Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 04 / 26 январь – Халқаро божхоначилар куни

Сарҳисоб

 

Маълумки, Жаҳон божхона ташкилотининг тарихи 1947 йилдан бошланади. Дастлаб Европанинг 13 давлатини ўзида бирлаштирган ва фаолиятини Ишчи гуруҳ тарзида бошлаган мазкур бирлашма 1950 йилда Кенгаш тарзида фаолият олиб бориш учун ўз Конвенциясини имзолади. 1952 йилда мазкур Конвенция кучга киритилди. 1953 йилнинг 26 январида эса Кенгашнинг Инаугурация сессияси бўлиб ўтди. Божхона ҳамкорлиги
кенгаши (ҳозирги Жаҳон божхона ташкилоти)нинг
1993 йил 25 январдаги қарорига асосан 26 январь Халқаро божхоначилар куни сифатида дунё бўйлаб кенг нишонланадиган бўлди.

 

Жаҳон божхона ташкилоти тарихига назар

1994 йилдан Кенгаш Жаҳон божхона ташкилоти номини олди ва унга ҳозирда 180 га яқин давлатлар аъзо бўлиб кирган. Конвенциянинг 1952 йилдан кучга киргани инобатга олинса, жорий йилда Жаҳон божхона ташкилоти (WCO) – ЖБТнинг ташкил этилганига расман 64 йил тўлди.

Дунё бўйлаб савдо айланмасининг 98% улуши Жаҳон божхона ташкилотига ­аъзо давлатлар улушига тўғри келади. Инглиз ва француз тиллари ЖБТнинг расмий тиллари ҳисобланиб, баъзи қўмиталарда испан ва рус тилларидан ҳам фойдаланадилар. ЖБТнинг юқори органлари сифатида барча аъзо мамлакатларнинг раҳбарларидан иборат Кенгаш, 24 давлат вакилларини ўз ичига олган Сиёсий комиссия ва 17 мамлакат вакилидан иборат Молия қўмитаси фаолият юритади. ЖБТнинг доимий ишлайдиган органи – Котибият Брюсселда жойлашган бўлиб, унда 105 нафар ходим, жумладан 68 давлатнинг доимий вакили фаолият юритади. ЖБТ қароргоҳида наркотиклар ва ўта хатарли товарларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашишда ахборот алмашинувини таъминлашга хизмат қилувчи Марказий тармоқ (CEN) ташкил этилган бўлиб, у 11 та минтақавий алоқа узелини (RILO) ўз ичига олади.

ЖБТ фаолиятида соҳага доир халқаро конвенциялар ва божхона ишига доир бошқа ҳуқуқий нормаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу йўналишда ЖБТ Жаҳон савдо ташкилоти билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, бу орқали мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тижорат айирбошловини уйғунлаштиришга эришилмоқда. Натижада бугунга келиб, барча товарларни ташишга нисбатан қўлланиладиган халқаро қоидалар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий қилинди.

 

Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти

Халқаро божхоначилар куни нафақат дунё давлатлари божхона хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини намойиш этиш, балки иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришишда божхона хизматининг аҳамиятига кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш имконини беради. Мазкур санани дунёдаги 800 мингдан зиёд божхоначилар кенг нишонлайди.

Ўзбекистон ЖБТга 1992 йил 28 июлдан аъзо ҳисобланади. Мамлакатимиз 15 та халқаро божхона конвенциясининг аъзоси бўлиб, бугунги кунда ушбу ташкилот ишида фаол иштирок этяпти. Ўзбекистоннинг 1995 йилда Сиёсий комиссия аъзоси этиб, 2001 йилда Молия қўмитаси таркибига сайланиши ҳам мамлакатимиз халқаро божхона ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилганидан далолат беради. Ушбу кўп йиллик ҳамкорлик республикамиз ҳуқуқий базасини халқаро конвенция ва ­божхона ­ишининг бошқа халқаро меъёрларига яқинлаштиришга имкон берди. Божхона соҳасидаги қонунчилигимиз умумқабул қилинган халқаро стандартлар, меъёрлар ва амалиёт билан бирхиллаштириш ҳамда уйғунлаштириш йўналишида ривожланмоқда, бу эса республика божхона сиёсати ютуқларини мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим далили сифатида эътироф этишга имкон беради.

Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида халқаро конвенциянинг (Киото конвенцияси) 1999 йил июнда маъқулланган янги версияси ЖБТнинг энг катта ва муҳим ютуғига айланди. Кенгашнинг 2005 йилдаги сессияларида Хавфсизлик ва жаҳонда савдони енгиллаштиришнинг ҳадли стандартлари қабул қилиниши ҳам халқаро божхона ҳамжамияти учун муҳим воқеа бўлди.

Ушбу ташкилотнинг фаолияти дунё миқёсида товарларни таснифлаш, келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш, божхона қийматини баҳолаш, юкларни етказиб беришда хавфсизликни таъминлаш, халқаро савдо жараёнларини соддалаштириш, муаллифлик ҳуқуқи муҳофазаси ҳамда контрабанда ва коррупцияга қарши курашиш, ташкилотга аъзо давлатлар божхона хизматларини модернизация ва ислоҳ қилишга йўналтирилган дастурлар, тавсиялар, услубий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва амалий ёрдам беришга қаратилган. Мазкур йўналишларда ЖБТ билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Жумладан, ЖБТга аъзо давлатлар божхона хизмати раҳбарлари 2015 йилнинг июнь ойида Бельгия пойтахти Брюсселда ташкилотнинг навбатдаги сессиясида иштирок этишди.

 

Ўзбекистон ва халқаро ташкилотлар: божхона соҳасида ҳамкорлик

Давлат божхона қўмитасининг халқаро божхона ҳамкорлиги фақатгина ЖБТ билан чекланиб қолмайди. Республикамиз божхона органлари бошқа йирик халқаро ташкилотларнинг ҳам божхона ишига доир дастур ва лойиҳаларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Жумладан, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланувига қарши курашиш бўйича тажриба алмашишга доир халқаро тадбирларида, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Божхона ҳамкорлиги бўйича махсус ишчи гуруҳи йиғилишларида, МДҲ Божхона хизматлари раҳбарларининг кенгаши мажлислари, Осиё тараққиёт банкининг Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги дастури, Япониянинг JICA ва Кореянинг KOIKA халқаро ҳамкорлик бўйича ташкилотлари ўқув курсларида фаол иштирок этиб келинмоқда. 2015 йил 15 декабрь куни эса Хитойнинг Чжэнчжоу шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига ­аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари томонидан 2016–2021 йилларда божхона хизматлари ўртасида ҳамкорлик дастури имзоланди.

 

Давлатлараро ҳамкорлик

Хорижий давлатлар божхона хизматлари билан халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатлиликка асосланган икки томонлама алоқаларни ривожлантириш устувор ҳисобланади. Бу борада 111 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган, шундан 28 таси ҳукуматлараро ва 83 таси хорижий идоралараро шартномалардир. Бугунги кунда бошқа давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни келгусида янада кенгайтириш борасидаги ишлар фаоллашган. Бир қатор чет эл божхона органлари билан олдиндан ўзаро маълумотлар алмашинуви тартиби йўлга қўйилганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунончи, божхона чегаралари орқали ҳаракатланган товар ва транспорт воситалари тўғрисида олинган электрон ахборотларни таққослаш орқали маълумотлар ҳаққонийлиги таъминланмоқда. Бу борада Хитой, Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон божхона хизматлари билан икки томонлама ҳужжатлар имзоланган. 2016 йилда Озарбайжон, Қозоғистон ва Россия божхона хизматлари билан ўзаро ҳамкорлик янада фаоллашади.

Бундан ташқари, божхона ходимларининг хорижий мамлакатларда ўтказилаётган ўқув курслари, семинарлар ва бошқа анжуманларда мунтазам иштирок этиши шахсий таркибнинг касбий маҳорати ва кадрлар салоҳиятини оширишга ёрдам бермоқда. Бунда фаолиятга илғор ахборот технологияларини самарали татбиқ этган чет эл божхона хизматлари тажрибалари ўрганилмоқда.

 

2015 йил қандай якунланди?

Республикамизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида, божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини янада оширишда божхона назоратининг замонавий механизмлари ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, божхона постларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, контрабанда ва божхона қонунлари бузилишига қарши курашишни кучайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2015 йилда:

● Президентимиз томонидан «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармонининг (15.05.2015 йилдаги ПФ–4725-сон) қабул қилиниши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона соҳасида ҳам бир қатор қулайлик ва енгилликларни тақдим қилди;

● божхона ишининг ягона қонунчилик базаси халқаро стандартларга мос равишда шакллантирилди, божхона маъмуриятчилигининг барча босқич ва даражаларида ҳуқуқий норма ва ёндашувларни бир хилда қўлланилиши таъминланди, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодекси қабул қилинди;

● Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 октябрдаги 307-сон Қарори билан 2015 йил 1 декабрдан ташувчилар, божхона брокерлари ёки бошқа манфаатдор шахсларга яна бир енгиллик жорий қилинди: уларга автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида давлат божхона хизмати органларини электрон тарзда олдиндан хабардор қилиш ҳуқуқи берилди;

● божхона органлари фаолиятини халқаро тармоқда ёритишда маълумотларнинг тезкорлиги, сифати ва даврийлигини таъминлаш, божхона соҳасига доир ахборотларни тақдим этишда самарали усулларни жорий этиш, Интернет фойдаланувчилари, хусусан ТИФ иштирокчилари учун халқаро тармоқда ўзларига тегишли ахборотларни қисқа фурсатда ва қулай тарзда қўлга киритиш мақсадида 2015 йилнинг 1 августидан бошлаб Давлат божхона қўмитаси янги такомиллаштирилган веб-сайтини ишга туширди. 8 бўлимдан иборат сайтда ахборотлар 120 дан ортиқ саҳифаларда тақдим қилиниб, фойдаланувчи содда навигация орқали ўзига керакли ахборотни саноқли сонияларда топиши мумкин. Бунда ахборотларнинг тури, йўналиши ва энг муҳими кимга мўлжаллангани алоҳида инобатга олинган. 9 турдаги электрон хизматлар сайт орқали кўрсатилади ва 19 турдаги очиқ маълумотлар тақдим этилади;

2016 йилда божхона ходимларининг ижтимоий-маиший аҳволини янада яхшилашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида божхона органлари ходимлари учун янги хизмат уйлари фойдаланишга топширилди. Шунингдек, «Олмалиқ», «Янгийўл» каби бир қатор ТИФ божхона постларининг замонавий бинолари фойдаланишга топширилди. Бу борадаги ижтимоий лойиҳалар божхона хизмати ходимларининг республикамизнинг ижтимоий хавфсизлиги ҳамда тинчлик-осойишталигини таъминлашга қаратилган фаолият самарадорлигини янада ошириши билан аҳамиятлидир;

● 2015 йилда божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 20 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 70 млрд сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида ушлаб қолинди.

 

Эътироф

Бундай натижаларга божхона тизимини ислоҳ қилиш, кадрлар салоҳиятидан унумли фойдаланиш, божхона қонунчилигини такомиллаштириш, божхона назоратини ва контрабандага қарши курашни кучайтириш, фаолиятга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, товарларнинг ҳақиқий миқдори ва қийматидан келиб чиқиб, божхона тўловларини ундириш эвазига эришилмоқда.

 

Божхоначиларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати ҳамиша эъзозланиб, муносиб эътироф қилиб келинмоқда. Ўтган йилда божхона органларида ўрнак кўрсатиб хизмат қилаётган 7 нафар ходим, жорий йилда эса 2 нафар божхона ходимлари Президентимиз қарори асосида давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишди.

 

Ҳусен ТАНГРИЕВ,

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати катта инспектори.

Прочитано: 2545 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика