Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 26 / Эксперт криминалист ён дафтаридан

Патрон нимадан портлаган эди?

 

Киши ғайриоддий ҳолатларда ўқотар қуролдан яраланиши ёки ҳатто ҳалок бўлиши мумкин. Масалан, бунга жанговар патроннинг тасодифан портлаши сабаб бўлади. Бундай ҳолларда терговчи кўрсатилган гумонли ҳолатларда патроннинг тасодифан портлаши мумкинлиги масаласини тадқиқ қиладиган суд-баллистик экспертизаси ёрдамига суянади.

 

Ана шундай анчагина мураккаб экспертиза тўғрисида ҳикоя қилмоқчиман, унинг давомида экспертлар портлаш пайтида жанговар патроннинг тешиб ўтиш қудрати ва унинг қисмларининг кинетик энергиясини тадқиқ қилдилар.

Ўтган асрнинг олис 60-йилларида ғайриоддий ҳолатларда 30 ёшлик Галина Я. ўз квартирасида ўлар даражада яраланган эди. Шу пайтда у билан бирга қайноғаси Константин Я. уйда эди. У тез тиббий ёрдам ва милицияни чақирган. Фожиадан кейин қайноға дарҳол кўзга ёш олиб, навбатчи терговчига келинининг яраланганлигида айбдорлигини айтган.

Қайғуга ботган қайноға ўзидаги ўқ-дориларни ажратаркан, столга бир нечта патронни қўйганлигини тушунтирди. Кейин эса, буни унутиб, стол устига металл болғачани эҳтиётсизлик билан ташлаганда у патрон устига тушган. Шунда патрон портлаб, бир метрча масофа нарида – худди шу стол ёнида ўтирган келинни яралаган.

Ярадор аёл ҳушсиз бўлганлиги ва касалхонада ўзига келмай вафот этганлиги боис ундан юз берган воқеа тўғрисида кўрсатмалар олишнинг имкони бўлмади. Суд-тиббий экспертизаси ўлим ўқ тегишидан юз берганлигини қайд этган. Ўқ ўнг томондаги ўмров суяги юқорисидан кириб, юмшоқ тўқималар орқали ўтган ва чап куракда тўхтаган. Бошқа шикастлар аниқланмаган.

Афсуски, тиббий суд эксперти жароҳат етказган ўқни йўқотиб қўйган. Квартиранинг аллақаерида бўлиши керак бўлган гильза эса топилмади. Бунга ё кўздан кечириш сифатли ўтказилмагани ёки Константин уни топиб олиб, тергов гуруҳи келишига қадар яшириб қўйгани (ёхуд ташлаб юборгани) сабаб бўлиши мумкин. Чамаси, тезкор ходимлар Константиннинг кўрсатмаларига тўлиқ ишониб, бу ишда тергов ҳаракатларини алоҳида синчиклаб олиб боришга эҳтиёж йўқ деб ўйлашган. Зеро, бундай бахтсиз ҳодисалар юз бериб туриши эҳтимолдан холи эмас деган тўхтамга келишган...

Бироқ бу ишни тергов қилиш зиммасига юклатилган терговчи ишга анча жиддий ва масъулият билан ёндашди. Материалларни ўрганиб чиқиб, у гумон қилинувчининг кўрсатмаларини текширишни зарур деб ҳисоблади. Марҳума билан гумон қилинувчининг ўзаро муносабатларини аниқлаш билан бир қаторда (ушбу муносабатлар эса анча мураккаб экан), тажрибали терговчи суд-баллистик экспертизасини тайинлаб, унинг олдига иккита масалани қўйди: стол устида ётган кичик калибрли патрон 50 см масофадан ташланган болғача зарбидан отилиши мумкинми ва ундан отилиб чиққан ўқ ўлдириш кучига эга эдими?

Дастлабки суд-баллистик экспертизасини ўтказган эксперт биринчи саволига рад жавобини берди, иккинчи саволга эса умуман жавоб бермаслигини айтди, сабаби портлаш пайтида патрон қисмларининг энергиясини аниқлаш бўйича илмий ишлаб чиқилган услубият мавжуд эмас эди.

Халқ суди ҳам ўшанда масалага чуқур киришмаслик йўлидан борди: судланувчининг кичик калибрли патроннинг ўз-ўзидан портлагани тўғрисидаги кўрсатмаларини тўғри деб топди ва уни эҳтиётсизлик билан қилинган қотиллик деб баҳолаб, шартли равишда 2 йилга озодликдан маҳрум этди.

Бироқ ҳалок бўлган аёлнинг қариндошлари ҳукмдан норози бўлиб, шикоят киритдилар. Юқори инстанция ҳукмни бекор қилди ва жиноят ишини қайта тергов қилишга қайтарди. Бунда кичик калибрли патрон портлаганда ўқнинг энергиясини аниқлаш учун такрорий суд-баллистик экспертизасини тайинлашга кўрсатма берилди.

40 йилдан кўпроқ эксперт криминалист бўлиб ишлаб, изоҳ беришим мумкинки, ҳақиқатан ҳам кўпчилик ҳолларда экспертлар олдига қўйилган масалалар мавжуд ишлаб чиқилган ва синовдан ўтган услубиятлар асосида ҳал этилади. Бироқ услубиятлар ҳам кўп йиллик эксперт услубиятини умумлаштириш асосида ишлаб чиқилади-да. Аммо бундай амалиёт мавжуд бўлмаса, масалалар экспертлар томонидан ўхшаш ҳодисалар билан муқоясада, баъзан тажриба асосида, кўпинча эса – экспериментлар ўтказиш йўли билан ҳал этилиши мумкин.

Ушбу ҳолда ҳам экспертлар турли калибрлардаги патронлар билан бир талай экспериментларни ўтказишди. Улар махсус мосламада жами 180 та патронни портлатишди. Уларнинг қалпоқчалари спирт лампа алангасида қиздирилди, уларни ўткир учли ва ялпоқ учли қаттиқ нарсалар билан уриб кўришди. Қарағай тахталар, фанер, картон листлари ва пластилин бўлакларидан қилинган нишонлардан фойдаланиб, уларни патрондан 100 см гача бўлган масофада ўрнатишди. Портлаган патрон қисмларининг кинетик энергиясини аниқлаш учун оғирлиги 250 г дан 1 000 г гача бўлган баллистик маятник-капгирлар қўлланди.

Ўтказилган экспериментларнинг натижаларини батафсил баён этиб ўтирмайман. Фақат экспертлар комиссиясининг улар асосида чиқарган хулосалари устида тўхталмоқчиман. Катта эксперимент ишининг натижалари кўрсатишича, металл предмет билан уриш туфайли ёки уни муайян ҳароратда қиздирганда кичик калибрли патрон портласа ўқ 0,7-1 м масофадан 3–10 мм да юмшоқ моддага (пластилин) кириб кетиши мумкин, қаттиқ моддани (фанер ёғоч ва 3 миллиметрли картон) эса умуман тешиб ўтолмайди. Ушбу ҳолда кичик калибрли ўқ портлаш пайтида патроннинг жойлашишига қараб 18 см ва ундан юқорига кўтарилиши мумкин, бироқ Галинанинг вазиятида бўлганидек шикаст етказа олмайди. Унга стволли қуролдан кичик калибрли патрон отиш орқали шикаст етказилган.

Афсуски, тергов гильзани ҳам, ўқ отилган қуролни ҳам ўз вақтида топмаган, бу вақт бой берилган. Қариндошларни сўроқ қилиш вақтида аниқланишича, айбланувчида милтиқ бўлиб, у қўшимча текшириш пайтида йўқолган эди. Айбланувчининг ўзи уни аввалроқ қандайдир нотаниш кишига сотганлигини айтган. Бу кўрсатмани текшириб бўлмади.

Бироқ такрорий суд-баллистик экспертизасининг хулосаси тўлиқ асосланган бўлди, у эксперт экспериментларининг натижалари кўрсатилган батафсил тадқиқотларга бой эди. Шу сабабли иш судда иккинчи марта кўрилганда унинг хулосалари тўғри деб топилди, айбланувчи ҳам реал муддатга қамалди.

 

Ольга Маршанская.

Прочитано: 1478 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика