Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 27 / Солиқ солиш

Виртуал реклама, реал харажатлар

 

Фирмамиз сайтларнинг саҳифаларида баннерлар, югурувчи сатрлар кўринишида ўз хизматлари рекламасини жойлаштирмоқчи. Сайтда жойлаштирилган реклама харажатлари қандай ҳисобга олиниши ва тасдиқланиши керак?

Бухгалтер.

 

– Реклама – бевосита ёки билвосита фойда олиш мақсадида корхона, унинг маҳсулоти ва хизматлари тўғрисида ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалар ёрдамида қонун ҳужжатларига мувофиқ тарқатиладиган махсус ахборот («Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси; АВ томонидан 6.04.2001 йилда 1024-сон билан рўйхатдан ўтказилган Рекламани жойлаштириш тўғрисидаги низом). Интернетда у одатда 2 хил усулда жойлаштирилади: реклама агентлиги орқали ёки реклама жойлаштириладиган сайт эгаси (унинг расмий вакили) билан бевосита шартнома тузиш йўли билан. Амалиётда хорижий ижтимоий тармоқларда ва, масалан, mail.ru, facebook сингари сайтларда рекламани жойлаштириш учун интернет-реклама бозорида ишловчи ва ушбу сайтларнинг мамлакатимиздаги ҳамкорлари ҳисобланувчи маҳаллий реклама агентликларига (digital-агентликларга) мурожаат қиладилар.

Реклама харажатлари, корхонанинг бошқа харажатлари сингари, уни тармоқда жойлаштириш усулидан қатъи назар асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши шарт. Ҳужжат билан тасдиқланган харажатлар деб операция санасини, суммасини, хусусиятини аниқлаш ва унинг иштирокчиларини идентификация қилиш имконини берадиган ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар тан олинади (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Ҳисобварақ-фактуралар, бажарилган ишлар далолатномалари, шу жумладан электрон шаклдаги, инвойслар ва бошқа ҳужжатлар тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади. Улар реклама харажатларини 9410-«Сотиш харажатлари» ҳисобварағида акс эттириш ва уларни фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган бошқа харажатларга киритиш учун асос бўлади (Солиқ кодексининг 145-моддаси 10-банди).

Бироқ махсус давлат реестрига киритилган табиий монополиялар субъектлари ва монопол корхоналар  чекловни ҳисобга олишлари шарт. Улар реклама учун ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотишдан тушум йиллик ҳажмининг 2%и миқдоридаги харажатларни ҳисобдан чиқаришлари мумкин (ВМнинг 9.04.1999 йилдаги ­166-сон қарори). ЯСТ тўловчилар солиқ солинадиган базани аниқлашда ушбу харажатларни ҳисобга олмайдилар.

ҚҚС тўловчилар Солиқ кодексининг 218-моддасида белгиланган шартларга риоя этганда (Солиқ кодексининг 219-моддаси қоидаларини ҳисобга олган ҳолда) ҳисобварақ-фактурада ажратиб кўрсатилган солиқ суммаларини ҳисобга қабул қилишга ҳақли бўладилар.

Агар хорижий компания билан хизматлар кўрсатишга шартнома тузилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан тақдим этилган ишлар, хизматлар, агар уларнинг реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса, ишларни, хизматларни олувчи корхонада ҚҚС солинадиган оборот ҳисобланишини инобатга олиш лозим (Солиқ кодексининг 207-моддаси). Бунда умумбелгиланган солиқларни тўловчиларда ҳам, ЯСТ тўловчиларида ҳам ҚҚС тўлаш мажбурияти юзага келади.

Реализация қилиш жойи Солиқ кодексининг 22-моддасига мувофиқ кўрсатиладиган хизматлар туридан келиб чиқиб белгиланади. Реклама хизматлари бўйича у хизматларни сотиб олувчи фаолият кўрсатадиган (рўйхатдан ўтказилган) жой ҳисобланади (Солиқ кодексининг 202-моддаси 3-қисми 4-банди). Бу жой Ўзбекистон эканлиги боис хизматларнинг буюртмачиси ҚҚСни ўз маблағлари ҳисобидан хизматлар қийматининг 20%лик ставкасида бюджетга тўлаши лозим.

Солиқ кодексининг 155-моддаси 4-қисмига асосан буюртмачи корхонада норезидентнинг даромадларидан фойда солиғини ушлаб қолиш мажбуриятлари юзага келмайди.

Солиқ кодексининг 155-моддаси 1-қисмида белгиланганидек, Ўзбекистон норезидентининг доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган даромадларига тўлов манбаида солиқ солинади. Бироқ улар республикадан ташқарида хизматлар кўрсатишдан олинган бўлса, Ўзбекистонда солиқ солинадиган даромадларга кирмайди (Солиқ кодексининг 155-моддаси 4-қисми). Бинобарин, хорижий компания кўрсатган хизматлар учун унга шартномада назарда тутилган бутун суммани фойда солиғини ушлаб қолмай тўлаш лозим.

 

Людмила ВОЛОСНОВА,

«Norma Ekspert» мутахассиси.

Прочитано: 1998 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика