Якка тартибдаги тадбиркор ўзининг ҳисоб-китоб рақамида бўлган маблағлар ва ўзининг оборотидаги товар-моддий бойликлари ҳисобига МЧЖ устав капиталини шаллантиришга ҳақлими? Ушбу масалани қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тартибга солади?
О.Аҳатов, МЧЖ бош бухгалтери.
– «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 7-моддаси биринчи қисмига кўра юридик ва жисмоний шахслар жамиятнинг иштирокчилари бўладилар.
«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун1 (бундан кейин – 69-II-сон Қонун) 6-моддасининг биринчи қисмидан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланиши келиб чиқади. Тадбиркорлик субъекти ҳисобланиб (69-II-сон Қонун 4-моддасининг биринчи қисми), у бошқа тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларнинг муассиси (иштирокчиси) бўла олади (69-II-сон Қонуннинг 8-моддаси биринчи қисми учинчи хатбошиси).
Пул маблағларига келсак, улар, Фуқаролик кодексининг (ФК) 58-моддаси тўққизинчи қисмида ва МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 15-моддасида кўрсатилганидек, жамият устав фондига (капиталига) ҳисса бўлиши мумкин.
Мижоз банкдаги ҳисобварақда турган ўз пул маблағларини мустақил тасарруф этади. Банк мижознинг пул маблағларидан қай тарзда фойдаланишни белгилашга ва назорат қилишга ҳамда унинг пул маблағларини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқларига қонунда ёки банк ҳисобварағи шартномасида назарда тутилмаган бошқа чеклашларни белгилашга ҳақли эмас (ФКнинг 773-моддаси).
Ушбу қоидалар тўлиқ даражада якка тартибдаги тадбиркорга ҳам татбиқ этилади. Бунинг устига худди шундай меъёр 69-II-сон Қонуннинг 21-моддасида ҳам мавжуд, унда таъкидланишича, давлат органлари, банклар ёки бошқа кредит ташкилотлари тадбиркорлик субъектларининг пул маблағларидан фойдаланиш йўналишларини белгилаб бериш ва назорат қилишга ҳамда пул маблағларини ўз ихтиёрига кўра тасарруф этиш борасидаги ҳуқуқларини қонунда ёки шартномада назарда тутилмаган бошқа чеклашларни белгилашга ҳақли эмаслар. Ушбу ҳуқуқларни фақат мазкур пул маблағларини хатлаш ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳисобварақ бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш чеклаши мумкин (ФКнинг 787-моддаси). Бундай чеклашлар мавжуд бўлмаганда якка тартибдаги тадбиркор ўзи ягона иштирокчи ёки иштирокчиларнинг бири бўлган МЧЖ устав капиталини ҳисоб-китоб рақамидан ўтказилган пул маблағлари билан шакллантириши мумкин.
Амалдаги қонун ҳужжатларида муассис (иштирокчи) – якка тартибдаги тадбиркорга МЧЖ устав капиталини, агар жамият уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ўзига тегишли бўлган товар-моддий бойликлар билан шакллантириш имкони ҳам берилади. Бунда жамият иштирокчисининг қўшган ҳиссасини пул билан баҳолаш жамиятнинг муассислари (иштирокчилари) ўртасидаги келишувга мувофиқ амалга оширилади, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланиши керак (ФКнинг 58-моддаси ўнинчи қисми).
125.05.2000 йилдаги 69-II-сон; 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда.
Камол МУЗАФФАРОВ,
«Norma Profi» эксперти.