Бугун биз «Бухгалтерия ҳисобини автоматлаштириш» деб номланган янги рукн очдик. Ундан мақсад – ўқувчиларни бухгалтерия ҳисобини юритишга оид дастурий маҳсулотлар билан таништириш, улардан фойдаланишга ўргатиш, контрафакт дастурлардан фойдаланишларидан сақлаш ва, албатта, ушбу ДМ бозори иштирокчилари ва уларнинг маҳсулотлари ҳақида сўз юритишдир.
Бугунги кунда ҳар қандай корхона бухгалтерия ҳисобини автоматлаштиришга катта эҳтиёж сезади. Замонавий бухгалтерия дастурлари маълумотлар базасини яратиш ва унинг асосида турли мураккабликдаги бухгалтерия ҳисоботларини шакллантириш имконини беради, ҳисобда хатога йўл қўймасликда, иш вақтини тежашда, зарур ахборотни тезкор равишда олишда ёрдам беради. Махсус дастурий маҳсулотни бухгалтерия ҳисобини автоматлаштиришда катта тажрибага ва обрўга, сотилаётган дастурларнинг лицензиялари ва сифат сертификатларига эга бўлган профессионал фирмалардан сотиб олган маъқул. Дастурни танлашда у қайси корхонага: кичик, ўрта ёки йирик корхонага мўлжалланганини ҳисобга олиш, унинг қай соҳага тегишлилигига эътибор қаратиш зарур. |
Ғарбдаги, россиялик ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бухгалтерия ҳисобини юритиш учун дастурларни кўп миқдорда ишлаб чиққанлар. Алоқа ва ахборотга ишлов берувчи замонавий тизимларга асосланган йирик, кўпчилик фойдаланишига мўлжалланган тизимлар ном чиқарган. Улар бухгалтерлар жамоасига ҳисобнинг бир-бирига боғлиқ участкаларини бир вақтда юритиш имконини беради, корхона раҳбариятига эса оқилона бошқарув қарорларини қабул қилиши учун ишончли ахборотни тезкор равишда олиш имконини беради. Баъзи йирик корхоналаримиз, аввало чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналаримиз бухгалтерия ҳисобини автоматлаштиришнинг хорижий дастурий воситаларини муваффақиятли қўллаб келмоқдалар. Бир томондан бунинг сабаби аён, зеро уларнинг ишлаб чиқувчилари бугунги кунда бозоримизда йирик корхоналар учун энг замонавий, янги технологик асосга қурилган комплекс ечимларни таклиф этмоқдалар.
Бироқ, кўпгина афзалликларига қарамай, бошқарув ва бухгалтерия ҳисобини автоматлаштириш хорижий тизимларининг маҳаллий бозорда кенг тарқалишига уларнинг қуйидаги жиҳатлари тўсқинлик қилмоқда:
● ўн ва юз минглаб, баъзан миллионлаб долларни ташкил этувчи юқори харид қиймати;
● ўқитиш ва кузатишнинг қимматлиги. Бунда қонун ҳужжатларидаги ўзгартишларни ҳисобга олиш ишлаб чиқувчи фирмаларнинг ўзимиздаги ваколатхоналари мутахассислари томонидан дастурларга узоқ вақт (2 ойдан 3 ойгача) қўшимча ишлов берилишини талаб этади;
● узоқ муддат – ярим йил ва ундан ортиқ вақтда жорий этилиши;
● профессионал дастурчи томонидан фойдаланувчининг аниқ эҳтиёжларига мослаштирилиши ва тузатиш киритилиши талаб этилиши;
● маҳаллий ҳисоб юритиш амалиёти шароитларига ва хўжалик юритиш хусусиятларига мослаштиришнинг мушкуллиги, сабаби уларда бизнес юритишнинг ўзига хослиги ва миллий қонун ҳужжатларининг хусусиятлари ҳисобга олинмайди.
Ғарбдаги, Россия ва миллий бухгалтерия ҳисобини юритиш тизимида жиддий тафовут борлиги сабабли сўнгги омилни кўпинча енгиб ўтиш мушкул бўлади.
Нафақат бухгалтерия ҳисобини автоматлаштириш, балки савдо, молия ва ишлаб чиқаришга оид ҳисоботларни юритишни соддалаштириш, шунингдек омборлар ва ходимларни бошқариш жараёнларини енгиллаштириш билан ҳам шуғулланадиган SAP – таниқли немис компаниясининг кучли бухгалтерия дастурини олайлик. Товар қанчалик сифатли бўлса, нархи шунча юқори бўлиши сир эмас. Хорижий ишлаб чиқарувчи хусусида сўз юритганда бу айниқса яққол кўзга ташланади.
Республикамизда россиялик ишлаб чиқувчилар яратган «1С: Бухгалтерия» дастури ва унинг модуллари кенг танилган. Бироқ айрим маҳаллий компаниялар ва дастурчилар «1С» платформасида ўхшаш маҳсулотларни ишлаб чиқаётганликларидан ҳамма ҳам хабардор эмас. Уларнинг баъзилари афзалроқ, баъзилари ёмонроқ чиқади. Бундай ҳолларда лицензия ҳақида сўз юритилмаслиги табиий, бу вазиятда қонун бузилади, янгилаш ва сервис хизмати кўрсатиш имконияти бўлмайди, шунингдек функционаллик чекланади. Ҳолбуки «1С» етказиб берилганда базавий комплектнинг лицензион версиясига зарурат туғилганда қайта созлаш, тўлдириш шакли ва алгоритмини ўзгартириш мумкин бўлган тўлдирилаётган бошланғич ҳужжатлар шаклларининг бутун тўплами киради. Умуман олганда «1С» дастурини бухгалтерия ҳисобини юритувчи юқори малакали мутахассис учун профессионал бухгалтерия дастурлари тоифасига киритиш мумкин, сабаби у кейинчалик индивидуал фойдаланиш мақсадида муайян созлашни талаб этади.
Бироқ миллий ишлаб чиқувчиларнинг таклифларини ҳам кўздан қочирмаслик керак. Чунончи, кичик бизнес учун мўлжалланган «1UZ Бухгалтерия ҳисоби. Базавий» маҳаллий дастури Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мослаштирибгина қолинмай, балки унинг асосида яратилган. Бинобарин, мақбул нархда юқори сифатли маҳсулотга эга бўлиш мумкин. Ундан фойдаланиш осон, барчага тушунарли интерфейсга эга, имкониятлари бўйича хорижий аналогларидан деярли қолишмайди, ўз функционалини такомиллаштирган ҳолда мунтазам ривожланмоқда. Бундан ташқари, у дастур харид қилинганидан кейин биринчи ой давомида 5 кун бепул таълим олиш имконини беради. «1UZ» ишлаб чиқувчилари нафақат бухгалтерияни автоматлаштириш, балки сервис хизмати кўрсатиш, ўз вақтида янгилаш, бевосита мулоқот орқали маслаҳат бериш каби муаммоларнинг ечимини ҳам тақдим этадилар. Бунинг устига, мазкур дастурнинг тўлақонли юкланувчи бепул версияси сизга унинг афзалликларини кўриш ҳамда сифатли лицензион дастур соҳибига айланиш ва ишлаб чиқувчи билан ҳамкорликни давом эттириш хусусида якуний қарор қабул қилиш имконини беради.
Зеро, «1UZ Бухгалтерия ҳисоби. Базавий» дастуридан ташқари «1UZ» маҳсулотлари қаторида омбор, улгуржи савдо, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш учун ихтисослаштирилган ечимлар ва ҳатто бошловчи бухгалтерлар учун ўқув дастури ҳам мавжуд!
Анна КОМАХА.