Norma.uz

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммити

 

2016 йил 23-24 июнь кунлари Кўксаройда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлди. Мажлис Ўзбекистон Республикаси раислигида ўтди.

 

ШҲТ саммити ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви билан бошланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раислигида ўтган учрашувда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон иштирок этди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил 15 июнда Шанхай шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон имзолаган ШҲТни ташкил этиш тўғрисидаги декларация асосида тузилган. Ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар, энергетика, транспорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзи қамраган минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифалари этиб белгиланган.

Ўтган 15 йилда ташкилотнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди, котибияти ва таркибий тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди. ШҲТ нуфузли давлатлараро ташкилот сифатида халқаро майдонда мустаҳкам ўрин эгаллади, кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизмига айланди.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига учинчи маротаба раислик қилмоқда. Мамлакатимиз ШҲТга 2003–2004 ҳамда 2009–2010 йилларда раислик қилган.

Ўзбекистон Республикаси 2015 йил 11 июлдан буён ташкилотга раислик қилиб келмоқда. Мамлакатимиз аъзо давлатлар билан биргаликда ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро алоқалар мувофиқлашувини яхшилаш, ташкилотнинг халқаро майдондаги ролини кучайтириш юзасидан салмоқли ишларни амалга оширди. ШҲТнинг халқаро алоқаларини ривожлантириш, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташаббусларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш орқали ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратди.

Давлат раҳбарлари ШҲТнинг 15 йиллик фаолияти асосий натижаларини кўриб чиқдилар. Ташкилот нуфузли ва аҳамиятли тузилма сифатида халқаро майдонда мустаҳкам ўрин эгаллагани алоҳида таъкидланди.

Мажлисда халқаро терроризм, экстремизм ва унинг бошқа кўринишлари бугунги кунда дунёнинг барча мамлакатлари учун бирдек хавф солаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу таҳдидларга фақат ҳамкорликда, жаҳон ҳамжамияти ҳаракатларини бирлаштириш орқали қарши курашиш мумкинлиги қайд этилди.

ШҲТ Хартияси қоидалари ва бошқа ҳужжатларига мувофиқ терроризм, сепаратизм ва экстремизмга, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, қурол-яроғ, ўқ-дори ва портловчи моддалар билан ноқонуний савдо, оммавий қирғин қуроллари ва уларни етказиб бериш воситалари тарқалишига қарши биргаликда курашиш ШҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор вазифаларидан бири экани таъкидланди.

Ўзаро ҳамкорлик, давлат суверенитетини ҳурмат қилиш ва бошқа мамлакатлар ички ишларига аралашмаслик принципларига асосланган ҳолда, хавфсиз, холис ва очиқ ахборот маконини яратишга доир саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Мажлисда кўп томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, минтақа ва дунёдаги вазиятга оид долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Иқтисодиётнинг пасайишига қарши самарали курашиш борасида тажриба алмашиш, инновацион технологияларни жорий қилиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида узоқ муддатли ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ва инфратузилмани ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Мажлисда транспорт коммуникациялари, энергетика, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида кузатувчи мақомидаги мамлакатлар делегациялари раҳбарлари – Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Мўғулистон Республикаси Президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Зариф, саммит меҳмони – Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам иштирок этди. Шунингдек, мажлисда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов, Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев қатнашди.

Саммитда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари Жефри Фелтман, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа, АСЕАН Бош котиби Ле Лионг Минь, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг ижрочи директори Гун Цзяньвэй ҳам иштирок этди.

Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзолангани Тошкент саммитининг муҳим воқеаларидан бўлди.

Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТнинг тенг ҳуқуқли  аъзоси мақомига эга бўлиши ташкилот имкониятларини кенгайтириб, халқаро майдонда долзарб муаммоларни ҳал этиш, минтақа ва умуман дунёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлайдиган кўп томонлама механизм сифатида ташкилот ролини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Давлат раҳбарлари Озарбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Камбоджа Қироллиги ва Непалга ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари мақомини бериш тўғрисидаги меморандум имзоланишини маъқулладилар.

Музокаралар якунида ШҲТ ўн беш йиллигининг Тошкент декларацияси, ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016–2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш дастури ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислик давридаги фаолиятига юксак баҳо берилди.

ШҲТнинг Тошкент саммити ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим келишувларга эришилган саммит сифатида ШҲТ тарихидан алоҳида ўрин олади.

ШҲТга раислик Қозоғистон Республикасига ўтди.

ЎзА материали асосида

тайёрланди.

Прочитано: 1980 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика