейин ходимга 477 268 сўм (550 000 – 31 482 – 41 250) тўланади.
3-ВАЗИЯТ
Бир ойдаги даромадлар 10 ЭКИҲдан ошмаганда ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг январь–июль ойларидаги меҳнатига ойига 800 000 сўмдан тўланган. Йил бошидан даромад 5 600 000 сўмни (800 000 х 7) ташкил қилади.
17%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоб-китоб қиламиз ва январь–июль ойлари учун солиқни ҳисоблаймиз:
273 504 + (5 600 000 – 4 558 400) х 17% = 450 576 сўм.
Январь-июнь ойларида 386 208 сўм солиқ ушлаб қолинган. Июль ойидаги солиқ суммаси 64 368 сўмга (450 576 – 386 208) тенг.
Январь–июль ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 46 883,2 сўмни ((5 600 000 – 911 680) х 1%) ташкил этади.
Январь-июнь ойларида ШЖБПҲга 40 185,6 сўм ўтказилган, июль ойида ажратмалар 6 697,6 сўмни (46 883,2 – 40 185,6) ташкил қилади.
Июль ойи учун бюджетга 57 670,4 сўм (64 368 – 6 697,6) ЖШДС ўтказилади.
Мажбурий суғурта бадаллари 60 000 сўмни (800 000 х 7,5%) ташкил этади.
Ходим қўлига 675 632 сўм (800 000 – 64 368 – 60 000) иш ҳақи олади.
4-ВАЗИЯТ
Бир ойдаги даромадлар 10 ЭКИҲдан ошганда ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг январь–июль ойларидаги меҳнатига ойига 1 400 000 сўмдан ҳақ тўланган, йил бошидан даромад 9 800 000 сўмни (1 400 000 х 7) ташкил қилади.
23%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоб-китоб қиламиз ва январь–июль ойлари учун ЖШДСни ҳисоблаймиз:
1 048 432 + (9 800 000 – 9 116 800) х 23% = 1 205 568 сўм.
Январь-июнь ойларида 1 033 344 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Июль ойидаги солиқ суммаси 172 224 сўмга (1 205 568 – 1 033 344) тенг.
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 88 883,2 сўмга ((9 800 000 – 911 680) х 1%) тенг.
Январь-июнь ойларида ШЖБПҲга 76 185,6 сўм ўтказилган, июль ойида ажратмалар 12 697,6 сўмни (88 883,2 – 76 185,6) ташкил қилади.
Июль ойи учун бюджетга 159 526,4 сўм (172 224 – 12 697,6) ЖШДС ўтказилади.
Мажбурий суғурта бадаллари 105 000 сўмни (1 400 000 х 7,5%) ташкил этади.
Ходим қўлига 1 122 776 сўм (1 400 000 – 172 224 – 105 000) иш ҳақи олади.
II. ИМТИЁЗЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛГАН ҲОЛДА
5-ВАЗИЯТ
Даромаддан ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг сумма чиқариб ташланадиган имтиёз қўлланилган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг январь–июль ойларидаги меҳнатига ойига 1 400 000 сўмдан ҳақ тўланган. Йил бошидан даромад 9 800 000 сўмни (1 400 000 х 7) ташкил қилади.
Кодекснинг 180-моддаси 2-қисмига мувофиқ ушбу имтиёзга эга бўлган фуқароларнинг (масалан, 16 ёшдан ошмаган икки ва ундан ортиқ болалари бўлган ёлғиз оналар) жами даромадидан ҳар ойда ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг сумма чегириб ташланади.
Солиқ солинадиган даромад:
9 800 000 – (911 680 х 4) = 6 153 280 сўмга тенг.
17%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоблаймиз ва январь–июль ойлари учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:
273 504 + (6 153 280 – 4 558 400) х 17% = 544 633,6 сўм.
Январь-июнь ойларида 466 828,8 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Июль ойидаги солиқ суммаси 77 804,8 сўмга (544 633,6 – 466 828,8) тенг.
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 52 416 сўмни ((6 153 280 – 911 680) х 1%) ташкил этади.
Январь-июнь ойларида ШЖБПҲга 44 928 сўм ўтказилган, июль ойида ажратмалар 7 488 сўмни (52 416 – 44 928) ташкил қилади.
Бюджетга 70 316,8 сўм (77 804,8 – 7 488) ЖШДС ўтказилади.
Мажбурий суғурта бадаллари 105 000 сўмни (1 400 000 х 7,5%) ташкил этади.
Ходим қўлига 1 217 195,2 сўм (1 400 000 – 77 804,8 – 105 000) иш ҳақи олади.
6-ВАЗИЯТ
Моддий ёрдам олиш чоғида имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг январь–июль ойларидаги меҳнатига ойига 950 000 сўмдан ҳақ тўланган. Январь ойида унга фарзанди туғилганлиги муносабати билан 1 800 000 сўм моддий ёрдам берилган. Йил бошидан даромад 8 450 000 сўмни (950 000 х 7 + 1 800 000) ташкил қилади.
Кодекснинг 179-моддаси 1-бандининг 3 ва 4-хатбошиларига кўра бир йил давомида ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорда бериладиган қуйидаги моддий ёрдам суммаларига: вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган тўловлар; ходимга меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар; бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан бериладиган тўловлар; қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловларга ЖШДС солинмайди (Кодекснинг 178-моддаси 16-банди). Йил мобайнида ҳисоб-китоб қилишда йил бошида амал қилган ЭКИҲ қўлланилади (130 240 х 12 = 1 562 880 сўм).
Солиқ солинадиган даромад:
6 887 120 сўмга (8 450 000 – 1 562 880) тенг.
17%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоблаймиз ва январь–июль ойлари учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:
273 504 + (6 887 120 – 4 558 400) х 17% = 669 386,4 сўм.
Январь-июнь ойларида 579 518,4 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Июль ойидаги солиқ суммаси 89 868 сўмга (669 386,4 – 579 518,4) тенг.
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 59 754,4 сўмни ((6 887 120 – 911 680) х 1%) ташкил этади.
Январь-июнь ойларида ШЖБПҲга 51 556,8 сўм ўтказилган, июль ойида ажратмалар 8 197,6 сўмни (59 754,4 – 51 556,8) ташкил қилади.
Июль ойи учун бюджетга 81 670,4 сўм (89 868 – 8 197,6) ЖШДС ўтказилади.
Мажбурий суғурта бадаллари 71 250 сўмни (950 000 х 7,5%) ташкил этади.
Ходим қўлига 788 882 сўм (950 000 – 89 868 – 71 250) иш ҳақи олади.
7-ВАЗИЯТ
Қимматбаҳо совға олинганда имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг январь–июль ойларидаги меҳнатига ойига 1 000 000 сўмдан ҳақ тўланган. Январь ойида унга 1 300 000 сўмлик ноутбук совға қилинди. Ходимнинг йил бошидан даромади 8 300 000 сўмни (1 000 000 х 7 + 1 300 000) ташкил қилади.
Кодекснинг 179-моддаси 14-бандига кўра бир йил мобайнида юридик шахслардан ЭКИҲнинг 6 баравари миқдоригача бўлган суммада олинган совғаларнинг қийматига солиқ солинмайди. Бунда йил мобайнида ҳисоб-китоб қилишда йил бошида амал қилган ЭКИҲ қўлланилади (130 240 х 6 = 781 440 сўм).
Солиқ солинадиган даромад 7 518 560 сўмга (8 300 000 – 781 440) тенг.
17%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоблаймиз ва январь–июль ойлари учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:
273 504 + (7 518 560 – 4 558 400) х 17% = 776 731,2 сўм.
Январь-июнь ойларида 678 363,2 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Июль ойидаги солиқ суммаси 98 368 сўмга (776 731,2 – 678 363,2) тенг.
Январь–июль ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 66 068,8 сўмга ((7 518 560 – 911 680) х 1%) тенг.
Январь-июнь ойларида ШЖБПҲга 57 371,2 сўм ўтказилган, июль ойида ажратмалар 8 697,6 сўмни (66 068,8 – 57 371,2) ташкил қилади.
Бюджетга 89 670,4 сўм (98 368 – 8 697,6) ЖШДС ўтказилади.
Июль ойи учун мажбурий суғурта бадаллари 75 000 сўмни (1 000 000 х 7,5%) ташкил этади.
Ходим қўлига 826 632 сўм (1 000 000 – 98 368 – 75 000) иш ҳақи олади.
8-ВАЗИЯТ
Бир нечта имтиёзни ҳисобга олган ҳолда (ҳар ойда даромаддан ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг суммани чегириш, моддий ёрдам ва қимматбаҳо совға олинганда) ЖШДС ҳисоб-китоби
Кодекснинг 180-моддасига кўра имтиёзга ҳақли бўлган ходимга январь–июль ойларида ойига 1 000 000 сўмдан иш ҳақи тўланган. Январь ойида унга никоҳдан ўтиши муносабати билан 1 700 000 сўм моддий ёрдам кўрсатилган ва 900 000 сўмлик қийматга эга совға топширилган. Ходимнинг йил бошидан даромади 9 600 000 сўмни (1 000 000 х 7 + 1 700 000 + 900 000) ташкил қилади.
Қуйидагиларга мувофиқ:
Кодекснинг 180-моддаси 2-қисмига мувофиқ имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимнинг солиқ солинадиган даромадидан ҳар ойда ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг сумма (911 680 х 4 = 3 646 720 сўм) чиқариб ташланади;
Кодекснинг 179-моддаси 1-бандига мувофиқ, бир йил давомида ЭКИҲнинг 12 бараваригача (130 240 х 12 = 1 562 880 сўм) миқдорда бериладиган моддий ёрдам суммасига ЖШДС солинмайди;
Кодекснинг 179-моддаси 14-бандига кўра юридик шахслардан бир йил мобайнида ЭКИҲнинг 6 баравари (130 240 х 6 = 781 440 сўм) миқдоригача олинган совғаларнинг қийматига ЖШДС солинмайди.
Солиқ солинадиган даромадни аниқлаймиз:
(1 000 000 х 7) – 3 646 720 + 1 700 000 – 1 562 880 + 900 000 – 781 440 = 3 608 960 сўм.
Олинган даромадга 7,5%лик ставка бўйича солиқ солинади: ЖШДС (3 608 960 – 911 680) х 7,5% = 202 296 сўмга тенг.
Январь-июнь ойларида 176 136 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Июль ойидаги солиқ суммаси 26 160 сўмга (202 296 – 176 136) тенг.
7 ой учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 26 972,8 сўмни ((3 608 960 – 911 680) х 1%) ташкил этади.
Январь-июнь ойларида ШЖБПҲга 23 484,8 сўм ўтказилган, июль ойида ажратмалар 3 488 сўмни (26 972,8 – 23 484,8) ташкил қилади.
Июль ойи учун бюджетга 22 672 сўм (26 160 – 3 488) солиқ ўтказилади.
Мажбурий суғурта бадаллари 75 000 сўмни (1 000 000 х 7,5%) ташкил этади.
Ходим қўлига 898 840 сўм (1 000 000 – 26 160 – 75 000) олади.
III. ОДАТДАН ТАШҚАРИ ҲОЛАТЛАР
9-ВАЗИЯТ
Ўриндош ходим даромадларидан ЖШДС ҳисоб-китоби
Кодекснинг 180-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган имтиёзга эга ўриндош ходимга январь–июль ойларида ойига 600 000 сўмдан иш ҳақи тўланган. Унинг йил бошидан даромади 4 200 000 сўмни (600 000 х 7) ташкил қилади.
Асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахслардан олинган даромадларга тўлов манбаида ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш Кодекснинг 180-моддасида назарда тутилган имтиёзни қўлламасдан жами даромад суммасидан амалга оширилади (Кодекснинг 186-моддаси саккизинчи қисми).
Агар асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахслардан даромад оладиган жисмоний шахс бухгалтерияга ундан ЖШДСни энг юқори ставкада ушлаб қолиш ҳақида ариза тақдим этса, у ҳолда даромад тўловчи юридик шахс имтиёзларни қўлламаган ҳолда уни энг юқори ставкада ушлаб қолади (Кодекснинг 186-моддаси тўққизинчи қисми). Бундай ариза мавжуд бўлмаган ҳолларда ЖШДС шкала бўйича ушлаб қолинади, солиқ тўловчи эса солиқ органларида ўтган йил учун жами даромадларини кейинги йилнинг 1 апрелига қадар декларациялаши шарт.
I. Ўриндош бухгалтерияга ЖШДСни энг юқори ставкада ушлаб қолиш ҳақида ариза тақдим этмаган.
Унинг январь–июль ойларида олган даромадига 7,5%лик ставка бўйича солиқ солинади: ЖШДС (4 200 000 – 911 680) х 7,5% = 246 624 сўмга тенг.
Январь-июнь ойларида 211 392 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Июль ойидаги солиқ суммаси 35 232 сўмга (246 624 – 211 392) тенг.
Январь–июль ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 32 883,2 сўмга ((4 200 000 – 911 680) х 1%) тенг.
Январь-июнь ойларида ШЖБПҲга 28 185,6 сўм ўтказилган, июль ойида ажратмалар 4 697,6 сўмни (32 883,2 – 28 185,6) ташкил қилади.
Июль ойи учун бюджетга 30 534,4 сўм (35 232 – 4 697,6) ЖШДС ўтказилади.
Мажбурий суғурта бадаллари суммаси 45 000 сўмни (600 000 х 7,5%) ташкил этади.
Солиқ ва суғурта бадаллари ушланганидан кейин ходим 519 768 сўм (600 000 – 35 232 – 45 000) иш ҳақи олади.
II. Ўриндош ходим бухгалтерияга ЖШДСни энг юқори – 23%лик ставкада ушлаб қолиш ҳақида ариза тақдим этган.
Ўриндошнинг даромади 9 116 800 сўмдан ошмаслигига қарамай, ходимнинг аризасига кўра унинг бутун иш ҳақига 23%лик ставка бўйича солиқ солинади. Январь–июль ойлари учун ЖШДС суммаси 966 000 сўмга (4 200 000 х 23%) тенг.
Январь-июнь ойларида 828 000 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Июль ойида унинг суммаси 138 000 сўмни (966 000 – 828 000) ташкил этади.
Жами иш ҳақидан (ноль ставкаси бўйича солиқ солинадиган даромадни чегирмаган ҳолда) ШЖБПҲга бадаллар (1%) ҳисоблаб ёзилади. Январь–июль ойларида уларнинг суммаси 42 000 сўмни (4 200 000 х 1%) ташкил қилади.
Январь-июнь ойларида ШЖБПҲга 36 000 сўм ўтказилган. Июль ойи учун 6 000 сўм (42 000 – 36 000) ўтказилади.
Бюджетга 132 000 сўм (138 000 – 6 000) ЖШДС ўтказилади.
Июль ойи учун суғурта бадаллари 45 000 сўмни (600 000 х 7,5%) ташкил қилади.
ЖШДС ва суғурта бадаллари ушланганидан кейин ўриндош ходим 417 000 сўм (600 000 – 138 000 – 45 000) иш ҳақи олади.
10-ВАЗИЯТ
Юридик шахсга турар жойни ижарага берувчи ходимнинг даромадларидан ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг январь–июль ойларидаги меҳнатига ойига 600 000 сўмдан ҳақ тўланган, йил бошидан даромад 4 200 000 сўмни (600 000 х 7) ташкил қилади. Ходим Тошкент шаҳрида жойлашган, майдони 50 кв.м бўлган турар жой биносини 1 январдан бошлаб ижарага бериш тўғрисида иш берувчи билан шартнома тузди ва ҳар ойда 800 000 сўм ижара ҳақи олади.
Жисмоний шахсларнинг турар жойни ижарага топширишдан оладиган даромадларига солиқ солиш ижара (ёллаш) шартномасида назарда тутилган тўловдан келиб чиқиб амалга оширилади, бироқ у турар жойни ижарага берадиган жисмоний шахслар учун белгиланган ижара ҳақи ставкаларидан ҳисоблаб чиқарилган миқдордан кам бўлмаслиги керак (ПҚ-2455-сон Қарорга 26-илова).
Тошкент шаҳрида бир ойлик ижара тўловининг энг кам миқдори этиб 1 кв.м турар жой учун 3 000 сўм; Нукус ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – 2 000 сўм; бошқа аҳоли пунктларида – 1 000 сўм белгиланган.
Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга 7,5%лик ставка бўйича ЖШДС солинади (Кодекснинг 181-моддаси).
ШЖБПҲга бадаллар иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича бажарилган ишлар учун олинган даромадлардан ҳисоблаб ёзилади. Ижара ҳақи тарзидаги даромадлар мулкий даромад бўлганлиги ва ишлар бажариш билан боғлиқ бўлмаганлиги боис, ундан ШЖБПҲга ажратмалар қилинмайди.
Ижара ҳақидан ЖШДС суммасини ҳисоблаймиз. Мазкур ҳолатда унинг энг кам суммаси 150 000 сўмни (3 000 х 50) ташкил этади, у ҳақиқатдаги ижара ҳақидан камлиги боис шартномада назарда тутилган суммадан солиқ ҳисобланади:
800 000 х 7,5% = 60 000 сўм.
Январь-июль ойлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромаддан 7,5%лик ставка бўйича солиқни ҳисоблаймиз:
(4 200 000 – 911 680) х 7,5% = 246 624 сўм.
Январь-июнь ойларида 211 392 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Июль ойидаги солиқ суммаси 35 232 сўмга (246 624 – 211 392) тенг.
Январь-июль ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 32 883,2 сўмга ((4 200 000 – 911 680) х 1%) тенг.
Январь-июнь ойларида ШЖБПҲга 28 185,6 сўм ўтказилган, июль ойида ажратмалар 4 697,6 сўмни (32 883,2 – 28 185,6) ташкил қилади.
Июль ойи учун бюджетга 90 534,4 сўм (35 232 – 4 697,6 + 60 000) ўтказилади.
Мажбурий суғурта бадаллари 45 000 сўмни (600 000 х 7,5%) ташкил этади.
Солиқ ва мажбурий ажратмалар ушлаб қолинганидан кейин ходимга 1 259 768 сўм иш ҳақи (600 000 + 800 000 – 35 232 – 60 000 – 45 000) тўланади.
11-ВАЗИЯТ
Алимент тўлайдиган ходимнинг даромадларидан ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг январь-июль ойларидаги иш ҳақи миқдори ойига 900 000 сўмни ташкил қилди. Январь-июль ойлари учун солиқ солинадиган даромад 6 300 000 сўмни (900 000 х 7) ташкил этди. У суднинг қарорига биноан битта болага иш ҳақининг 1/4 қисмига тенг миқдорда алимент тўлаши шарт.
Ижро ҳужжатлари бўйича ундирув ходимнинг иш ҳақига ва бошқа даромад турларига қаратилганда, ушлаб қолинадиган миқдор солиқлар ушлаб қолингандан кейин қолган суммадан ҳисоблаб чиқарилади («Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 65-моддаси).
17%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоблаймиз ва январь–июль ойлари учун ушбу суммага солиқни ҳисоблаб ёзамиз:
273 504 + (6 300 000 – 4 558 400) х 17% = 569 576 сўм.
Январь-июнь ойларида 488 208 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Июль ойи учун солиқ суммаси 81 368 сўмга (569 576 – 488 208) тенг.
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 53 883,2 сўмни (6 300 000 – 911 680) х 1%) ташкил этади.
Январь-июнь ойларида ШЖБПҲга 46 185,6 сўм ўтказилган, июль ойи учун ажратмалар 7 697,6 сўмни (53 883,2 – 46 185,6) ташкил қилади.
Июль ойи учун бюджетга 73 670,4 сўм (81 368 – 7 697,6) ЖШДС ўтказилади.
Мажбурий суғурта бадаллари 67 500 сўмга (900 000 х 7,5%) тенг.
Ушлаб қолиниши лозим бўлган алимент суммасини аниқлаймиз:
(900 000 – 81 368 – 67 500) х 25% = 187 783 сўм.
Ходим қўлига 563 349 сўм (900 000 – 81 368 – 67 500 – 187 783) иш ҳақи олади.
12-ВАЗИЯТ
Илгари ишламаган янги ишга қабул қилинган ходим (олий ўқув юрти битирувчиси)нинг даромадларидан ЖШДС ҳисоб-китоби
Май ойида илгари ишламаган ходим ишга қабул қилинди. Унга 600 000 сўм ойлик маош белгиланди. Май-июль ойларида унинг иш ҳақи 1 800 000 сўмни (600 000 х 3) ташкил қилди.
Олинган даромадга 7,5%лик ставка бўйича солиқ солинади:
(1 800 000 – 911 680) х 7,5% = 66 624 сўм.
Май-июнь ойларида 31 392 сўм солиқ ушлаб қолинган. Июль ойида ЖШДС суммаси 35 232 сўмга (66 624 -31 392) тенг.
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 8 883,2 сўмни ((1 800 000 – 911 680) х 1%) ташкил этади.
Май-июнь ойларида ШЖБПҲга 4 185,6 сўм бадаллар ҳисоблаб ўтказилган, июль ойи учун ажратмалар 4 697,6 сўмни (8 883,2 – 4 185,6) ташкил қилади.
Июль ойи учун бюджетга 30 534,4 сўм (35 232 – 4 697,6) солиқ ўтказилади.
Мажбурий суғурта бадаллари 45 000 сўмга (600 000 х 7,5%) тенг.
Суғурта бадаллари ушланганидан кейин ходимга 519 768 сўм (600 000 – 35 232 – 45 000) тўланади.
13-ВАЗИЯТ
ШЖБПҲга ихтиёрий бадаллар ўтказувчи ходимнинг даромадларидан солиқ ҳисоб-китоби
Ходимнинг январь-июль ойларидаги иш ҳақи миқдори ойига 800 000 сўмни ташкил қилди. Январь-июль ойлари учун даромад 5 600 000 сўмни (800 000 х 7) ташкил этди. Май ойида ходим бухгалтерияга унинг иш ҳақидан 250 000 сўмни ШЖБПҲга ихтиёрий бадал сифатида ўтказишни сўраб ариза тақдим этди.
Кодекснинг 179-моддаси 31-бандига мувофиқ ШЖБПҲга ихтиёрий бадаллар суммаси ходимнинг солиқ солинадиган даромадларини аниқлашда чегириб ташланади.
Солиқ солинадиган даромадни аниқлаймиз:
5 600 000 – (250 000 х 3) = 4 850 000 сўм.
17%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоблаймиз ва январь–июль ойлари учун ушбу суммага солиқни ҳисоблаб ёзамиз:
273 504 + (4 850 000 – 4 558 400) х 17% = 323 076 сўм.
Январь-июнь ойларида 301 208 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Июль ойи учун солиқ суммаси 21 868 сўмга (323 076 – 301 208) тенг.
Январь–июль ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 39 383,2 сўмни (4 850 000 – 911 680) х 1%) ташкил этади.
Январь-июнь ойларида ШЖБПҲга 35 185,6 сўм ўтказилган, июль ойи учун ажратмалар 4 197,6 сўмни (39 383,2 – 35 185,6) ташкил қилади.
Июль ойи учун бюджетга 17 670,4 сўм (21 868 – 4 197,6) ЖШДС ўтказилади.
Мажбурий суғурта бадаллари 60 000 сўмга (800 000 х 7,5%) тенг.
Солиқ, суғурта ажратмалари ва ШЖБПҲга ихтиёрий ўтказилган бадал чегирилгандан кейин ходимга 468 132 сўм (800 000 – 250 000 – 21 868 – 60 000) иш ҳақи тўланади.
Ҳисоб-китоб услубиятини экспертимиз Муҳиддин ЗАЙНУДДИНОВ тайёрлади.
*Жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисоб-китоб услубияти январь ойи учун «СБХ»нинг 26.01.2016 йилдаги 4 (1120)-сонида, февраль ойи учун 23.02.2016 йилдаги 8 (1124)-сонида, март ойи учун 22.03.2016 йилдаги 12 (1128)-сонида, апрель ойи учун 26.04.2016 йилдаги 17 (1133)-сонида, май ойи учун 24.05.2016 йилдаги 21 (1137)-сонида, июнь ойи учун 28.06.2016 йилдаги 26 (1142)-сонида чоп этилган.