Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 40 / Сўранг – жавоб берамиз

Биз тушумни яширдикми?

«Наврўз наслчилик» чорвачилик мажмуаси «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Термиз минтақавий темир йўл узели таркибида ёрдамчи хўжалик сифатида ташкил этилган. Мажмуанинг асосий фаолияти наслдор қора молларни кўпайтириш ва наслчилик фаолиятини ривожлантиришдан иборат.

Мажмуа Термиз туман ДСИ томонидан текширилган бўлиб, текширув натижасига кўра қуйидаги камчиликлар аниқланган:

1. Қуйидаги ҳолатларда мажмуага зарар келтирилган деб ҳисобланган:

а) чорва моллари учун ем-хашаклар ва бошқа озуқабоп маҳсулотлар бозор нархидан қиммат нархларда сотиб олинган;

б) мажмуада 2008 йил 1 июлдан 2014 йил 1 июнга қадар қора-ола зотли сигирлардан зот стандартлари бўйича соғиб олинган сут миқдори кам кўрсатилган;

в) мажмуада 01.07.2008–2014 йиллар давомида маҳсулотларга тегишли бўлган ҳужжатлар йўқотилиб, сохталаштирилган;

г) қурилиш-монтаж ишларида қурилиш фирмалари томонидан бажарилган ишларда бошқа харажатлар фоизи кўп қўлланилган;

2. Моддий жавобгар шахслар жавобгарлигидаги мажмуа эҳтиёжи учун ишлатиладиган товар-моддий бойликлардан камомад аниқланган.

Юқорида кўрсатиб ўтилган зарарлар учун моддий жавобгар шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, зарарларнинг асосий қисми ундириб олинди ва айбдорлар жазога тортилди.

«Наврўз наслчилик» чорвачилик мажмуаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 апрелдаги «Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ­ПҚ-842-сон Қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, мажмуа 2017 йил 1 январга қадар барча солиқлар ва мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинган бўлса-да, Термиз туман Давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатларга нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддаси иккинчи қисми бўйича 20% миқдорида жарима қўлланган. Ушбу қўлланилган молиявий жарима асослими ёки асоссиз эканлиги тўғрисида тушунтириш беришингизни сўраймиз.

Термиз минтақавий темир йўл узели. 

 

– Ушбу ҳолатга ойдинлик киритишдан олдин Солиқ кодексининг 114-моддаси қайси ҳолатларга нисбатан қўлланилишини ёритиб ўтишни маъқул топдик.

Солиқ кодекси умумий қисмининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси Умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори (18.06.2010 йилдаги 210-сон, кейинги ўринларда – 210-сон Қарор) қабул қилиниб, унда Солиқ кодексининг 114-моддаси қуйидаги ҳолларда қўлланиши ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланган:

Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, кирим қилинмаган товарларни сақлаш, бундан уларнинг қонуний келиб чиқиши тасдиқланган ҳоллар мустасно, – кирим қилинмаган товар қиймати миқдорида, ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) – товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Кирим қилинмаган товарларни сақлаш деганда бухгалтерия ҳужжатларида акс эттирилмасдан сақланаётган, реализация қилишга чиқарилган ва реализация қилинган товарлар тушунилади.

Чакана савдо фаолияти билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар учун даромадлар ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари чакана савдо фаолияти билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорнинг даромадлар ва товар операцияларини ҳисобга олиш дафтари ва товар чеклари дафтарчаси ҳисобланади. Даромадлар ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари якка тартибдаги тадбиркор рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Кирим қилинмаган товарларнинг қиймати юзасидан низо вужудга келган ҳолда, у манфаатдор тарафнинг илтимосномаси бўйича хўжалик суди томонидан тайинланган мутахассис (эксперт)нинг хулосасига асосан белгиланади.

Солиқ кодекси 114-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб қуйидагилар эътироф этилади:

товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги факти ҳужжат билан тасдиқланганда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум суммасининг ҳисобга олиш регистрларида акс эттирилмаганлиги;

товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги факти тўғрисида далолат берувчи ҳужжатларнинг алмаштирилганлиги, сохталаштирилганлиги ёки йўқ қилинганлиги;

ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги «Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-1504-сонли Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисига мувофиқ барча чакана савдо корхоналари, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг тушган нақд пул маблағларини ҳар куни банк муассасаларига топширмаслиги ҳам тушумни яшириш деб баҳоланади.

Ушбу рўйхат тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.

Солиқ кодекси 114-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумнинг яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш амалга оширилади.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, саволингизга жавоблар қуйидагича бўлади:

1. а) савол бўйича: ушбу ҳолатда ем-хашаклар бозор нархидан қиммат нархда сотиб олиш ҳолати Солиқ кодексининг 114-моддаси амал қилиши доирасига кирмайди;

1. б) савол бўйича: стандарт бўйича кўрсатилган сут миқдоридан кам сут соғиб олиниши ҳолатида ҳам Солиқ кодексининг 114-моддаси қоидалари қўлланилмайди, аксинча ҳақиқатда соғиб олинган сут миқдори кам кўрсатилган бўлса ва унда 210-сон Қарорнинг 38.2-бандида кўрсатилган фактлар билан тасдиқланса, унда Солиқ кодексининг 114-моддаси нормалари қўлланилади;

1. в) савол бўйича: бунда фақат товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги факти тўғрисида далолат берувчи ҳужжатларнинг алмаштирилганлиги, сохталаштирилганлиги ёки йўқ қилинганлиги аниқланса Солиқ кодексининг 114-моддаси нормалари қўлланилади;

1. г) савол бўйича: қурилиш ташкилотларининг бошқа харажатлари фоизи ортиши ҳолатлари Солиқ кодексининг 114-моддаси талаблари қўлланилмайди, чунки ушбу моддада бундай меъёр назарда тутилмаган;

 

2-савол бўйича: агар ушбу камомад текширувгача аниқланган бўлиб, уни тўлаб бериш моддий жавобгар шахслар зиммасига юклатилган ва улар жавобгарликка тортилган бўлса ҳамда бу ҳолатлар тегишли далолатномалар ва бошқа ҳужжатлар билан тўлиқ расмийлаштирилиб, камомад бухгалтерия ҳисобида акс эттирилган бўлса, мазкур камомадга Солиқ кодексининг 114-моддаси нормалари татбиқ этилмайди. Камомад текширув пайтида аниқланган тақдирда эса Солиқ кодексининг 114-моддаси нормалари татбиқ этилади ва ушбу ҳолатга 20 фоиз миқдорида молиявий жарима қўлланилади.

Бунда шуни унутмаслик керакки, мажмуага солиқларни тўлашдан имтиёз берилган, яъни бунда солиқлар тўланмайди, лекин солиқ қонунчилигини бузганлиги учун Солиқ кодексининг 114-моддаси талабларига мувофиқ 20 фоиз миқдорида жарима тўланиши лозим.

 

«Soliq Kalkulyatori» CМТ
экспертлари тайёрлади.

Прочитано: 2541 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика