Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 40 / Божхона

Божхона брокери тўғрисидаги низом: сўнгги тузатишлар

Жорий йилнинг 15 сентябрида Адлия вазирлиги томонидан Давлат божхона қўмитасининг «Божхона брокери тўғрисида низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами ­1271-5) рўйхатдан ўтказилди.

 

Низомга киритилган ўзгартиришлар билан белгиланишича, божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш истагида бўлган юридик шахс илгари назарда тутилганидек, божхона органини бу ҳақда ёзма равишда ҳамда энди электрон шаклда ҳам хабардор қилиши мумкин. Бунда электрон билдиришнома юридик шахс раҳбарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланиши лозим.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ божхона брокери сифатидаги фаолият шартларини бузганлик учун юридик шахснинг масъул шахслари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 227-27-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар. Мазкур моддада масъул шахсларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солиш белгиланган.

Тақдим этаётган шахс ҳисобидан ва унинг топшириғига кўра товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни ўз номидан амалга оширадиган божхона брокерининг мажбуриятларига ҳам тузатишлар киритилди. Чунончи, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисни малака аттестатининг кўчирма нусхаси ҳамда бошқа зарур ҳужжатлар, шунингдек мазкур мутахассисларнинг ҳисоб карточкаларини юритиш ҳақидаги ҳужжатлар билан таъминлаш тўғрисидаги талаблар чиқариб ташланди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ божхона брокери ўз фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳужжатларни нафақат қоғоздаги кўринишида, балки уларнинг электрон нусхаларини ҳам 5 йил мобайнида сақлаши керак.

Шуни эслатиб ўтамизки, ушбу қарор лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида муҳокамага қўйилган эди, унинг таҳририда божхона брокери фаолиятини тўхтатишга доир асослар рўйхатини кенгайтириш таклиф қилинган эди. Хусусан, Низомда белгиланган асослар (юридик шахсни тугатиш; суднинг қарори бўйича; ўз ихтиёри билан ДБҚга ариза тақдим этиш орқали) билан бир қаторда қуйидаги ҳолатлар мазкур рўйхатни тўлдириши мумкин эди:

фаолият шартларини мунтазам равишда (2 марта ва ундан ортиқ) бузганлик;

ДБҚ ёки суд томонидан белгиланган муддатда юридик шахс божхона расмийлаштируви бўйича ўз штатидаги мутахассиснинг малака аттестати амал қилишини тўхтатишгача олиб келадиган ҳолатларни бартараф этмаганда.

Бироқ таклиф этилаётган қўшимчалар лойиҳадан чиқариб ташланди ва ҳужжатнинг тасдиқланган версиясида улар мавжуд эмас.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 21.09.2015 йилдаги 37 (693)-сонида расман эълон қилинган кундан бошлаб 3 ой ўтгач кучга киради.


Елена ЕРМОХИНА,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 2439 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика