Йўлдош антенналарини ўрнатиш сингари фаолият тури лицензияланиши керакми? Мазкур фаолият турини телекоммуникацияларнинг лойиҳалаштирилиши, қурилиши, улардан фойдаланиш ёки уларнинг хизматлар кўрсатиши турига киритиш мумкинми?
Т.Қосимов,
электрик.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мурожаатни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади.
Телекоммуникациялар соҳасида лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.11.2000 йилдаги «Телекоммуникациялар ва почта алоқаси соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 458-сон Қарори билан тасдиқланган Телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тўғрисида низомга мувофиқ амалга оширилади.
Телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тўғрисида низомнинг (ВМнинг 22.11.2000 йилдаги 458-сон Қарорига 2-илова) 3-бандида белгиланишича, телекоммуникацияларнинг лойиҳалаштириши, қурилиши, улардан фойдаланиш ва уларнинг хизматлар кўрсатиши турлари лицензияланиши шарт. «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Қонуннинг (20.08.1999 йилдаги 822-I-сон) 2-моддасига мувофиқ, телекоммуникациялар тармоғи узатишларнинг бир ёки бир неча турини: телефон, телеграф, факсимиль турларини, маълумотлар узатиш ва ҳужжатли хабарларнинг бошқа турларини, телевизион ва радиоэшиттириш дастурларини трансляция қилишни таъминловчи телекоммуникация воситаларининг мажмуидан иборат. Телекоммуникация воситалари электромагнит ёки оптик сигналларни ҳосил қилиш, узатиш, қабул қилиш, қайта ишлаш, коммутация қилиш ҳамда уларни бошқариш имконини берувчи техник қурилмалар, асбоб-ускуналар, иншоотлар ва тизимлар ҳисобланади.
Йўлдош антенналари тури ва мақсадига қараб халқаро, шаҳарлараро тармоқлар, маҳаллий алоқа, маълумотлар узатиш, телекўрсатув ва радиоэшиттириш дастурлари трансляциясида фойдаланиладиган телекоммуникация воситалари ҳисобланиши мумкин. Йўлдош телерадиодастурларни фақат уйда қабул қилиш учун мўлжалланган йўлдош антенналарини ўрнатиш фаолияти лицензияланмайди. Маҳаллий, шаҳарлараро, халқаро алоқа учун мўлжалланган йўлдош антенналари, маълумотларни узатиш тармоқларини ўрнатиш учун тегишли телекоммуникация тармоқлари қурилишига лицензия олиш зарур.
Б.Олматов,
вазир ўринбосари.