Юридик шахс ташкил этмасдан қандолатчилик пишириқлари тайёрланадиган ХК очмоқчиман. ХКни ўз номимга расмийлаштирсам бўладими (вақтинчалик пропискадаман), ишни бошлаш учун қандай ҳужжатлар керак? Агар мумкин бўлмаса, нимага шундай, бошқа вариантлар борми?
М.Рахматуллин,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Аввало савол муаллифи «ХК» қисқартмасида нимани назарда тутаётганлигини аниқлаб олайлик. Агар хусусий корхона тўғрисида сўз бораётган бўлса, «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг (11.12.2003 йилдаги 558-II-сон) 11-моддасига мувофиқ мазкур ташкилий-ҳуқуқий шакл давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс мақомига эга бўлади.
Хат муаллифи оғзаки мулоқотда қабул қилинганидек якка тартибдаги тадбиркорни (ЯТТ) хусусий корхона деб айтаётган кўринади.
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 20.08.2003 йилдаги 357-сон Қарорига 1-илова) 16-банди ҳамда Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида низомнинг (Президентнинг 24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон Қарорига илова) 12-бандига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш учун жисмоний шахс ўзининг яшаш жойидаги ҳокимлик ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини ҳисобга олиш инспекциясига шахсан келган ҳолда, почта алоқаси воситасида ёки Интернет тармоғи орқали белгиланган шаклда ариза тақдим этади. Айтилган низомларда ушбу яшаш жойининг доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўлиши кераклиги аниқлаштирилмаган. Бинобарин, қонун ҳужжатларининг меъёрларида жисмоний шахснинг вақтинча яшаш жойи бўйича ЯТТни давлат рўйхатидан ўтказиш тақиқланмайди. Унинг муддатлари жисмоний шахс ИИВ органларида рўйхатдан ўтиш давридан ошмаслиги кераклиги эса бошқа масала.
Рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
3 х 4 см ўлчамдаги иккита фотосурат;
давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати;
икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари (якка тартибдаги тадбиркор хоҳишига кўра);
паспорт нусхаси.
Маҳкам ВОҲИДОВ,
«Norma Profi» эксперти, юридик фанлар номзоди.