Norma.uz

Тиббий стаж диагностикаси

 

Ушбу сонда тиббиёт ходимларига пенсия расмийлаштиришнинг ўзига хос жиҳатлари билан танишасиз. Болаликдан касал бўлган болани фарзандликка олганлар учун махсус материал тайёрланган. Кўпчилик ўз саволларига жавоб топишига ишонамиз.

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

Пенсияни расмийлаштириш ва тўлаш хусусиятлари. Тиббиёт ходимлари

 

Тиббий стаж диагностикаси

 

Имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганлар орасида тиббиёт ходимлари дастлабки ўринлардан бирини эгалласалар ажаб эмас. Ушбу касб вакилларининг пенсияси ўзгача тартибда расмийлаштирилади. Биз ўқитувчиларнинг пенсияга чиқиши хусусиятлари ҳақида ёзган эдик1. Бугун Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсиялар тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев билан тиббиёт ходимларига пенсия расмийлаштирилиши ҳақида суҳбатлашамиз.

 

– Қайси мезонлар тиббиёт ходимига имтиёзли пенсия олиш имконини беради?

– Қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус рўйхатларда2 қайд этилган бир қатор касбдаги тиббиёт ходимлари имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга. Чунончи, 2-рўйхатнинг I қисмида кўрсатилган тиббиёт ходимлари 10 йил олдин, 3-рўйхатнинг I ва VIII қисмларидагилар эса 5 йил олдин пенсияга чиқа оладилар.

Биринчиларига (2-рўйхат) радиоактив моддалар билан (фаоллиги – 226 радий 10 милликюридан ортиқ ёки радиоактив моддалар миқдори радиозаҳарлилиги бўйича эквивалент), шунингдек гамма-терапия аппаратларида доимий ва бевосита ишлаган ходимлар киради. Улар сирасига шифокор-рентгенологлар, шунингдек рентген операцияси ва ангиография, флюорография, рентген бўлимлари (хоналари)нинг шифокорлари ва ўрта тиббиёт ходимлари киради.

5 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи 3-рўйхат қарийб 20 муассаса, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларни3 ўз ичига олган. Уларнинг айримларини санаб ўтаман. Улар вабога қарши, силга қарши ва юқумли касалликлар муассасаларининг ходимларидир. Рўйхатда моховхоналар, психиатрия (психоневрология) даволаш-профилактика муассасалари ва болалар уйи бўлимлари, турли интернат-уйларнинг ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари қайд этилган. Куйиш ва йиринглаш бўлимларидаги, шунингдек кимёвий терапия хоналарида ишловчи шифокорлар ва тиббиёт ходимлари, патологоанатомия бўлимлари, прозекторхоналар, ўликхоналарнинг кичик ҳамширалари (санитаркалари) ва бошқалар ҳам эътибордан четда қолмаган. Рўйхатда ОИТС ва ОИВ инфекциясига чалинганларни даволаш муассасалари ва ихтисослаштирилган бўлимларининг шифокорлари, ўрта тиббиёт ходимлари, реанимация ва интенсив терапия шифокорлари, патологоанатомия, прозектор бўлимлари ва ўликхоналар, шунингдек махсус лабораториялар ходимлари ҳам бор (3-рўйхатнинг VIII қисми).

Қолган тиббиёт ходимлари: эркаклар – 60 ёшда, аёллар – 55 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга.

– Имтиёзлар механизмини ишга тушириш учун қандайдир қўшимча шартларнинг бўлиши талаб этиладими?

– Ҳа, албатта, 2-рўйхатнинг I қисми ва 3-рўйхатнинг I қисмига кирувчи пенсия талабгорларининг иш ўрни меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказилиши зарур (ВМнинг 250-сон Қарори 2-банди).

Уни ўтказиш тартиби ВМнинг 15.09.2014 йилдаги 263-сон Қарори билан тасдиқланган. Шунингдек Меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш услубиятидан (АВ томонидан 28.05.1996 йилда 247-сон билан рўйхатдан ўтказилган) фойдаланилади.

 

Ушбу меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, рўйхатлар қуйидаги тартибда қўлланади:

 

Рўйхатлар

 

Меҳнат шароитлари даражаси

 

Умумий белгиланган ёшдан 10 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 2-рўйхати I қисми

 

3.4

 

Умумий белгиланган ёшдан 5 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 2-рўйхати I қисми

 

3.3

 

 

 

Меҳнат шароитлари даражаси мазкур баҳога мувофиқ келиши керак. Акс ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқи бўлмайди.

 

МИСОЛ. Шифокор-рентгенологнинг (2-рўйхатнинг I қисми) иш ўрнини аттестациядан ўтказиш натижаларига кўра меҳнат шароитлари даражаси 3.3 ни ташкил этди. Тегишинча, у 10 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга эмас. Ушбу баҳо у тааллуқли бўлмаган 3-рўйхат бўйича меҳнат шароитлари даражасига мувофиқ келади.

 

3-рўйхатнинг VIII қисми бўйича имтиёзли пенсия тайинлаш учун иш ўринларини аттестациядан ўтказиш талаб этилмайди.

– Аттестация 5 йилда камида 1 марта ўтказилади. Унинг натижасидан ташқари талаб қилинадиган иш стажи қанча бўлиши керак? Агар у камлик қилса, имтиёзли пенсия тайинланадими?

– Шуни қайд этишим керакки, биргина аттестация натижаси кифоя қилмайди. Чунончи, имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун 2-рўйхатнинг I қисмида қайд этилган ходимга иш ўринларини аттестациядан ўтказишнинг камида 2 та натижаси зарур бўлади. Бунда шуни инобатга олиш лозимки, аёллар учун махсус стаж 7 йилу 6 ойни, эркаклар учун эса 10 йилни ташкил этиши керак. 3-рўйхатнинг I қисмида назарда тутилган имтиёз эгалари вакилларида: аёлларда – камида 2 та натижа, эркакларда – камида 3 та натижа бўлиши шарт. Бу ҳолда махсус стаж аёллар учун 10 йилни, эркаклар учун эса – 12 йилу 6 ойни ташкил этади.

Аттестация натижалари билан тасдиқланган махсус иш стажи талаб қилинганидан кам бўлса, имтиёзли шартлардаги пенсия қуйидаги тартибда тайинланади4:

 

2-рўйхатнинг I қисми бўйича

 

Эркаклар

 

Аёллар

 

махсус стажи

 

ёши

 

махсус стажи

 

ёши

 

5 йил

 

55 ёш

 

3 йилу 9 ой

 

52 ёш

 

6 йил

 

54 ёш

 

4 йил

 

51 ёш

 

7 йил

 

53 ёш

 

5 йил

 

50 ёш

 

8 йил

 

52 ёш

 

6 йил

 

49 ёш

 

9 йил

 

51 ёш

 

7 йил

 

48 ёш

 

 

 

3-рўйхатнинг I қисми бўйича

 

Эркаклар

 

Аёллар

 

махсус стажи

 

ёши

 

махсус стажи

 

ёши

 

6 йилу 3 ой

 

58 ёш

 

5 йил

 

53 ёш

 

7 йилу 6 ой

 

57 ёш

 

6 йил

 

52 ёш

 

10 йил

 

56 ёш

 

8 йил

 

51 ёш

 

 

 

– Аттестация талаб этилмайдиган тиббиёт ходимларига пенсия қандай тайинланади?

– 3-рўйхатнинг VIII қисми бўйича имтиёзли пенсия тайинлаш учун махсус иш стажи қишлоқ жойларда камида 25 йилни ва шаҳарларда камида 30 йилни ташкил этиши керак. Агар унинг бир қисми ходимнинг қишлоқдаги, бошқа қисми эса шаҳардаги тиббиёт муассасаларидаги иши билан боғлиқ бўлса, иш стажи камида 30 йил бўлганда пенсия тайинланади.

 

МИСОЛ. Сил касаллиги шифохонаси шифокори қишлоқда 24 йил ишлаган, айни пайтда шаҳарда ишлаяпти. Имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун у яна 1 йил қишлоқ жойда ёки 6 йил шаҳарда ишлаши зарур.

 

Агар шифокор етарли, бунинг устига, керагидан ортиқ махсус стажига эга бўлса-чи? Бу иш йиллари қандай ҳисобланади?

– Албатта, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 38-моддасига мувофиқ, ходимларнинг айрим тоифалари иш стажига қуйидагилар имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади:

2-рўйхатнинг I қисмига кўра имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган, эркакларда 10 йилдан ортиқ ва аёлларда 7 йилу 6 ойдан ортиқ ишланган ҳар бир тўлиқ йил – икки ҳисса баробарида;

моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунитет танқислиги вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар муассасаларида ишлаш – икки ҳисса баробарида;

патологоанатомия муассасалари ва суд-тиббий экспертиза муассасаларининг тиббиёт ходимларидан айрим тоифаларининг иши5 – бир ярим ҳисса баробарида.

Бироқ шуни унутмаслик лозимки, пенсияга бўлган ҳуқуқни белгилашда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи юқорида белгиланган қоидалар қўлланмасдан аниқланади (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 40-банди, бундан кейин – 252-сон Низом).

 

МИСОЛ. Киши 15 йил моховхонада шифокор бўлиб ишлади. Қонуннинг 12-моддаси «л» бандига мувофиқ, моховхоналарнинг шифокорлари, лавозимининг номидан қатъи назар, махсус иш стажи қишлоқ жойда камида 25 йил ва шаҳарда камида 30 йил бўлган тақдирда умумий белгиланган ёшдан 5 йил олдин (эркаклар – 55 ёшда ва аёллар – 50 ёшда) пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Мазкур ҳолда шифокор махсус иш стажи камлиги боис имтиёзли пенсия таъминотига ҳақли эмас.

Агар у умумий белгиланган пенсия ёшига (эркаклар – 60 ёшга ва аёллар – 55 ёшга) етганидан кейин мурожаат қилса, моховхонадаги иш стажи имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади, яъни 30 йилни ташкил этади.

Агар моховхона шифокори қишлоқ жойда 25 йил ишлаганда эди, Қонуннинг 12-моддаси «л» бандига мувофиқ имтиёзли пенсия таъминотига ҳақли бўларди, моховхонадаги иш стажи эса имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланиб, 50 йилга (25 х 2) тенг бўларди.

 

– Аттестация натижалари ва махсус стаж имтиёзли пенсия олинишини кафолатлайдими? Ёки бажарилиши мажбурий бўлган бошқа шартлар ҳам назарда тутилганми?

– Имтиёзли пенсия олиш талабларига тиббиёт ходимининг иш куни давомийлиги меъёри ҳам қўшилади (2337-сон Йўриқнома).

Алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги қисқартирилган иш куни белгиланадиган ходимлар рўйхати (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон Қарорига 4-илова) билан тиббиёт ходимлари учун кунига 5,5 соатлик иш куни давомийлиги белгиланган. Гамма-терапия ва рентген ташхиси хоналарида ишловчилар учун у кунига 5 соатга тенг, радиоманипуляция хоналарида ва лабораторияларда гамма-қурилмалар билан ишловчилар учун – кунига 4 соатга тенг (ВМнинг 133-сон Қарорига 8-илова).

 

МИСОЛ. Шифокор қишлоқ жойда 25 йил ишлади. Шундан 15 йили иш вақти давомийлиги кунига 5,5 соат ва ундан ортиқ, 10 йили эса кунига 5,5 соатдан камни ташкил этган. Махсус иш стажи 15 йилни ташкил этади. Мазкур ҳолда у имтиёзли пенсия таъминотига ҳақли эмас.

 

Бундан ташқари, имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган (2-рўйхатнинг I қисми) муайян иш участкаларига биркитилган ёки радиоактив нурланиш манбалари билан ишловчи тиббиёт ходимлари қўшимча равишда қуйидагиларни тақдим этишлари керак:

ёрдамчи материаллар сарфи меъёрлари, лимит карталари;

муайян иш участкаларига биркитилгани тўғрисидаги буйруқ;

радиоактив манбалар берилганлиги журнали;

лавозим (иш) йўриқномалари;

якка тартибдаги дозиметрия назорати журнали (нурланиш даражасини ҳисобга олиш журнали).

Юқоридагиларга қўшимча сифатида тиббиёт ходимлари:

махсус иш стажини;

иш вақти давомийлиги меъёрларига қўйиладиган талабларга риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим этишлари кераклигини айтиб ўтмоқчиман.

 


1Имтиёзларҳар бир ўқитувчи учун эмасНорма маслаҳатчи»нинг 15.03.2016 йилдаги 11 (556)-сони).

2Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатлари (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон Қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – ВМнинг 250-сон Қарори).

3Рўйхатлар билан «Norma» АҚТда ва norma.uz сайтида батафсил танишиш мумкин.

4Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларини қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 12.03.2012 йилда 2337-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 2337-сон Йўриқнома).

5Патологоанатомия муассасалари ва суд-тиббиёт экспертизаси муассасаларининг пенсия тайинлаш вақтида меҳнат стажи бир ярим баравар кўпайтириладиган тиббиёт ходимлари айрим тоифаларининг рўйхати 252-сон Низомга 3-иловада назарда тутилган.

 

 

Маълумот учун!

Президентнинг 18.04.2016 йилдаги ПФ-4793-сон Фармони билан 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларига республика бюджети маблағлари ҳисобидан 800 минг сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, ИИВ, МХХга Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда ушбу пул мукофотининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминлаш вазифаси юкланди.

 

 

Расмий жавоб

 

Штат жадвали иш ҳақини тасдиқламайди

 

Пенсияни расмийлаштириш учун ҳужжатларни тўплаётганда ўзимга керакли даврдаги иш ҳақи тўғрисида маълумотнома сўраб архивга мурожаат қилдим. Бироқ мен ишлаган корхона менга керакли маълумотнома берилиши учун зарур ҳужжатларни архивга топширмаганлиги маълум бўлди. Фақат штат жадваллари ва кадрларга оид айрим ҳужжатлар топилди.

Штат жадвалидан кўчирмадан менга керакли даврдаги иш ҳақимни тасдиқловчи ҳужжат сифатида фойдаланиш мумкинми?

А.Бадалов.

Чирчиқ ш.

 

– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (бундан кейинҚонун) 37-моддасига асосан, фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш иш стажига қўшиб ҳисобланади. Суғурта бадаллари тўланган бўлиши керак.

Пенсияни ҳисоблаб чиқаришда иш ҳақи ҳисобланган иш ҳақи суммасидан олинади. Уни гувоҳлар кўрсатмаси асосида аниқлашга йўл қўйилмайди. Лавозим маошлари штат жадвалидан кўчирмалар ва жамоат ташкилотларининг аъзолик билетлари ҳақиқий иш ҳақини тасдиқлайдиган ҳужжат ўрнини боса олмайди (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 85-банди).

 

 

Саломатлигининг ҳолатига кўра

 

Касб касаллигига учраган ходимларга бериладиган ногиронлик пенсиясини расмийлаштириш учун стаж қанча бўлиши зарур?

Х.Атҳамов.

 

– Касб касаллигига учраган ходимларга бериладиган ногиронлик пенсиялари иш стажидан қатъи назар тайинланади (Қонуннинг 17-моддаси).

Умумий касаллик туфайли бериладиган ногиронлик пенсияси тайинланаётганда зарурий стаж керак бўлади. Шуни эслатиб ўтамизки, у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларга тайинланади (Қонуннинг 15-моддаси).

 

Ногиронлик пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажи

Ёш

 

Иш стажи (йилларда)

 

23 ёшга қадар

 

2

 

23 ёшдан 26 ёшга қадар

 

3

 

26 ёшдан 31 ёшга қадар

 

5

 

31 ёшдан 36 ёшга қадар

 

7

 

36 ёшдан 41 ёшга қадар

 

9

 

41 ёшдан 46 ёшга қадар

 

11

 

46 ёшдан 51 ёшга қадар

 

14

 

51 ёшдан 56 ёшга қадар

 

17

 

56 ёш ва ундан ошганда

 

20

 

 

Абдурашид Исмоилов,

Тошкент шаҳар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармасининг
пенсия ва нафақалар тайинланишини таҳлил ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи.

 

 

Бизга ёзган эдингиз

 

Бола соғлом бўлгани яхши

 

Мен касалванд туғилган болани тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётганим учун ногирон болани тарбияловчи аёл сифатида 50 ёшга тўлмасдан пенсияга чиқишга ҳақлиманми?

М.Воҳидова.

 

– «Давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси «з» бандига мувофиқ болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари уларни 8 ёшгача тарбиялаган бўлса, иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда, охирги иш жойидан қатъи назар, Қонуннинг 7-моддасида белгиланган ёшни (50 ёш) 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Башарти, аёл ўгай ўғил ва ўгай қизни улар 8 ёшга тўлгунига қадар камида 5 йил тарбиялаган бўлса, пенсия тайинлашда улар ҳақиқий фарзандлар билан тенг равишда ҳисобга олинади.

 

Маълумот учун! Агар аёл 3 ёшдан катта ногирон болани фарзандликка олган бўлса, у имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

 

Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (8.09.2011 йилдаги 252-сон ВМҚга 1-илова) 38-бандида белгиланишича, ногиронни 8 ёшгача тарбия қилган болаликдан ногироннинг онасига пенсия тайинлашда талаб қилинадиган 20 йиллик иш стажига ушбу Низомнинг 35-банди «а»–«д» кичик бандларида кўрсатилган даврлар қўшиб ҳисобланади. Пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қуйидагилар қўшиб ҳисобланади:

а) фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;

б) ҳарбий хизмат ва партизанлар отрядлари ва қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларидаги ва ички ишлар органларидаги хизмат;

в) ҳарбийлаштирилган соқчиликда, махсус алоқа органларида ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, якка тартибдаги (жамоа) меҳнат фаолияти ёки қорамол етиштириш ҳамда шахсий ёрдамчи ва деҳқон (фермер) хўжаликларида етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш бўйича фаолият;

д) I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача ногирон болага қараб туриш вақти, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт.

Бунда «д» кичик бандида назарда тутилган даврлар Низомнинг 35-банди «а», «б», «в» ҳамда «г» кичик бандларида кўрсатиб ўтилган умумий стаж камида 5 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қоннунинг 37-моддаси)*.

 

1-МИСОЛ. Пенсияга талабгор она боласи ногирон туғилгунга қадар фабрикада 2 йилу 6 ой тикувчи бўлиб ишлаган ва кооперативда 1 йилу 7 ой бухгалтерлик қилган. Низомнинг 35-банди «а», «б», «в» ва «г» кичик бандларида назарда тутилган унинг иш стажи 4 йилу 1 ойни ташкил қилади. У туғилган бола доимий парваришга муҳтож бўлганидан кейин ишламаган. Тегишинча, 16 ёшгача бўлган ногирон болага қараб туриш вақти иш стажига қўшилмайди.

 

2-МИСОЛ. Аёл имтиёзли пенсияга чиқиш учун ҳужжатларини топширди. У 4 йил ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизматида бухгалтер бўлиб ишлаган. Ўғли ногирон бўлиб туғилганидан кейин уни парваришлаш таътилида бўлган. Фарзанди 3 ёшга тўлганидан сўнг таътилдан қайтган ва 1 йилу 2 ой ишлаган. Ўғлининг соғлиғи ёмонлашганлиги туфайли ишдан бўшаган ва бошқа ишламаган. «в» кичик бандда назарда тутилган унинг иш стажи 5 йилу 2 ойни ташкил қилади. 16 ёшга тўлгунга қадар ногирон болага қараб туриш вақти (15 йилу 10 ой) 20 йилни ташкил қиладиган имтиёзли пенсияга ҳуқуқни берадиган умумий иш стажига қўшилади.

 

Низомнинг 65-бандида белгиланишича, 16 ёшгача ногирон болага қараб туриш вақти қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаси; ногиронликда бўлганликни (ногирон болалар учун), ёшни тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосида белгиланади.

Қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан олинган маълумотлар ва қараб турилган шахслардан, шунингдек уларнинг қўшниларидан сўраб чиқиш асосида Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тузилади.

Ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидагилар илова қилиниши керак:

иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома (пенсия тайинлаш учун мурожаат қилишидан олдинги меҳнат фаолиятининг сўнгги 10 йили учун);

ариза берувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси (2005 йил 1 январдан кейин).

Бундан ташқари, зарур ҳолларда қуйидагилар тақдим этилади:

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаси тиббий-маслаҳат комиссияси томонидан берилган ариза берувчининг боласи 16 ёшгача ногирон бола деб эътироф этилишини тасдиқлайдиган тиббиёт хулосаси;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган ногирон бола 8 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома, шунингдек бола 8 ёшгача ногирон бола деб эътироф этилишини тасдиқлайдиган ТМК томонидан берилган тиббиёт хулосаси ёки ТМК томонидан берилган ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган касаллик бўйича даволаш-профилактика муассасасида ҳисобда турганлик тўғрисидаги маълумотнома.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижроия аппарати
пенсия тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.

 


*2016 йил 1 июлдан 25.04.2016 йилдаги ЎРҚ-405-сон Қонунга мувофиқ энг кам иш стажи камида 7 йилни ташкил қилиши керак.

 

 

Экспертга савол

 

Катта даромад пенсияга таъсир кўрсатмайди

 

Пенсияни расмийлаштираётганда ўриндошлик бўйича ишлаганим тўғрисидаги маълумотномаларни ҳам тақдим этмоқчи бўлдим. Бироқ Пенсия жамғармаси инспектори асосий иш жойи бўйича пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун ўртача ойлик даромадим энг юқори миқдорга етгани сабабли улар керак эмаслигини айтди. Унинг гаплари тўғрими?

Э.Багиев.

Тошкент ш.

 

– Ҳақиқатан ҳам, Президентнинг «Пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (17.09.2007 йилдаги ПФ-3921-сон) асосан, 2007 йилнинг 1 октябридан пенсияни ҳисоблаш учун энг кам иш ҳақи миқдорининг 8 каррасигача иш ҳақи қабул қилинади (бунгача у ЭКИҲнинг 7 каррасини ташкил этар эди). Яъни пенсиянинг таянч миқдорини ҳисоблашга асос бўладиган ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқиш учун ЭКИҲнинг 8 бараваридан ортиқ иш ҳақи инобатга олинмаслиги борасида инспектор тўғри жавоб берган. Шу тариқа, бугунги кунда ЭКИҲнинг 8 бараваридан ортиқ, яъни 1 041 920 сўмдан (8 х 130 240) ортиқ миқдордаги даромад пенсия ҳажмида акс этмайди. Шунга қарамай, пенсия йиғмажилдингизда ЭКИҲнинг 8 бараваридан ортиқ даромадларингизни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, улар келгусида пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақининг энг юқори миқдори оширилган тақдирда керак бўлиб қолиши мумкин.

Ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) ойлик иш ҳақи олинади (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 86-банди). Пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган 60 календарь ойдаги иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилган умумий миқдорини 60 га бўлиш йўли билан аниқланади (Низомнинг 101-банди).

Энг юқори миқдордаги пенсия тайинланиши учун охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи камида ЭКИҲнинг 8 бараварини ташкил этган бўлиши зарур.

 

Шуни эслатиб ўтамизки, иш ҳақи ҳисобланган иш ҳақи суммасидан олинади. Унинг таркибига Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган, суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги барча даромадлар киради. Иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ва тузилган меҳнат шартномасига (контрактига) мувофиқ ишларни бажараётган жисмоний шахсларга ҳисобланадиган ва тўланадиган барча тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар деб эътироф этилади:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг қабул қилинган шакллари ва тизимларига мувофиқ ишбай нархлар, тариф ставкалари ва мансаб маошларидан келиб чиққан ҳолда ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақи;

илмий даража ва фахрий унвон учун қўшимча тўловлар;

рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар;

компенсация тўловлари (компенсация);

ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш.

Қуйидагилар ҳам меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради:

предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга (якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган, қатъий белгиланган солиқ солинадиган даромадлар бундан мустасно) тўловлар;

юридик шахснинг бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш органи) аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар;

мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, МХХнинг ҳарбий хизматчиларига, ички ишлар органларининг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибига ҳамда Давлат божхона қўмитасининг ходимларига хизматни ўташи (хизмат мажбуриятларини бажариши) муносабати билан тўланадиган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар.

 

 

Муассис пенсияга чиққанда

 

Мен МЧЖнинг директори ва ягона муассисиман. Пенсия ёшим яқинлашгани сайин пенсияни расмийлаштириш ҳақида ўйлаб қоляпман.

Агар директорни ишга қабул қилиб, фақат МЧЖ муассиси бўлиб қолсам, пенсияни тўлиқ миқдорда олишим мумкин бўладими?

К.Ронин.

Тошкент ш.

 

Ҳа, олишингиз мумкин. Дивидендлар – МЧЖ муассислари ўртасида уларнинг улушлари бўйича соф фойданинг ва (ёки) ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойданинг бир қисмини тақсимлашда тўланадиган даромаднинг мулкий кўриниши (Солиқ кодексининг 22, 176-моддалари). Улар банк депозитлари бўйича фоизлар сингари тузилган меҳнат ва (ёки) фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишларни бажарганлик учун меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромад ҳисобланмайди. Шу сабабли дивидендлар муассиснинг пенсия миқдори ва уни олиш шартларига таъсир кўрсатмайди. Фақат ишловчи пенсионерлар учун уни тўлашнинг алоҳида тартиби назарда тутилган. Шу тариқа, агар сиз директор, яъни ходим бўлмай, фақат муассис бўлиб қолсангиз, ишламайдиган пенсионер деб ҳисобланиб, 100 фоиз пенсия оласиз.

 

Елена Ермохина, «Norma Online» эксперти.

 

Маълумот учун!

Пенсиянгиз банк пластик карточкаси ёки омонат ҳисобрақамига тушадими?

Ҳар 6 ойда Пенсия жамғармаси бўлимида буни тасдиқлашни УНУТМАНГ.

 

 

Хабардор бўлинг

 

Ҳам иш ҳақи, ҳам пенсия

 

Агар ишловчи пенсионерлар фуқароларнинг қуйидаги тоифаларига мансуб бўлсалар, уларга пенсия тўлиқ миқдорда (100%) тўланади:

а) уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар1;

б) Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий вазифаларни бажарган ёки фронт орқасида ишлаган;

в) I ва II гуруҳ ногиронлари;

г) Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрганлар2;

д) фуқаролар йиғинлари ва маҳалла раислари;

е) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида ишлаётган аёл пенсионерлар.

Қолган барча ишловчи пенсионерларга 50% миқдорида пенсия тўланади.

2014 йил 1 январдан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишловчи ва қонун ҳужжатларида белгиланган ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан оз даромад (гонорар, ҳақ ва б.) олувчи пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.

 


1Уруш қатнашчилари ва ногиронларига тенглаштириладиган шахслар доираси ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга 1 ва 2-иловалар билан белгиланган.

2Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган фуқаролар тоифасига кирувчи шахслар доираси ОС Раёсати ва ВМнинг 6.04.1992 йилдаги 170-сон Қарори билан белгиланган.

 

 

Хорижда қандай?

 

Қари келса, ишга!

 

Белоруссия президенти Александр Лукашенко пенсия ёшини 3 йилга ошириш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. 2022 йилдан эркаклар пенсияга 63 ёшда, аёллар эса 58 ёшда чиқадиган бўлишади.

 

Белоруссия раҳбарининг расмий сайтидаги хабарда айтилишича, ҳужжат 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб пенсия ёшини босқичма-босқич кўтариб боришни назарда тутади. Эркаклар 63, аёллар 58 ёшга тўлгунга қадар бу ёш ҳар йили 6 ойдан кўтарилиб бораверади. Илгари эркаклар 60 ёшда, аёллар 55 ёшда пенсияга чиқишар эди. Шу тариқа, 2022 йилга бориб пенсия ёши 3 йилга кўтарилади.

Пенсия ёшини кўтариш тўғрисидаги масала Белоруссияда тезда ҳал бўлди. Март ойида Лукашенко пенсия ёшини босқичма-босқич кўтариб бориш тарафдори эканлиги ҳақида илк бор гапириб қолди. «Биз секин-аста ва батартиблик билан ҳаракатланишимиз тарафдориман, – тушунтирди Белоруссия президенти. – Ҳар йили ярим йилдан ошириб борган ҳолда пенсия ёшини 3 йилга кўтаришнинг тарафдориман. Шунда биз 6–7 йил давомида ушбу 3 йилни оҳиста босиб ўтишга қодир бўламиз».

Мураккаб демографик вазият ва пенсионерлар ҳамда ишга лаёқатли аҳоли ўртасидаги нисбатнинг жадал ўзгариши пенсия ёшини кўтаришга зарурат туғдирди. «Айниқса 2017–2019 йиллардаги кўтарилиш юқори бўлади. Янги пенсионерлар миқдори меҳнатга қобилиятли бўлганлар ёшига етадиганлардан бир ярим баравар кўпни ташкил этадиган бўлади», – деб тушунтириш берди давлат раҳбари.

 

Интернет тармоғи материалларидан.

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 4208 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика