Norma.uz

Агар ширкат аъзолари аҳил бўлсалар...

Муваффақият билан ишлаётган ширкатларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди. Аввало аҳил-иноқ, жипслашган қўшниларни бирлаштириши билан ўхшайди, улар шинам, фаровон уйда яшашни хоҳлашади. Бу ҳақда орзу қилиб қолмай, балки аниқ қадамлар қўядилар. Бирлашган тоғни йўнар дейилиши бежиз эмас. Тўғри, бунга осонликча эришмайди. Уйда яшовчилар ўзларининг ХУМШда асосий шахслар эканликларини – нимага қарор қилсалар, шу нарса бўлишини англаб етишлари учун бошқарув кўп куч сарфлаши керак. Бироқ уй ҳолатини яхшилашга албатта пул сарфлаш лозим. Ўшанда уларнинг умидлари ва кутганлари лойиҳа бўлиб қолмай, реалликка мужассамланади. Ва улар ҳамма ишлари ёмонлиги ва кўнгилдагидек эмаслигидан хафа бўлиш ўрнига ўз уйларидан фахрланадилар.

Муваффақиятли ишлаётган ширкатларнинг аъзолари уйга ўз квартираларига қарагандек муносабатда бўладилар. Уни яхшилашни хоҳлайсизми? – Хоҳиш, пул, ҳаракатни аяманг. Зеро кимнингдир хаёлига квартираси қаровсиз ҳолга келганлиги ва таъмирлашни талаб қилиши хусусида ҳокимликка шикоят қилиш келмаса керак. Бу фақат турар жой мулкдорининг ташвиши. Квартира эшигидан ташқарида бўлган уйнинг умумий мол-мулкига ҳам ана шундай муносабатда бўлиш зарур. Шунда уйингизга бошқа уйларнинг аҳолиси ҳавас билан қарайдиган бўлади.

 

УЙДАГИ ИҚЛИМ

Пойтахтнинг Миробод туманида жойлашган бир уйлик «Боғи Шамол Меҳри Сервис Люкс» ХУМШга болалар майдончаси, автомобиллар учун туриш жойи ва... фавворани кўриш учун келган эдик, байрам устидан чиқиб қолдим. «Салор» маҳалласининг қўллаб-қувватлаши билан бир нечта ширкат Мустақиллик кунини катта қувонч ва кўламдорлик билан байрам қилмоқда эди. Байрам томошалари айни боғишамолчилар уйида – улар жиҳозлаган автомобиллар тўхташ жойида ўтмоқда эди. Катталар аҳиллик билан дастурхон ёздилар, палов тайёрлаш учун олов ёқдилар. Болалар байрамнинг бошланишини орзиқиб кутиб, улар учун барпо этилган болалар майдончасида қувнаб ўйнашарди. Ниҳоят тайёргарлик якунланди ва байрам бошланди. Таклиф этилган санъаткорлар ашула айтишар, созандалар чолғуларини чалар, одамлар рақс тушар ва кўнгилларини ёзар эдилар.

Байрамга хос қий-чувларга қарамай, уйда кейинги йилларда юз берган ўзгаришларнинг асосий ташаббускорлари – ХУМШ раиси Мадина Даянова ва уй қўмитаси раиси Татьяна Лаврова – уларнинг 9 қаватли уйи қандай яхшиланиб бораётганлигини мамнуният билан ҳикоя қилдилар. Гапни улар уйда яшовчилар ажойиб кишилар эканлиги, уларни ҳамма нарсада қўллаб-қувватлашларидан бошладилар. Аҳоли ўз навбатида шундай деди: «Бошқарувимиз – аъло. Унга ишонамиз ва ёрдам берамиз». Бундай эътирофни кам эшитасиз. Кўпинча шикоят ва хафалашувлар, уларга бошқа раисни топиб бериш, бошқарув, қўшниларни жиловлаб қўйиш илтимослари, барча идораларга хатлар, давлат уларга ёрдам бераётганлиги хусусида ғазабланишларга дуч келамиз. Жазолашни, алмаштиришни, мажбурлашни, уюштиришни талаб қилишади. Боғишамолчилар эса ҳамма ишни ўзлари қилишади, ҳеч кимдан ҳеч нарса илтимос қилишмайди. Бир-бирлари ҳақида яхши сўзлар айтишади – уй ва ХУМШдан мақбул иқлим бунинг исботи.

«Боғи шамол Сеҳри Сервис Люкс» 2006 йилда ташкил этилган.Ўшанда Нукус кўчасидаги 48 квартирали 3-уйда яшовчилар катта ҳамжамиятдан чиқишди, бироқ 9 қаватли уйдаги ишлар дарров юришиб кетмади. Бошқарув аҳоли билан умумий тил топа олмади, самарали бошқаришга эришолмади. Натижада уй хўжалиги аста-секин емирила бошлади. Бундан норози бўлган кўпчилик яшовчилар умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий тўловларни тўламай қўйдилар. Баъзиларда ҳатто 3 йил учун қарзлар тўпланиб қолди. Ширкатда эса ўз навбатида ҳеч вақо йўқ эди. Умуман олганда берк доира ҳосил бўлди. Қарзлар туфайли лифтлар ишламай қолгач, уй аҳли аҳволни тубдан яхшилаш керак деган қарорга келди.

2012 йилдаги умумий йиғилишда ХУМШ аъзолари бошқарувни қайтадан сайладилар. Янги раҳбарият ўз олдига энг аввало 5 млн сўмга етган қарзни сўндириш вазифасини қўйди. «Фақат яшовчиларнинг бир-бирларини тушунишларига умид қилдик, – дейди раис М.Даянова. – Агар улар тўлашни бошлашса – иш жойидан силжийди, тўлашмаса – ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Бу – энг қийин пайт бўлди. Барча кучни қарздорлар билан суҳбатларга ташладик. Уй ўзимизники эканлигини тушунтирдик. Унинг қандай бўлиши фақат ўзимизга боғлиқ. Уни яхшилашга бир ёқадан киришайлик. Кишилар ҳам бизга ишонишди. Ҳамма қарзларни бир неча ой ичида уздик. Ҳозир ширкатда бирорта қарздор йўқ. Бу эса бизга уйни яхшилаш бўйича ишни режалаштириш ва бажаришга имкон беряпти».

«Уй аҳли билан мулоқот уйдаги «иқлимни» ўзгартирди, – қўшимча қилади Т.Лаврова. – Илгари қўшнилар ўртасида низолар, ХУМШ аъзолари билан зиддиятлар юзага келарди. Ҳозирда бир оила каби тинчлик ва аҳлликда яшаяпмиз. Илгари кишиларни тўлашга, ёрдам беришга кўндиришга ҳаракат қилардик, энди эса уларнинг ўзлари сўрашади: «Нима билан ёрдам бериш керак? Келинг, бундай қилайлик, мана бундай...».

Агар бошқа ширкатларда кўпинча аралашишдан ёки, аксинча, эътиборсизликдан шикоятларни эшитиб турсак, боғишамолчилар уларга ҳокимлик ҳам, «Салор» маҳалла қўмитасининг раиси Бекзод Мусабоев ҳам, округ раҳбари Рустам Масалиев катта ёрдам бераётганликларини таъкидлайдилар. Қўшнилар билан аҳил-иноқликда яшаш – жуда катта санъат.

 

«НИМАНИ ЗАРУР ДЕБ ҲИСОБЛАСАНГИЗ, ШУНДАЙ ҚИЛИНГЛАР...»   

3 йил ичида ширкат мажбурий бадалларни фақат икки маротаба оширди, шунда ҳам озгина. Буни уйда қарздорларнинг йўқлиги билан изоҳлаймиз. Ҳозир бадал 1 кв.метр учун 420 сўмни ташкил қилади. Шаҳар бўйича бу – ўртача тариф. Уй аҳлида бу борада норозиликлар юзага келмайди, чунки уларга бадални оширишнинг зарурлиги тушунтирилади. Кейинги йилда ширкат уни оширишни режалаштирмаяпти.

Бошқарув очиқ-ошкор тарзда ишлашга, уларнинг пуллари нималарга сарфланишини кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Бу эса ширкатга бўлган ишончни шу қадар кучли асослаяптики, кейинги вақтда ХУМШ раҳбариятининг барча таклифларига аҳоли бир хилда жавоб беряпти: «Нимани зарур деб ҳисобласангиз, шундай қилинглар. Биз қўллаб-қувватлаймиз ва ишонамиз». Албатта, бундай олдиндан ишониш – катта иш. Бироқ бунга уйни бошқаришдаги очиқ-ошкорлик, софдиллик туфайли эришишга муваффақ бўлинди. Ишончни йўқотмаслик учун раис ва уй қўмитасининг раиси ҳамма масалаларни аҳоли билан биргаликда ҳал қилади. Агар илгарилари кишиларни умумий йиғилишга келишга мажбур қилиб бўлмаса, ҳозир уларнинг ўзлари келмоқдалар. Ишларнинг қандай боришини, уй учун нималар қилиш режалаштирилаётганлиги, нималар билан ёрдам бера олишлари мумкинлигини тинглаш қизиқарли.

Мадина ихтисосига кўра бухгалтер. Ширкатда раис вазифасини бажариб, бухгалтерияни ҳам юритади. Иккала иш билан жамоатчилик асосларида шуғулланади. Фақат ижрочи директор – Гулчеҳра Ҳошимова иш ҳақи олади. У уй хўжалигининг техник томонини яхши билади, унинг ҳолати тўғрисида ғамхўрлик қилади. Боғишамолчилар фаррош, ҳовли тозалигига қаровчи ва электрчи хизматларини бошқарувчи компания «Азиз Диёр»га буюртиришади. Бундан эса жуда мамнунлар. Айниқса, нафақат электрчи, балки слесарь ва сантехник бўлган Равшан Нажмиддиновнинг хизматидан хурсандлар. «Қўллари олтин ва қалби тоза», – дейди у ҳақда раис ва уй қўмитаси раиси. Бошқарув компаниясининг хизматлари ХУМШга ойига 180 минг сўмгагина тушади. Ўз ходимларини тутиб туриш анча қимматга тушган бўлар эди. 9 қаватли уйда 3 та нотурар жой бўлиб, уларнинг эгалари билан ширкат умумий мол-мулкни сақлаш учун шартномалар тузган. Улар учун ҳам ХУМШ аъзолари учун бўлганидек, бадаллар белгиланган. Қисқаси, уларни тўлаш билан боғлиқ муаммолар юз бермайди.

 

КРЕДИТ ОЛИШДАН ҚЎРҚМАЙДИЛАР

Ширкатда 9 қаватли уйга: уй ҳам одамга ўхшаб доимий эътиборни талаб қилади деган ёндашув мавжуд. Агар унинг ҳолатини кузатиб юрсангиз, жиддий муаммолар юз бермайди. Бунинг учун зарур ишларнинг бир қисми бадаллар ҳисобига, бошқа қисми эса қарз маблағлари ёрдамида бажарилади. Ширкат кредит олишдан қўрқмайди, зеро ҳамма яшовчилар бадалларни тўлашади, бу эса қарзларни ўз вақтида тўлаш имконини беради. Бошқа ХУМШлардан фарқ қилиб, қарз тўловлар миқдорини ошириш учун асос ҳисобланмайди.

Илгари аҳоли иситиш ёмонлиги хусусида шикоят қиларди. Шу сабабли ХУМШ асосий эътиборлардан бирини устун (стояк)ларни пластик устунларга алмаштиришга қаратди. Бу ерда ҳам яшовчилар билан хушмуомалада бўлиш тақозо этилди. Қўшнилардан баъзилари квартирани таъмирлаган бўлиб, қувурларни алмаштиришдан бош тортди. Бироқ бундай қилинса алмаштириш ўлда-жўлда бўлиб қоларди. Бош тортувчиларга бир яшовчи қувурни алмаштирсаю, бошқаси алмаштирмаса, уйда иссиқлик бўлмаслиги тушунтирилди. Уй аҳли ҳам буни тушуниб етди. Натижада устунларни алмаштириш иситиш мавсуми бошланиши олдидан якунланди.

Бироқ агар уй ертўласида ҳаммаси жойида бўлмаса, устунлар янгилангани билан квартираларда рисоладагидек иситиш бўлиши мушкул. Шу сабабли ширкат 2 йил мобайнида ертўладаги қувурлар, қулфлаш арматурасини аста-секин алмаштирди. 

Жорий йилда янги зулфинлар қўйилади. Иссиқлик узели алмаштирилади.

2013 йилда ХУМШ домофонли эшиклар ўрнатиш учун 6 млн сўмлик биринчи кредитни олди. Уни олишда: «Қўлимиздан келмасая?» – деб шубҳаланишди. Қарзни муваффақият билан узишди. Иккинчи қарз унчалик қўрқинчли бўлмади. 5,8 млн сўмлик кредит туфайли ўтган йили йўлаклардаги эски ромларни стеклопакетларга алмаштиришди. Аҳоли уйдагидек бўла қолсин деб қарор қилишган эди.

Томнинг ҳолати бир қадар қониқарли бўлсада, боғишамолчилар томдан чакка ўтишини кутмоқчи эмаслар ва уни келгуси йилда мукаммал таъмирлашни мўлжаллаб қўйдилар. Ҳозир молиявий имкониятларни хомчўт қилишяпти: уни ўз маблағлари ҳисобидан ўтказадиларми ёки қарз маблағлари ҳисобигами?

 

БИР ЯЛАНГЛИКДА ИККИ ОБЪЕКТ

Узоқ вақт аҳолини уй ёнидаги майдончанинг аҳволи ташвишга солиб келди. Куз-қиш даврида ёмғирдан кейин бу ер балчиққа айланиб, юриб бўлмас эди. Бу ердан қандай фойдаланиш тўғрисида ўйлай бошлашди. Бироқ автомобиль эгалари автомобиллар тўхташ жойи барпо этишни, ҳудуднинг қолган қисмида эса болалар майдончасини қуришни таклиф қилишди. Умумий йиғилиш ташаббусни маъқуллади.

Бундан аввалги муваффақиятли кредитлар олинганлигини ҳисобга олиб, ушбу лойиҳаларни амалга оширишга бошидан 26 млн сўм қарз олишга қарор қилинди. Уни йиллик 9% ҳисобидан 5 йилга расмийлаштиришди. Автомобиллар тўхташ жойи ва болалар майдончасидан ташқари, унда йўлакларга кириш жойлари, ахлат турадиган жой ҳам таъмирланади. Мазкур жойни ижарага бериш ва шу тариқа ширкат бюджетига қўшимча даромад олиш ўйланяпти.

Ҳудудни асфальтлаш, бетонлаштириш ишини шартнома бўйича ихтисослашган фирма бажарди. Ҳомийлар – тадбиркорлар ва уй аҳли катта ёрдам кўрсатди. Тадбиркорлар шағал, цемент, майда тош, чорқирра плиткалар етказиб беришди. Аҳоли эса арча, гул экди, газон барпо этди, тупроқ, ўғит, кафель олиб келди. Маҳалла қўмитаси болалар майдончасини жиҳозлашда ёрдам берди. Ободонлаштириш иши ғоялар, хаёлотлар учун кенг майдон очди. Ҳозир ҳамма ишлар якунланиб қолди.

Кўпчиликни автомобиллар тўхташ жойи ва болалар майдончаси қурилишига рухсат олиш керакми-йўқми, қаерга мурожаат қилиш ва нимадан бошлаш лозимлиги қизиқтиради. Мадина ва Татьянанинг айтишича, кадастр ҳужжатларига қараганда, уларнинг ХУМШ ер участкасига эгадир. Бу эса унга ер участкасида ушбу объектларни барпо этиш ҳуқуқини беради. Олдиндан улар ширкат аъзоларининг розилигини олдилар, чунки ер уларнинг умумий фойдаланишида. Бошқарув туман ҳокимлигига ушбу объектларни қуриш нияти тўғрисида хат ёзиб, унга яшовчиларнинг розилиги, Кадастр ҳужжатлари нусхаси, эскизлар ва уларни барпо этиш харажатлари ҳисоб-китобларини илова қилди.

Автомобиллар тўхташ жойидан фақат ширкат ­аъзоларининг бир қисмигина фойдаланиши боис, боғишамолчилар харажатларни автомобиль эгалари қилишлари керак деб қарор қилдилар. Тўхташ жойининг майдони 500 кв.метрни ташкил этади, лойиҳанинг қиймати – 7 млн сўм. Уйда 14 нафар автомобиль эгаси яшайди. Уларнинг ҳар бири йил охиригача 500 минг сўмдан тўлаши керак. Тўхташ жойини келажакни кўзлаб – 24 автомобиль учун қуряпмиз.

Суҳбатлашиш вақтида раис ва уй қўмитаси раиси уй фаолларини қайд этишимизни жуда ҳам хоҳлашади. Буни мамнуният билан бажарамиз. Бошқарувнинг «ўнг» қўли – йўлакбоши Роза Пекут ўз йўлагидаги тартибни кузатади. Неля Скороходова – юридик масалаларда мутахассис. Бошқарув аъзоси Антонина Вергун саъй-ҳаракати билан иккинчи йўлакда ҳам тозалик ва тартиб ҳукм суради. Вера Швецова ҳар доим бирор-бир ширинлик билан меҳмон қилади. Афсуски, ҳаммасини кўрсатишга газетанинг ҳажми имкон бермайди. Бироқ яхши қўшничилик муносабатлари айни ширкатга ҳамжиҳатликда тоғларни силжита оладиган битта оила бўлиб яшаш имконини берадиган омилдир.

 

P.S.

Республиканинг бошқа ширкатларида ҳам ўз ютуқлари мавжуд. Ўзбекистон Мустақиллик кунининг 24 йиллигини байрам қилиш арафасида ХУМШ 2 раиси юқори давлат мукофотига сазовор бўлди.

 

Президентнинг 26 августдаги Фармони билан мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, ёшларни Ватанга, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишига муносиб ҳисса қўшганлик, фидокорона меҳнати, ватанпарварлиги, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиб ҳурмат ва эҳтиром қозонганлиги учун қуйидагилар «Шуҳрат» медали билан тақдирландилар:

МАДИРИМОВА Султонпошша Хайитбаевна – Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги «Анварбек-Аброрбек сервис» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси;

САЛИКУЛОВА Рано Исмаиловна – Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги «Отабек» хусусий уй-жой мулкдори ширкати раиси.

Табриклаймиз!

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 1882 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика