Norma.uz

Меҳнат дафтарчаси гаровда қолса

 

Мен ишдан бўшадим, бироқ 375 070 сўм қарз бўлиб қолдим. Корхона олдидаги қарзимдан узилмагунча меҳнат дафтарчамни беришдан бош тортдилар. Меҳнат дафтарчасини беришдан бош тортаётганликларини ёзма равишда тасдиқлашлари кераклиги ҳақидаги талабимни эътиборга олмадилар. Судга мурожаат қилмоқчилигимни айтганимда, корхона раҳбари: «Мен Сизга меҳнат дафтарчасини берганман деб туриб оламан», – дея жавоб қайтарди. Бу вазиятда қандай йўл тутай?

Р.Содиқов.

Тошкент ш.

 

– Меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади. Охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади. Бу кунда иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт (МКнинг 107-моддаси 1 ва 2-қисмлари; 108-моддаси).

МКнинг 275-моддаси 2-қисми ва Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ­3.1-бандига мувофиқ, иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади (масалан, моддий жавобгар ходимни бириктирилган анжомларни вақтида топширмаганлиги, ишдан бўшаётганда корхона олдида қарзи борлиги учун меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса).

Бундай ҳолда ишдан бўшаш куни меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади. Ишдан бўшаган кунининг янги санаси тўғрисида буйруқ берилиб, ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилади. Бўшаган куни тўғрисида илгари киритилган ёзув Йўриқноманинг 2.8-бандида белгиланган тартибда бекор қилинади.

Ходим ишдан бўшаганда меҳнат дафтарчасини олганлиги тўғрисида шахсий варақаси – Т-2-сон идоралараро намунавий шаклга (Йўриқномага 4-илова) ва ходимлар бўлимидаги ҳисобот китобига имзо қўяди (Йўриқноманинг 3.1-банди). Меҳнат дафтарчалари ҳисобини олиб бориш китобини (Йўриқномага 3-илова) кадрлар бўлими ёки иш берувчи тайинлаган масъул шахс тўлдиради. Унда ходимлардан ишга кираётганларида қабул қилинган, илк бор ишга кираётганларга берилган барча меҳнат дафтарчалари (дубликатлари) серияси ва рақамини қайд этган ҳолда рўйхатдан ўтказилади, шунингдек янги меҳнат дафтарчаси (дубликати) берилганлиги учун ҳақ олинганлиги ҳақида ёзув киритилади.

Агар иш берувчи ташкилотингиз олдида қарзингиз бор деб ҳисобласа, сиздан қарзни ундириш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Бироқ меҳнат дафтарчангизни бериши шарт. Шахсий варақа ва Меҳнат дафтарчалари ҳисобини олиб бориш китобидаги имзоингиз у берилганлигидан далолат беради. Бироқ меҳнат дафтарчангизни олмаганлигингиз сабабли бу ҳужжатларга имзо чекмагансиз. Бинобарин, иш берувчи сизга меҳнат дафтарчаси берилганлиги далилини исботлай олмайди.

Сизнинг ҳолатда давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига ёхуд туман прокуратурасига ёки судга меҳнат шартномаси бекор қилинганда меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлашлари, шунингдек меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилганлигингиз сабабли ололмай қолган иш ҳақингизни тўлашлари даъвоси билан мурожаат қилишни тавсия этамиз (МКнинг ­188-моддаси).

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш бўйича тўғри хатти-ҳаракат қилинганлигини исботлаш вазифаси иш берувчининг зиммасига юклатилган.

 

Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.

 

Прочитано: 2403 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика