Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 22 / Сизнинг ҳуқуқингиз

Давлат хизматчиси МЧЖ муассиси бўла оладими?

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон Қарори билан тасдиқланган Намунавий қоидаларнинг 15-бандида қуйидагича белгиланган: «Давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади. Давлат хизматчилари ўзларининг ўз хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига ёки уларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширмаслиги, шунингдек лавозимни эгалламаслиги керак. Давлат хизматчиси ҳар қандай ҳолатларда ҳам ўз хизмат мавқеидан мумкин бўлмаган шахсий фойдани олиши мумкин эмас. Давлат хизматчилари ўз раҳбарини манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида хабардор қилиши шарт».

Мен давлат хизматчиси сифатида бирон-бир хусусий фирманинг таъсисчиси бўлишим мумкинми? Башарти, таъсисчи бўладиган бўлсам, у ҳолда ўзим ишлаётган давлат корхонаси раҳбарини бу ҳақда хабардор этишим шартми?

Фаррух Болтабоев.

 

– Ҳақиқатан ҳам Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларида* (бундан кейинНамунавий қоидалар) давлат хизматчилари эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари ҳисобланиши назарда тутилган. Хатингизда давлат корхонасида ишлашингиз ёзилган. Давлат корхонаси дейилганда давлат унитар корхонаси шаклидаги тижорат ташкилоти деб тушунилмоғи лозим2. Бинобарин, давлат корхонаси давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи органлар қаторига кирмайди ва унинг ходимлари давлат хизматчилари деб ҳисобланмайди.

Агар сиз давлат органларида ишласангиз, унда қуйидагиларга эътиборингизни қаратишингиз керак бўлади.

Намунавий қоидалар 15-бандининг биринчи ва тўртинчи хатбошиларида давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланиши ҳамда улар ўз раҳбарини манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида хабардор қилиши шартлиги белгиланган.

Тадбиркорлик фаолияти тушунчаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг3 3-моддасида келтирилган. Унга биноан тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) мазкур фаолият субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир. Ушбу Қонун 4-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилганидек, тадбиркорлик фаолияти субъектлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир.

Бундан кўриниб турибдики, ҳар қандай шахснинг тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиб, ўз-ўзидан унинг муассиси (иштирокчиси) бўлиши тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишини билдирмайди ва бу шахс ушбу фаолиятнинг субъекти деб ҳисобланмайди.

Намунавий қоидалар 15-бандининг тўртинчи хатбошиси мазмуни давлат хизматчиси ўз раҳбарига тижорат ташкилотларининг муассиси ёки бошқа иштирокчиси сифатида бўлганлиги ҳақида хабар беришга мажбурлайди. Бундан бир қарашда, давлат хизматчиси тижорат ташкилотининг устав капиталида иштирок этиши мумкиндек туюлади. Бироқ давлат хизматчилари тижорат ташкилотлари аксариятининг устав капиталида иштирок эта олмайдилар. Масалан, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун (26.04.2012 йилдаги ЎРҚ-327-сон) 5-моддасининг иккинчи қисмида белгиланишича, давлат органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин эмас. Чунки шу Қонун 4-моддасининг биринчи қисмида оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланиши белгиланган.

Айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 мартдаги 103-сон Қарори давлат органларининг ходимлари билан бир қаторда қуйидаги мансабдор шахсларни қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган шахслар тоифасига киритади:

давлат банклари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, хизмат юзасидан пул белгиларига ва пул (банк) ҳужжатларига бевосита алоқаси бўлган мансабдор шахслар;

давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари раҳбарлари ва уларнинг банк ҳужжатларига имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлган ўринбосарлари;

давлат таъминот ва савдо-сотиқ корхоналари ва ташкилотларининг раҳбар ходимлари.

Энди эътиборимизни «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонун (11.12.2003 йилдаги 558-II-сон) 3-моддасининг биринчи қисмига ва 14-моддасига қаратамиз. Уларнинг мазмунига кўра, хусусий корхона мулкдор ягона жисмоний шахс томонидан тузилади ва у корхонани раҳбар сифатида якка бошқаради. Демак, давлат хизматчиси хусусий корхонани нафақат раҳбар сифатида бошқаришга, балки уни таъсис этишга ҳам ҳақли эмас.

«Кооперация тўғрисида»ги Қонун (14.06.1991 йилдаги 295-XII-сон) ­6-моддаси 2-бандининг учинчи хатбошисида қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян фаолият билан шуғулланиши ман этилган шахсларнинг кооперативга аъзо бўлиши мумкин эмаслиги кўрсатилган. Кооперациянинг турлари орасида ишлаб чиқариш кооперативи ҳам мавжуд (295-XII-сон Қонун 1-моддаси 2-бандининг биринчи хатбошиси). Фуқаролик кодекси 40-моддасининг иккинчи қисмига биноан эса ишлаб чиқариш кооперативи тижорат ташкилотидир.

Шунингдек, давлат хизматчиси унитар корхона, фермер хўжалиги ва юридик шахс ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжалигининг муассиси, тўлиқ ва (ёки) коммандит ширкатининг муассиси ёки кейинги иштирокчиси (тўлиқ шериги) бўла олмайди.

Лекин давлат хизматчиси муассис ёки ўзга иштирокчи бўла олиши мумкин бўлган тижорат ташкилотлари ҳам мавжуд, масалан, у акциядорлик жамиятининг муассиси (акционери), масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг муассиси (иштирокчиси) бўла олади. Ва ниҳоят, у коммандит ширкатда ҳисса қўшувчи тарзидаги иштирокчи (уни тўлиқ шерик ҳисобланувчи иштирокчи билан адаштирмаслик керак!) бўлиши мумкин. Башарти сиз давлат органида ишлаб туриб, мана шу санаб ўтилган тижорат ташкилотларининг бирида ёки бир нечтасида муассис ёки ўзга иштирокчи бўлсангиз, сиз бу ҳақда Намунавий қоидалар 15-бандининг тўртинчи хатбошисига мувофиқ ўз раҳбарингизни келажакда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида хабардор қилишингиз шарт.

 

Камол Музаффаров,

«Norma Online» етакчи эксперти.

 


1ВМнинг 2.03.2016 йилдаги «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 62-сон Қарори билан тасдиқланган.

2Давлат корхоналари тўғрисида низом 2-бандининг иккинчи хатбошиси (ВМнинг 16.10.2006 йилдаги 215-сон Қарорига 1-илова).

325.05.2000 йилдаги 69-II-сон Қонун, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда.

Прочитано: 3353 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика