Norma.uz

Бир ўринда иккита лавозим

 

Мен бюджет ташкилотида иқтисодчи бўлиб ишлайман (1 ставка), шунингдек ҳисоб-китоб бўлимининг бухгалтери мажбуриятларини бажараман (0,5 ставка). Ҳозир раҳбарият ўриндошлик ва бир йўла бир неча касбда ишлаш ҳақидаги низомга ҳавола қилиб, мен бухгалтерликни 0,5 ставкадан 0,25 ставкага ўтказиш ҳақида ариза ёзишимни талаб қиляпти. Гўё ўриндошлик ишида 0,5 ставкада бухгалтер лавозимини эгаллаш назарда тутилмаган эмиш. Ахир мен эгаллаган лавозимлардаги иш бир йўла бир неча касб ва лавозимда ишлаш ҳисобланмайдими? Агар раҳбарият бу ички ўриндошлик ҳисобланиши борасида ҳақли бўлса ҳам, 0,5 ставкада бухгалтер бўлиб ишлаб, ҳафтасига 20 соат (ушбу лавозимда тўла банд бўлганда иш вақтининг ярмида) шу иш билан шуғуллана олмайманми? Билишимча, ўриндошнинг жами иш вақти асосий ишидан бўш вақтдан, шунингдек дам олиш, байрам кунларидан ташкил топади.

З.Каримова,

иқтисодчи.

 

– Саволларингизга жавоб бериш учун бюджет ташкилотида 2 лавозимда ишни қандай бажараётганингиз – бир йўла ёки ўриндош сифатида ишлаётганингизни аниқлаб олиш керак.

 

Агар сиз соат 9.00 дан 18.00 гача ишлаб, иккала вазифани бир вақтда бажараётган бўлсангиз, бу бир неча касб ва лавозимда ишлаш – ходим томонидан меҳнат шартномасида келишилган ўзининг асосий иши билан биргаликда бошқа касб ва лавозим бўйича қўшимча иш бажарилиши ва ички тартиб-қоидалар билан белгиланган ўзининг асосий ишидан озод бўлмаган ҳолда, вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажариши деб эътироф этилади (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 20-банди).

Бир неча касб ва лавозимда ишлаш, ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик учун қўшимча ҳақ тўланади (Низомнинг 23-банди). Бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30%идан юқори бўлиши мумкин эмас (Низомнинг 25-банди).

Агар бошқа ҳақ тўланадиган иш меҳнат шартномаси шартларида асосий иш вақтидан бўш вақтда – соат 18.00 дан 22.00 гача бажарилса, у ўриндошлик деб ҳисобланади. Ўриндошлик асосида ишлашга асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашга йўл қўйилади (Низомнинг 5-банди).

Ўриндошлар меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шартномасига мувофиқ:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай шаклида – ҳақиқатда бажарилган иш учун;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида – ишланган вақтга мутаносиб тарзда амалга оширилади (Низомнинг 11-банди).

Ходим билан ўриндошлик асосида ишлаш учун тузиладиган меҳнат шартномасида Меҳнат кодексида белгиланган талаблар билан биргаликда иш вақтининг давомийлиги мажбурий тартибда кўрсатилади (Низомнинг ­8-банди). Бундан ташқари, ўриндошга шахсий карточка (Т-2 шакли) тўлдириш ва унга табель рақами бериш зарур.

Иш вақтини ҳисобга олиш табелини тўлдираётганда шуни ёдда тутиш лозимки, кун давомида ўриндош ишининг давомийлиги 4 соатдан ортиқ, ой (бошқа ҳисоб даври) давомида эса – ходимларнинг тегишли тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (Низомнинг 7-банди). Масалан, агар ҳисоб даври – 1 ҳафта бўлса, иш вақти нормаси 40 соатни ташкил этади (МКнинг 115-моддаси). Бинобарин, ўриндошнинг жами иш вақти 20 соатдан ошмаслиги керак.

Ўриндошлик асосидаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори меҳнат унумдорлигига ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа шартларга қараб, ишланган вақтга мутаносиб равишда, Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси (ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон Қарори билан тасдиқланган) бўйича 1-разряд тариф коэффициенти асосида ҳисоблаб чиқилган миқдордан паст бўлиши мумкин эмас (МКнинг 155-моддаси; Низомнинг 13-банди).

Шу тариқа, ўриндошга у эгаллаган лавозим учун белгиланган маошнинг 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. Агар сизга маошнинг 0,25 ставкасида ҳақ тўланса, бу лавозимда унга белгиланган вақтнинг тўртдан бир қисмида ишлашингиз керак.

 

Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.

 

Прочитано: 3033 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика