Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 05 / Жавоб берамиз

Дивидендни узлуксиз олиб турсам дейман...

 

Мен имтиёзли акция эгасиман. Уни олаётган пайтимизда йилига доимий равишда камида 40 фоиздан дивиденд оласизлар деб сотишган эди. Дастлаб икки йил 60 фоиздан, кейин уч йил 40 фоиздан, 2008–2012 йил оралиғида 25 фоиздан дивиденд олдик. 2013 йилдан бошлаб эса умуман дивиденд олганимиз йўқ. Имтиёзли акциялар, уларга ҳисобланадиган дивидендлар, уларнинг фоиз ўзгаришлари тўғрисида маълумот берсангиз. Акция қиймати индексация қилинадими?

Азамат Мирзаев.

 

– Саволингизда келтирилган масалалар билан боғлиқ муносабатлар асосан «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун1 билан тартибга солинади. Қонуннинг 21-моддасида, жумладан, қуйидагилар келтирилади:

акциялар эгасининг номи ёзилган эмиссиявий қимматли қоғозлар бўлиб, улар турига кўра оддий ва имтиёзли бўлиши мумкин;

ўз эгаларига дивидендларни, шунингдек акциядорлик жамияти (АЖ) тугатилаётганда акцияларга қўйилган маблағларни биринчи навбатда олиш ҳуқуқини берадиган акциялар имтиёзли акциялардир. Имтиёзли акциялар ўз эгаларига АЖ фойда кўриш-кўрмаслигидан қатъи назар, муайян дивидендлар олиш ҳуқуқини беради.

Шуни назарда тутиш керакки, имтиёзли акцияларни жойлаштириш АЖнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир. Жойлаштирилган имтиёзли акцияларнинг номинал қиймати жамият устав фондининг (устав капиталининг) 20 фоиздан ошмаслиги керак (Қонун 16-моддасининг тўртинчи қисми).

Дивиденд АЖ соф фойдасининг акциядорлар ўртасида уларга тегишли акцияларнинг сони ва турига мутаносиб равишда тақсимланадиган қисмидир. Дивиденд акциядорларнинг умумий йиғилиши (бундан кейин – йиғилиш) қарорига кўра пул маблағлари ёки бошқа қонуний тўлов воситалари ёхуд АЖнинг қимматли қоғозлари билан тўланиши мумкин. Бироқ АЖнинг имтиёзли акциялари бўйича дивидендларни қимматли қоғозлар билан тўлашга йўл қўйилмайди (Қонуннинг 48-моддаси).

Дивидендларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилиш муддатлари АЖ молиявий йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги, тўққиз ойи натижаларига кўра ва (ёки) молиявий йил натижаларига кўра, агар Қонунда ва АЖ уставида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Бундай қарор тегишли давр тугагандан кейин 3 ой ичида қабул қилиниши мумкин (Қонуннинг 49-моддаси).

Олий суд Пленуми ҳамда Олий хўжалик суди Пленуми Қонун 50-моддасининг биринчи жумласини тушунтирар экан, дивиденд тўлаш, унинг миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби ҳақидаги қарор ҳар бир турдаги, шу жумладан, имтиёзли акциялар бўйича АЖ кузатув кенгашининг тавсиясига мувофиқ, молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ҳақида аудиторлик хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, молиявий ҳисобот маълумотлари асосида йиғилиш томонидан қабул қилинишини қайд этади. Бундай қарор мавжуд бўлмаса, АЖ дивидендларни тўлашга, акциядорлар эса уларни тўлашни талаб қилишга ҳақли эмас2.

Дивидендларнинг миқдори АЖ кузатув кенгаши томонидан тавсия этилган миқдордан кўп бўлиши мумкин эмас. Йиғилиш акцияларнинг муайян турлари бўйича дивидендлар тўламаслик тўғрисида, шунингдек АЖ уставида дивиденд миқдори белгилаб қўйилган имтиёзли акциялар бўйича тўлиқ бўлмаган миқдорда дивидендлар тўлаш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Қарорда дивидендлар тўлаш бошланадиган ва тугалланадиган саналар кўрсатилган бўлиши лозим.

Дивидендлар АЖнинг унинг тасарруфида қоладиган соф фойдасидан ва (ёки) ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасидан тўланади. Имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар АЖнинг бунинг учун махсус мўлжалланган (шакллантирилган) фондлари ҳисобидан ҳам тўланиши мумкин. Уларни тўлаш муддати ва тартиби уставда ёки йиғилиш қарорида белгиланади. Лекин тўлаш муддати шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан 60 кундан кеч бўлмаслиги лозим.

Дивидендларни тўлаш чоғида биринчи навбатда имтиёзли акциялар бўйича, сўнгра оддий акциялар бўйича дивидендлар тўланади. Имтиёзли акциялар бўйича қатъий белгиланган дивидендларни тўлаш учун етарли миқдорда фойда мавжуд бўлган тақдирда АЖ мазкур акцияларнинг эгаларига дивидендлар тўлашни рад этишга ҳақли эмас. АЖ бу ишни рад этган тақдирда акциядорлар дивидендлар тўланишини суд тартибида талаб қилиши мумкин. АЖ етарли миқдорда фойдага эга бўлмаган ёки зарар кўриб ишлаётган тақдирда, имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар АЖ томонидан унинг фақат шу мақсад учун ташкил этилган захира фонди ҳисобидан ва ушбу фонд доирасида тўланиши мумкин.

Шуни ҳам эсда тутиш керакки, Қонуннинг 52-моддасига кўра дивидендларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган йиғилишни ўтказиш учун шакллантирилган АЖ акциядорларининг реестрида қайд этилган шахслар акциялар бўйича дивиденд олиш ҳуқуқига эга.

Дивидендлар йиғилиш томонидан белгиланган муддатларда АЖнинг айби билан тўланмаган (олинмаган) тақдирда тўланмаган (олинмаган) дивидендлар бўйича Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкаларидан келиб чиққан ҳолда пеня ҳисобланади. Тўланмаган (олинмаган) дивидендлар бўйича ҳисобланадиган пенялар миқдори тўланмаган (олинмаган) дивидендлар миқдорининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак (Қонун 53-моддасининг биринчи қисми).

Қонуннинг 54-моддасида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлса, АЖ дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳамда дивидендлар тўлашга ҳақли эмас. Ушбу ҳолатлар қуйидагилардан иборатдир:

АЖ устав фондининг ҳаммаси унинг таъсис этилиши чоғида тўлиқ тўланмаганлиги;

дивидендлар тўланадиган пайтда АЖда банкротлик белгилари мавжудлиги ёки АЖда шундай белгилар дивидендларни тўлаш натижасида пайдо бўлиши;

АЖ соф активларининг қиймати унинг устав фонди ва захира фонди суммасидан кам бўлишлиги.

Санаб ўтилган ҳолатлар тугатилгач, АЖ ҳисобланган дивидендларни акциядорларга тўлаши шарт.

Қонуннинг 55-моддасида кўрсатилганидек, АЖ дивидендларнинг миқдорини улардан ундириладиган солиқларни инобатга олмаган ҳолда эълон қилади. АЖ тўланадиган дивидендлар миқдори тўғрисидаги маълумотларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг ва ўзининг расмий веб-сайтларида қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда эълон қилади.

Ва ниҳоят, дивидендларга солиқ солиш ҳақида. Ушбу даромадга солиқ солиш солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади ва бунда солиқ солиш бўйича имтиёзлар белгиланиши мумкин (Қонуннинг 56-моддаси). Ўзбекистон резидентларига дивидендлар тарзида тўланадиган даромад солиғи ставкалари 10 фоиз миқдорида тасдиқланган3. Солиқ кодексининг 182-моддаси биринчи қисми иккинчи хатбошисига биноан жисмоний шахснинг – Ўзбекистон норезидентининг Ўзбекистондаги даромадлар манбаидан олинган дивидендларига манбада чегирмаларсиз 10 фоиз ставка бўйича солиқ солинади. Айнан шу ставка бўйича Ўзбекистонда доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган Ўзбекистон норезидентининг дивидендларига ҳам тўлов манбаида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 160-моддаси 1-банди).

 

Жавобларни эксперт-юристимиз Камол МУЗАФФАРОВ тайёрлади.

 


126.04.1996 йилдаги 223-I-сон Қонун, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда (бундан кейинҚонун).

2ОС ва ОХС пленумларининг 3.10.2014 йилдаги «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 17/266-сонли қарорининг 24-банди қаранг.

3Президентнинг 22.12.2015 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2455-сон Қарори 3-бандининг еттинчи хатбошиси.

Прочитано: 2575 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика