Отамнинг ўз номига расмийлаштирилган автомобили бор. Мен уни бошқара олишим учун менга ишончнома керакми? Бундай ишончнома онамга – отамнинг жуфтига керакми?
Ҳасан,
муҳандис.
– Йўл ҳаракати қоидаларининг (ВМнинг 24.12.2015 йилдаги 370-сон Қарорига 1-илова) 7-бандига кўра, механик транспорт воситасининг ҳайдовчиси қуйидагиларни ёнида олиб юриши ва милиция ходимлари талаб қилганда текшириш учун тақдим этиши шарт:
ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини ёки транспорт воситасини вақтинчалик бошқариш ҳуқуқини берувчи талонни, ҳайдовчилик гувоҳномаси белгиланган тартибда олиб қўйилган бўлса, унинг талонини, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони олиб қўйилган ҳолларда вақтинчалик рухсатномани;
вақтинчалик бошқариш ҳуқуқини берувчи талон ёки вақтинчалик рухсатнома билан транспорт воситасини бошқаришда ҳайдовчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни;
транспорт воситаси ёки тиркамани қайд қилиш гувоҳномасини, транспорт воситасининг эгаси бўлмаган ҳолларда эса умумий эгалик ҳуқуқини ёки тасарруф этиш ҳуқуқини берувчи, эгалик қилишга ва фойдаланишга берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни;
транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисини;
қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда йўл варақаси ва ташилаётган юкнинг ҳужжатларини.
Шу тариқа, мазкур ҳолда машина соҳиби билан қариндошчилик даражасидан қатъи назар, Қоидаларда ҳайдовчи транспорт воситасини тасарруф этиш ва (ёки) ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ишончнома бўлиши талаб этилади.
Маҳкам Воҳидов,
«Norma Online» эксперти,
юридик фанлар номзоди.