2016 йил апрелда ташкилотимиз ходимларни (ҳайдовчи ва менежер) соғломлаштириш мақсадида уларга амбулатория тиббий хизмати кўрсатилишига 2 та йўлланмани пул ўтказиш йўли билан харид қилди. 1 та йўлланма қиймати – 12 ЭКИҲдан кам. 30 июнда ходимлар касаллик варақалари очилгандан кейин Оқтошга даволанишга кетдилар. Ҳисобварақ-фактура июлда ёзиб берилади.
Қуйидагиларга аниқлик киритсангиз:
1) ходимларга амбулатория тиббий хизмати кўрсатилишига йўлланмалар қийматига солиқ (ЖШДС ва ЯИТ) солинадими;
2) ушбу сумма таътил пулини ҳисоблашда инобатга олиниши керакми;
3) иш ҳақи ҳисоб-китобида йўлланма қиймати ҳисоблаб ёзилганини қайси ойда кўрсатиш зарур?
Н.Красильникова,
МЧЖ бош бухгалтери.
1. Солиқ кодексининг 179-моддаси 3-бандига мувофиқ, ўз ходимларига амбулатория тиббий хизмати кўрсатилганлиги учун иш берувчи томонидан тўланган суммаларга ЖШДС солинмайди. Ходимларни даволаганлик, уларга тиббий хизмат кўрсатганлик учун юридик шахс томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларига нақд пулсиз ҳақ тўланган тақдирда жисмоний шахсларнинг кўрсатилган даромадлари солиқ солишдан озод қилинади.
Юридик шахс томонидан жисмоний шахс манфаатларини кўзлаб санаторий-курортларда даволаниш йўлланмалари қийматини, дам олиш, стационар ва амбулаторияга қатнаб даволаниш ҳақини ёки уларнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлаш ходим томонидан юридик шахсдан моддий наф тарзида олинган даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-банди).
Моддий наф тарзида олинган даромадлар бажарилган иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғланмаган ҳамда уларга ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинмайди.
Юридик шахснинг йўлланмалар қийматини тўлаш мажбурияти корхона раҳбарининг фармойиши (буйруғи) билан расмийлаштирилган бўлиши керак.
2. Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова) 1-бандига кўра, таътиллар вақтига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи:
● ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан;
● ҳисоблаш даврида тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошадиган қўшимча тўловларнинг 1/12 қисмидан (биринчи йил ишловчиларга амалда ишлаган ойларга мутаносиб: 6 ой тўлиқ ишлаганларга 1/6 қисми; 7 ой тўлиқ ишлаганларга – 1/7 қисми ва ҳоказо) келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади. Уларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради.
Ходимларнинг моддий наф тарзида олинган даромадларига (йўлланмалар қийматига) суғурта бадаллари солинмаслиги сабабли улар таътиллар вақтига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда инобатга олинмайди.
3. Фикримизча, моддий наф тарзида олинган даромад ходимларга йўлланмаларни бериш пайтида (мазкур ҳолда – апрелда) акс эттирилиши керак.
Анжелика НАМ,
«Norma Online» эксперти.