Кейинги йилларда доимий муассаса мақоми масаласи тез-тез тилга олинмоқда, бунда фақат солиқ солиш нуқтаи назаридан эмас, балки шартномавий, шу жумладан меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш нуқтаи назаридан ҳам ушбу масала кўтарилмоқда.
«Доимий муассаса» тушунчаси Солиқ кодексининг (СК) 20-моддасида очиб берилаган. Ўзбекистон норезидентининг доимий муассасаси деганда норезидент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган, шу жумладан фаолиятни ваколатли шахс орқали амалга ошираётган ҳар қандай жой эътироф этилади. Норезидентнинг ЎзРдаги доимий муассасаси деганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида 183 календарь кунидан ортиқ давом этадиган тадбиркорлик фаолиятининг амалга оширилиши ҳам эътироф этилади.
Доимий муассасани ташкил этишга олиб келадиган тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муддати этиб, агар халқаро келишувларда бундан узоқроқ муддатлар назарда тутилмаган бўлса, 183 кун белгиланган.
183 кунгача бўлган даврда, яъни норезидентга давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга туриш ҳуқуқи берилган даврда, унинг даромадларига солиқ солиш тўлов манбаида СКнинг 155-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
СКнинг 20-моддасида «доимий муассаса» тушунчаси фақат солиқ соҳасидаги мақомни аниқлаш учун қўлланиши ва ташкилий-ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслиги ҳам назарда тутилган.
Бироқ Солиқ кодекси билан бир қаторда Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарори (22.12.2009 йилдаги ПҚ-1245-сон) билан Ўзбекистондаги фаолиятини доимий муассаса (ДМ) орқали амалга ошираётган норезидентларга эскизи улар солиқ органларига ҳисобга қўйилганда тасдиқланадиган ўз муҳрига эга бўлиш, шунингдек Ўзбекистон тижорат банкларида талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақларини очиш ҳуқуқи берилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида йўриқномага1 ўзгартириш киритилди, унда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни қонун ҳужжатларига мувофиқ асосий ҳисобварақдан бериш, шунингдек фаолиятини ДМ орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳисобрақамларини очиш тартиби назарда тутилган.
Шуни таъкидлаш лозимки, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон) кўра иш стажига, хусусан, фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, киритилади.
СКнинг 305-моддасида назарда тутилишича, ягона ижтимоий тўловни тўловчилар бўлиб, Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи ЎзР норезидентлари ҳам ҳисобланади, улар зиммасига суғурта бадалларини ҳисоблаш ва ушлаш мажбурияти, шунингдек уларни тўғри ҳисоблаш учун жавобгарлик юкланади. Суғурта бадалларини эса, СКнинг кўрсатилган моддасига кўра, жисмоний шахслар – Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий равишда яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўлайдилар.
Юқорида саналганлардан келиб чиқиб, доимий муассаса иш берувчи сифатида қаралиши, у ушлаган ва тўлаган ходимларнинг суғурта бадаллари эса ДМдаги фаолиятни ушбу ходимларнинг иш стажига киритиш имконини бериши тўғрисида хулоса чиқариш мумкин.
Мазкур ҳолатни ходимларни ёллаш ва уларга иш ҳақи бериш чоғида хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари билан солиштириш мумкин. Чунончи, Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фаолияти тўғрисида низомга2 кўра, ваколатхоналар юридик шахслар ҳисобланмайди, хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайди, бундан авиакомпанияларнинг ваколатхоналари мустасно. Ваколатхонага хорижий фирма ишончномаси ва ўз ваколати баён этилган ваколатхона тўғрисидаги низом асосида иш кўрувчи ваколатхона бошлиғи раҳбарлик қилади.
СКнинг 80-моддасига кўра юридик шахслар – Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган ЎзР норезидентлари мазкур фаолиятни амалга ошириш бошланган кундан эътиборан 183 кундан кечиктирмасдан солиқ органига ДМ сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани тақдим этишлари шарт. Аризага шартнома ёки юридик шахс – Ўзбекистоннинг норезиденти номидан Ўзбекистон Республикасида иш юритиш учун берилган ишончнома, шунингдек у бўйича мажбуриятларининг бажарилиши ДМ ташкил топишига олиб келадиган шартнома мавжуд бўлса, шу шартнома илова қилинади.
Шу тариқа, доимий муассаса томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ходимлар ёлланишининг ҳуқуқий асосланганлиги масаласини ДМни ташкил этган хорижий фирма ҳал этиши учун доимий муассасага ходимларни ёллаш ва уларга иш ҳақи тўлаш ҳуқуқига ишончнома бериш лозим.
1МБ бошқарувининг АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2ВМнинг 23.10.2000 йилдаги 410-сон Қарорига 1-илова.
Дилшод СУЛТОНОВ,
эксперт.