Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 39 / Қонун чиқарувчилар нималар устида ишлашмоқда

Биринчи ярим йиллик бюджети: экспорт фойдаси ҳамда сифатни назорат қилишнинг хос усули

Мамлакатимиз парламентининг қуйи палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетининг 2015 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси ҳақидаги ҳисоботни кўриб чиқди. Ҳисоботни молия вазирининг ўринбосари Мубин МИРЗАЕВ тақдим этди.

Кейинги йиллардаги бюджетнинг профицит, ташқи савдо айланмасидаги ижобий сальдо, солиқ ставкалари пасайиб, бюджетнинг ижтимоий йўналтирилганлиги тамойили яққол кўзга ташланиб турган бир шароитда солиқ тушумларининг ортиб бориши сингари асосий чизгилари сақланиб қолди.  

 

ОРТИБ БОРУВЧИ КЎРСАТКИЧ БЎЙИЧА

Ялпи ички маҳсулот ўсишининг юқори суръатлари (8,1 фоиз) ҳамда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдоридаги бюджет профицити Молия вазирлиги томонидан «иқтисодиётдаги ижобий таркибий ўзгаришлар ва сифат тамойиллари» билан изоҳланди.  

 

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Иқтисодиётнинг таркибий тузилмаси чиндан ҳам ўзгариб бормоқда: ялпи ички маҳсулотда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаси улушларининг нисбати мақбуллашмоқда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳажмлари, импорт маҳсулотлари ўрнини босадиган маҳсулотлар, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ортиб бораётир. World Economic Forum (WEF)нинг Жаҳон банки прогнозлари асосида тайёрлаган ҳисоботи маълумотларига қараганда, 2014–2017 йиллар даврида чамаланаётган энг юқори йиллик ўсиш суръатлари билан ажралиб турувчи бешта мамлакат қаторига кирдик.

Дарҳақиқат, биз ҳамон пахта, газ ва олтин экспорт қилиш ҳажми бўйича жаҳонда бешинчи ўринни эгаллаб турибмиз. Шуниси ҳам борки, биздаги экспортнинг умумий ҳажмида 72 фоизи тайёр рақобатбардош маҳсулотдир. Экспорт фойдасига сальдо 83,4 млн АҚШ долларини ташкил этди.

Биринчи ярим йиллик якунлари.

1 866 та янги ишлаб чиқариш ишга туширилди, уларда 24,8 мингдан ортиқ янги иш жойлари барпо этилди.

Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 160,9 млн АҚШ долларига тенг 63 та лойиҳа рўёбга чиқарилди.

Йирик саноат корхоналарида 43,3 млн АҚШ долларилик ишлатиб едирилган 819 та бирликдаги ускуна янгиланди.

Мамлакат бўйича таннарх ўрта ҳисобда 9,6 фоизга пасайди.

Экспорт фаолиятига йил бошидан буён 493 та янги корхона жалб этилди, бу эса экспорт 7,4 фоизга кўпайишига олиб келди.

168 та янги турдаги маҳсулотни экспортга етказиб бериш ўзлаштирилди.

Мамлакатимизда ярим йил ичида 441,8 минг янги иш жойлари барпо этилди. Шулардан 274,9 минги қишлоқ жойларида яратилди.

Ҳатто илгари яратилган иш жойларининг қандайдир қисми мувозий тарзда қисқарган тақдирда ҳам (бу ҳар қандай иқтисодиёт учун табиий жараёндир), барибир сальдо ижобийлигича қолмоқда. Солиқ тушумларининг изчил ўсиб бораётганлиги ҳам буни тасдиқлаб турибди.

Йил бошидан буён бевосита солиқларнинг ставкалари пасайиб бораётганлиги солиқ солинадиган базанинг кенгайишига олиб келди ҳамда ўтган йилнинг шу даврига қиёсан тушумлар 16,7 фоиз ўсишини таъминлади. ЯСТ бўйича ставкалар саноат ва қурилишда 5 фоизга қадар пасайган бўлса-да, тушум камаймади, балки 22,8 фоизга ошди.

Бюджет даромад қисмининг умумий тузилмасида билвосита солиқларнинг улуши 53,2 фоизни ташкил этмоқда. Бунда ҳам эътиборни тортадиган муҳим бир жиҳат бор... Бугунги кунда ҚҚС бўйича солиқ тушумларининг 66 фоизидан зиёдроғини республика корхоналари таъминламоқда, авваллари эса, ҚҚСнинг тахминан 70 фоизи импорт йўналиши бўйича келиб тушарди. Божхона ҚҚС билан ички ҚҚСнинг нисбати кескин ўзгарди: эндиликда ички ҚҚС қарийб 70, божхона ҚҚС эса деярли 30 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳол мамлакатимиз иқтисодиётида таркибий ва сифат ўзгаришлари рўй бераётганлигидан далолатдир.

Биринчи ярим йилликда ижтимоий харажатларни молиялаштиришга ялпи ички маҳсулотнинг 13,9 фоизи ажратилди.

Ярим йиллик мобайнида, умуман олганда таълим соҳасига тақрибан 5,8 трлн сўм (ижтимоий соҳа барча харажатларининг 57,8 фоизи) сарфланди. Бу инсон омилига йўналтирилган инвестициядир.

 

 

«ЎЗБЕКИСТОНДА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН»

 

«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» деган таянч юксак номнинг ўзаги – маҳсулот сифати концепцияси қай йўсинда фаолият кўрсатиши ва кенг қулоч ёйиши лозимлиги хусусида гап борганда, бир қарашда бизда бунинг учун зарур институтлар – стандартлаштириш, сертификатлаштириш бор. Шу билан бирга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларни ташқи бозорларга  янада дадил киритишнинг воситаси сифатидаги сифат концепциясини жорий этиш борасида амалга ошириш лозим бўлган ишларимиз кўп.  

 

Полянте СВЕШНИКОВ,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзЛиДеп фракцияси аъзоси:

– Ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи ҳар қандай давлат ўз маҳсулоти, шак-шубҳасиз, сифатли бўлишидан бағоят манфаатдордир. Шу сабабли улар ана шу сифат деганлари Япония ёки Германияда бўлгани каби маҳсулот номининг тимсоли бўлиб қолишини жуда-жуда хоҳлайдилар.

Ёки Хитойни мисол қилиб олайлик: уларда завод-фабрикада расман ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг сифати жуда юқори, негаки имкони бўлган барча даражаларда назорат қилинади. Борди-ю, завод-фабриканинг давлат дастурига киритилган товарида нуқсон бўлса, айбдорини узоқ муддатга қамашлари мумкин. Ишга киройи, жиддий ёндашув деб шуни айтса бўлади. Майда ишлаб чиқарувчилар эса назорат соҳаси доирасидан четроқда қолмоқда. Аммо уларда нарх-наво анча арзон.

Хитойда нуфузли делегация таркибида бўлганимда маҳаллий амалдорлардан биридан нима сабабдан бунчалик сифати паст маҳсулотдан бир дунё ишлаб чиқармоқдасиз, деб сўрадим. У қайднома китобини тезгина варақлаб кўрди-ю, шундай деди: «Кечирасиз, биз Ўзбекистон билан амалда савдо-сотиқ қилмаймиз (ўша кезлари чиндан ҳам шундай эди). Бу эса тадбиркорларингизнинг ўзлари бизга келиб майда ишлаб чиқариш корхоналаридан давлат дастурига киритилмаган маҳсулотларни сотиб олишаётганлигидан дарак беради. Чиндан ҳам уларда ҳамма нарса арзон. Учта сабабга кўра бундай вазиятга аралашмаймиз: биринчидан, биз халқни иш билан таъминламоғимиз даркор; иккинчидан, валюта нима қилса ҳам барибир валюта бўлиб қолаверади; учинчидан, мабодо, иккита тадбиркор ўзаро тўғридан-тўғри келишиб олаётган бўлса, давлат бунга аралашмайди, бинобарин, маҳсулот ёки кўрсатилаётган хизмат сифати борасида ҳеч бир шарт қўймайди. Тартиб шунақа».

Юқорида айтиб ўтганимдек, Хитойда завод-фабрикада ишлаб чиқарилган товар бутунлай бошқа нарса. Бундай товар давлат йўли билан экспортга йўналтирилади ва унинг сифати жуда қаттиқ назорат қилинади. Уларда буни бизда «Евростандарт» деб аталгани каби «Америка стандарти» деб юритишар экан. Хитой товаридаги ёрлиқнинг қаеридадир «Америка стандарти» деб ёзилган бўлса, буни 100 фоизли кафолат деяверинг! «ПГС» корхонасига директорлик қилганимда, бунга ўз тажрибамда ишонч ҳосил қилганман: бир пайтлар биз сотиб олган, Хитой заводида ишлаб чиқарилган пайвандлаш аппаратлари ҳозирги кунга қадар зўр ишламоқда.

Мамлакатимизда ҳам «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» деган ном юқори сифат тимсоли бўлиб қоладиган тартибни жорий этиш керак деб ўйлайман.

– Хуллас, сиз хитойча вариантни таклиф этаётирсиз. Демак, муайян маҳсулотларни назорат қиламиз, қолганлари ҳақида эса, ўзаро келишиб олаверишсин экан-да?

– Биринчидан, аҳоли сонига кўра мамлакатларимизни қиёслаш жилла тўғри эмас. Бир ярим миллиард хитойликларни қаранг-у, ўттиз миллионли диёримизни олинг – албатта, тафовут бор.

Ўйлашимча, Ўзбекистон бозорида сифат масаласи давлатнинг ортиқча аралашувисиз ҳам ривожланаверади. Маҳсулот хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар бундан мустасно, албатта. Қолган жиҳатлар бўйича қайси маҳсулот рақобатбардош эканлигини бозорнинг ўзи аниқлаб олади.

Энди экспорт хусусида... Бизда «Ўзстандарт» ҳам, маҳсулотни сертификатлаштириш тизими ҳам бор. Шу боис экспортга чиқарилаётган товарнинг сифати борасида муайян шартлар қўйиш мумкин. Бу маҳсулотнинг, айтайлик, юқори сифатлилиги кафолатланган дея экспертлик хулосасини берувчи ташкилотлар ана шу борада тартибга солишлари мумкин. Шундагина бу маҳсулот Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган деб ғурур ва ифтихор билан айтиш мумкин. 

– Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистон маҳсулотининг жаҳон бозорларидаги обрў-эътиборини кўзлаб хусусий экспорт оқимлари ўзанини торайтиришимиз керак, демоқчисиз шекилли?

– Эҳтимол. Аммо хусусий экспортчилар йўлига ортиқча ғов-тўсиқ қўйиш жоиз кўринмайди, негаки бу ҳам валюта оқими билан боғлиқ.

Бунда чамаси Хитой экспорти ишини андоза қилиб олиш мумкин: «Ўзстандарт» тақозо этган умумий шартларга риоя этган тақдирда хусусий келишувларга давлат унча аралашмайди, аммо экспортнинг стратегик йўналишлари жуда қаттиқ назорат қилинади.

– Оқибат натижада, Хитойда бўлгани каби икки хил ёндашув юзага келади: бир мамлакатда ишлаб чиқарилган муайян маҳсулот ўта сифатли-ю, бошқаси унчалик эмас. Немислар техникаси эса, бутунлай бошқа гап. Уларда сифат борасида шубҳа-гумонларга ўрин йўқ.

Қолаверса, таннарх борасида биз барибир Хитой билан рақобатчи бўлолмаймиз...

– Рост, бу ниҳоятда жиддий масала. Шак-шубҳасиз, бугунги кунда Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчи Хитойдагига нисбатан анчагина мураккаб шароитда турибди.

– Нима учун?

– Мамлакатимизда истеъмол учун ҳам, ишлаб чиқарувчи учун ҳам ўзимизга керакли ҳамма нарса ишлаб чиқарилмоқда деб бўлмайди. Қолаверса, собиқ Иттифоқ минтақалари бир пайтлар саноат бўйича тор ихтисослашув исканжасида бўлган – шунинг таъсири мерос бўлиб қолган. Буни тезкорлик билан ҳал қилиб бўлмаса керак. Маҳсулот ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш дастури режа асосидаги иқтисодиёт оқибатлари «посонгисини тўғрилаши» учун талайгина вақт керак шекилли.

Ана шундай вазиятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга зўр бериш бирдан-бир тўғри йўл деб ўйлайман. Яратганга шукрки, биз айни шундай қилмоқдамиз. Ҳозирги кунда улар иқтисодиётимизнинг олдинги сафларига чиқиб олдилар.

– Шунга қарамай, ишлаб чиқарувчиларнинг ўзлари бугунги кунда улар учун энг қимматбаҳо бутловчи маҳсулотлар четдан импорт қилиб олиб келинаётганлари эмас, балки ўзимизда ишлаб чиқарилаётганлари эканлигидан кўп нолишади.

Натижада таннарх кўтарилиб кетади. Ўзимизники сифатли эканлигидан ҳозирча бехабар истеъмолчи эса, имконият доирасида бошқа вариантларни излашга тушади; маҳсулоти чаққон кетиши, реализация қилиниши кафолатига эга бўлмаган ишлаб чиқарувчи эса маҳаллийлаштириш дастури доирасига тушишга ботинмайди ва ЯСТ бўйича тежамкорлик имкониятидан бебахра қолади. Шу зайил ҳаммаси занжирсимон ўралашиб кетади. Ҳаммадан ҳам ишлаб чиқарувчига жабр. Демак, биз ўзимизга ўзимиз қилаётган эканмиз-да?

– Ҳар қандай ишлаб чиқариш, шу жумладан бутловчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, пировард натижада, ўзимизда ҳақиқатда бўлмаган ўша хом ашёни импорт қилиш билан боғлиқдир. Унинг қийматига эса, шартнома баҳосидан ташқари божхона харажатлари, логистика ва шу сингариларнинг залворли таъсири бор.

Қизиқ бир нарса: биз, масалан, металл прокатини импорт қиламиз. Бу нарса ҳозир ташқи бозорларда йигирма фоиз арзонлашди, шундай бўлса-да, Ўзбекистонда унинг нархи ошиб бормоқда. Буни ҳеч ким кузатмаяпти ҳам. 

Бир сафар ниманингдир нархи ошган бўлса – тамом! Бошқа ҳеч қачон унинг нархи пасаймайди. Натижада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархи қаппайиб боради, баҳоси эса рақобатлашувга қодир бўлмай қолади, фойда-ку – ҳамин қадар.

– Ёки хитойча усул билан тежамкорликка ўтиб оласиз-у, сизларда юқори сифат масаласи устуворлик касб этмай қолади...

– Тахминан шундай бўлади, дейиш мумкин. Ишончим комилки пировард натижада, бизда муаммо ўз ечимини топади.

 

Юлия ЯШИНА,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 1949 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика