Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Ташаббус–2016» кўрик-танловининг республика босқичи якунланди.
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган анъанавий «Ташаббус» кўрик-танлови 20 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши ва «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан вазирлик ва идоралар кўмагида ташкил этилди.
Тадбиркорларнинг ҳар йили ўтказилаётган ушбу ташаббус марафони халқимизнинг ҳар бир оила, бутун юртимиз фаровонлиги учун интилаётганидан далолат беради. «Ташаббус–2016» кўрик-танлови ҳам буни ёрқин тасдиқлади. Танловда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида, ички бозорни сифатли товар ва хизматлар билан тўлдириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ҳамда бандлигини таъминлашда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик нечоғли муҳим ўрин тутиши намоён бўлди.
Ушбу форумда иштирок этиш истагида бўлганлар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани унинг аҳамияти ва кўлами кенгайиб бораётганидан далолат беради. Масалан, жорий йилда ушбу танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 7 минг 700 дан зиёд тадбиркор, фермер ва ҳунарманд қатнашди. Уларнинг 540 нафардан ортиғи ҳудудий босқичларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ҳакамларнинг юқори баҳоларига сазовор бўлган 41 иштирокчи «Ташаббус–2016» кўрик-танловининг мамлакат босқичига йўлланма олди.
«Туркистон» саройида ташкил этилган экспозицияда озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббиёт препаратлари, маиший техника, либослар, мебель маҳсулотлари, заргарлик безаклари, гиламлар, қурилиш материаллари ва бошқа кўплаб маҳсулотлар тақдим этилди. Ҳар бир экспонент стендида тадбиркорлик фаолиятининг ютуқлари ва имкониятлари намойиш қилинди.
Қорақалпоғистонлик тадбиркор Муротбек Танирбергенов улардан бири. Унинг 2009 йилда фаолият бошлаган «Muratbek Mebel» корхонасида уй ва офис учун юқори сифатли ва замонавий дизайндаги мебель ишлаб чиқарилмоқда. 2015 йилда маҳсулот турини кўпайтириш мақсадида Италия ва Германиядан махсус ускуналар келтириб ўрнатди. Бу эса ISO 9001-2015 халқаро сифат стандартига эга бўлиш имконини берди.
– 2014 йилда қиймати 2,4 млрд сўмлик мебель ишлаб чиқардик, – дейди М.Танирбергенов. – Ўтган йили бу кўрсаткич 3,4 млрд сўмдан ошди ва бу йил сайин ривожланиб бораётганимиздан далолат беради. Бундай самарадорликка Президентимизнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаётгани, мамлакатимизда бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратилаётгани, имтиёз ва преференциялар берилаётгани туфайли эришмоқдамиз.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига самарали фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятлар яратилган. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти таркибида хусусий сектор улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан ўтган йили 56,7 фоизга етди. Айни пайтда саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи иқтисодиётимизнинг ушбу секторида ишлаб чиқарилаётир. Давлатимиз раҳбарининг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон) бу борадаги имкониятларни янада кенгайтирди.
Сурхондарёлик Хушбоқ Эшназаров ҳам мамлакатимизда яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб келаётган фермерлардан. Унинг кўп тармоқли «Нурмат Хўжақулов» фермер хўжалигида пахта, ғалла етиштиштириш билан бирга, қорамол, парранда парваришланмоқда. Интенсив олма боғи, бодринг, помидор ва лимон етиштириладиган иссиқхоналар барпо этилган. Бундан ташқари, сутни қайта ишлаш ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Фермер ўз маҳсулотларини «Туркистон» саройида кенг намойиш қилди. Хўжалик ютуқлари билан қизиққан иштирокчилар бизнес юритиш борасида тажриба алмашди. Бундай салмоқли ютуқларга қандай эришдингиз, деган саволга фемер шундай жавоб берди:
– Саховатли заминимиз фаровонлигимиз манбаидир. Мамлакатимизда ердан унумли фойдаланиш учун барча ҳуқуқий ва иқтисодий шароитлар яратилган. Айнан шу боис бугун биз нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш, балки пешона теримиз билан етиштирилган ҳосилни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотни экспорт қилиш имкониятига ҳам эгамиз. Илгари булар ҳақида ҳатто орзу ҳам қилолмас эдик.
Мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалигида кенг кўламли таркибий ўзгаришлар рўй берди. Ҳозирги кунда фермер хўжаликлари ҳақли равишда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг етакчи бўғини ва уни ташкил этишнинг асосий шаклига айланди. Фермерларимизнинг фидокорона меҳнати туфайли ҳар йили мўл ҳосил етиштирилмоқда. Масалан, 2015 йилда 7,5 млн тоннадан зиёд ғалла, 3,5 млн тоннадан ортиқ пахта, 12,5 млн тоннадан ортиқ сабзавот, 1,8 млн тонна полиз маҳсулотлари ва 2,7 млн тоннадан зиёд мева йиғиштириб олинди.
Ҳунармандларнинг ранг-баранг стендлари «Ташаббус–2016» кўрик-танловига келганларнинг алоҳида эътиборини тортди. Халқ усталари томонидан яратилган ноёб буюмларни кўриб, уларнинг бадиий фантазияси ва маҳоратига қойил қоласиз. Бу ерда Шарқ миниатюраси асарлари, ёғочдан ясалган, сопол буюмлар, заргарлик безаклари, болалар кровати ва бешиклар, бошқа кўплаб турли маҳсулотларни кўриш мумкин.
– Илгари ҳунармандлар турли тақиқлар сабабли уйида яширинча ишлашга мажбур эдилар, – дейди Тошкент вилоятидан Муроджон Ўрмонов. – Бошқача айтганда, эркин фаолият юритиш, истеъдод ва ижодий салоҳиятни намойиш қилиш учун шароит йўқ эди. Мустақиллик туфайли маҳсулотларимизни эркин ишлаб чиқариш, сотиш, ҳатто халқаро кўргазмаларда қатнашиш имкониятига эга бўлдик. Ўтган йили 45 млн сўм соф даромад олдим ва бу кўрсаткич янада ошишига ишонаман. Негаки, катта режалар тузганман.
Ҳа, бугун тадбиркору ҳунармандларимиз шундай истиқболли режаларга эга. Зеро, Ўзбекистонда маданий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш, халқ усталарини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни Наврўз кунлари тадбиркорлар ўзининг хилма-хил сифатли маҳсулотлари, бежирим ва нодир буюмларини намойиш этгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Бу эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради ва бошқа юртдошларимизни ҳам ўз ишини йўлга қўйишга ундайди.
Анъанага кўра, «Туркистон» саройида «Ташаббус–2016» кўрик-танлови ғолибларининг номи тантанали равишда эълон қилинди.
Ғолиблар учта асосий – «Йилнинг энг яхши тадбиркори», «Йилнинг энг яхши фермери» ва «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» йўналишлари, шунингдек, «Йилнинг энг ёш тадбиркори», «Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли», «Энг яхши инновацион лойиҳа», «Ёшлар учун энг кўп иш ўринлари ташкил қилган тадбиркор», «Менинг Ватаним – менинг фахрим», «Энг яхши оилавий бизнес соҳиби», «Озиқ-овқат саноатида йилнинг энг яхши тадбиркори», «Йилнинг энг яхши маҳсулоти», «Йилнинг энг яхши экспортчиси» ва «Энг яхши масъулиятли ижтимоий шерик» каби қўшимча номинациялар бўйича аниқланди.
«Йилнинг энг яхши тадбиркори» номинациясида Наманган вилоятидан «Aisha Home Textile» қўшма корхонаси раҳбари Жобир Камолиддинов ғолиб бўлди. Мазкур корхона тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Тошкент вилоятидан Исматилла Дадабоев «Йилнинг энг яхши фермери» деб топилди. Унинг раҳбарлигидаги хўжаликда пахта ва ғалла етиштирилади, қорамол ва парранда парвариш қилинади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қайта ишланади.
Тошкент шаҳридан Мадина Қосимбоева «Йилнинг энг яхши ҳунарманди», деб эълон қилинди. У каштачилик ва сўзана маҳсулотлари ишлаб чиқаради.
– Бундай нуфузли танловда ғолиб бўлиш катта шараф, – дейди 2016 йилнинг энг яхши тадбиркори Жобир Камолиддинов. – Рақобат жуда кучли бўлди. Чунки, кўрик-танловда энг муваффақиятли ва истиқболли тадбиркорлар қатнашди. Юртимизда бундай уддабурон ва ташаббускорлар кўп ва улар турли соҳаларда фаолият юритмоқда. Истиқболга белгилаган режаларимиз талайгина, жумладан, халқаро бозорга чиқишни мўлжаллаяпмиз. Шу боис янада кўпроқ меҳнат қилиб, менга кўрсатилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов иштирок этди.
«ТАШАББУС–2016» КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ СОВРИНДОРЛАРИ
Асосий номинациялар:
|
|||
«Йилнинг энг яхши тадбиркори»
|
|||
1
|
Наманган вилояти
|
«Aisha Home Textile» МЧЖ ҚК
|
Камалитдинов Жобир Нуритдинович
|
2
|
Самарқанд вилояти
|
«Afrosiyob Jeans» МЧЖ ҚК
|
Имамов Баҳодир Шоназарович
|
3
|
Навоий вилояти
|
«Heating Radiators» МЧЖ
|
Файзиев Воҳиджон Исмоилович
|
«Йилнинг энг яхши фермери»
|
|||
1
|
Тошкент вилояти
|
«Bekobod Qo‘Rg‘Oni» кўп тармоқли фермер хўжалиги
|
Дадабаев Исматулла Убайдуллаевич
|
2
|
Фарғона вилояти
|
«Rohatoy» фермер хўжалиги
|
Тешабаев Авазбек Сафарович
|
3
|
Сурхондарё вилояти
|
«Nurmat Xo‘jaqulov» кўп тармоқли фермер хўжалиги
|
Ишназаров Хушбоқ Хўжақулович
|
«Йилнинг энг яхши ҳунарманди»
|
|||
1
|
Тошкент шаҳри
|
ҳунарманд
|
Касимбаева Мадина Анваровна
|
2
|
Қашқадарё вилояти
|
ҳунарманд
|
Музаффаров Рустам Зайнитдинович
|
3
|
Бухоро вилояти
|
ҳунарманд
|
Ғуломов Шавкат Муртазоевич
|
Қўшимча номинациялар:
|
|||
«Йилнинг энг ёш тадбиркори»
|
|||
Қорақалпоғистон Республикаси
|
ҳунарманд
|
Адилчаева Дилназ Рустем қизи
|
|
«Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли»
|
|||
Андижон вилояти
|
«Inomjon Fayz» чорвачилик фермер хўжалиги
|
Отахонова Одинахон Иномовна
|
|
«Энг яхши инновацион лойиҳа»
|
|||
Андижон вилояти
|
«Eko Komfort Elegant» МЧЖ
|
Исламов Абдулҳамид Ибрагимович
|
|
«Ёшлар учун энг кўп иш ўринлари ташкил қилган тадбиркор»
|
|||
Жиззах вилояти
|
«Nargiza-Teks» МЧЖ
|
Шамирзаев Икрам Илхамович
|
|
«Менинг Ватаним – менинг фахрим»
|
|||
Сирдарё вилояти
|
«Barlos» фермер хўжалиги
|
Ҳайдаров Алиқул Абдуазизович
|
|
«Энг яхши оилавий бизнес соҳиби»
|
|||
Фарғона вилояти
|
ҳунарманд
|
Мирзаханов Мансуржон Юсубжанович
|
|
«Озиқ-овқат саноатида йилнинг энг яхши тадбиркори»
|
|||
Тошкент вилояти
|
«Master Global Plyus» МЧЖ
|
Ишанов Ҳамидулла Раҳмадович
|
|
«Йилнинг энг яхши маҳсулоти»
|
|||
Бухоро вилояти
|
«Bahor Plastics» МЧЖ ҚК
|
Муродов Джамшед Собирович
|
|
«Йилнинг энг яхши экспортчиси»
|
|||
Тошкент шаҳри
|
«Magnus Industrial Group» МЧЖ
|
Нодирхонов Анвар Нодирхон ўғли
|
|
«Энг яхши масъулиятли ижтимоий шерик»
|
|||
Самарқанд вилояти
|
«Afrosiyob Jeans» МЧЖ ҚК
|
Имамов Баҳодир Шоназарович
|
ЎзА ва Савдо-саноат палатаси материаллари асосида.