Norma.uz

Пенсионерларнинг меҳнати

 

Ишга қабул қилиш

 

Фуқароларнинг мазкур тоифасини (пенсионерларни) ишга қабул қилишда алоҳида тартиб-қоидалар белгиланган эмас – расмийлаштириш оддий тартибда амалга оширилади. Меҳнат ва дам олиш режимлари ҳам умумий.

 Ёшга доир пенсионерлар меҳнатидан фойдаланиш уларнинг ўзи учун ҳам, қўшимча меҳнат ресурслари шаклланиши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга, шу боис кексаларни ишлаш имконияти билан таъминлаш муаммоси давлат ва жамиятнинг алоҳида эътиборига сазовор.

Пенсионер билан қандай шартномаларни тузиш мумкин

 Иш берувчи пенсионер билан қуйидаги меҳнат шартномаларини:

– номуайян муддатга;

– беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга;

– муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб;

– фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани (масалан, меҳнат келишуви, пудрат ёки пуллик хизмат кўрсатиш шартномасини) тузиши мумкин. Пенсионер билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги бундай шартномани тузаётган иш берувчи бу ҳолда таътил ва касаллик варақаси ҳақи тўланмаслиги ҳақида уни огоҳлантириши шарт. Пенсионер ташкилотда ўриндошлик бўйича ҳам ишлаши мумкин.

Синов муддати

Ишга қабул қилаётганда синов муддатини белгилаш имконияти Меҳнат кодексининг 84-моддасида назарда тутилган.

Ишга қабул қилаётганда синов белгиланмайдиган шахслар рўйхатига пенсионерлар кирмайди (МКнинг 84-моддаси 3-қисми).

Яъни уларга нисбатан умумий қоидалар амал қилади.

Дастлабки синовни ўташ ҳақида меҳнат шартномасида ва ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда шартлашилган бўлиши лозим (бундай шартлашув бўлмаган тақдирда пенсионер дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланади) (ФКнинг 84-моддаси 2-қисми).

Синов муддати тузилган шартнома турига боғлиқ. Умумий қоидага кўра синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмас (МКнинг 85-моддаси 1-қисми).

Олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди (МКнинг 84-моддаси 3-қисми).

Иш ва дам олиш вақти

Пенсионерлар учун мослашувчан иш режими белгиланиши мумкин, у қайси ишга даъвогарлигига ҳам боғлиқ бўлади.

Одатда ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас (МКнинг 115-моддаси 1-қисми).

Бу асосий, вақтинчалик ва мавсумий ходимлар, шунингдек муайян ишларни бажариш вақтига мўлжаллаб ишга қабул қилинган ходимларга тааллуқли.

МКнинг 119-моддаси 1-қисмига кўра, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ишга қабул қилиш чоғида ҳам, кейинчалик ҳам тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилаб қўйилиши мумкин.

Иш берувчи Меҳнат кодексида (229-модда), шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда ходимнинг илтимосига кўра тўлиқсиз иш вақтини белгилаб қўйиши шарт.

Пенсионерлар МКнинг 119-моддаси 1-қисмига мувофиқ иш берувчи бундай иш вақти режимини белгилаши шарт бўлган шахслар тоифасига кирмайди. Бироқ ишловчи пенсионернинг илтимосига кўра бундай режим белгиланиши мумкин.

Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътилининг муддатини, меҳнат стажини ҳисоблашни ҳамда бошқа меҳнат ҳуқуқларини бирон бир тарзда чеклашга асос бўлмайди ва ишланган вақтга ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.

Ўриндошларнинг меҳнатига ҳам шундай ҳақ тўланади.

Қисқартирилган иш вақти муддати. Агар ишловчи пенсионер айни пайтда I ва II гуруҳ ногирони бўлса, унга меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади (МКнинг 220-моддаси 3-қисми).

Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга (МКнинг 117-моддаси) ва  алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар учун (МКнинг 118-моддаси) меҳнат   шароитларига  баҳо  бериш  услубияти  асосида ­ 40 соатлик иш ҳафтаси 36 соатгача қисқартирилиши керак.

Иш вақтининг қисқартирилган муддати ҳақидаги шарт меҳнат шартномасида қайд этилган бўлиши керак.

Ишловчи пенсионерлар учун меҳнат шароити

Қонун ҳужжатларида ишловчи пенсионерларнинг меҳнат шароитига алоҳида талаблар белгиланмаган. Бироқ бундай ходимни ишга қабул қилаётган иш берувчи меҳнат шароити, хусусан, иш вақти ва дам олиш вақти режими муайян пенсионернинг ишлаш қобилиятига мувофиқ келиши зарурлигини ҳисобга олиши лозим.

Шу муносабат билан Президентнинг 20.11.1995 йилдаги «Ишловчи пенсионерларга тўланадиган пенсиялар ҳақида»ги ПФ-1289-сон Фармонининг 1-банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилди:

«2014 йилнинг 1 январидан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тарзидаги шартномалар бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган, ёшга доир пенсияларнинг минимал миқдоридан паст даромад (гонорар, мукофот ва бошқалар) оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади».

Таътиллар

Йиллик асосий таътил

Ташкилотда меҳнат шартномаси бўйича ишловчи ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилади (МКнинг 134-моддаси).

Агар пенсионер ташкилотга энди ишга кирган бўлса, илк таътилга чиқиш ҳуқуқи узлуксиз олти ой ишлагандан кейин юзага келади (МКнинг 143-моддаси 1-қисми). Ишловчи пенсионерга таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади.

Агар ходим ташқи ўриндош бўлса, унга ҳам йиллик ҳақ тўланадиган таътил берилади. Ўриндош пенсионерга таътилни асосий ишидаги таътил билан бир вақтда бериш зарур.

Иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътиллар

Пенсионернинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак (МКнинг 150-моддаси 1-қисми).

Қўшимча таътиллар

Меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасининг шартларида назарда тутилган ҳолларда пенсионерга қўшимча таътиллар берилади (МКнинг 136, 137, 138-моддалари).

Пенсионерларнинг алоҳида тоифалари учун таътиллар

Агар ишлаётган пенсионер I ва II гуруҳ ногирони бўлса, унга ўттиз календарь кунлик йиллик узайтирилган асосий таътил берилади.

 

А.Рисқуллаев,

«Norma Online» эксперти.

 

Пенсия таъминоти соҳасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қатнашчилари бўлган давлатларнинг фуқаролари ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида битим қатнашчилари бўлган давлатлар фуқаролари ва улар оила аъзоларининг ПЕНСИЯ таъминоти УЛАР ҲУДУДИДА ЯШАЁТГАН ДАВЛАТ ҚОНУНЧИЛИГИ БЎЙИЧА амалга оширилади

 

2015 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда қуйидаги тўловларнинг

ЭНГ КАМ МИҚДОРЛАРИ белгиланган:

ёшга доир ПЕНСИЯ – ойига 254 730 сўм;

болаликдан ногиронларга НАФАҚА254 730 сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга НАФАҚА – ойига 156 310 сўм.

 

 

Тўловни тасдиқланг

 

Мен ҳарбий хизматчининг хотиниман. 1989 йилда турмуш ўртоғимнинг Россиядаги хизмат ўташ жойига чиққанман. 1989–1997 йилларда ҳарбий қисмда ишлаганман. Меҳнат дафтарчамда бу ҳақда ёзув қайд этилган.

Пенсияни ҳисоблаб ёзишда ушбу иш стажи инобатга олинадими? Бунинг учун қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак?

Л.Натова.

Тошкент ш.

– Пенсия таъминоти соҳасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қатнашчилари бўлган давлатларнинг фуқаролари ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида битим (Москва, 13.03.1992 йил, бундан кейин – Битим) қатнашчилари бўлган давлатлар томонидан имзоланган мазкур Битимнинг 1-моддасига мувофиқ, мазкур Битим қатнашчилари бўлган давлатлар фуқаролари ва улар оила аъзоларининг пенсия таъминоти улар ҳудудида яшаётган давлат қонунчилиги бўйича амалга оширилади.

Бундай фуқароларга пенсиялар яшаш жойи бўйича тайинланади.

МДҲ давлатлари фуқароларининг, шу жумладан имтиёзли асосдаги ва кўп йил ишлаганлик учун пенсия олиш ҳуқуқини белгилаш учун улар ушбу исталган давлатлардан бирининг ҳудудида, шунингдек собиқ Иттифоқ ҳудудида Битим кучга киргунга қадар эга бўлган меҳнат стажи ҳисобга олинади (Битимнинг 6-моддаси).

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон) 40-моддасига асосан, чет элда ишланган даврлар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади. Шу сабабли уларни стажга киритиш учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш зарур.

 

 

Пенсия кутиб туради

 

Ҳозир ишловчи пенсионерман. Ишдан бўшаб, сўнг муайян вақтга Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетишни режалаштиряпман. Бу ҳолда пенсия олиш таомили ҳақида маълумот берсангиз. Пенсия жамғармасини узоқ вақтга кетаётганлигим ҳақида огоҳлантиришим керакми?

К.Д.

Тошкент ш.

– Ишламайдиган пенсионерларга пенсияларни улар истиқомат қилиб турган жойдаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари тўлайди («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 52-моддаси). Сиз пенсияни «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг таркибий бўлинмалари орқали ёки хоҳишингизга кўра пул маблағларини ўз депозит ҳисобрақамингизга нақд пулсиз ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали олишингиз мумкин (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 157-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова, бандан кейин – Низом).

Агар пенсияни тижорат банкининг филиали орқали олишга қарор қилсангиз, ҳар 6 ойда ўз ҳуқуқингизни тасдиқлашингиз зарур. Бунинг учун яшаш жойингиздаги Пенсия жамғармаси бўлимига келишингиз зарур. Акс ҳолда пенсия тўлаш тўхтатиб турилади.

Кетган пайтингизда пенсия тўлашни тўхтатиб туришлари учун бу ҳақда Пенсия жамғармаси бўлимига ариза беришингиз мумкин. Шуни эслатиб ўтамизки, Низомнинг 172-бандига асосан тайинланган пенсияни тўлаш:

уни тўлаш муддати тамом бўлганда;

кетма-кет 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида почта алоқаси ташкилоти орқали пенсия олинмаганда;

пенсияни тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида пенсионер томонидан ариза берилганда ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тўхтатиб турилади.

Пенсиянгизни тўлаш сиз Пенсия жамғармаси бўлимига ариза тақдим этганингиздан сўнг тикланади. Бунда шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат бўлиши зарур.

Тайинланган пенсияни тўлаш:

пенсионер вафот этганда;

тайинланган пенсияга ҳуқуқлар йўқолганда;

доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетилганда тўхтатилади.

Абдурашид Исмоилов,

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасининг пенсия ва нафақалар тайинланишини таҳлил ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи.

 

Эрининг хизмат вақти хотинига ҳисобланади

Мен ҳарбий хизматчининг хотиниман. Турмуш ўртоғим хизмат қилган жойда ишлаш имконига эга бўлмаганман. Яқинда пенсияга чиқаман. Бу давр иш стажига қўшиб ҳисобланадими? Агар ҳисобланса, қандай тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишим зарур?

К.Зарифжонова.

– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «з» бандига кўра, офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт, лекин 10 йилдан ошмаган давр иш стажига қўшиб ҳисобланади.

МИСОЛ. Офицернинг хотини турмуш ўртоғи хизмат қилган олис тоғли туманда 15 йил яшаган. Бу ерда уни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган. Сўнг унинг турмуш ўртоғини вилоят марказига ўтказганлар, у ерда аёл мактабда 15 йил ишлаган. Унинг меҳнат стажида 15 йил ўқитувчи бўлиб ишлагани ва 10 йил эрининг олис тоғли тумандаги хизмати ҳисобга олинади.

Шуни қайд этиш зарурки, хотинини ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда ҳарбий хизматдаги эри билан яшаган вақт, агар унда Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларида кўрсатилган камида 5 йиллик* умумий стаж мавжуд бўлса, унинг иш стажига қўшилади.

МИСОЛ. Ҳарбий хизматчининг хотини 4,5 йиллик иш стажига эга. Уни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда ҳарбий хизматдаги эри билан яшаган вақт иш стажига қўшилмайди. 5 йиллик стажнинг мавжудлиги ушбу вақтни (10 йилдан ошмаган) умумий стажга қўшиб ҳисоблаш ҳуқуқини беради ва у 15 йилни (5 йил + 10 йил) ташкил этади.

Маълумот учун! Талаб этилаётган 5 йиллик иш стажи қуйидаги меҳнат фаолияти даврлари йиғиндисидан ташкил топади:

а) фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;

б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;

в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан якка (гуруҳли) ижара шароитидаги ёки шахсий ёрдамчи, деҳқон (фермер) хўжалигидаги фаолият, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда.

 

Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – Низом) 68-бандига мувофиқ, офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатидан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақти маълумотномалар билан тасдиқланади. Хизмат Ўзбекистон ҳудудида ўталган ҳолларда ушбу маълумотнома Низомга ­9-иловага мувофиқ шакл бўйича Меҳнат вазирлигининг аҳоли бандлиги ҳудудий органи томонидан берилади. Хизмат чет элда ўталган тақдирда эса – Низомга 10-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳарбий хизмат ўталган жой бўйича юқори ҳарбий қисмлар, муассасалар, ҳарбий-ўқув (ўқув) муассасалари командирлари (бошлиқлари) томонидан берилади.

Тегишинча, пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этганда аризага офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатидан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақтини тасдиқловчи маълумотномани илова қилиш зарур.

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари

Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.

 

*2016 йил 1 июлдан бошлаб 25.04.2016 йилдаги ЎРҚ-405-сон Қонунга мувофиқ энг кам иш стажи 7 йилни ташкил этади.

Низомга

9-ИЛОВА

 

ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИ ХОТИНИНИНГ ИШГА ЖОЙЛАШИШ ИМКОНИЯТИ БЎЛМАГАН

ЖОЙЛАРДА ЭРИ БИЛАН ЯШАГАН ДАВРИ ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТНОМА

НАМУНАСИ

Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини

ижтимоий муҳофаза қилиш туман

(шаҳар) марказининг штампи

____________ N____

 

МАЪЛУМОТНОМА

 

 

 

(ҳарбий хизматчи хотинининг фамилияси, исми ва отасининг исми)

 

 

 

______________________________________ ишга жойлашиш имконияти бўлмаганлиги туфайли ____________ дан _______________ гача ишламаган ҳамда Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида ишсиз сифатида ҳисобга турган.

 

Маълумотнома бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига тақдим этиш учун берилди.

 

Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини

ижтимоий муҳофаза қилиш

туман (шаҳар) маркази бошлиғи

 

 

 

 

 

 

(имзо)

 

 

(Ф.И.О.)

 

 

 

 

М.Ў.

Низомга

10-ИЛОВА

 

ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИ ХОТИНИНИНГ ИШГА ЖОЙЛАШИШ ИМКОНИЯТИ БЎЛМАГАН

ЖОЙЛАРДА ЭРИ БИЛАН ЯШАГАН ДАВРИ ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТНОМА

НАМУНАСИ

 

Ҳарбий қисм (муассаса, корхона,

ташкилот)нинг штампи

________________ N_______

 

МАЪЛУМОТНОМА

 

 

 

(ҳарбий хизматчининг унвони, фамилияси, исми ва отасининг исми)

 

 

 

 

 

дан

 

 

 

 

 

гача

 

 

 

 

(ҳарбий қисм рақами, муассаса, корхона, ташкилотнинг номи)

 

 

 

да ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтади (ўтамоқда).

________________________ билан хотини ____________________________ бирга яшади. У ишга жойлашиш имконияти бўлмаганлиги туфайли ____________ дан _______________ гача ишламаган.

 

Маълумотнома бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига тақдим этиш учун берилди.

 

Ҳарбий қисм

командири (бошлиғи)

 

 

 

 

 

 

 

(имзо)

 

 

(Ф.И.О.)

 

 

 

 М.Ў.

 

 

Пенсиядан чегирмалар нотўғрилигини исботлаш мумкин

 

Амалиётда кўпинча пенсиядан чегирмалар қиладилар.

Ушбу материалимиз бундай ҳолларда пенсионерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган.

 

2004 йилда 25 йилдан ортиқ махсус стажга эга бўлган мактаб ўқитувчиси 50 ёшида ёшга доир имтиёзли пенсияга чиқди. Унинг 1982 ва 1988 йилларда туғилган иккита фарзанди бор. 2014 йил декабрда унинг пенсиясини камайтиришди (ортиқча тўланган суммани ҳам ушлаб қолишди), бунда  иш  стажига  бола ­ 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилида бўлган, бироқ умуман 3 йилдан ошмаган вақт ҳисобга киритилишини асос қилиб келтиришди. Унинг иккита боласи бор, демак, ортиқча суммалар тўланган. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимининг пенсия ва нафақалар тайинлаш бўйича комиссияси ўз қарорида ана шу асосни кўрсатди. Бундай қарорга қўшилмаган пенсионер аёл унинг устидан Пенсия жамғармасининг юқори турувчи бўғинига шикоят қилди. Унга ортиқча суммалар умумбелгиланган пенсия ёши – 55 ёшга тўлганидан кейин уни ёшга доир имтиёзли пенсиядан хато равишда оддийсига ўтказиш натижасида юзага келганлигини айтишди.

Бунда ким айбдор, мазкур ҳолатдан қандай чиқиш мумкин?

Адвокат шарҳи

Пенсия жамғармаси ходимларининг айби билан пенсиядан нотўғри чегирма қилиниши, уларнинг катта суммаларга адашиши кексалар елкасига юк бўлиб тушмаслиги керак. Мансабдор шахсларнинг хато равишда бўлса ҳам, қонунга зид тарзда амалга оширган хатти-ҳаракатлари нотўғрилигини судда исботлаш мумкин ва зарур.

Санага эътибор

Ёшга доир имтиёзли пенсия (умумбелгиланган ёшни 5 йилга камайтирган ҳолда 50 ёшда) 2004 йилда тайинланган, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон, бундан кейин – 938-XII-сон Қонун) 37-моддасининг «ж» бандига ўзгартиришлар эса 22.12.2010 йилдаги ЎРҚ-272-сон Қонун билан киритилган.

37-модда. Иш стажига қўшиб ҳисобланадиган меҳнат фаолияти турлари

Қуйидагилар иш стажига қўшиб ҳисобланади:

ж) бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил (22.12.2010 йилдаги ЎРҚ-272-сон Қонун таҳриридаги банд).

Қонун ҳужжатларига 2010 йилда киритилган ушбу ўзгартириш кўриб чиқилаётган ҳолатга қўлланмаслиги лозим, сабаби аёл аввалроқ – 2004 йилда пенсияга чиққан.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади, ушбу модданинг 2-қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Қонун у амалга киритилишига қадар юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилади. Агар қонун содир этилган пайтда жавобгарликка сабаб бўлмаган ёки енгилроқ жавобгарликка сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини жорий этишни ёхуд кучайтиришни назарда тутса ёхуд юридик ва жисмоний шахсларга моддий зарар етказса, қонунга орқага қайтиш кучини бериш мумкин эмас.

938-XII-сон Қонун 37-моддаси «ж» бандини ўзгартиришда Қонуннинг орқага қайтиш кучи ҳақида ҳеч қандай шарт қўйилмаган, тегишинча, уни қўллаш ва шу асосда тайинланган пенсияни пасайтириш қонунга зиддир.

Қарор қабул қилиш ваколати

938-XII-сон Қонун 65-моддаси 1-қисмига кўра, пенсиялардан чегирмалар шу жумладан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан ҳам қилиниши мумкин. Бинобарин, қарор чиқарилиши шарт. Қонунда уни қабул қилувчи ваколатли орган сифатида фақат бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман ёки шаҳар бўлими, яъни айни пенсия иши юритиладиган бўлими белгиланган. Амалиётда ҳал қилув қарорлари қарор кўринишида расмийлаштирилади. У пенсиядан суммани чегириш учун ягона қонуний ҳужжат ҳисобланади.

Айни ушбу ҳужжатга қўшилмаган ҳолда унинг устидан судга шикоят қилиш керак бўлади.

Бинобарин, агар ҳал қилув қарори чиқарилган ва унда пенсиядан чегирма қилиш учун муайян асос кўрсатилган бўлса, уни оддий хат билан бекор қилиш мумкин эмас. Ҳатто у Пенсия жамғармасининг юқори турувчи органидан келган бўлса ҳам. Бундай ҳаракат ҳуқуққа зиддир, сабаби бу ҳал қилув қарорини қабул қилишнинг лозим даражадаги таомили эмас ва бундай хат асосида пенсиядан чегирма қилиш мумкин эмас.

 Ким айбдор ва нима қилмоқ керак

Мазкур ҳолда Пенсия жамғармаси ходимларининг ҳаракатлари ҳуқуққа зид бўлиб, бундай қарор устидан судга шикоят қилиш лозим. Бу ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилаётган мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят тақдим этилади.

Бироқ суд ҳимоясининг бошқа варианти ҳам мавжуд. Амалиётда Пенсия жамғармаси органлари қилган хатоларини бевосита ёзма эътироф этишлари ҳолатлари учраб туради. 938-XII-сон Қонуннинг 65-моддасига ҳавола қилиб, мансабдор шахслар Жамғарма ходимлари техник ёки ҳисобда йўл қўйган хатолар натижасида юзага келган ортиқча тўлов сабабли чегирма қилинишини ёзадилар ва эътироф этадилар.

Ҳақиқатан ҳам, 938-XII-сон Қонун ҳисобда йўл қўйилган ёки бошқа техник хато оқибатида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорларига асосан пенсиядан чегирма қилишга йўл қўяди. Бироқ бунда айбдор ходимлар ўз ҳаракатлари учун жавобгарликни зиммаларига олишлари керак. Ўйлашимизча, жазога тортилмасликларига ишонганликлари сабабли ҳам шунча хатога йўл қўядилар.

Пенсионер ҳимояланиш мақсадида регресс даъво1 механизмидан фойдаланиши мумкин. Фуқаролик кодексининг 1001-моддаси 1-қисмига мувофиқ, бошқа шахс томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

Агар Пенсия жамғармаси ходимининг хатоси билан юзага келган ортиқча тўлов пенсиядан чегирма қилинаётган бўлса, пенсионер ушбу суммани айбдор ходимдан ундириш ҳақидаги даъвосини судга беришга ҳақли. Шуни ҳам ҳисобга олиш лозимки, регресс мажбуриятлар бўйича даъво муддати асосий мажбурият бажарилган пайтдан ўта бошлайди (ФКнинг 154-моддаси).

Шу билан бирга маънавий зарар учун компенсацияни, адвокат гонорарига2 харажатларни ҳам, даъво тақдим этаётганда тўланган давлат божи суммасини ҳам ундиришга уриниб кўриш мумкин.

Зумрад Ниёзметова,

адвокат.

 

 

1Регресс даъво – қарздорнинг асосий мажбурият бўйича учинчи шахсга унинг айби билан (учинчи шахснинг айби билан) кредиторга тўланган пул суммасини ўзига қайтариш тўғрисидаги қайта талаби. Яъни кимдир бошқа шахс етказган зарарни тўлади, энди эса уни айбдордан ундирмоқда.

2Ҳал қилув қарори қайси тарафнинг фойдасига чиқарилган бўлса, суд шу тарафга иккинчи тарафдан вакилнинг ёрдами учун тўлашга кетган харажатларни оқилона миқдорларда ундириб беради. Агар ҳал қилув қарорига биноан ҳақли бўлиб чиққан тарафга адвокат белгиланган тартибга мувофиқ бепул ёрдам кўрсатган бўлса, бу сумма бошқа тарафдан адвокатлар бюроси (ҳайъати, фирмаси) фойдасига ундирилади (Фуқаролик процессуал кодексининг 114-моддаси).

 

Амалдорлар учун қонун

2017 йил 1 январдан бошлаб Россияда давлат хизматчиларининг  пенсия  ёши  аёллар  учун  55 ёшдан  ­­63 ёшгача ва эркаклар учун 60 ёшдан 65 ёшгача оширилиши ҳақидаги қонун кучга киради.

Янги қоидалар давлат, минтақавий ва муниципал ҳокимият органлари аппаратларида ишловчи, шунингдек сиёсий лавозимларни эгаллаганлар – депутатлар, сенаторлар ва бошқа россияликларга нисбатан қўлланади. Бундан ташқари, давлат хизматида ишловчиларнинг энг катта ёши: юқори бўғин раҳбарлари учун – 70 ёшгача, қолганлар учун – 65 ёшгача оширилади.

Қонунда қайд этилган яна бир ўзгартириш амалдорларнинг энг кам меҳнат стажига тааллуқли. Пенсияга чиқиш учун улар 20 йил (илгари – 15 йил эди) ишлашлари керак бўлади. Бу кўрсаткич, пенсия ёши билан бўлганидек, секин-аста 2026 йилгача оширилади. РФ Пенсия жамғармаси харажатлари қисқаргани муносабати билан давлат ана шу чораларга қўл урди. Ислоҳот амал қилган биринчи йилда қарийб 600 миллион рубль тежалиши кутилмоқда.

Давлат лавозимларини эгалламаган Россия фуқаролари бугунги кунда 55 ёшда (аёллар) ва 60 ёшда (эркаклар) пенсияга чиқмоқдалар. Сўнгги вақтда аҳолининг барча қатламлари учун пенсия ёшини ошириш масаласи фаол муҳокама қилинмоқда, бироқ ҳозирча давлат ишловчи пенсионерларнинг пенсияларини индексациялашни тўхтатиб қўйиш билан чекланди. Қарор 2016 йилдан кучга кирди ва муддатсиз амал қилади. Ишни қолдиришга қарор қилган фуқаролар пенсия тўловларига яна устама олишда давом этадилар.

Манба: rg.ru

Сўнгсўз ўрнида

Ўзингизни синаб кўринг

1-cавол

Якка тартибдаги тадбиркор Пенсия жамғармасига қандай суғурта бадалини тўлаши шарт?

а   Тўлаши шарт эмас.

б   Мавжуд имкониятларидан ҳамда пенсия таъминоти ва ижтимоий суғурта бўйича нафақаларнинг кутилган миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўлаши керак. Суғурта бадаллари миқдори мустақил равишда, бироқ ЭКИҲнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.

в   Агар унинг фойдаси ЭКИҲнинг камида 25 бараварини ташкил этса, тўлаши шарт.

 

2-cавол

Бошқа мамлакатлардан Ўзбекистонга келган фуқароларнинг пенсияси миқдори сақлаб қолинадими?

а   Ҳа, сақлаб қолинади. Бунда у ПЖга ариза берилган кундаги Марказий банк курси бўйича миллий валюта суммасига эквивалентда белгиланади.

б   Фуқароларнинг айрим тоифаси: 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари; I гуруҳ ногиронлари учун сақлаб қолинади.

в   Йўқ, юртимизга келган, шу жумладан илгари Ўзбекистондан чиқиб кетган шахслар бошқа давлатда оладиган пенсиялар миқдорлари ҳисобга олинмайди.

 

3-савол

Ёлғиз пенсионерлар коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ойлик пул компенсацияларини олишга ҳақлими?

а   Ҳа, агар бировнинг парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар бўлса, ҳақли.

б   Йўқ, ҳақли эмас.

в   Ёлғиз пенсионерлар коммунал хизматлар ҳақини имтиёзли тўлаш ҳуқуқига эга.

4-савол.

Пенсия таъминоти соҳасида битим имзоланмаган мамлакатларга доимий яшаш учун чиқиб кетаётганларга пенсия қандай тўланади?

а   Пенсия доимий яшаш учун кетишдан бир ой олдин тўланади.

б   Хорижга чиқиш олдидан 2 ой учун пенсия пенсионер кетаётган мамлакат валютасида (МБ курси бўйича) тўланади.

в   Хорижга чиқиш олдидан 6 ой учун пенсия Ўзбекистон миллий валютасида олдиндан тўланади.

 

5-савол

Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда курсларда ўқиш даври меҳнат стажига қўшиладими?

а   Ҳа, агар бу даврда суғурта бадаллари тўланган бўлса, қўшилади.

б   Йўқ, курсларда ўқиш даври стажга қўшилмайди.

в   Ҳа, бадаллар тўланганлигидан қатъи назар, қўшилади.

 

6-савол

МЧЖ муассиси 100% пенсия олиши мумкинми?

а   Ҳа, агар дивидендлар суммаси энг кам миқдордаги пенсиянинг 2 бараваридан ошмаса, олиши мумкин.

б   Йўқ, мумкин эмас, сабаби дивидендлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад ҳисобланади.

в   Ҳа, олиши мумкин, сабаби дивидендлар даромад ҳисобланмайди.

Тўғри жавоблар: 1б, 2в, 3а, 4в, 5б, 6в.

Натижалар

Ҳар битта тўғри жавоб учун – 1 балл.

Тўплаган натижангиз:

6 балл бўлса – аъло натижа. Сиз пенсия таъминоти масалаларидан жуда яхши хабардорсиз.

3–5 балл бўлса – билимингиз кўплиги шубҳасиз. Бироқ тўла ишонч билан жавоб беришингизга билимингиз озлик қиляпти. «Норма маслаҳатчи»ни ўқиб борсангиз, ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлардан доим бохабар бўласиз.

3 ва ундан кам балл бўлса – афсуски, билимингиз жуда оз. Ёдингизда бўлсин, куч билимдадир. У пенсия

ёшида айниқса қўл келади.

«Норма маслаҳатчи»ни ўқиб борсангиз, ана шу натижага эришишингизга кафолат берамиз.

 

Диққат! Ана шу қабилдаги саволларга муфассал жавоблар «Норма маслаҳатчи»нинг 23.02.2016 йилдаги 8; 15.03.2016 йилдаги 11; 12.04.2016 йилдаги 15; 9.05.2016 йилдаги 19-сонида эълон қилинган.

 

Прочитано: 6201 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика