Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 26 / Божхона

ТИА талаб этилмайди

 

Янги таҳрирдаги БКнинг 134-моддасига мувофиқ, божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга рухсатнома олиш учун зарур ҳужжатлар рўйхатида қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлари бўлган техник-иқтисодий асослар (ТИА) ва қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормалари тақдим этилиши назарда тутилган.

Бироқ гап шундаки, божхона ҳудудидан ташқарида таъмирлаш учун олиб чиқиладиган ускуна ва машиналар ҳам ушбу божхона режимига тушади. Илгари бундай олиб чиқиш учун фақат тегишли хулоса ва ҳисоб-китобларни тақдим этардик. Агар қайта ишлаш мақсади товарларни таъмирлашдан иборат бўлиб, тижорат тусига эга бўлмаса, ТИА талаб этилмас эди. Янги БК кучга кириши билан ускунани таъмирлашга ҳам уни талаб қила бошладилар. Товар (ускуна ва машиналар) фақат ТАЪМИРЛАШ учун олиб чиқилаётганлиги, эскирган қисмлари алмаштирилиб, ташхис қўйилиши, товар тавсифи ва унинг ТИФ ТН коди ўзгармаслиги, тегишинча, қайта ишлаш маҳсулотининг чиқиш нормаси бўлмаслиги ҳақидаги барча тушунтиришларим натижа бермади. ТИАИСВдан асосларни беришини сўрадик, у ерда ушбу муаммога қўл силтаб, таъмирлашга ТИА талаб этилмаслигини айтишди. Ахир уни божхона талаб этяпти! Бу ҳолатда қандай йўл тутайлик?

У.Д.

Давлат божхона қўмитаси мурожаатингизни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг (бундан кейин – Кодекс) 134-моддасига мувофиқ, товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга рухсатнома олиш учун ваколатли шахс товар қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида турган бўлса, ўша божхона органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза;

қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлари бўлган техник-иқтисодий асослар (ҳисоб-китоблар), шунингдек ваколатли органларнинг ва (ёки) ваколатли ташкилотларнинг (шу жумладан божхона лабораторияларининг) қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаларини белгилаш учун аниқ қайта ишлаш технологик жараёнига асосланган хулосалари;

қайта ишлашни амалга ошириш учун асос бўлган контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) ёки товарни қайта ишлаш учун олиб чиқишга ва қайта ишлаш маҳсулотларини олиб киришга доир контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) кўчирма нусхаси.

Кодекснинг 44-моддасига мувофиқ, товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга қуйидаги талабларга ва шартларга риоя этилган ҳолда йўл қўйилади:

олиб чиқилган товарни божхона органлари томонидан уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш мумкин бўлганда, бундан ушбу Кодекс ­46-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар учун – товарни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асослари ваколатли орган билан келишилган бўлса, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;

устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар учун – товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслиги ҳақида ваколатли органнинг хулосаси мавжуд бўлса;

агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши лозим бўлса, божхона органларининг ахборот тизимида ушбу органларнинг рухсатномалари мавжудлиги;

техник-иқтисодий асосларнинг ва амалдаги қайта ишлаш жараёнининг кўрсаткичлари бир-бирига мос бўлиши;

товарни қайта ишлаш операцияларининг ушбу Кодекс ­43-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши.

ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг товарларни қайта ишлаш билан боғлиқ қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (17.08.2004 йилдаги 398-сон) асосан, агар товарлар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари:

товарларни қайта ишлаш тижорат хусусиятига эга бўлмаган;

товарларни таъмирлаш қайта ишлашнинг мақсади ҳисобланган;

бир контракт бўйича қайта ишланадиган товарларнинг божхона қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 500 бараваридан ошмаган ҳолларда айни бир божхона органига тақдим этилганда қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асослари Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан келишилиши талаб этилмайди.

Жавобдан қониқмаган тақдирда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ЎзР Қонунига (3.12.2014 йилдаги ЎРҚ-378-сон) мувофиқ белгиланган тартибда юқори инстанцияларга мурожаат қилишга ҳақлисиз.

Бахтиёр РАИМОВ,

ЎзР ДБҚ раисининг

биринчи ўринбосари.

Прочитано: 1850 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика