Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 15 / Солиқ солиш

Картошка сотиб олсангиз – солиқ тўлашни унутманг

Ташкилотимиз (ХХТУТ коди – 71300 – умумий овқатланиш) ўз фаолиятини ўтган йилда бошлаган. Бизга керакли бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг баъзиларини супермаркетлардан топа олмаймиз, агар бўлса ҳам, табиийки, улгуржи нархда сотилмайди. Шу боис кўп товарларни бозорлардан нақд пулга харид қилишга мажбурмиз. Сотувчилар ўзлари учун нохуш оқибат юзага келишидан чўчиб, паспорт нусхаси, СТИР ёки бошқа ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортишади. Ўтган йили оборотимиз 3,3 млрд сўмдан ошди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишимиз учун банкдан 1,7 млрд сўмдан кўпроқ маблағ олдик, сўнгра туман ДСИ Солиқ кодексининг 184-моддасига асосланиб бизга талабнома тақдим этди, унда биз харид қилишга олинган суммадан 23%лик энг юқори ставкада ушланган 393 522 800 сўм даромад солиғи тўлашимиз кераклиги, зеро биз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб оладиган жисмоний шахсларнинг даромадлари манбаи ҳисобланишимиз кўрсатилган эди. Агар умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотини харид қилаётганда ҳар бир деҳқондан СТИР, паспорт нусхасини кўрсатишни сўраса, декларация тақдим этиб, унинг учун 23%лик ставкада даромад солиғи тўласа, фаолиятни тўхтатгани ва зарар кўриб ишламагани яхши эмасми? Шу боис ҳам бизда бир қатор саволлар туғилди.

Солиқ инспекциясининг талаби қанчалик тўғри? Агар у тўғри бўлса, қандай иш юритишимиз керак? Маҳсулотни ҳақиқатан ҳам бозорларда харид қилганлигимизни қандай исботлай оламиз? Нима учун биз ЖШДСни энг юқори ставкада тўлашимиз керак? Айни ким учун солиқ тўлаётганимизни солиқ инспекцияси қандай қилиб аниқлайди?

Р.Валиева.

 

Талабларнинг қонунийлиги

Жисмоний шахслар ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотишдан олган даромадларга солиқни қўшимча ҳисоблаб ёзиш учун солиқ инспекциясида қонуний асослар бор-йўқлиги тўғрисидаги саволга жавоб бериш учун умумий овқатланиш корхонаси кимдан маҳсулотлар сотиб олаётганлигини билиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларига (ВМнинг 28.08.2012 йилдаги 253-сон Қарорига ­1-илова) кўра, деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Савол ЖШДСни ҳисоблаш хусусида бўлгани боис бизни жисмоний шахслар қизиқтиради. Уларга рўйхатдан ўтказилган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ҳужжат (маълумотнома) тақдим этган ҳолда ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотаётган жисмоний шахслар киради. Ҳужжат (маълумотнома) белгиланган шаклда бўлиши, ўзи тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи (ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, боғдорчилик-узумчилик ёки полизчилик ширкати бошқаруви) томонидан берилиши ва сотилаётган маҳсулот жисмоний шахс томонидан унга ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқлаши керак. Маълумотномада жисмоний шахс доимий яшайдиган жойнинг манзили, ер участкасининг жойлашган жойи ва майдони, бир йилда ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотишнинг мумкин бўлган ҳажми мажбурий тартибда кўрсатилади (Қоидаларга илова).

Маҳсулотни якка тартибдаги тадбиркордан харид қилишда ЖШДС ушлаш масаласи юзага келмайди, чунки у белгиланган ставкада қатъий белгиланган солиқ тўлайди.

Энди маҳсулотларни ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотадиган жисмоний шахслардан харид қилишга келсак.

Солиқ кодексининг ­178-моддасида тўлов манбаида солиқ солинадиган бошқа даромадлар жумласига ҳайвонларни (қорамол, парранда, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқ ва бошқаларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб, маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда, чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинган даромадлар киритилган. Бироқ Солиқ кодексининг 179-моддаси билан жисмоний шахсларнинг уй хўжалигида етиштирилган ҳайвонларни (қорамол, парранда, мўйнали ва бошқа ҳайвонлар, балиқ ва бошқаларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб, маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда, саноатда қайта ишлашдан ташқари, табиий ва қайта ишланган чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини сотишдан олинадиган даромадларини солиқ солишдан озод қилиш тарзида имтиёз берилган. Жисмоний шахсда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, боғдорчилик, узумчилик ёки полизчилик ширкатларининг бошқарувлари томонидан берилган, реализация қилинаётган маҳсулот солиқ тўловчи томонидан унга ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи маълумотнома бўлганда ушбу имтиёз қўлланиши мумкин. Қонун ҳужжатларида унинг сотувчи – жисмоний шахсда бўлиши тўғрисида талабнинг мавжудлиги, бироқ унда бундай маълумотноманинг асл нусхаси тўлов манбаи ҳисобланган харидор юридик шахсда бўлиши мажбурийлиги қайд этилмаганлиги далили ҳам муҳимдир.

Шуни билиш лозимки, жисмоний шахс худди шундай маълумотномани савдо қилиш учун бозорда жой олаётганида ҳам тақдим этади. Юқорида баён этилганлардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, умумий овқатланиш корхонаси якка тартибдаги тадбиркор деб ҳисобланмаган жисмоний шахсдан ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни имтиёздан фойдаланиб харид қилганда, жисмоний шахсда тегишли маълумотнома мавжуд бўлгандагина, ЖШДСни ушлаб қолмаслиги ва бюджетга тўламаслиги мумкин. Маълумотномасиз жисмоний шахс бозорда савдо қила олмаслиги, бунинг устига қонунда бозор маъмуриятига ҳужжатни тақдим этиш мажбурияти белгиланганлиги боис ҳам умумий овқатланиш корхонаси ҳар бир сотувчидан нақд пулга маҳсулотлар сотиб олаётганда маълумотнома талаб қилиши керак эмас.

 

Бозор ва сотувчи ҳақида

Маҳсулотлар нақд пулга харид қилинаётганда ҳужжатларни (сотиб олиш далолатномасини) расмийлаштириш зарурати 2 мақсадни кўзлайди:

● биринчидан, улар нақд пулдан мақсадли фойдаланилганини тасдиқлайди ва маҳсулотлар харид қилиш учун кассадан маблағ берилган ҳисобдор шахснинг ҳаракатларини назорат қилади;

● иккинчидан, маҳсулотлар бозорда савдо қилиши учун рухсатни расмий равишда олган жисмоний шахсдан харид қилинганлигини тасдиқлаш имконини беради.

Ҳужжатнинг шакли белгиланмаган. Бироқ бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ корхона ҳисоб сиёсатида ҳужжатнинг бошланғич шаклини тасдиқлаш ҳуқуқига эгадир. Ҳужжат унда акс эттириладиган операцияга мувофиқ келиши ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасида белгиланган қуйидаги барча реквизитларга эга бўлиши зарур:

корхонанинг (муассасанинг) номи;

ҳужжатнинг номланиши ва рақами, уни тузиш санаси ва жойи;

хўжалик операциясининг номланиши, мазмуни ва миқдорий ўлчами (натура ва пул ифодасида);

масъул шахсларнинг шахсий имзолари.

Амалиётда умумий овқатланиш корхоналари харид қилиш далолатномасини тузадилар. Унда албатта маҳсулот сотувчининг паспорт маълумотлари, унинг яшаш жойи ва харид амалга оширилган бозор кўрсатилади. Тасдиқланган далолатнома асосида бўнак ҳисоботи тузилади, унга кўра сотиб олаётган шахс фойдаланилмаган ҳисобдор суммани қайтаради.

Умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотини харид қилган жисмоний шахснинг даромадлари солиқ ҳисоботида бошқа даромадлар сифатида тўлов манбаида жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган даромади таркибида акс эттирилиши кераклиги муҳим далилдир. Тақдим этилаётган ҳисоб-китоблар шаклида жисмоний шахсларга тўланган бошқа даромадлар ва имтиёзлар суммалари кўрсатиладиган устунлар мавжуд. Агар имтиёз бериш учун асос (маълумотнома) мавжуд бўлса, ҳисоботда имтиёзни кўрсатамиз, агар у бўлмаса – солиқ тўлаймиз.

 

Нима учун энг юқори ставкада

Жисмоний шахснинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишдан олган даромадлари Солиқ кодексига кўра жисмоний шахсларнинг тўловлар манбаида солиқ солинадиган бошқа даромадларига киритилади (Солиқ кодексининг 184-моддаси). Агар юридик шахс маҳсулотларни бозордан бошқа жойда сотадиган ҳар қандай жисмоний шахсдан харид қилганда имтиёзни қўлламаган ҳолда ЖШДСни ушлаб қолганда, Солиқ кодексининг 185-моддасига мувофиқ буни солиқнинг белгиланган ставкаси бўйича қилиши керак эди.

Солиқ инспекцияси қўшимча ҳисоблаб ёзишни камерал назорат доирасида амалга оширганлиги боис, у фақат ахборот билан хўжалик юритувчи субъект тақдим этган ҳисоботлар маълумотларини таққослаши мумкин эди (Солиқ кодексининг 70-моддаси).

Агар умумий овқатланиш корхонаси ҳисоботда жисмоний шахслар сонини ҳам, уларга тўланган даромад суммасини ҳам акс эттирмаганда, ДСИ маълумотларни фақат хизмат кўрсатувчи банкдан олиши мумкин эди. Шуни қайд этиш лозимки, хизмат кўрсатувчи банкдан ахборот олиш қонунийдир, чунки «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 38-моддасига кўра, банклар корхоналарнинг операциялари тўғрисидаги зарур маълумотларни улар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлиқ ва тўғри тўлаётганликларини назорат қилиш учун солиқ органларининг сўровига биноан тақдим этишлари банк сирини бузиш деб ҳисобланмайди.

Шу тариқа фақат тўланган даромадлар тўғрисида маълумотларни олган, жисмоний шахсларнинг сони ва улар шахсан олган даромадларнинг миқдорлари тўғрисидаги ахборотга эга бўлмаган солиқ инспекцияси ЖШДСнинг энг юқори ставкасини қўллаган.

Агар умумий овқатланиш корхонаси маҳсулотни бозордан ташқарида харид қилган ва унда сотувчининг ёрдамчи хўжаликка эгалиги хусусида белгиланган шаклдаги зарур маълумотномалар йўқ бўлса, бироқ у ахборотга эга бўлиб, ҳар бир жисмоний шахснинг шахсий даромадини исботлай олса, ЖШДСни қўшимча ҳисоблашни белгилаган ставкалардан келиб чиқиб ҳисоблаш мумкин. Ушбу ҳисоб-китобларни солиқ инспекциясининг камерал назорат якунлари бўйича расмийлаштирилган талаби олингандан кейин 10 кун ичида тақдим этиш лозим.

ЖШДС солиш тартиби тўлов манбаи ҳисобланган юридик шахсларнинг уни ҳисоблаб чиқариш, ушлаш ва тўлаш бўйича бевосита мажбуриятини назарда тутади. Солиқ кодексининг ­184-моддасига кўра, солиқ ушланаётган жисмоний шахс унинг ҳисоблаб чиқарилиши ва тўғри тўланиши учун жавобгар бўлмайди.

Солиқ кодексининг ­187-моддасига мувофиқ, юридик шахс – солиқ агенти асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида белгиланган шаклда, солиқ даври тугаганидан сўнг 30 кун ичида солиқ органларига маълумотнома тақдим этиши шарт.

 

Бундай талаб олгач, нима қилиш керак

Ҳаракатларнинг кетма-кетлигини белгилаш учун турли вазиятларни кўриб чиқамиз.

1. Агар корхонангиз тўланган даромадлар суммасини солиқ ҳисоботида акс эттирган ва улар жисмоний шахслар томонидан олинганлигини исботлайдиган барча ҳужжатларга (бозорда ёки жисмоний шахсдан сотиб олинганлиги тўғрисидаги далолатномалар ва белгиланган шаклдаги маълумотномалар нусхаларига) эга бўлса, мазкур ахборотни талабнома олинган пайтдан бошлаб 10 кун ичида тушунтириш хатида тақдим этиши керак. Ушбу ҳолда солиқ инспекцияси имтиёздан қонуний фойдаланилганлигини солиқ текшируви ўтказилган тақдирдагина аниқлай олади.

2. Агар умумий овқатланиш корхонаси тўланган даромад суммасини ҳисоботда акс эттирмаган ва асосий бўлмаган иш жойидан даромад олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотларни тақдим этмаган, бироқ ЖШДС бўйича имтиёз қўлланишига асос бўлган барча зарур ҳужжатларга (ўша далолатномалар ва маълумотномалар нусхаларига) эга бўлса, буни ҳам тушунтириш хатида кўрсатиш ва қайта ҳисоб-китобларни тақдим этиш лозим. Ҳисоботдаги хатони солиқ органи камерал назорат доирасида аниқлаганлиги боис, у ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда маъмурий жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 175-моддаси).

3. Агар умумий овқатланиш корхонаси юқорида кўрсатилган ҳужжатларни расмийлаштирмаган, маълумотларни ҳисоботда акс эттирмаган бўлса, ЖШДС бўйича ҳисоб-китоблар ва ҳисоботни қайта топшириши ва белгиланган солиқ суммасини тўлаши лозим.

Солиқ кодексининг ­70-моддаси қоидасига алоҳида эътибор қаратиш керак, унда белгиланишича, камерал назорат боришида солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатолар ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботида келтирилган ҳамда давлат солиқ хизмати органларида мавжуд бўлган маълумотлар ўртасида зиддиятлар аниқланади. Солиқ тўловчи тузатишлар киритиш тўғрисида талабнома олган кундан бошлаб 10 кун ичида аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш учун назарда тутилган тартибда тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича тузатилган солиқ ҳисоботи ёки аниқланган тафовутлар асосланмасини тақдим этиши шарт. Шуни билиш лозимки, солиқ тўловчининг жавоби ҳаққонийлиги ёки асослилигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни (асл ёки кўчирма нусхаларини) тақдим этиш таомили белгиланмаган.

 

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Norma Online» МЧЖнинг бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш масалалари бўлими бошлиғи.

Прочитано: 2891 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика