Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 15 / Қонун ижодкорлари эътиборига

Нима билан шуғулланаётганингизни чорак кўрсатади

 

«Norma» профессионал ривожланиш марказида «Умумий овқатланиш корхоналари фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш хусусиятлари ва ҳуқуқий жиҳатлари» курси якунланди. Унинг тингловчилари умумий овқатланиш корхоналари фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш, маҳсулотларни сертификатлаш учун қонун ҳужжатлари қўядиган талаблар ва ушбу соҳада амал қилувчи санитария меъёрлари ҳақида билим олдилар. Шунингдек улар солиқлар ва мажбурий тўловларни ҳисоблаш кўникмаларига эга бўлдилар, ҳисоб нархлари, савдо устамаси ва даврий ҳисоб усулларини қўллаган ҳолда маҳсулотларни ва таомлар қийматини қандай ҳисобга олишни ўргандилар.

 

Маҳсулотлар жисмоний шахслар ва хусусий тадбиркорлардан бозорда харид қилинганда солиқ солиш тартиби ва ҳужжатларнинг расмийлаштирилишига, шунингдек супермаркетлар тармоқлари орқали сотиб олинганда корхона оладиган чегирмалар ва жамғарилган суммаларни нима қилиши кераклигига бағишланган машғулот сабоқ олувчиларда энг кўп қизиқиш уйғотди.

Бундан ташқари, тингловчилар умумий овқатланиш корхоналари қўллайдиган хизмат кўрсатишнинг банкет хизмати кўрсатиш, кейтеринг, швед столи, ёзги қаҳвахона ташкил этиш сингари ностандарт шакллари ҳисобини юритиш тўғрисида фойдали маълумот олдилар.

«Norma» ўқув марказидаги машғулотлар малака ошириш имконини берибгина қолмайди. Улар қонун ҳужжатлари билан етарлича тартибга солинмаган масалаларни муҳокама қилиш имконини беради. Ушбу курсда ҳам умумий овқатланиш корхоналарига солиқ солиш масалалари муҳокамасида қонун ижодкорларининг эътиборига лойиқ муаммоли жиҳат борлиги аниқланди. У ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди (МҲТФ)нинг энг кам меъёрларини ҳисобга олган ҳолда мажбурий тўловларни ҳисоблашнинг алоҳида тартиби белгиланган умумий овқатланиш, чакана савдо корхоналари ва қурилиш ташкилотлари томонидан ЯИТ ҳисоблаш ва тўлаш тартиби билан боғлиқ.

 

Муаммони кўтарамиз

Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга (АВ томонидан 23.02.2011 йилда 2200-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектнинг мақомини фақат чорак ўтгандан кейин аниқлаш мумкин, сабаби умумий овқатланиш ташкилотлари – ҳисобот чораги якунлари бўйича асосий фаолият тури умумий овқатланиш бўлган юридик шахслар ҳисобланади.

Бундан ташқари, 2200-сон Низомнинг ­7-бандида белгиланишича, агар ҳисобот чораги якунлари бўйича ташкилотнинг асосий фаолият тури чакана савдо, умумий овқатланиш ёки қурилиш бўлмаса, у ҳолда ташкилот ҳисобот чораги учун ЯИТни Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқаради ва тўлайди.

Кўпгина умумий овқатланиш корхоналари асосий фаолият билан бир қаторда чакана савдо билан ҳам, мол-мулкни ижарага бериш билан ҳам, аҳолига бошқа хизматлар кўрсатиш билан ҳам шуғулланадилар. Чорак давомида муайян фаолият туридан тушган тушум умумий овқатланиш бўйича айланмадан ошиб кетиши мумкин.

2200-сон Низомда назарда тутилишича, мазкур Низом татбиқ этиладиган солиқ тўловчилар асосий фаолият турига боғлиқ ҳолда тасдиқланган шакл бўйича ортиб борувчи якунсиз Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди тўғрисидаги маълумотнома-ҳисоб-китобни Ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисоб-китобига (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) илова қиладилар. Бунда қўшимча ҳисобланган тўловларни тўлаш уни тақдим этиш кунидан кечиктирмай амалга оширилади.

Солиқ кодексининг 309 ва 310-моддаларига ўзгартиришлар киритилгунга қадар ушбу тартибда зиддиятлар йўқ эди, чунки корхона чорак якунларига кўра асосий фаолият турини белгилар эди. Агар унга 2200-сон Низом татбиқ этиладиган бўлса, чораклик ЯИТ ва суғурта бадаллари ҳисоб-китобига Маълумотнома-ҳисоб-китоб илова қилинарди. Солиқ тўловчи қўшимча ҳисобланган тўловларни улар юзага келганда тўларди. Эндиликда Солиқ кодексининг ушбу моддалари амалдаги таҳририда ЯИТ бўйича ҳисобот даври деб ой эътироф этилаяпти. Солиқ кодексининг кўрсатилган моддалари қоидалари билан 2200-сон Низом меъёрлари очиқдан-очиқ мувофиқ келмаяпти. Зеро 2200-сон Низомга кўра хўжалик юритувчи субъект умумий овқатланиш, чакана савдо корхоналари ёки қурилиш ташкилотлари сирасига кириш-кирмаслигини фақат чорак якунларига қараб аниқлаш мумкин. Ушбу номувофиқлик натижасида 2200-сон Низом татбиқ этиладиган корхоналар Маълумотнома-ҳисоб-китоб тақдим этишларига ва ҳар ойда қўшимча ҳисобланган тўловларни тўлашларига тўғри келмоқда.

Чорак якунларига кўра қўшимча ҳисобланган тўловларни қайта ҳисоблаш ва тўланган суммаларини қайтариш тартиби бугунги кунда қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Оқибатда шундай вазият юзага келиши мумкин: январда умумий овқатланиш бўйича тушум ҳажми 70%ни ташкил этган ва ҳисоб-китоб асосий ходимлар сонидан келиб чиқиб юритилган (энг кам сони шартли равишда 10 кишини ташкил этган). Февралда энг кўп айланма чакана савдога тўғри келган ва ҳисоб-китоб савдо майдони квадратурасидан келиб чиқиб юритилган (энг кам сони 8 кишини ташкил этган). Мартда эса маиший хизматлар – 2200-сон Низом татбиқ этилмайдиган фаолият бўйича айланма устунлик қилган.Чорак якунларига кўра асосий фаолият тури умумий овқатланиш деб ҳисобланади. Мазкур вазиятда қандай йўл тутиш, қўшимча ҳисобланган тўловларни қандай тўлаш ва қайта ҳисоб-китобни қандай амалга ошириш кераклиги бугунги кунда қонун ҳужжатларида белгиланмаган. Низом Солиқ кодекси меъёрларига мувофиқ келмаётгани аён.

Солиқ кодексининг 5-моддасига мувофиқ, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидалари Солиқ кодексида белгиланган принципларга зид бўлиши мумкин эмас. Солиқ кодексининг 7-моддасида солиқ солишнинг аниқлиги принципи белгиланган. У солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар аниқ бўлиши кераклигини, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳар бир солиқ тўловчи қайси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, қачон, қанча миқдорда ҳамда қай тартибда тўлаши кераклигини аниқ биладиган тарзда ифодаланган бўлиши кераклигини англатади.

Бугунги кунда ходимлар сонининг энг кам меъёрлари, Маълумотнома-ҳисоб-китобни топшириш ва қўшимча ҳисобланган тўловларни тўлаш муддатларидан келиб чиқиб мажбурий тўловларни ҳисоблаш мақсадида солиқ тўловчиларни умумий овқатланиш, чакана савдо ва қурилиш корхоналарига киритиш тартибида ноаниқликлар мавжудлиги аён.

 

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Norma Online» МЧЖнинг бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш масалалари бўлими бошлиғи.

Прочитано: 2913 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика