Norma.uz

“Сизни.. . “автоматга” уладилар”

 

Сўнгги вақтда иссиқлик энергиясини етказиб берувчилар билан истеъмолчиларнинг ўзаро муносабатларида «Сизни «автоматга» уладилар» тариқасидаги янги ҳолат юзага келди.

Бу ҳолат етказиб берувчилар ва истеъмолчилар муносабатларида зиддиятли вазиятларни юзага келтирмоқда...

 

Буни шундай тушуниш керак: истеъмолчилар зиммасига иссиқлик билан таъминловчи ташкилотларни иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичлари ҳақида ҳар ой хабардор қилиш мажбурияти юкланди. Агар абонентлар буни қилмасалар, етказиб берувчи уларга автоматик равишда ҳисоблаб ёзади. Бу иккала тарафда жуда кўп муаммоларни юзага келтирди. Айниқса истеъмолчиларда кескин ва оғриқли акс этди. Фуқароларнинг аксарияти ҳисобланмалар қаердан олинганлиги, улар билан қандай йўл тутиш кераклигини билмайдилар. Қонунга итоаткор абонентлар – иссиқ сув истеъмоли учун бўнак тариқасида мунтазам ҳақ тўлайдиганлар ёки таъминотчиларни ҳар ойда ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари ҳақида хабардор қилсалар-да, ушбу ахборот турли сабабларга кўра уларга етиб бормайдиганлар қаттиқ норозилик билдирмоқдалар.

Натижада истеъмолчи бош оғриғи орттирди. У етказиб берувчи билан гаплашиши, қайта ҳисоб-китоб қилиш учун ҳужжатлар пакетини йиғиши, ҳисобга олиш асбобининг созлигини тасдиқлаши керак ва ҳоказо. Бу эса вақт, асаб, навбат кутишни талаб этади, сансалорлик билан кечади. Энг нохуш жиҳати – у тўсатдан гумондор, қоидабузарлик қилган бўлиши мумкин шахс ҳолатига тушади. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилади!» – дея абонентлар норозилик билдирадилар. «Қонун ҳужжатлари шуни талаб қилмоқда!» – дея таъминотчилар эътироз билдирадилар. Ушбу ёндашувлар қонунчиликка қанчалик мувофиқ келишини кўриб чиқамиз.

 

Ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари

ҳақида хабар қилишни унутманг

 

Иссиқ сувнинг ўртача ойлик сарфи бўйича ҳисобланмалар билан боғлиқ саволларга

«Тошиссиққуввати» ИЧБ УК бош директорининг ўринбосари Марина НАРТИКОЕВА жавоб беради.

– Марина Алихановна, истеъмолчининг иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари ҳақида етказиб берувчини ҳар ой хабардор қилиш мажбурияти қандай ҳужжатлар билан белгиланган? Қонунчиликка ушбу меъёр нима мақсадда киритилди?

– Шуни қайд этиб ўтиш лозимки, Уй-жой кодексининг (бундан кейин – УК) 3-моддасига мувофиқ, уй-жой ва коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш тизимини тартибга солиш Вазирлар Маҳкамаси ваколатига киради. Иссиқлик таъминоти ташкилоти – иссиқлик энергиясини етказиб берувчи билан унинг истеъмолчилари – жисмоний шахслар ўртасидаги ўзаро муносабатлар Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – Қоидалар) билан тартибга солинади. Унда иссиқлик таъминоти жараёнига жалб қилинган томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари белгиланган.

Қоидаларнинг 86-банди билан истеъмолчи зиммасига иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари (бундан кейин – ҳисобга олиш асбоблари) кўрсаткичларини ҳар ой етказиб берувчига тақдим этиш мажбурияти юкланган. Етказиб берувчи билан истеъмолчи (турар жой эгаси) ўртасида кўп квартирали уйларда иссиқлик билан таъминлаш шартномаси (бундан кейин – Шартнома) билан етказиб берувчини хабардор қилиш муддати аниқлаштирилди – мақбул алоқа каналлари орқали ҳар ойнинг 25-санасигача этиб белгиланди.

Қоидаларнинг 94-бандига мувофиқ, жисмоний шахсларга кўрсатиладиган иссиқ сув таъминоти хизматлари учун ҳисоблаш йил мобайнида ҳар ойда белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади. Қоидаларнинг 96-бандига кўра, ҳисоб-китоб ойи учун ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар истеъмолчи томонидан тақдим этилмаган тақдирда тўлов кейинги кўрсаткичларни (ёхуд ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари «Тошиссиққуввати» ИЧБ УКнинг вакили томонидан назорат тартибида ёзиб олингунгача) тақдим этиш пайтигача иссиқ сувнинг ўртача ойлик сарфи бўйича (ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари ёзиб олинган даврнинг боши ва охиридаги) ҳисобланади.

Кейинги кўрсаткичлар тақдим этилганда «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК ҳисобга олиш асбобининг олдинги кўрсаткичидан бошланадиган давр учун ҳисобга олиш асбобининг амалдаги кўрсаткичлари бўйича истеъмол қилинган иссиқ сув миқдорининг қайта ҳисоб-китобини амалга ошириши шарт. Бунда қайта ҳисоб-китоб қилиш тузатиш киритиладиган даврнинг ҳисоб-китоб ойида амалда бўлган тариф бўйича амалга оширилади.

Иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари ҳақида етказиб берувчини ҳар ой хабардор қилиш мажбуриятини истеъмолчи зиммасига юкловчи меъёр истеъмолчи ва етказиб берувчида ҳисоб юритилишини тартибга солади.

Маълумотлар тақдим этиладиган алоқа каналлари

– Афсуски, истеъмолчилар иложсиз қолгандагина Қоидаларга мурожаат қиладилар. Етказиб берувчи абонентларни иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичлари ҳақида ҳар ойда хабардор қилиш зарурлигини қандай маълум қилади? Зеро уларнинг аксарияти ҳисоблаб ёзилган суммалар қаердан олинишини билмайди.

– «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК туман бўлинмаларида ҳисобга олиш асбоби маълумотларини тақдим этиш зарурлиги ҳақида эълонлар осилган, етказиб берувчининг вакиллари истеъмолчиларнинг квартираларида бу ҳақдаги огоҳлантиришларни тарқатадилар. Иссиқлик энергияси истеъмоли ҳақини тўлаш бўйича квитанцияларнинг янги бланкаларига ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари қуйидаги мақбул алоқа каналлари орқали қабул қилиниши ҳақида ахборот қайд этилган:

teploenergo.uz веб-сайтида;

counter@teploenergo.uz электрон почтаси орқали;

соат 9.00 дан 18.00 гача (соат 13.00 дан 14.00 гача танаффус, дам олиш кунлари – шанба, якшанба) 200-00-56 бевосита алоқа телефони бўйича;

Иссиқлик таъминоти бошқармасининг туман бўлимларида.

Қоидаларнинг 58-бандига кўра, етказиб берувчининг вакили истеъмолчиларнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимини йил чорагида 1 марта текшириши, абонентлар томонидан индивидуал ҳисобга олиш асбобидан ёзиб олинган кўрсаткичлар ва улар томонидан иссиқ сувнинг истеъмол қилинган ҳажми тўғрисида тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилигини ўз маълумотлари билан солиштириши шарт.

– Агар истеъмолчилар етказиб берувчини кўрсатилган алоқа каналлари орқали хабардор қилган, бироқ маълумотлар базага киритилмаган ҳолларда нима қилиш керак? Ходимларнинг айби билан абонентларда муаммолар юзага келганда, улар қандай жавобгарликка тортиладилар?

– Истеъмолчи иссиқ сувнинг амалдаги сарфи ҳақида маълумотларни тақдим этган, бироқ «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК ходимларининг айби билан ўзаро ҳисоб-китобларда ҳисобга олинмаган ҳар бир далил юзасидан текширув ўтказилади. Унинг натижаларига кўра айбдорларга нисбатан маъмурий таъсир кўрсатиш чоралари, шу жумладан маъмурий жазо чоралари қўлланади.

Сувнинг ўртача ойлик сарфи қандай ҳисобланади?

– Истеъмолчи ҳисоб-китоб ойидаги иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этмаганда, ҳисобланмалар қандай қилинади?

– Юқорида айтилганидек, бу ҳолда ҳисобланмалар иссиқ сувнинг ўртача ойлик сарфи бўйича (истеъмолчидаги ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари ёзиб олинган даврнинг боши ва охиридаги) ҳисобланади (Қоидаларнинг 96-банди). Ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари бўлмаган квартиралар бўйича ўртача ойлик сарфга қараб ҳисобланган ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари ҳар ойда автоматик равишда қайд этилади. Ҳисоблаш формуласи дастурга киритилган.

МИСОЛ. А манзилида ҳисобга олиш асбобининг қуйидаги кўрсаткичлари қайд этилган:

24.02.2015 йилда – 56 м3;

31.03.2015 йилда – 63 м3.

2015 йил апрелда истеъмолчи етказиб берувчига ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларини тақдим этмади. Бу ойда иссиқ сув таъминоти учун ҳақни ҳисоблаб ёзиш учун қуйидагича ҳисоб-китоб амалга оширилди:

ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларининг қайд этилиши орасидаги давр 35 кунни ташкил этади;

кўрсатилган вақт ичида иссиқ сув сарфи 7 м3ни ташкил этди;

иссиқ сувнинг ўртача ойлик сарфи 6 м3ни ташкил этади (7 м3 / 35 кун х 30 кун).

Якунда ўртача ойлик сарфга қараб ҳисобланган ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари 63 м3 + 6 м3 =69 м3ни ташкил этади.

Ҳар бир манзилдаги иссиқ сувнинг ўртача сарфи ҳар бир истеъмолчи амалда сарфлаганидан келиб чиқиб ҳисобланиши сабабли ўзгача бўлади.

Шу тариқа, истеъмолчи ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари ҳақида маълумотларни тақдим этмаганда норматив бўйича ҳисоблаш (яъни 1 кишининг ойлик сарфидан келиб чиқиб (сўм/киши/ой) амалга оширилмайди.

Бўнак тариқасида ҳақ тўлаб, шаҳардан чиқиб кетганда...

– Агар истеъмолчи иссиқ сув ҳақини бўнак тариқасида тўлаб қўйган бўлса, ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотларни ҳар ой хабар қилиши шартми?

– Ҳа, истеъмолчи бўнак тўловини тўлаганда ҳам иссиқ сувнинг амалдаги сарфи ойлик ҳисобини юритиш учун ҳисобга олиш асбобининг амалдаги кўрсаткичларини ҳар ойда тақдим этиши зарур.

– Агар истеъмолчи муайян ҳолатларга кўра (шаҳар, республика ташқарисига чиқиб кетган ва ҳ.к.) етказиб берувчини ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари ҳақида хабардор қилиш имконига эга бўлмаса, қандай йўл тутиш лозим?

– Агар абонент узоқ муддат бўлмаслиги сабабли ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш имконига эга бўлмаса, у етказиб берувчига иссиқ сувни ўчиришни сўраб ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Бундай ҳолларда буни пломба (қулф) солинган санаси ва унинг рақами қайд этилган тегишли далолатнома билан расмийлаштириб, унинг вентилини пломбалашлари ёки махсус қулф ўрнатишлари мумкин. Акс ҳолда иссиқ сувнинг ўртача ойлик сарфи бўйича тўлов ҳисоблаб ёзилади.

– Бу ҳолда абонент амалда иссиқ сувни истеъмол қилмаса ҳам, ҳисоб-китоб бўйича истеъмол учун барибир ҳақ тўлашни талаб қилар эканларда? Бу қонунчиликка зид. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ, ижрочи кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас. Ўтган ойларнинг ўртача ойлик сарфи эса абонент етказиб берувчига ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларини маълум қилмаган даврда амалда хизматдан фойдаланганлигини англатмайди.

– УКнинг 133-моддасига мувофиқ, давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорлари, ижарага, арендага олувчилари ўзларига кўрсатиладиган коммунал хизматлар учун қонун ҳужжатларига ва коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар (ижрочилар) билан тузилган шартномаларга мувофиқ мажбурий тўловлар тўлайди. Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. УКнинг 134-моддасига кўра, давлат ва хусусий уй-жой фондларида кўрсатиладиган коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар тўлаш ўтган ойдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай ҳар ойда амалга оширилиши керак. Шу тариқа, қонун чиқарувчи ваколат берган орган иссиқлик таъминоти жараёнига жалб қилинган томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликларини белгилаган.

Истеъмолчи ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларини ўз вақтида тақдим этиши шарт, унинг асосида амалда сарфланган иссиқ сув учун ҳисобланмалар қилинади. Шу билан бирга ўртача ойлик сарф (истеъмол) ҳам ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари ёзиб олинган даврнинг боши ва охиридаги амалдаги истеъмолдан келиб чиқиб ҳисобланади (Қоидаларнинг 96-банди). Шу сабабли бу ҳолда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилмайди.

 

Қайта ҳисоб-китоб қилишда фақат ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларига асосланилади

– Истеъмолчилар иссиқ сув учун автоматик равишдаги ҳисобланмалар қайта ҳисоб-китоб қилиниши учун етказиб берувчига қандай ҳужжатларни тақдим этишлари керак?

– Ўртача ойлик сарф бўйича ҳисобланмаларни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларига кўра амалда истеъмол қилинган иссиқ сув ҳажмига қайта ҳисоб-китоб қилиш учун истеъмолчи фақат ҳисобга олиш асбобининг амалдаги кўрсаткичларини мустақил равишда тақдим этиши ёки етказиб берувчининг вакили зиммасига Қоидаларнинг 58-банди билан юклатилган вазифаларни бажариши учун тўсиқсиз киришини таъминлаши зарур. Бунда бошқа ҳеч қандай ҳужжатлар талаб этилмайди.

– Одатда, истеъмолчилар уларга автоматик равишда ҳисобланмалар қилинганлигини бир неча ойдан кейин билиб қоладилар. Абонентларни бу ҳақда ўз вақтида хабардор қилишнинг имкони борми?

– Истеъмолчи қилинган ҳисоб-китоблар, шунингдек қайта ҳисоб-китоб суммаси, шахсий ҳисобрақами ҳолати ҳақида teploenergo.uz сайтидаги шахсий кабинетига кириб ёки Иссиқлик таъминоти бошқармасининг туман бўлимида маълумот олиши мумкин. Шунингдек техник-инспекторлар доимий равишда истеъмолчилар билан иш олиб борадилар, бунда уларга тегишли тушунтиришлар берадилар.

 


Ҳуқуқни бузишми ёки қонунчилик талаби?

 

Афсуски, иссиқлик таъминотчиларига ҳар ойда иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари ҳақида хабар қилиш мажбуриятини юкловчи меъёр фуқароларнинг аксарияти учун тушунарсиз бўлиб чиқди. Кўпчилик истеъмолчилар илгариги амалиётни қўллашга дарҳол барҳам бера олмайдилар, янгиликларни қийинчилик билан қабул қиладилар. Етказиб берувчи эса аввал-бошдан туман тузилмаларининг янгиликка бир хил ёндашувини таъминлай олмади, улар уни билганларича талқин этмоқдалар, бу зиддиятлар келиб чиқишига сабабчи бўлмоқда. Натижада янгилик англашилмовчилик, фуқароларнинг норозилиги, асабийлашувига олиб келди. Кишилар тушунарсиз ҳисобланмалар қайд этилган квитанцияларни ола бошладилар, туман иссиқлик таъминоти ташкилотларининг асоссиз талаблари туфайли қайта ҳисоб-китоб қилиш кўпчилик учун малол келувчи таомилга айланди.

Етказиб берувчининг ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари ҳақида ҳар ой хабардор қилиш талаби аслида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузмайди. Фойдаланилган ресурслар ҳажмининг ҳисоби юритилиши лозим. Иссиқ сув истеъмолининг ҳисоб-китоблари ҳар ойда шаклланади. Қоидалар, Шартномада абонент ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларини тақдим этиши мажбурияти ва муддатлари белгиланган, акс ҳолда ҳисобланмалар ўртача ойлик сарф бўйича қилинади. Етказиб берувчиларни коммунал маҳсулотларнинг реал истеъмоли ҳақида хабардор қилиш жаҳонда қўлланиладиган амалиёт саналади. Бизда совуқ сув таъминоти истеъмолчилари учун худди шундай талаб белгиланган (Истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларининг 123-банди, ВМнинг 194-сон қарорига 2-илова). Электр таъминоти корхоналарида электрни ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини масофадан туриб аниқлаш имконини берувчи ускуналар мавжуд.

Бироқ иссиқ сув таъминотини ҳисобга олиш асбобларининг маълумотларни узатиш механизми панд бериб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда ишламоқда. Буни газетхонлар ва ижтимоий сайтлардан фойдаланувчиларнинг мурожаатлари мисолида кўриб чиқамиз.

 

Аниқ ва лўнда қилиб тушунтиринг

Етказиб берувчи фуқароларга янги талаблар моҳиятини оддий сўзлар билан тушунтира олмади, ҳисобга олиш асбоби маълумотларини тақдим этиш ва ҳисобланмаларни қайта ҳисоб-китоб қилишнинг мураккаб, бунинг устига хавфли жиҳати йўқлигини айтиб, хотиржам қила олмади. Бутун таомил аввало уларнинг ўзи учун тушунарсиз бўлиб чиқди. Туман иссиқлик таъминоти ташкилотларида абонентларни етказиб берувчига иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ҳар ой маълум қилиш зарурати ҳақида огоҳлантирувчи эълонлар осилган. Бироқ кўпчилик коммунал тўловларни банкларнинг бўлинмаларида, сайёр кассирларга, ширкатларда тўлайди.

Иссиқлик энергияси ҳақини тўлаш учун янги намунадаги квитанцияларда етказиб берувчи истеъмолчини кўрсатилган алоқа каналлари орқали иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларининг қабул қилиниши ҳақида хабардор қилади. Бироқ маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаслик абонентда нимага асосан, қанча вақт оралиғида ва қандай акс этади? Ушбу муҳим ахборот қайд этилмаган, истеъмолчида етказиб берувчини ҳар ой хабардор қилиш мажбурияти ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил бўлмаган.

Афсуски, истеъмолчиларнинг аксарияти Қоидаларни ўқимайди, ҳамма ҳам етказиб берувчининг сайтига кириб, жорий этилган меъёр ҳақида била олмайди. Ҳар ой хабар қилиш талаби янги Шартномада акс этган. Бироқ қайта тузиш жараёни чўзилганлиги сабабли фуқароларнинг аксарияти Шартномаларга эга эмас.

Инспекторлар жўнатган ёзма хабарномалар ойдинлик киритиш ўрнига аксинча истеъмолчиларни янада чалкаштириб юборди. Газетхонлардан бири эшигида қолдирилган ана шундай хабарномани жўнатди: «Иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичини маълум қилишингизни сўраймиз. Тарифлар ошган тақдирда қайд этилмаган кўрсаткичларга янги тарифлар бўйича ҳисоблаб ёзилади. Бундан бош тортган тақдирда даъволар қабул қилинмайди».

Нималар ҳақида сўз юритилаётганлиги тушунарсиз. «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК туман бўлинмалари янгиликнинг моҳиятини тушунмаётгандек таассурот қолади. Акс ҳолда қонун ҳужжатлари ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига мутлақо зид бўлган бундай хабарнома қандай пайдо бўлиши мумкин? Аввало ахборот жиҳатидан саводхонликни оширишни иссиқлик таъминоти ташкилотлари ходимларидан бошлаш керак эди. Газетхон бу мавзудан хабардорлиги қўл келди. Шундай бўлса-да, ундан нимани талаб қилаётганларини тушунмади. Кўрсатилган телефон орқали қўнғироқ қилиб, ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларини ҳар ой маълум қилиши кераклиги ҳақида сўз бораётганини билди. Туман тузилмаларининг саводсизлиги туфайли томонлар ўртасида низолар, англашилмовчиликлар юзага келмоқда, таъминотчиларнинг номига доғ тушмоқда.

 

Юқорида айтилган хабарноманинг тасвири

Ҳурматли уй аҳли!

«Тошиссиққуввати» ИЧБ УК 5-ТБ ИТБ иссиқ сувни

ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичини маълум қилишингизни сўрайди. Тарифлар ошган тақдирда

қайд этилмаган кўрсаткичларга янги тарифлар

бўйича ҳисоблаб ёзилади. Бундан бош тортган

тақдирда даъволар қабул қилинмайди.

Манзил ___________________________________________________________________________________

Кимга _______________________________________

____________________________________________

5-ТБ ИТБ инспектори

____________________________________________

________________ телефони орқали қўнғироқ қилинг

 

ТАКЛИФ ЭТАМИЗ:

1. «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК туман бўлинмалари янги талабларни истаганча талқин қилишларининг олдини олиш учун етказиб берувчи истеъмолчиларнинг иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини унга ҳар ой маълум қилиш мажбуриятлари ҳақидаги эълон (хабарнома)нинг ягона шаклини ишлаб чиқиши шарт. Эълонлар ХУМШ, маҳалла қўмиталарида жойлаштирилиши, назоратчилар уйма-уй юрганларида абонентларга хабарномалар тақдим этилиши, турар жойларнинг йўлакларида осиб қўйилиши, ОАВ орқали маълум қилиниши лозим.

2. «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК ходимлари орасида янги талабларни ўрганиш, тушунтириш ва амалга ошириш бўйича машғулотлар ўтказилиши керак.

 

Каналлар панд бермоқда

Истеъмолчига ёрдам тариқасида етказиб берувчи алоқа каналларини йўлга қўйди, иссиқ сувнинг ҳар ойдаги истеъмолини улар орқали хабар қилишни таклиф этди. Бу ҳақиқатан ҳам қулай. Бевосита алоқа телефони орқали, сайтдан, инспекторга маълумотларни тақдим этиш кифоя, ҳеч қаерга бориш, навбат кутиш керак эмас. Бироқ бу ахборот етказиб берувчига етиб боришига кафолат йўқ.

Юқорида қайд этилган хабарномани олган Юнусобод туманида яшовчи истеъмолчи ҳар ой инспекторни кўрсатилган телефон орқали ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари ҳақида хабардор қилиб турган. Бироқ инспектор уларни Иссиқлик таъминоти бошқармасининг туман бўлимига тақдим этмаган. Натижада иссиқлик энергияси ҳақини бўнак тариқасида тўлаган абонент айбдор бўлиб чиққан. Унга ҳисобланмаларни ёзиб, «иссиқ сув ва иссиқлик энергияси учун қарзингиз борлиги сабабли ишингиз юзасидан ҳужжатлар қарзни мажбурий ундириш учун топширилди» қабилидаги огоҳлантиришни юборганлар. Қарз қаердан юзага келганлигини аниқлаш, маълумотномалар тўплаш, навбат кутишга тўғри келди. Аслида ушбу англашилмовчилик ишдан бўшаб кетган инсофсиз инспектор айби билан юзага келган.

Мирзо Улуғбек туманида яшовчи бошқа истеъмолчи узоқ муддат даволаниш учун Қозоғистонга чиқиб кетган қўшниларининг уйига қараб турган. Квартирада ҳеч ким яшамаган. Бу давр учун иссиқ сув истеъмоли ҳисобга олиш асбобида қайд этилмаганига қарамай, қўшни йил давомида ҳар ойда кўрсаткичларни етказиб берувчига маълум қилиб турган. Шунга қарамай, квартира соҳибига ҳар ой автоматик равишда ҳисобланмалар қилинган.

Худди шу тумандаги истеъмолчи ҳисобга олиш асбобидаги маълумотларни етказиб берувчининг сайти орқали тақдим этган. Сайт бирмунча муддат ишламаганлиги кейинчалик маълум бўлган. Натижада абонентга иссиқ сувнинг ўртача ойлик сарфи бўйича истеъмолини ҳисоблаб, қайта ҳисоб-китоб қилиш учун ҳужжатлар пакетини тақдим этиш талабини асоссиз равишда қўйганлар. Алоқа каналларидан фойдаланиш қулай, лекин ишончсиз эканлиги кўринмоқда. Истеъмолчи унинг ахбороти манзилига етиб борганлигини текшириши шарт бўлиб чиқяпти.

Қоидаларга кўра назоратчи 3 ойда бир марта иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларини текшириши шарт (Қоидаларнинг 58-банди), бироқ у ҳар доим ҳам квартирага кира олмайди. Турар жойга тўсиқсиз қўйиш муаммоси аввалгидек долзарб. Бироқ у ҳам асосга эга – назоратчиларнинг кўпчилиги хизмат ваколатларини суиистеъмол қиладилар. Уларнинг айримларининг масъулиятсизлиги сабабли маълумотлар Иссиқлик таъминоти бўлимига тақдим этилишига кафолат йўқ. Шу боис етказиб берувчи фуқароларнинг онглилигига умид қилган ҳолда истеъмолчидан исталган алоқа канали орқали хабар кутади.

 

ТАКЛИФ ЭТАМИЗ:

1. Алоқа каналлари орқали иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобининг маълумотларини тақдим этмаганлик учун етказиб берувчи вакилларининг жавобгарлигини кучайтириш.

2. Қоидаларнинг 58-бандига етказиб берувчи ойда 1 марта истеъмолчилар томонидан индивидуал ҳисобга олиш асбобидан ёзиб олинган кўрсаткичлар ва улар томонидан иссиқ сувнинг истеъмол қилинган ҳажми тўғрисида маълумотларнинг тўғрилигини ўз маълумотлари билан солиштиришини белгиловчи ўзгартиришлар киритиш лозим. Маълумотларни узатиш чизмаси қуйидагича бўлиши мумкин. Назоратчи ойда бир марта ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларини текширади, уларни истеъмолчи имзо чекадиган  кўрсаткичлар варағига қайд этади, унга иккинчи нусхасини қолдиради ва маълумотларни Иссиқлик таъминоти корхонасига тақдим этади.

 

Ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларидан бошқаси керак эмас

«Тошиссиққуввати» ИЧБ УКда маълум қилишларича, автоматик равишдаги ҳисобланмаларни қайта ҳисоб-китоб қилиш учун фақат ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичлари зарур бўлади. Қолган барчаси – асоссиз талаблар. Шунга қарамай, туман иссиқлик таъминоти ташкилотлари абонентларни бутун бир ҳужжатлар пакетини тўплашга мажбур қиладилар. Улардан бирининг талаблари қуйидагича. Автоматик равишдаги ҳисобланмаларни ўчириш учун абонент қуйидагиларни тақдим этиши зарур: бошлиқ номига ариза; ХУМШ муҳри билан тасдиқланган 17-сон шаклдаги маълумотнома; инвентарлаш далолатномаси; квартирага эгалик қилиш ва амалда яшаш жойидаги маҳалладан далолатнома; 2011 йилдан буён иссиқлик энергияси ҳақи тўланганлиги ҳақидаги квитанциялар; республика ташқарисига чиқишда – чипталарнинг кўчирма нусхалари, паспортдаги бориш мамлакатида рўйхатдан ўтганлиги ҳақида белги. Бошқа туманларда бундан ҳам ошиб тушдилар. Юқорида кўрсатилган рўйхатга турар жойга эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжатлар, инспекторнинг ҳисобга олиш асбоби техник жиҳатдан созлиги ҳақидаги далолатнома қўшилди. Мирзо Улуғбек туманида яшовчи истеъмолчи қайта ҳисоб-китоб қилдиришга 2 ойдан ортиқ вақт сарфлади. Бунинг учун республикада бўлмаган квартира соҳиби 38 та (!!!) маълумотнома йиғишига тўғри келди.

 

Юқорида айтилган ҳужжатлар рўйхатининг тасвири

Ҳурматли уй аҳли!

«Тошиссиққуввати» ИЧБ УК шуни маълум қиладики, автоматик равишдаги ҳисобланмаларни ўчириш учун қуйидаги ҳужжатлар пакетини тайёрлаш зарур:

1. ТБ 3/2 бошлиғи номига ариза, 2 нусхада.

2. ХУМШ муҳри билан тасдиқланиши шарт бўлган 17-шакл, 2 нусхада.

3. ХУМШ муҳри билан тасдиқланиши шарт бўлган 17-шакл бўйича маълумотнома, 2 нусхада.

4. ТБ 3/2 инспекторининг инвентарлаш далолатномаси, 2 нусхада.

5. Турар жойидаги ёки турар жойи бўлмаган маҳалладан далолатнома; амалда яшаш жойидаги маҳалладан далолатнома, 2 нусхада.

6. Иссиқ сув учун 2011 йилдан бери тўланган квитанцияларнинг кўчирма нусхалари, 2 нусхада.

 

Агар Ўзбекистон Республикасидан ташқарида истиқомат қилаётган бўлса, буни тасдиқловчи ҳужжатлар (масалан, чиптанинг кўчирма нусхаси, паспортдаги рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги белгининг кўчирма нусхаси).

Буларнинг барчаси хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишга ўхшайди. Автоматик равишдаги ҳисобланмалар воситасида иссиқлик таъминотчилари турар жойларни инвентарлаш, амалда яшовчи фуқароларнинг ҳисобини юритиш, ҳисобга олиш асбобларининг техник ҳолати билан боғлиқ муаммоларни ҳам бир йўла ҳал этишга уринаётгандек кўринади. Кимдир бу маълумотномаларни йиғишга киришади, бошқаси эса қўл силтаб, қайта ҳисоб-китоб қилишга уриниб ҳам кўрмайди. Ёки бундан ҳам ёмони – инсофсиз инспектор билан «келишишга» уринади, бунда абонент қайта ҳисоб-китоб қилиш учун иссиқ сув истеъмоли ҳақидаги маълумотларни тақдим этмагунча дастурдаги ҳисобланмалар базада тураверишини англаб етмайди.

Фуқароларнинг шаҳар, республика ташқарисига чиқиб кетиб, бу пайтда ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларини ҳар ой тақдим эта олмайдиган ҳолатнинг ечимини ҳам топиш лозим. Бу ҳолда тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинса керак.

 

ТАКЛИФ ЭТАМИЗ:

1. Истеъмолчиларга автоматик равишдаги ҳисобланмалар механизмини тушунтириш.

2. Ҳисобга олиш асбобидаги маълумотларни тақдим этишнинг аниқ регламенти ҳамда шаҳар, республика ташқарисига чиқиб кетиб квартирада яшамаганда қайта ҳисоб-китоб қилиш учун ҳужжатлар рўйхати белгиланиб, ушбу меъёр Шартномада қайд этилиши.

3. Автоматик равишдаги ҳисобланмаларни қайта ҳисоб-китоб қилишда ҳуқуққа зид талаблар қўйилишига йўл қўймаслик ҳақида ички фармойиш чиқариш. Бунинг учун туман иссиқлик таъминоти ташкилотининг раҳбари бевосита жавобгар бўлишини белгилаш.

4. Автоматик равишда ҳисобланмалар қилинганда талаблар бузилганлиги далилларини ошкор қилиш, бу ҳақда ОАВда хабар қилиш.

 

Меъёрдан кам истеъмол қилсангиз – ҳимояланинг!

Муаммонинг яна бир жиҳати мавжуд. Чилонзор туманида яшовчи фуқарога иссиқ сув учун автоматик равишда ҳисобланма ёздилар. У бунинг сабабини аниқлаётганда иссиқлик таъминоти ташкилотидагилардан: «Сиз меъёрдан кам истеъмол қиласиз» деган жавоб олди. Етказиб берувчида бу шубҳа уйғотган. Аслида квартирада ҳисобга олиш асбоби нима учун ўрнатилган? Киши кун бўйи ишда, эрталабдан кечгача сувни оқизмайди. Мамлакат учун чексиз бўлмаган захираларни, ўзи учун эса шахсий маблағини тежаяпти. Иссиқлик таъминотчилари эса захираларни тежаш қоидасининг ўзини шубҳа остига қўймоқдалар: кам истеъмол қиляпсизми – қоидани бузмаётганлигингизни исботланг қабилида йўл тутмоқдалар.

Бироқ нега истеъмолчи ниманидир исботлаши керак? Агар етказиб берувчида истеъмол хусусида шубҳа юзага келса, асоссиз талабларни абонент зиммасига юклаш ўрнига, эҳтимол, амалда сув бошқача сарфланаётганини унинг ўзи аниқлаши, исботлаши керакдир.

Шуниси эътиборга сазоворки, у тежамли истеъмоли етказиб берувчининг даъволарига сабабчи бўлган ягона истеъмолчи эмас. Кишиларнинг тушунтириш хати ёзишларига, маълумотномалар тўплашларига, инспекторларни ҳисобга олиш асбобини текшириб, унинг созлигини далолатнома билан тасдиқлашлари учун таклиф этишларига тўғри келмоқда. Буларнинг барига қарийб 2 ой кетади. Бир томондан, истеъмолчиларни захираларни тежашга ундаб туриб, бошқа томондан аслида меъёрдан кам истеъмол қилганларида уларга асоссиз даъво қўйишлари ва шубҳаланишлари мантиққа зид.

Фуқаролик кодексининг 474-моддасига мувофиқ, энергия ҳақи абонент амалда қабул қилган энергия миқдори учун тўланади. ФКнинг 470-моддасига мувофиқ, энергиядан турмушда фойдаланадиган фуқаро энергия таъминоти шартномасига мувофиқ абонент бўлган тақдирда у энергиядан ўзи учун зарур бўлган миқдорда фойдаланишга ҳақли.

Етказиб берувчининг кам истеъмол борасидаги талаблари ҳисобга олишдаги муаммолар билан боғлиқ бўлиши мумкин деган фикр мавжуд. Масалан, киши бир нечта квартирага эга. Бирида ҳисобга олиш асбоби ўрнатилган, бироқ унда ҳеч ким яшамаслиги сабабли иссиқ сув жуда кам истеъмол қилинади. У ҳисобга олиш асбоби ўрнатилмаган квартирада яшайди, ундан ташқари у ерда пропискадан ўтмаган ва рўйхатга олинмаган бир нечта киши, яъни ҳисобга олинмаган истеъмолчилар яшайди. Иссиқлик таъминоти ташкилоти учун бу йўқотиш, албатта. Бироқ биринчи ва иккинчи квартира ўртасида қандай алоқа бор? Истеъмолчи бошқа жойда ҳисобга олинмаган шахслар билан бирга эртаю кеч сув оқизаётгани ҳақидаги шубҳа-гумонлар нима учун ҳисобга олиш асбобининг ҳақиқатдаги кўрсаткичларида акс этиши керак? Истеъмол қилинмадими – ҳақ тўланмайди. Ҳисобга олинмаган истеъмолчилар мавжуд бўлса, уларни аниқланг. Бу етказиб берувчининг муаммоси. Инсофли истеъмолчи иссиқлик таъминотчилари ҳисобни йўлга қўя олмасликларидан азият чекмаслиги лозим. Зеро талаб қўйиш учун тахминларга эмас, қонун ҳужжатларига асосланиш даркор. Акс ҳолда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари поймол этилади.

 

ТАКЛИФ ЭТАМИЗ:

1. Назоратчилар ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларини мунтазам қайд этишлари, унинг созлигини текширишлари шарт.

2. Ҳисобга олиш асбоблари ўрнатилмаган квартираларда истеъмолчилар ҳақиқатда яшовчи кишилар сони ҳақидаги маълумотларни тақдим этишлари шарт. Нотўғри маълумотлар тақдим этилганда уларга қатъий ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш лозим.

3. Ҳақиқатда яшовчиларни аниқлаш масаласи мазкур масала унинг ваколатига кирувчи ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ҳал этилиши шарт.

4. ТИИБ, ФҲДЁ, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларининг истиқомат қилувчи, прописка қилинган-пропискадан чиқарилган, ҳисобга қўйилган шахслар, турар жойларнинг майдони ва бошқалар ҳақида мунтазам янгилаб бориладиган маълумотлар асосида коммунал тузилмалар учун ягона электрон база яратиш лозим.

5. Ҳисобга олиш асбобларисиз иссиқ сув истеъмол қилинишини тақиқлаш керак.

 

Маълумотнома учун ҳисобга олиш

асбоби талаб этилмайди

Агар квартирада иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоби ўрнатилмаган бўлса, иссиқлик таъминоти ташкилотидан иссиқлик энергияси учун қарз йўқлиги ҳақида маълумотномани нотариал идорага тақдим этиш учун олиш мумкинми?

– Иссиқлик энергиясидан қарз йўқлиги ҳақида маълумотнома олиш ва нотариал идорага тақдим этиш учун иссиқ сув таъминотини индивидуал ҳисобга олиш асбоби ўрнатилган бўлиши талаб этилмайди. Вазирлар Маҳкамасининг «Республиканинг иссиқлик ва сув билан таъминлаш ташкилотларини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори (6.11.2013 йилдаги 300-сон) 10-банди, шунингдек Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 1-илова) 93-бандига мувофиқ, иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбобига эга бўлмаган жисмоний шахсларга етказиб берилган иссиқлик энергияси (иссиқ сув) қийматига ҳақ тўлаш иссиқ сув таъминоти хизматлари учун белгиланган тарифларга белгиланган 1,5 оширувчи коэффициенти қўлланган ҳолда амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтказилган фуқаролар бўлмаган турар жой хонадонларида иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари мавжуд бўлмаганда иссиқ сув таъминоти хизматлари учун ҳисоб-китоблар 1 хонали ва 2 хонали турар жойларда бир киши; 3 хонали турар жойларда икки киши; 4 хонали турар жойларда уч киши; 5 хонали турар жойларда тўрт киши ҳисобидан, иссиқ сув таъминоти хизматларига белгиланган тарифларга қонун ҳужжатларида белгиланган оширувчи коэффициент қўлланган ҳолда, амалга оширилади.

Шу тариқа, истеъмолчи иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбобини танлаш ва ўрнатиш ҳамда амалда истеъмол қилинган иссиқ сув ҳақини тўлашга ёки иссиқ сув таъминоти хизматларига белгиланган тарифларга 1,5 оширувчи коэффициентини қўллаган ҳолда нормативлар бўйича ҳар бир киши учун ҳақ тўлашга ҳақли.

 

Қарздорнинг чиқиб кетишини тақиқлашлари мумкин

Иссиқлик энергияси учун қарз бўлганда Ўзбекистондан чиқиб кетишни тақиқлаш тўғрими?

– «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 42-1-моддасига мувофиқ, суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, суд ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.

Юқорида баён этилганлар асосида суднинг иссиқлик энергияси (иситиш ва иссиқ сув таъминоти) учун дебиторлик қарзини ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарори мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқишни чеклаш чораси қўлланилиши мумкин.

 

 


Прочитано: 1836 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика