Корхонанинг (ЯСТ тўловчи) асосий фаолият тури – ишлаб чиқариш. Шунингдек шартномалар бўйича қурилиш-монтаж ишларини амалга оширамиз. Бир ойда бажарилган қурилиш-монтаж ишлари далолатномаси 20 млн сўм деб расмийлаштирилди, ҳақиқатда эса қурувчи ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди 30 млн сўмни ташкил этади. Корхона ишларни таннархидан паст реализация қилаётгани кўринади.
Қурилиш-монтаж ишлари бўйича зарар 94-ҳисобвараққа ҳисобдан чиқариладими?
Р.Расулов,
бухгалтер.
– Йўқ, зарарни 9400-«Давр харажатларини ҳисобга олувчи счётлар» ҳисобварағига алоҳида ҳисобдан чиқариш керак эмас.
Бажарилган ишларни реализация қилишдан олинган даромадлар (тушум) 9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар» ҳисобварағи кредити бўйича 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» ҳисобварағи билан корреспонденцияда ҳисобга олинади (сизнинг ҳолатда 20 млн сўмга).
Бажарилган ишлар таннархи 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» ҳисобварағи кредитидан 9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи» ҳисобварағи дебетига ҳисобдан чиқарилади (сизнинг ҳолатда умумий харажатлар суммасига, шу жумладан меҳнат ҳақини тўлашга 30 млн сўмга).
Ҳисобот даври охирида 9030 ва 9130-ҳисобварақлар 9910-«Якуний молиявий натижа» ҳисобварағига ёпилади.
Солиқ кодексининг 355-моддасига асосан бажарилган ишлардан тушум – 20 млн сўмга ягона солиқ тўлови солинади. Ушбу модданинг товарларни таннархидан паст баҳоларда реализация қилувчи юридик шахслар учун тушумни товарлар таннархи сифатида аниқлайдиган қоидаси эса айни товарларга тааллуқли бўлади ҳамда ишлар ва хизматларни реализация қилишга татбиқ этилмайди.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Online» эксперти.