Фуқаролик ишидаги айрим тартиб-таомил қоидалари билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритсангиз. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суд менинг даъвоим бўйича ишни кўраяпти. Танишимга мен билан судда вакилим сифатида қатнашиши учун нотариал тасдиқланган ишончнома бердим. Судья аввалига буни истамади, бироқ ёзма илтимоснома тақдим этганимдан сўнг уни ишда қатнашишга қўйди, бунда вакилим фақат ҳозир бўлишини қайд этиб ўтди. Тушунишимча, бу уни саволлар бериш, изоҳ бериш, ўз важ-далиллари, фикрини билдириш ва ишда бошқача тарзда иштирок этиш имкониятидан маҳрум этади.
Судьянинг хатти-ҳаракатлари қонунга қанчалик мувофиқ ёки зид келишини тушунтириб берсангиз.
А.Илёс.
– Фуқаролик процессуал кодексининг (ФПК) 50-моддаси 1-қисмига мувофиқ, фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ва ўз вакиллари орқали юритишлари мумкин. Фуқаронинг ишда шахсан қатнашуви уни шу иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
ФПКнинг 52-моддаси 1-қисмидан келиб чиқишича, шартнома бўйича (ихтиёрий) вакилликка биноан ишонч билдирувчи ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича судда иш юритишни вакилга топширади. Унинг 2-қисмида судда шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил бўла оладиган шахслар кўрсатилган. Ишни кўраётган суд томонидан ишда жисмоний шахсларнинг вакиллари сифатида қатнашишга рухсат берилган шахслар ана шундай шахслар бўлиши мумкин (ФПКнинг 52-моддаси 2-қисми 7-банди). ФПКнинг 33-моддасига мувофиқ, тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, процессда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этадиган прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар ишда иштирок этувчи шахслар деб тан олинади.
ФПКнинг 34-моддаси 1-қисмида ишда иштирок этувчи шахсларнинг асосий ҳуқуқлари санаб ўтилган. Улар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш; рад этиш тўғрисида арз қилиш; далиллар тақдим этиш; далилларни текширишда иштирок этиш; ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга1 саволлар бериш; арз қилиш; илтимосномалар тақдим этиш; судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш; ишни судда кўриш давомида туғиладиган ҳамма масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш; бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътирозлар билдириш ҳуқуқига эгадирлар.
ФПКнинг 34-моддаси 2-қисмида кўрсатилганидек, ишда иштирок этувчи шахслар Кодексда назарда тутилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан ҳам фойдаланадилар.
Шартнома бўйича вакил ФПКда назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиб, ўз вакиллигидаги шахснинг номидан процессуал ҳаракатларни амалга оширади. Бироқ, Олий суд Пленуми2 эътибор қаратганидек, айрим процессуал ҳаракатларни содир этиш учун қонун махсус ваколатлар мавжуд бўлишини талаб этиб, шартнома бўйича вакил бу ҳаракатларни фақат улардан ҳар бири қонунга мувофиқ расмийлаштирилган ишончномада қайд этилган ҳолдагина содир этишга ҳақлидир. ФПКнинг 54-моддаси 2-қисмига кўра, бундай ҳуқуқлар жумласига қуйидагилар киради: даъво талабларидан бутунлай ёки қисман воз кечиш, даъво асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, даъвогар талабларини тан олиш, келишув битими тузиш, ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш (бошқа шахсга ишониб топшириш), суднинг ҳал қилув қарори (ажрими) устидан шикоят бериш, ижро варақасини ундирувга қаратиш, ундирилган мол-мулк ёки пулни олиш. Ушбу ҳаракатларни амалга оширишга алоҳида ишончномаларни расмийлаштириш керак.
Энди асосий ҳуқуқлардан айримларига батафсил тўхталиб ўтамиз. ФПКнинг 181-«Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари» моддасида назарда тутилишича, иш тўғрисида маъруза қилинганидан сўнг, суд даъвогар ва унинг томонида иштирок этувчи учинчи шахснинг, жавобгар ва унинг томонида иштирок этувчи учинчи шахснинг, шунингдек ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришларини эшитади. Ишда иштирок этувчи шахслар бир-бирларига саволлар беришга ҳақлидирлар. Бундан келиб чиқишича, томонларнинг ёки учинчи шахсларнинг вакиллари ҳам судга тушунтириш бериш ва бошқа иштирок этувчи шахсларга саволлар беришга ҳақлилар.
ФПКнинг 187 ва 191-моддалари маъносига кўра, ёзма ва ашёвий далиллар ёки уларни кўздан кечириш тўғрисида баённомалар суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва ишда иштирок этувчи шахсларга танишиш учун тақдим этилади, улар мазкур далиллар хусусида тушунтиришлар беришлари мумкин.
Экспертларни тайинлашда суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини эътиборга олади (ФПКнинг 84-моддаси 4-қисми). Улар экспертлар томонидан тушунтирилиши лозим бўлган масалаларни судга тақдим этишга ҳақли (ФПКнинг 85-моддаси 1-қисми).
Агар иш суд музокараларига тааллуқли бўлса, дастлаб даъвогар ва унинг вакили, кейин жавобгар ва унинг вакили сўзлайди. Бошланган процессда низо предметига нисбатан мустақил талаби борлигини арз қилган учинчи шахс ва унинг вакили тарафлардан кейин сўзлайди. Низо предметига нисбатан мустақил талаби борлигини арз қилмаган учинчи шахс ва унинг вакили шу учинчи шахс ишда қайси даъвогар ёки жавобгар томонида иштирок этувчи бўлса, ана шу даъвогар ёки жавобгардан кейин сўзлайди. Музокара иштирокчилари бир-бирларига луқма ташлашлари мумкин. Охирги луқма ҳуқуқига доимо жавобгар ва унинг вакили эга бўлади (ФПКнинг 198-моддаси).
Қонун ҳужжатлари таҳлилидан кўринишича, томоннинг ёки учинчи шахснинг вакили тўлиқ ҳажмда тегишли процессуал ҳуқуқларга эга бўлиб, ҳеч ким уларни амалга оширишда муайян тўсқинлик қилиши керак эмас. ФПКнинг 15-моддаси 2-қисмига ҳам эътибор қаратамиз, унга кўра суд ишда иштирок этувчи шахсларга (демак, шартнома бўйича вакилларга ҳам) уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, уларни процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ёки амалга оширмасликнинг оқибатлари тўғрисида огоҳлантириши ҳамда уларга ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқаришларида ёрдам кўрсатиши лозим.
Буларнинг барчаси томоннинг ёки учинчи шахснинг вакилини процессуал ҳуқуқларни амалга оширишдан маҳрум этаётган (чеклаётган) раислик қилувчи судьянинг ҳаракатлари тўғри эмаслигидан далолат беради.
Камол Музаффаров,
«Norma Online» эксперти.
1Гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, ёзма ва ашёвий далилларни сақловчилар, холислар ва ижро ишларини юритишда мол-мулкни сақловчилар одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар ҳисобланади (ФПКнинг 35-моддаси).
2Олий суд Пленумининг «Вакилликка доир фуқаролик процессуал қонунчилиги нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида»ги Қарорининг (14.05.2010 йилдаги 05-сон) 15-бандига қаранг.