Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 40 / 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

Мол-мулк ва ер солиғини тўлашни унутманг

Солиқ тўловчи жисмоний шахслар тўлаши зарур бўлган солиқлардан бири мол-мулк ва ер солиғидир. Бу турдаги солиқлар календарь йил учун ҳар йили ҳисобланиб, 15 октябрга қадар тўланиши шарт.  

 

– Мол-мулк ва ер солиғи маҳаллий бюджет даромадларини тўлдиришга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси жисмоний шахсларга солиқ солиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Равшан Насимов. – Бу маблағлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ободонлаштириш, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш каби хайрли мақсадларга сарфланади.

Мол-мулк солиғи объектига кўчмас мулк – уй-жой, квартира, дала ҳовли, гараж ва бошқа иморатлар, иншоотлар киради. Ер солиғи объектига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилган ер участкалари киради. Кўп квартирали уйлар эгаллаган ер участкалари солиқ солиш объекти бўлмайди. Фақат бу каби ер участкалари тадбиркорлик фаолияти юритиш учун фойдаланишга ёки ижарага берилган бўлса, унга солиқ солинади.  

Маълумки, солиқ ставкалари ҳар йили қайта кўриб чиқилади. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарорига биноан 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи 1,10, ер солиғи 1,15 баравар индексация қилинди.

Бу турдаги солиқларни ҳисоблашда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган тақдим этадиган маълумотларга асосланилади. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан мол-мулк ва ер солиқлари суммаси, тўлаш муддати кўрсатилган тўлов хабарномаси жисмоний шахсларга ҳар йили 1 майдан кечиктирилмасдан топширилади.

Мол-мулк ва ер солиғи тўлаш борасида имтиёзлар ҳам мавжуд. Солиқ кодексига мувофиқ ўн ва ундан ортиқ болалари бор аёллар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ҳамда пенсионерлар қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ солинмайдиган майдон ўлчами доирасида мол-мулк солиғидан имтиёзга эга. Бу ўлчам 60 квадрат метр майдонни ташкил этиб, фуқаронинг эгалигидаги уй-жой ҳажми ундан ошганда у шу қисм учун белгиланган ставкада солиқ тўлайди.

2014 йил 4 декабрда қабул қилинган «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларнинг солиқ тўлаш тартиби бирмунча ўзгартирилди. Тадбиркорлик фаолияти учун берилган ер участкалари, шунингдек, фуқаролар томонидан турар жой фонди объектлари нотурар жой фонди тоифасига ўтказилганда ёки нотурар жой фонди объектлари мулк сифатида харид қилинганда жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади.

Жисмоний шахс ёки оилавий корхона турар жойдан унда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизмат кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, мол-мулк солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади. Бу 2015 йил 20 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга асосан Солиқ кодексида ўз ифодасини топди.

Мол-мулк ва ер солиғини ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар тўлаш мажбурийдир. Уни ўз вақтида амалга оширмаган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари белгиланган. Солиқ кодекси талабларига мувофиқ тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан ­эътиборан ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади. Фуқаро солиқ органи томонидан солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома берилгандан кейин ўн кун ичида қарзини узмаса, мажбурий ундирув чораларини кўриш бўйича судга даъво ариза киритилади.

Ер кодексига асосан ер солиғини мунтазам равишда тўламай келаётган фуқароларнинг бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик ҳуқуқини бекор қилиш чоралари қўлланилиши ҳам мумкин.

 

ЎзА.

 

 

Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 51-модда.

Прочитано: 3256 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика