Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 27 / Божхона

Араб Амирликларига нималар билан бориб бўлмайди?

 

Бирлашган Араб Амирликларида жисмоний шахслар томонидан

шахсий фойдаланиш учун озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш қоидалари қаттиқлаштирилган.

 

2016 йил 6 февралда БАА атроф муҳит ва сув ресурслари вазири Рашид Аҳмад ибн Фаҳд жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун мамлакат ҳудудига озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кирилишини назорат қилишга доир 14-сон резолюцияни чиқарди*. Резолюция бундай юкларни назорат қилиш тартиб-таомилини енгиллаштириш ва бирхиллаштиришни назарда тутади. Вазирликнинг ҳисоблашича, мамлакатга “мокилар” томонидан гўё шахсий фойдаланиш учун озиқ-овқат маҳсулотларини йирик туркумларда олиб киришга барҳам бериш маҳаллий бозорда озиқ-овқат хавфсизлигини кучайтиради, шунингдек озиқ-овқат орқали ўтадиган касалликлар тарқалишининг олдини олиш йўли билан мамлакат фуқаролари саломатлиги хавфсизлигини юқори даражада таъминлайди.

Ҳужжатга мувофиқ жисмоний шахс божхона чегараси орқали кўпи билан 20 кг йогурт, 50 л мой (шу жумладан зайтун мойи), 10 кг сабзавот ёки ҳўл мева, 100 кг хурмо, 10 кг конфет ёки нон-булка маҳсулоти, 30 кг ёрма ёки қизил тусдаги гўшт, 10 кг балиқ ёки денгиз маҳсулоти олиб ўтиши мумкин. Энг асосийси – икра ёки заъфарондан кўпи билан 500 г олиб кириш мумкин. Шунингдек бир киши ҳисобидан кўпи билан 11 кг тухум, 20 кг асал ва шакар, 5 кг зиравор ва ўт чойлар олиб киришга ижозат берилади.

Резолюцияга болалар овқати сингари махсус белгиланган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам кирган (уни кўпи билан 10 кг олиб кириш мумкин). Кўпи билан 20 л ичимлик ва сироп, шу жумладан маъданли сув; 5 л шарбат концентрати, сирка, атиргул рангли ва апельсин суви; 25 кг консерва олиб киришга йўл қўйилади.

Резолюция барча озиқ-овқат маҳсулотларида тегишли маркировка билан бирга корхона ўрови бўлишини назарда тутади, бундан самолётда бериладиган таом мустасно. Резолюциянинг қоидалари одатдаги халқаро жўнатмалар ва экспресс ташувчилар амалга оширадиган халқаро почта жўнатмаларига ҳам татбиқ этилади.

Лаборатория тадқиқотлари, оммавий акциялар ўтказиш мақсадида ёки кўргазмаларда иштирок этиш учун озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилувчи жисмоний шахслар эндиликда БАА тегишли органларининг махсус рухсатномаларига эга бўлишлари керак, уларга маҳсулотнинг таркиби ва унинг келиб чиқиши батафсил баён этилган ҳужжатлар тақдим этилиши лозим. Кўргазма-ярмаркаларда иштирок этиш учун қўшимча равишда тегишли органга келаётган иштирокчилар ва тадбирлар ўтказиш жойларининг тўлиқ рўйхати юборилиши керак.

Мамлакатга БААда тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳатто шахсий фойдаланиш учун ҳам олиб кириш мумкин эмас. Мазкур резолюция қоидаларига мувофиқ келмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари бутунлай мусодара қилинади.

 

БААга олиб киришнинг хусусиятлари

БАА божхонаси қоидаларига кўра қуйидагиларни мамлакат ҳудудига олиб кириш тақиқланган:

ҳар қандай наркотик воситаларни (героин, кокаин, қора дори, мияни чалғитадиган препаратлар);

Шаржа амирлиги ҳудудига ҳар қандай алкоголни;

бойкот эълон қилинган мамлакатлардан товарларни;

Исроилда ишлаб чиқарилган товарларни;

ишлов берилмаган фил суяги ва каркидон шохини;

қимор ўйинларига мўлжалланган ҳар қандай аппаратларни;

уч қатламли балиқ тўрларини;

оригинал гравюралар, босма нашрлар, тошбосма нашрлар, маданий қийматга эга бўлган ҳар қандай материалдан ясалган ҳайкалларни;

ишлатилган, таъмирланган ва қадама нақшли шиналарни;

радиацияда зарарланган буюмларни;

ислом меъёрларига зид бўлган ва мусулмонларни ҳақоратлайдиган босма материаллар, суратлар, фотосуратлар, китоблар, журналлар, ҳайкалларни;

божхона қоидалари ва қонун ҳужжатлари ёки БААнинг бошқа ҳар қандай қонунлари билан олиб кирилиши тақиқланган бошқа товарларни;

қалбаки пул банкнотлари ва пул кўчирма нусхаларини;

хонаки таомни.

 

БААнинг божхона қоидаларига кўра қуйидагиларни ёзма декларациясиз олиб киришга рухсат берилади:

шахсий буюмларни;

умумий қиймати 3 000 AED (тахминан $ 820) дан ошмайдиган совғаларни;

вояга етган (18 ёшдан ошган) ҳар бир номусулмон учун кўпи билан 400 сигарета ёки 50 сигара ёхуд 500 г тамакини;

вояга етган (18 ёшдан ошган) ҳар бир номусулмон учун Дубай амирлигига кўпи билан 4 л алкоголли ичимлик ёки 2 блок пивони (ҳар бир блокида – кўпи билан 24 банка, ҳар бир банкада – кўпи билан 355 мл), Абу-Даби амирлигига – кўпи билан 2 л алкоголли ичимликни;

ҳар бир вояга етган (18 ёшдан ошган) шахс учун кўпи билан 40 000 AED (тахминан ­$ 10 958) суммасида нақд пул ва трэвел-чеклари;

видеокамералар ва уларга аксессуарлар: кассеталар, дисклар ва бошқа ахборот ташувчиларни;

шахсий фойдаланиш учун кўчма аудиожиҳозлар, радиотизимлар, CD-, DVD-плеерларни;

шахсий фойдаланиш учун проекторлар ва уларга аксессуарларни;

телескопларни;

мобил телефонларни;

кўчма ихчам телевизорларни;

компьютерлар ва ноутбукларни;

болалар аравачаларини;

спорт инвентарларини;

қўлда кўтариладиган босма қурилмаларни;

қўлда кўтариладиган калькуляторларни;

ногиронлар аравачаларини.

 

Араб Амирликларига кираётганда БАА божхонаси қоидаларига кўра ёзма декларациялаш мажбурий бўлган товарлар (акс ҳолда товар контрабанда сифатида баҳоланади):

махсус радиоаппаратура ва бошқа асбоблар, ўзини ўзи мудофаа қилиш буюмлари, ўровдаги учи ўткир қилич ва пичоқлар;

уй ҳайвонлари (БАА Атроф муҳит ва сув ресурслари вазирлигининг олиб киришга махсус рухсатномаси талаб қилинади) ҳамда Ёввойи наботот ва ҳайвонотнинг йўқолиб бораётган турлари билан халқаро савдо бўйича конвенция (CITES) томонидан қўриқланадиган ҳайвонлар ёки уларнинг қисмлари (териси, суяги, тулуми);

ҳар бир вояга етган (18 ёшдан ошган) шахс учун 40 000 AED (тахминан $ 10 958)дан ошадиган суммада нақд пул ва трэвел-чеклар;

фильмлар, китоблар, фотосуратлар, компакт-дисклар ва бошқа ахборот ташувчилар (ҳатто шахсий фойдаланиш учун бўлса ҳам);

умумий қиймати 3 000 AED (тахминан $ 820)дан ошадиган совғалар;

ҳарбий техника, ўқ-дорилар, қуроллар;

ҳар қандай дори-дармонлар, ҳатто шахсий фойдаланиш учун бўлса ҳам;

фейерверклар, петарда ва бошқа пиротехника;

тупроқ, ўсимликлар, дарахтлар;

ҳар қандай наркотик воситалар.

 

БАА аэропортида божхона назорати (Customs) яшил йўлак (Creen Channel) ва Қизил йўлак (Red Channel) қоидаси бўйича ташкил этилган. Агар сизда мажбурий ёзма декларацияланадиган товарлар бўлмаса, Яшил йўлакдан ўтасиз. Агар ёнингизда ёзма декларацияланадиган товар бўлса, декларация тўлдиринг ва Қизил йўлакдан юринг.

Божхона БАА аэропортларида багажни олиш зонасидан кейин жойлашган.

 

P.S. БАА божхона қоидалари сиз учиб бораётган амирликка боғлиқ ҳолда фарқланиши мумкин ва олдиндан хабардор қилмасдан исталган пайтда ўзгартирилиши мумкин.

 

Хорижий матбуот материалларидан.

Прочитано: 2575 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика