Фирма директори хизмат кўрсатувчи банкда фирма ходимлари учун очилган пластик карточкаларни олмоқчи бўлди. Банк ҳар бир ходимнинг нотариал тасдиқланган ишончномаси йўқлигини рўкач қилиб, буни рад этди.
Банкнинг ҳаракатлари қанчалик қонуний? Директор ёки бош бухгалтер, ёхуд шу фирмада ишловчи шахс хизмат кўрсатувчи банкдан янги ишга қабул қилинган ходимлар иш ҳақига пластик карточкаларни унга берилган фирма муҳри билан тасдиқланган ҳамда директор ва бош бухгалтер томонидан имзоланган ишончнома асосида олиши мумкинми?
К.Хушвақтов,
ҚК директорининг ўринбосари.
– Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, банк ташкилот вакили (директор, бухгалтер ёки бошқа шахсга) нотариал тасдиқланган ишончномаларсиз мазкур ташкилот ходимларининг банк (пластик) карталарини олишини рад этишга ҳақли.
Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисида низомнинг (АВ томонидан 30.04.2004 йилда 1344-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Низом) 1-банди «а» кичик бандига мувофиқ, банк (пластик) картаси – унинг тутувчисига банк ҳисобварағи бўйича операцияларни бир неча бор ўтказиш, шу жумладан нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш ва ҳисобварақдан нақд пул суммаларини олиш имконини берувчи тўлов картаси. Низомнинг 7-бандига кўра, карта ҳисобварағининг эгасига қараб банк карталари шахсий ва корпоратив карталарга бўлинади. Шахсий банк картаси унинг тутувчисига жисмоний шахснинг (эгасининг) карта ҳисобварағида (карта ҳисобварақларида) ҳисобга олинадиган пул маблағларини тасарруф этиш имконини беради. Маош картаси ҳам шахсий карта ҳисобланади ва фақат унинг тутувчисига, сизнинг ҳолатда – ходимга тегишли бўлади.
Низомнинг 31-банди моҳиятига кўра, шахсий банк картасини банк жисмоний шахсга унинг аризаси ва шартнома асосида беради. Уни олиш учун фуқаро (ходим) ариза билан банкка мурожаат этиши керак. Шундан сўнг банк карталарини тарқатувчи тижорат банки билан фуқаро – унинг мижози ўртасида банк карточкасини унга фойдаланишга бериш ҳақида ёзма шартнома тузилади (Низомнинг 18-банди). Кўриб турганимиздек, иш берувчининг мазкур битимга умуман алоқаси йўқ.
Юқорида қайд этилганидек, банк картасини бериш шартномаси бевосита жисмоний шахс билан тузилади, шу сабабли у учинчи шахслар томонидан олинганда ишончнома тақдим этилиши шарт.
Фуқаролик кодексининг 134-моддасига мувофиқ, бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 200-бандига мувофиқ, ваколатларнинг бошқа шахсга берилишига асос бўлган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак, ФКнинг 136, 137, 138-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
ФКнинг 137-моддасида айтилишича, хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек банк муассасаларидан суммаларни олиш ҳақидаги ишончнома ваколат берувчи ишлайдиган ёки ўқийдиган ташкилот, у яшайдиган уйга хизмат кўрсатувчи уй-жойдан фойдаланиш ташкилоти, ўзининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёхуд фуқаро даволанишда бўлган даволаш муассасасининг маъмурияти томонидан тасдиқланиши мумкин.
Афсуски, ушбу моддада ходимларнинг банк (пластик) карталарини олишга ишончнома назарда тутилмаган. ФКнинг 137-моддасига корхонанинг ваколатли ходимига банкдан ходимларнинг иш берувчи тасдиқлаган ишончномалари асосида банк (пластик) карталарини олиш имконини берувчи ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқдир. Бу ходимлар ва банклар учун карточкалар бериш тартиб-таомилини анча осонлаштиради.
Тимур Муминов, «Norma Online» эксперти.