Оилавий шароитга кўра 5 йил аввал ўз хоҳишим билан ишдан бўшагандим. Фарзандларим ёш бўлганлиги учун шу вақт ичида ишламадим. Бошқа туманга кўчаётганда меҳнат дафтарчамни йўқотиб қўйдим. Буни билганим заҳоти охирги иш жойимга унинг дубликатини беришларини сўраб мурожаат қилдим. Дугонам билан ҳам худди шундай воқеа содир бўлган, унга дубликатни дарҳол берган эдилар.
Бироқ менга аввал ҳеч қаерда ишламаганлигимни, бу ташкилот охирги иш жойим эканлигини ҳужжат билан тасдиқлашим кераклигини айтишди. Бу ҳужжатсиз дафтарчани беришдан бош тортишди.
Бу вазиятда қандай йўл тутишим, қаерга мурожаат қилишим лозим?
К.Туропова.
Тошкент ш.
– Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларида ходимнинг зиммасига бундай ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти юкланмаган. Бинобарин, иш берувчининг талаби қонунга асосланмаган.
Меҳнат кодексида белгиланишича, меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахслар Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига ёхуд туман прокуратурасига, шунингдек судга камситишни бартараф этиш ҳамда етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидирлар. Бу ҳолда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш бўйича тўғри хатти-ҳаракат қилинганлигини исботлаш вазифаси иш берувчининг зиммасига юклатилади.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.