Фирмамиз олди-сотди шартномасига кўра жисмоний шахсдан 2 000 000 сўмга асосий восита сотиб олди. Мазкур ҳолда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
И.Ким,
МЧЖ ХК бош бухгалтери.
– Сиз жисмоний шахсдан мол-мулк сотиб олгансиз. Эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш объектлари бўла оладиган моддий объектлар, шу жумладан пул маблағлари, қимматли қоғозлар, улушлар (пайлар, ҳиссалар) ҳамда номоддий объектлар мол-мулк деб тан олинади (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Жисмоний шахсга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишда унда мулкий даромад юзага келади (Солиқ кодекси 176-моддасининг 4-банди), у мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мол-мулкни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати, кўчмас мулк бўйича эса, инвентаризация қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги фарқ даромад деб эътироф этилади.
Мулкий даромадлар солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда жисмоний шахсларнинг тўлов манбаида (даромад тўловчи юридик шахсда) даромад солиғи солинадиган даромадларга киради (Солиқ кодексининг 184-моддаси). Жисмоний шахсга тегишли кўчмас мулкни сотишдан олинган даромадларга белгиланган энг кам ставкада, бошқа мол-мулкни (қимматли қоғозлар, юридик шахснинг устав фондидаги улушларни) сотишдан олинган даромадларга эса – жисмоний шахсга даромад тўланган пайтда ушлаб қолинадиган ЖШДС шкаласида солиқ солинади.
Юқорида айтилганлардан келиб чиқилса, жисмоний шахсга ундан сотиб олинган асосий восита қийматини тўлаш операциясига тўлов манбаи – юридик шахсда ЖШДС солинади. Бироқ Солиқ кодексининг 179-моддаси билан имтиёз тақдим этилган, унга кўра жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадлар ЖШДС тўлашдан озод қилинади (Солиқ кодекси 179-моддасининг 11-банди), бундан:
қимматли қоғозларни, юридик шахсларнинг устав фондидаги улушларини (пайларини);
яшаш учун мўлжалланмаган жойларни;
кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида 1 мартадан ортиқ битим тузилган тақдирда, уй-жойларни реализация қилишдан олинадиган даромадлар мустасно.
Шу сабабли, агар олди-сотди шартномасига кўра жисмоний шахсдан унга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган, Солиқ кодекси 179-моддасининг 11-бандида белгиланган истисноларга кирмаган мол-мулк сотиб олинган бўлса, сиз имтиёзни қўллаб, унинг қийматидан жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқни ушламасликка ҳақлисиз.
Надежда ГУШЧИНА,
«Norma Online» эксперти.