ЯСТ тўловчи компания баъзи ходимларининг малакасини ошириш учун компания амалга оширадиган фаолиятда мутахассис бўлган жисмоний шахс – норезидент билан 6 кунлик тренинг ўтказишга шартнома тузди. Тренинг ўтказиш жойи – Туркия, Анталия, Белек шаҳри. Резидент компания билан авиачипталарни сотиб олиш, суғурта пулини расмийлаштиришга шартномалар, шунингдек тренинг ўтказиш учун мажлислар зали, микрофонлар, экранлар тақдим этган ҳолда меҳмонхонада ходимларни жойлаштириш учун меҳмонхона хизматларини кўрсатишга импорт контракти тузилди.
Компания ўз ходимлари учун хорижда тренинг ташкил этиш бўйича қилган харажатларини қандай квалификация қилиш керак?
Е.Ветрова,
бош бухгалтер ўринбосари.
– Компания раҳбари ўз ходимларининг малакаси ва профессионал даражасини ошириш зарурлигини мустақил равишда белгилашга ҳақли, чунки бундай тадбирлар келгусида компания иқтисодий наф олиши мақсади билан иш берувчининг манфаатларини кўзлаган ҳолда ўтказилади. Одатда малака оширишдан мақсад малака даражасини ошириш талабларининг кўпайиши ва профессионал вазифаларни ҳал этишнинг замонавий усулларини ўзлаштириш зарурати муносабати билан мутахассисларнинг назарий ва амалий билимларини янгилаш ҳисобланади. Ходимларни қайта тайёрлашдан мақсад профессионал фаолиятларининг улар учун янги бўлган турини бажариш учун зарур қўшимча билимлар, маҳорат ва кўникмаларни олиш ҳисобланади. Қайта тайёрлаш мутахассисларни янги иқтисодий шароитларга мослаштириш ва профессионал фаолиятни халқаро талаблар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда юритишлари мақсадида уларнинг малакасини кенгайтириш учун ҳам амалга оширилади.
Ўтказилаётган тренинг мақсадга мувофиқлиги ҳужжат билан тасдиқланганда, агар унинг мавзу доираси компания фаолиятига бевосита дахлдор бўлса, уни ташкил этиш харажатларини Солиқ кодекси 171-моддаси иккинчи қисмининг 15-бандига асосан жисмоний шахсларнинг даромадлари сифатида кўрилмайдиган юридик шахснинг ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш харажатлари сифатида қараш мумкин.
Тренинг мақсадга мувофиқлигининг ҳужжатли тасдиғи бўлиб ходимлари унда иштирок этадиган бўлимлар раҳбарларининг маъруза ёзувлари, уни ўтказиш тўғрисида муассислар йиғилишининг қарори, хизмат сафарига юборилаётган ходимлар рўйхати кўрсатилган компания раҳбарининг тегишли буйруғи хизмат қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида йўриқномада1 хизмат сафари деб ходимнинг ташкилот раҳбари фармойиши бўйича, ўзининг доимий иш жойидан ташқарида хизмат топшириғини бажариш учун бошқа жойга, маълум бир муддатга юборилиши тушунилади. Шу сабабли ходимларнинг тренингда иштирок этиш учун четга чиқишини хизмат сафари деб қараш мумкин, у тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилади. Бунда хизмат сафари харажатлари (яъни суткалик пуллар, яшаш, транспорт харажатлари) ишлаб чиқариш ёки бошқарув ходимларининг хизмат сафари харажатлари сифатида қаралади (Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомнинг2 1.5.2, 2.2.12-бандлари). Тренингни ташкил этиш харажатлари (мажлислар зали ижараси, техник таъминот, ЎзР норезиденти бўлган тренер хизматларига ҳақ тўлаш) кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш харажатлари сифатида квалификация қилинади (Харажатлар таркиби тўғрисидаги низомнинг 2.3.1-банди).
Шуни ҳам назарда тутиш муҳимки, суткалик харажатлар ва яшаш харажатлари (турар жой ижараси бўйича) нормалаштирилади. ЎзРдан ташқаридаги хизмат сафарлари чоғида уларни чет эл валютасида тўлаш нормалари Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби3 билан белгиланган. Бунда тасдиқловчи ҳужжатлар асосида хизмат сафари жойига бориш ва қайтишга, шунингдек турар жой ижараси бўйича қилинган тўловлар, нормалар доирасидаги суткалик харажатлар жисмоний шахсларнинг даромадлари сифатида қаралмайди (Солиқ кодекси 171-моддаси иккинчи қисмининг 7-банди). Нормадан ортиқча суткалик харажатлар эса меҳнат ҳақи тарзида даромадга киритиладиган (Солиқ кодекси 174-моддасининг 9-банди) ва ЖШДС, ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинадиган компенсация тўловларига киритилади.
1МВ ва МАИМҚВнинг АВ томонидан 29.08.2003 йилда 1268-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган.
3МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 5.06.2000 йилда 932-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Profi» эксперти.