Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 30 / Тадбиркорлик

Тадбиркор «ягона дарча»дан ҳимоя қилинганда

 

Бугун хусусий бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг ҳимоясида нақ давлат органларининг ўзи турибди. Буни республика Бош прокуратураси ўтказган видеоконференция ҳам тасдиқлади.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси билан манфаатдор вазирлик, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган видеоконференцияда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатловчи янги қонун ҳужжатлари, шу жумладан ­Президентимизнинг «Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (28.09.2015 йилдаги ПҚ-2412-сон) ижроси муҳокама қилинди. «Жонли мулоқот» тадбирини бошқариб борган Бош прокурор ўринбосари Улуғбек ­Суннатов мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси яратилганлиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлади. Бош прокуратурада Мурожаатларни туну кун телефон орқали қабул қилиш маркази ташкил этилган бўлиб, 34 вазирлик ва идора билан тўғридан-тўғри ­алоқа ­ўрнатилган. Марказ фаолияти давомида қабул қилинган мурожаатларнинг 64 мингтадан ортиғи ҳал этилиб, натижаси бўйича 330 та ноқонуний қарорларга протестлар келтирилди, қонун бузилиши сабабларини бартараф этиш ҳақида 364 та тақдимномалар ҳамда судларга 23,4 млрд сўмни ундириш борасида аризалар киритилди, 886 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 402 та жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари, давлат хизматларини кўрсатишда тадбиркорлар учун барча қулайликларга эга, зарур жиҳоз ва техникалар билан таъминланган 194 та «ягона дарча» марказлари фаолият кўрсатаётир. 16 турдаги давлат хизматлари кўрсатилаётган «ягона дарча» марказлари орқали фуқаролар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишлари ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур рухсатномаларни олишлари мумкин. Шу билан бирга, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, бино ва иншоотларни рўйхатдан ўтказиш каби давлат хизматлари ҳам «ягона дарча» марказлари ёрдамида амалга оширилмоқда.

Тадбиркорликни эркин ривожлантиришга сунъий тўсиқлар яратиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузиш ҳолатларига нисбатан жазонинг муқаррарлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди. Прокуратура органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, ноқонуний текшириш ўтказиш ҳамда мурожаатларни кўриб чиқишдаги қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш борасида ўтказилган назорат тадбирларида 1 200 нафардан ортиқ мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 250 тадан ортиқ жиноят иши қўзғатилди. Кўрилган чоралар натижасида 9 350 тадбиркорлик субъектининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Тадбирда айрим давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, уларга тўсқинлик қилиш, улар ҳуқуқларини чеклаш ва давлат хизматларини кўрсатишда қонунбузарликларга йўл қўйиш ҳолатлари танқид остига олинди.

Видеоконференция ишида қатнашган Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Хотамбек Шакиров ўз маърузасида сўнгги йилларда тадбиркорлик субъектларида ўтказилаётган режали текширишлар сони кескин камайганлигини, қолаверса текширув ўтказишга ваколатли солиқ хизмати ходимларининг масъулияти ҳам бирмунча оширилганлигини таъкидлади. Шу маънода бугунги кунда солиқ текширувларининг мазмун-моҳияти тадбиркорни жазолашга эмас, балки профилактик мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Тадбирда тадбиркорликни жадал ривожлантиришни таъминлашнинг амалий ва ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш бўйича фикр алмашинилиб, мутасадди идораларга аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш ва қонунчиликка ўзгартириш киритиш борасида тегишли таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Видеоконференцияда республика бўйича 1 000 га яқин тадбиркорлар иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Тадбир якунида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

 

Нодир АЛИМОВ,

«СБХ» мухбири.

Прочитано: 2362 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика